Банк филиали замонавий бинода иш бошлади

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 23 мартда имзоланган «Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида аҳоли ва тадбиркорларга банк хизматларини кўрсатиш бўйича бир қатор қулайликлар яратиш белгиланган. Жумладан, 2018 йил 1 июлдан бошлаб барча тижорат банкларига мижозлар дастлабки рухсатларсиз ва шахсни тасдиқловчи ҳужжатларсиз кириши ва банк хизматларидан фойдаланишлари мумкин бўлади.
Акциядорлик-тижорат Халқ банки аҳолига банк хизматларини кўрсатиш сифатини ошириш ва мижозларга қулайликлар яратиш мақсадида, сўнгги йилларда республикадаги мавжуд барча туман ва шаҳар филиалларини замонавий қиёфада, тўлиқ қайта таъмирлаб, фойдаланишга топшириб келмоқда.
Бунинг амалий исботи сифатида яқинда Халқ банкининг Тошкент шаҳар, Чилонзор филиали замон талаблари даражасида тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, фойдаланишга топширилган бўлса, энди Тошкент вилояти, Юқори Чирчиқ филиали ана шундай замонавий қиёфа касб этди.
Янгидан қад ростлаган банк биноси қурилишига 2,8 миллиард сўм маблағ сарфланди. Замонавий бино тўлиқ янги мебель жиҳозлари билан таъминланди.
Эътиборлиси, бинога кираверишда мижозларга маслаҳат берувчи Ресепшн хизмати ташкил этилган. Бу ерда банк мутахассиси мижозларга маслаҳатлар, саволларига жавоблар беради. Бир сўз билан айтганда, ортиқча оворагарчиликларга чек қўйилади.
Шунингдек, банкда тадбиркорлар учун алоҳида, жисмоний шахслар учун алоҳида хизмат кўрсатиш жойлари ташкил этилган.
Маълумот учун айтиш мумкинки, бугунги кунда Халқ банкининг Юқори Чирчиқ филиали томонидан 400 дан ортиқ мижозга, 14 минг нафардан зиёд пенсионерга сифатли банк хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Шу билан бирга, 500 дан ортиқ фуқаронинг 244,3 миллион сўмлик омонатлари жалб қилинган.
Мазкур филиал мижозларининг ярмидан кўпи банк хизматларидан масофадан туриб фойдаланишади. Яъни мижоз ўз ҳисоб варағи бўйича амалларни банкка бормасдан, хоҳлаган жойда туриб, истаган вақтда интернет орқали бажариши, ҳисобварағидаги маблағларни ўтказиш, уларнинг ҳолати, маблағнинг келиб тушиши, тўловларнинг акс этишига доир маълумотларни олиши мумкин.
Шунингдек, филиалнинг кредит портфели 8,4 миллиард сўмни ташкил этиб, жорий йил бошидан буён 34 та мижозга 1,6 миллиард сўм кредит маблағлари ажратилган. Шундан халқаро молия институтларининг кредит маблағлари ҳисобидан 1 лойиҳа бўйича 900 миллион сўм наслли чорвага йўналтирилган. Айни пайтда ҳам бир нечта истиқболли лойиҳани молиялаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
— Барча қулайликларга эга бўлган замонавий банк туманимизда барпо этилгани бизни қувонтирди, — дейди якка тартибдаги тадбиркор Ситора Миролимова. — Банк биносининг ичига кириб кўрдим, жудаям чиройли ва замонавий таъмирланган ҳамда жиҳозланган. Бу ерга келадиган аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликлар яратилган. Бундай қулайликлар учун банк раҳбариятига, мутасаддиларига мижозлар номидан миннатдорлик билдираман.
Бундан ташқари, Халқ банки томонидан замонавий ахборот технологияларни қўллаб-қуватлаш ҳамда мижозларга кенг кўламдаги хизматларни тақдим этиш мақсадида жисмоний шахслар учун “Xalq Mobile” мобиль банкинг иловаси ишлаб чиқилган бўлиб, унинг ёрдамида мижозлар Халқ банки филиалларида очилган Visa карталарига ўзларининг тўлов карталари ёрдамида исталган жойда ушбу илова орқали онлайн конвертация қилишлари мумкин. Шунингдек, мижоз ушбу илова ёрдамида ўз кредит тўловларини сўндириши ва кредит тўловлари ва омонатларига ҳисобланган фоизларни онлайн кузатиб бориши ҳамда жамғариб бориладиган пенсия таъминот тизимидаги ҳисоб рақамлари ҳолати ва тушган тўловлар ҳақидаги маълумотлардан онлайн хабардор бўлиш имконияти мавжуд.
Шу билан бирга, Халқ банки томонидан мижозларга кўрсатиладиган хизматларга кетадиган вақтни тежаш мақсадида инновацион ахборот технологияларни қўллаб-қувватлаган ҳолда Паспорт реадер тизими жорий қилинмоқда.
Юртимизда Халқ банки томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида мижозлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсади ётибди. Фойдаланишга топширилаётган мазкур филиалнинг замонавий қиёфа касб этиши аҳолига ва мижозларга янада сифатли банк хизматлари кўрсатиш имкониятини яратади.
Банк ахборот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бу йил пахтачилик соҳасида Учқўрғон туманида вилоятда биринчи бўлиб ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқаришнинг кластер усули амалда қўлланилмоқда....
01 янв 1970
Касб-ҳунар коллежи битирувчилари ва хотин-қизларнинг банк хизматларидан фойдаланишларини янада кенгайтиришга қаратилган навбатдаги семинарлар ташки...
01 янв 1970
Анор азалдан минг дардга даво, инсон саломатлиги учун бебаҳо неъмат ҳисобланади, — дейди Ориф Худойбердиев....
01 янв 1970
Дастурхонимизга қўйилаётган энг асосий озиқ-овқат маҳсулотлари — гўшт, сут миқдори ва таннархи, уларни кўпайтириш, арзонлаштириш ҳақидаги фик...