ЎЗБЕКИСТОН – АҚШ: СТРАТЕГИК ШЕРИКЛИКНИНГ ЯНГИ ДАВРИ

/
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трампнинг таклифига биноан 2018 йил 15-17 май кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлди.
16 май куни Оқ уй қароргоҳида давлат раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди. Музокараларда Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг «Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши» деб номланган Қўшма баёноти қабул қилинди. Турли соҳалардаги ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга қаратилган ҳужжатлар тўплами имзоланди.
Жумладан, энергетика, икки томонлама савдо муносабатларини кенгайтириш, олий таълим ва академик тадқиқотлар, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорлик бўйича аҳдлашув протоколлари қабул қилинди. Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ҳамда 2018 йилда Тошкентда Марказий Осиё савдо форумини ўтказишда ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандумлари имзоланди. Шунингдек, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки билан АҚШ Экспорт-импорт банки ўртасида қўшма лойиҳаларни молиялаштириш тўғрисида меморандум қабул қилинди.
Бу келишувлар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг тарихий аҳамиятга молик янги даврини бошлаб бериши шубҳасиз.
Ўзбекистон делегациясининг АҚШга ташрифи муносабати билан “Виллард интерконтинентал” меҳмонхонасида ташкил этилган қабул маросимида Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп билан мулоқот ўзаро ишонч ва ҳурмат, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш тамойиллари асосида ўтганини алоҳида таъкидлади. “Биз бу тарихий ташрифни кейинги икки йилда мисли кўрилмаган суръатлар билан ривожланиб бораётган Ўзбекистон – АҚШ ҳамкорлигининг мантиқий давоми, деб биламиз. Гарчи мамлакатларимиз географик нуқтаи назардан бир-биридан олис бўлса-да, меҳнатсеварлик, бағрикенглик ва ватанпарварлик каби қадриятлар халқларимизни бирлаштириб туради”, деди давлатимиз раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон тарихи ва маданиятини чуқур ўрганиб, бутун дунёда кенг тарғиб этаётган Фредерик Старр ва бошқа америкалик олимларга ташаккур изҳор этди.
Тадбирда ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Малаковга Ўзбекистон Республикаси халқ артисти унвони берилгани эълон қилинди. Изро Малаков бундай юксак эътибор учун Президентимизга миннатдорлик билдирди.
Ташрифнинг учинчи куни ҳам учрашув, музокара ва тадбирларга бой бўлди.
Давлатимиз раҳбари АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистон Президентининг расмий ташрифи икки мамлакат манфаатларига хизмат қилиши қайд этилди. Мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш, ташқи сиёсат маҳкамалари алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Пентагонда АҚШ мудофаа вазири Жеймс Мэттис билан музокара олиб борди.
Президентимиз ташқи сиёсатимиздаги очиқлик ва яхши қўшничилик принципларига асосланиб, Ватанимиз суверенитети ва мустақиллигини мустаҳкамлаш мақсадида мамлакатимизнинг янги Мудофаа доктринаси қабул қилингани, ҳарбий округларнинг таркибий тузилиши ва вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилиб, ҳарбий билим юртлари ислоҳ қилинганини таъкидлади.
Ўзбекистон бу соҳада Америка Қўшма Штатлари билан тажриба алмашиш, ҳарбий, ҳарбий-техникавий, мудофаа ва хавфсизлик йўналишларида ҳамкорлик қилишдан манфаатдор, деди Шавкат Мирзиёев.
АҚШ мудофаа вазири Ўзбекистон минтақада муҳим геостратегик аҳамиятга эга давлат эканини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг очиқ ва конструктив ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда яхши қўшничилик муҳити яратилди. Афғонистон Президенти Ашраф ўани билан мулоқотларингиз, Афғонистон ишлари бўйича махсус вакил тайинлаганингиз муҳим аҳамиятга эга. Расмий ташрифингиз доирасида қабул қилинган беш йилга мўлжалланган ҳарбий ҳамкорлик режаси минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, деди Жеймс Мэттис.
Учрашувда мудофаа ва хавфсизлик, ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорлик соҳаларидаги муносабатларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
Давлатимиз раҳбари Капитолийда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси аъзоси Трент Келли бошчилигидаги конгрессменлар билан учрашди. Мулоқотда икки мамлакат ўртасида ўзаро ишонч ва манфаатдорликка асосланган муносабатлар қарор топгани қайд этилди. Парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Президентимиз парламент ва ҳукумат даражасидаги икки томонлама ташрифлар фаоллашгани сиёсий, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Сенати Раиси ўринбосари, молия бўйича қўмитаси раиси Оррин Хэтч бошчилигидаги сенаторлар билан мулоқот қилди. Суҳбатда парламентлараро алоқалар, шунингдек, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Мамлакатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи дастуридан ўрин олган мазкур учрашув стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши қайд этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу куни Жаҳон банки президенти Жим Ёнг Ким билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари узоқ йиллардан буён Жаҳон банкида ишлаётган юртдошларимиз билан кўришди.
Бугунги кунда Ўзбекистон билан мазкур банк ўртасидаги ҳамкорлик энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш соҳаларини қамраб олган. 2020 йилгача ҳамкорлик бўйича қўшма дастурга 27 та муҳим лойиҳа киритилган. Уларнинг умумий қиймати 4 миллиард доллардан иборат бўлиб, унинг 3 миллиард доллари Жаҳон банки кредитларидир.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган йирик иқтисодий лойиҳаларда Жаҳон банки билан ҳамкорлик юксак самара бераётганини қайд этди. Ўзбекистон Жаҳон банки билан ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади.
Учрашувда истиқболли лойиҳалар кўриб чиқилиб, амалий алоқаларни янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Боғдорчиликни ривожлантириш, шошилинч тиббий ёрдам тизимини такомиллаштириш, саноат корхоналарининг энергия тежамкорлигини ошириш, иситиш тармоқларини модернизация қилиш, молиявий консультатив хизмат кўрсатиш каби соҳаларга оид битимлар имзоланди.
Шу билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга расмий ташрифи якунига етди. Ўзаро муносабатлардаги тарихий воқеа бўлган ушбу ташриф ҳамкорликни янги поғонага кўтариши шубҳасиз.
Абу Бакр ЎРОЗОВ,
ЎзА мухсус мухбири.
Тошкент – Вашингтон – Тошкент.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мен бу йил сайловда илк марта қатнашиш ҳуқуқига эга бўлдим, — дейди Самарқанд шаҳрининг “Геофизиклар” маҳалласида яшовчи фуқаро Р...
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда....
01 янв 1970
Андижон вилояти ҳокимлигида Президент раислигида фаоллар йиғилиши бўлиб ўтди.
01 янв 1970
Барчамизга маълумки, хар қандай мамлакатнинг ижтимоий тараққиётига таъсир қилувчи, демократик характерини кўрсатувчи кўплаб ҳолатлар бўлиб, уларнин...