Инсон саломатлиги билан боғлиқ узоқ кутилган қонун

/
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, соҳага доир қонун ҳужжатлари ижросини таъминлаш ҳамда соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга доир долзарб масалалар кўриб чиқилди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда жамиятимизнинг турли соҳаларини ислоҳ қилиш мақсадида ишлаб чиқилган қонун лойиҳаларини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишдан олдин кенг жамоатчилик ва мутахассислар иштирокида муҳокама қилиш, халқимизнинг фикр ва таклифларини олиш амалиёти ҳаётга жорий қилингани ўз самарасини бермоқда. Бу орқали қонунларнинг халқчиллиги ва ҳаётийлиги таъминланмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳам ўз Сайловолди дастурида илгари сурган ваъдалари ҳамда 2015-2019 йилларга мўлжалланган Амалий ҳаракатлар дастурида белгиланган вазифалар асосида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда қатор қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб, кенг жамоатчилик, мутахассислар ва экспертлар иштирокида муҳокамаларни ташкил этиб келмоқда. “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ана шулардан биридир.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Ўзбекистон “Адолат” СДП ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми асосида соҳа мутахассислари, партия депутатлари ва экспертлари томонидан ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси ўтган давр мобайнида Ўзбекистон норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг муҳокамаси порталида умумий муҳокамага қўйилди. Шу билан бирга, ушбу ҳужжат айни вақтда ҳудудлардаги тиббиёт муассасалар ҳамда соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида партия электорати ва депутатлари иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда.
“Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланган навбатдаги давра суҳбати Тошкент давлат стоматология институти билан ҳамкорликда бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходимлари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутасаддилари, Тошкент давлат стоматология институти профессор-ўқитувчилари ҳамда тингловчилари, ёш олимлар, экспертлар ва партия фаоллари иштирок этди.
Тадбирда юртимизда одам аъзоларини кўчириб ўтказиш масаласини кенг жамоатчилик ўртасида муҳокамадан ўтказиш ҳамда трансплантология амалиётларини ўтказиш юзасидан қонуний ечим топиш ҳақида атрофлича фикр алмашилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Н.Умаров партия мамлакатимизда тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини эътироф этган ҳолда бугунги кунда ушбу соҳани янада ривожлантириш, бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни илгари суриб келаётганини қайд этди. Хусусан, партия фаоллари ва депутатларининг ўрганишлари натижасида бугунги кунда мавжуд баъзи чекловлар туфайли мамлакатимизнинг тиббиёт соҳасидаги салоҳиятидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Айрим тиббий муолажаларни ўтказиш, хусусан, трансплантология масаласида фуқароларимиз ҳамон хориждаги тиббиёт муассасаларига мурожаат этишга мажбур бўлмоқдалар.
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ўн минглаб беморлар органлар ва тўқималар трансплантациясига муҳтож. Органлар трансплантацияси буйрак, жигар, юрак ёки ўпкани кўчириб ўтказиш кабиларни ўз ичига олиб, бу борадаги тиббий амалиёт беморлар учун фақатгина шу органлар трансплантацияси тирик қолиш имкониятини ташкил этади. Имконияти бор беморлар чет давлатларга чиқиб, у ерда 15 мингдан 250 минг АҚШ долларигача бўлган нархларда трансплантацияни амалга ошириб келишмоқда. Лекин бундай имконият ҳамма беморларда ҳам мавжуд эмас. Бу эса аҳолининг асосий қисмини замонавий ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш хизматларидан маҳрум этмоқда, мамлакатимиз тиббиёт соҳасининг илғор жаҳон тажрибасидан ортда қолишига, фуқароларимизнинг айрим замонавий тиббий муолажалар учун хорижий давлатларга бориб келишига, қолаверса, юқори малакали врачларнинг хорижда ишлашга чиқиб кетишига сабаб бўлмоқда.
Шундан келиб чиқиб, партия томонидан аҳоли ўртасида талаб юқори бўлган тиббиёт муолажаларига, жумладан, трансплантология тиббий хизматига рухсат беришнинг ҳуқуқий асосларини яратиш борасида амалий ишлар олиб борилмоқда.
— Ўтган йилдан эътиборан академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказида буйрак кўчириб ўтказиш бўйича операциялар муваффақиятли бажариб келинаётган бўлса, жорий йилдан ушбу марказда мамлакатимиз тиббиёти тарихида биринчи марта жигарни кўчириб ўтказиш операцияси юқори натижа билан ўтказилди, — деди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош трансплантологи У.Йўлдошев. — Эндиликда ушбу амалиёт Тошкент шаҳар нефрология шифохонаси, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида кенг йўлга қўйилиши натижасида бир йилда ўртача 150-200 та операция ўтказиш имконияти пайдо бўлди. Ўтган қисқа даврда ушбу тиббиёт муассасаларида 53 та буйрак ва 1 та жигар кўчириб ўтказилди.
Шунингдек, Республика Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институти олимлари жаҳон тиббиётининг илғор йўналиши – ўзак ҳужайра трансплантациясини ўзлаштириб, ҳозирда уни муваффақиятли йўлга қўйди.
Тадбирда таъкидланганидек, “Одам аъзолари ва тўқималарини трансплантация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг асосий мақсади — замонавий фан ва тиббиёт амалиёти ютуқларини ҳисобга олган ҳолда инсон органлари, тўқима ва ҳужайраларини трансплантация қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари инобатга олинган. Ушбу ҳужжат қабул қилинса, фуқароларимиз зарурат туғилган пайтда чет элга бормасдан, шу ернинг ўзида инсон органлари ва тўқималарини кўчириб ўтказиш орқали ўз саломатлигини қайта тиклашига шароит яратилади.
Давра суҳбатида ушбу соҳадаги хорижий тажриба ҳамда қонун лойиҳасида назарда тутилаётган нормалар бандма-банд муҳокама этилиб, иштирокчиларнинг таклифлари тингланди.
— Муҳокама этилаётган қонун лойиҳаси малакали мутахассислар ва инсон ресурсларига бой мамлакатимиз учун узоқ кутилган ҳужжат саналади, — дейди Тошкент давлат стоматология институтининг хирургик касалликлар кафедраси мудири Сайфиддин Баймаков. — Ушбу қонун қабул қилинса, келажакда биз нафақат буйрак ёки жигар, балки ўпка, ошқозон ости бези ва бошқа тана аъзоларини кўчириб ўтказиш орқали минглаб инсонларнинг ҳаётини узайтиришга, уларнинг соғлиғини мустаҳкамлашга эриша оламиз, деб ўйлайман.
Трансплантология тиббиётдаги энг мураккаб амалиётлардан бири бўлиб, у шифокорлар зиммасига жуда катта масъулият юклайди. Қолаверса, бу жараён ўзига яраша ҳужжатлаштириш ишларини ҳам тақозо этади. Менинг фикримча, шифокорлар ушбу ҳужжатлаштириш ишларидан холи бўлиши, фақат ўзининг иши учун жавоб бериши керак. Яъни бу йўналишда махсус тизим яратиш зарур. Масалан, Корея Республикасида донор ва реципиентнинг ҳужжатлари билан алоҳида суғурта агентлари шуғулланади. Қонун лойиҳасида шуни инобатга олиш лозим.
Бундан ташқари, қонун лойиҳасида донорларнинг ягона банкини яратишни назарда тутиш мақсадга мувофиқ. Ва, албатта, ушбу қонун қабул қилингандан кейин унинг мазмун-моҳиятини аҳоли орасида чуқур тушунтиришимиз керак бўлади.
Давра суҳбати якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
Анвар ЭГАМҚУЛОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП
Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мутасадди муассасаларнинг раҳбар ходимлари бу борадаги масъулиятини кучайтириши шарт....
01 янв 1970
Яқинда ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Шалдироқ”, “Ибн Сино” МФЙлар аҳолиси билан жонли мулоқот ўтказишди....
01 янв 1970
Жамиятимизнинг барча соҳалари босқичма-босқич ислоҳ этилаётган ҳозирги даврда энг муҳим ва долзарб ижтимоий, сиёсий ва иқтисодий масалалар бўйича с...
01 янв 1970
Зарбдор ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежида давра суҳбати ўтказилди.