ТИНЧЛИК – энг олий неъмат

/
«Мудофаа соҳасида олдимизда янги ва муҳим вазифалар турганини барчамиз яхши тушунамиз. Аввало, Миллий хавфсизлик концепсияси ҳамда Мудофаа доктринасининг самарали ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак»
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг
Олий Мажлисга Мурожаатномасидан

Мамлакатимиз тинчлигини асраш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, осуда ҳаётни сақлаш жуда муҳим. Бунинг учун, энг аввало, миллий армиямиз куч-қудратини янада оширишга катта эътибор қаратилмоқда. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мустақиллик йилларида Ватанимизнинг нафақат бугунги тараққиёти, балки келажакдаги ривожи талабларига ҳам жавоб берадиган, мутлақо янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди.
Сир эмаски, миллий армиямиз ташкил этилган илк йилларда Қуролли Кучлар тизимида ҳам жиддий муаммолар мавжуд эди. Собиқ иттифоқ армиясидан қолган мерос — ҳарбий хизматни ўташ тартибларига риоя қилмаслик, бошбошдоқлик, оғир жиноятларни содир этишга мойиллик, айниқса, халқимизнинг армияга ишончсизлиги, ёшларнинг ҳарбий хизматдан бўйин товлаши каби муаммолар ўз ечимини кутарди.
Янги, мустақил давлат армияси тизимида олиб борилган ислоҳотлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга чақириш тизимини ислоҳ қилиш юзасидан миқёси жиҳатидан муҳим аҳамиятга эга бўлган вазифалар амалга оширилди. Маълумки, Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил 6 сентябрдаги фармони билан Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилиб, кейинчалик Мудофаа вазирлигига айлантирилди. 1992 йил 14 январда мамлакатимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси тасарруфига ўтказилди. 1993 йил 29 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг қонунига биноан “14 январь — Ватан ҳимоячилари куни”, деб эълон қилинди. Мазкур тарихий ҳужжатга асосан Ватан ҳимоячилари куни мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаб келинмоқда.
Амалга оширилган ислоҳотлар миллий армиямиз мудофаа салоҳияти юксалишида, халқимизнинг тинч ҳамда осойишта ҳаётини таъминлашда, она юртга садоқат билан хизмат қиладиган авлод шаклланишида муҳим аҳамият касб этади. Бугун Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари мамлакатимиз мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, тинч ҳамда осуда ҳаётимизни ҳимоя қилишнинг мустаҳкам таянчи, деган эътирофга муносиб бўлмоқда.
2017 йил 7 декабрь куни Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 26 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши имзоланди. Мазкур фармойиш билан айёмни нишонлашга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш бўйича 5 та бўлим, 55 банддан иборат тадбирлар Дастури ҳамда байрам тадбирларини ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича Республика ишчи гуруҳи таркиби ҳам тасдиқланди.
Фармойишга биноан Тошкент шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида ёшлар ва ҳарбий хизматчилар иштирокида спорт марафонлари, “Темурбеклар мактаби”, махсус гуруҳлар ўқувчилари томонидан умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда “Мен Ватанимга таянчман!” шиори остида акциялар, уюшмаган ёшлар билан муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ҳарбий хизматчилар иштирокида “Ибратли тенгдошим”, “Армия менинг ҳаётимда”, “Мен, албатта, ҳарбий бўламан” мавзуларида давра суҳбатлари ташкил қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари Қуролли Кучларимиз ташкил этилган сана ва Ватан ҳимоячилари кунини мутлақо янгича ёндашув асосида, умумхалқ байрами сифатида кенг нишонлаш зарурлигини таъкидлаган эди. Бу борада ишлаб чиқилган тадбирлар Дастури ушбу кўрсатмага тўла мос келади. Ватан ҳимоячиларининг байрами – бу аввало, тинчлигимизнинг, осойишта ҳаётимизнинг байрамидир. Тинчлик бор жойда эса байрам, тўй-томошалар бўлади.
Айтиш керакки, бугунги кунда дунёнинг айрим давлатларида тобора кескин тус олаётган вазият, халқаро терроризм, экстремизм ва радикализм хавфи ортиб бораётгани барча халқларни чуқур хавотирга қўймоқда. Юзага келаётган ана шундай таҳликалар барчамиздан огоҳликни, Қуролли Кучларимиздан эса юқори даражадаги жанговар қобилиятни мустаҳкамлашни талаб этади. Миллий армиямизнинг Ватан ҳимоясига шайлигини ошириш бўйича мавсумий дала ўқув-йиғинлари ташкил этиляпти. Бу, ўз навбатида, ҳарбийларнинг амалий тажрибалари ошишига хизмат қилмоқда.
2017 йил 28 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Каттақўрғон” дала-ўқув майдонида ўтказилган оператив тактик машқларни кузатди. Мазкур дала-ўқув майдонида Мудофаа вазирлиги қўшинлари томонидан душман таҳдидини қайтариш ва уни йўқ қилишга доир машғулотлар бир-бирига боғлиқ бўлган жами олтита жанговар ҳаракатлар эпизоди ва учта алоҳида эпизод намойиш этилди. Ватанимиз ҳимоячилари барча вазифаларни муваффақиятли бажарди.
Ифтихор билан айтиш керакки, бугунги кунда йигитларимиз учун Ватан ҳимояси олий шарафга айланган. Ҳарбий бўлишга интилаётган ёшлар сафи тобора кенгайиб бораётгани ҳам буни кўрсатиб турибди. Шу ўринда яна бир гап. Ёшларимизга Ватан ҳимояси нима эканлигини, чегарада турган аскар ортида юрти, оиласи борлигини теранроқ англатишимиз керак. Бир пайтлар бошимиздан кечирган уқубатли кунлар бугун ортда қолди. Мустақиллик эълон қилинганидан бошлаб аскарларимиз фақат ўзимизнинг юртимизда хизмат қилмоқда. Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий блокка қўшилмайди ва ўз ҳудудида чет мамлакатларнинг ҳарбий базалари жойлашишига ҳам йўл қўймайди. Бу — қонун йўли билан мустаҳкамлаб қўйилган. Шунингдек, Ватанимиз сарҳадларини қўриқлаётган ҳарбийларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилганини таъкидлаш даркор. Уларнинг яхши яшаши, оиласи, фарзандлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда. Оила тинч бўлса, ҳимоячиларнинг ҳам кўнгли хотиржам бўлади. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 30 мартдаги “Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари учун турар-жой қуриш дастури тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда. Қарор ижроси доирасида 2017 йил давомида ҳудудларда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларига 56 та замонавий кўп қаватли уйлар тантанали равишда топширилди. Янги йил ва Ватан ҳимоячилари байрами арафасида Бухоро ва Сурхондарё вилоятларида хизмат бурчини бажараётган бир гуруҳ офицерларнинг оилаларига ҳам янги уйларнинг калити топширилди.
Миллий хавфсизлик концепсияси ва Мудофаа доктринасини амалга ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз тинчлиги ва тараққиётида муҳим аҳамият касб этади. Зеро, тинч юртда тараққиёт, ўзгаришлар, ислоҳотлар кузатилади.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон ўз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш орқали давлатимиз суверенитетини ҳимоя қилиш ва халқимиз хавфсизлигини, тинчлигини асрашни белгилаб олган. Ва бу йўлда шахдам одимлар билан бошланган янги ислоҳотлар Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини таъминлашга хизмат қилади.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Биринчи навбатда, фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтиришга эришишимиз лозим....
01 янв 1970
Маълумки, мустақилликнинг илк йилларидан бошлаб мамлакатимизда тарихий обидалар, зиёратгоҳлар, бир сўз билан айтганда, ўзбек халқининг буюк тарихин...
01 янв 1970
Мамлакатимиз тинчлигини асраш, чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, осуда ҳаётни сақлаш жуда муҳим....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг “Иқтисодиёт соҳасидаги жиноятлар” деб номланган учинчи бўлимида, кодекснинг 168-моддаси (Фир...