Дориломон кунлар ҳақиқати

/
9 май – Хотира ва қадрлаш куни бу йил мамлакатимиз бўйлаб ўзгача руҳда нишонланмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 16 апрелдаги «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони уруш қатнашчилари ҳолидан хабар олиш, юрт тинчлиги ва озодлиги йўлида жон фидо қилган юртдошларимиз хотирасини ёд этишда муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчи жаҳон урушида дунё аҳолисининг уч фоизини ташкил қилувчи 60 миллионга яқин киши ҳалок бўлган. Бу уруш жаҳон тарихида мисли кўрилмаган даражада катта ва даҳшатли, бутун инсоният бошига оғир кулфатларни солган уруш бўлди. 1939 йил 1 сентябрь куни Германия қўшинларининг Польшага бостириб кириши билан бошланган машъум уруш жаҳоннинг 61 мамлакатини, ер шари аҳолисининг 80 фоизини, яъни 1,7 миллиард кишини ўз гирдобига тортди. Иккинчи жаҳон уруши Хиросима ва Нагасаки тимсолида ҳам инсоният тарихида қора из қолдирди.
Уруш даҳшатлари, Ўзбекистонни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Она заминимизга уруш ҳаракатлари кириб келмаган бўлса-да, юртимизнинг фидойи ўғлонлари жанггоҳларда юрт тинчлиги учун жон олиб, жон берганлар. Беш юз мингдан зиёд навқирон ёшдаги мард, жасур йигитлар ҳоки бегона юртларда қолиб кетди. Юзлаб ўғлонлар бедарак, ном-нишонсиз кетишди...
Йиллар ўтгани сайин урушдан омон қайтиб келганларнинг сафи ҳам камайиб бормоқда. Ватан учун жонини тикканларнинг хотирасини ёд этиш, биз билан ёнма-ён яшаётган фахрийларни йўқлаш халқимизнинг азалий қадриятларидан бири саналади.
Хотира ва қардлаш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти томонидан пойтахтимизда истиқомат қилаётган уруш қатнашчиларининг ҳолидан хабар олинди.
Жумладан, Тошкент шаҳри, Юнусобод туманида истиқомат қилаётган 96 ёшни қаршилаган Мухтор ота Расулов хонадонида бўлишди, уруш фахрийсининг хотираларини тинглашди.
Урушда ҳарбий учувчи бўлган Мухтор отанинг айтишича, у 1941 йилда Смоленскдаги ҳарбий учувчилар тайёрлаш билим юртига юборилган экан.
— Ҳарбий самолётларни бошқаришни бошлаганимга саккиз ой бўлмасдан, уруш бошланди, — дейди Мухтор ота. — Барчамизни фронтга икки кун деганда жўнатишди. Фронтда бир неча маротаба ўлим билан юзма-юз келганман. Душман ўқларидан қанчадан-қанча юртдошларим, дўстларим нобуд бўлди, бедарак кетди. Тўрт йил мобайнида қўлимдан қурол тушмади...
Шундан сўнг ҳаётимни илм-фан ривожи ва тараққиётига бағишладим. Иқтисод фанлари номзоди, профессор, фан докторлигигача бўлган йўлни босиб ўтдим. Самарқанд кооператив институтида (ҳозирги Cамарқанд иқтисодиёт ва сервис институти) бир неча йил ректор бўлиб ишладим. Меҳнат фаолиятим давомида республикамизнинг бир нечта вилоятида фаолият олиб бордим. 92 ёшимда Тошкент давлат иқтисодиёт университетидан нафақага чиқдим. Президентимиз томонидан уруш қатнашчиларига кўрсатилаётган ғамхўрликдан бениҳоя хурсандмиз. Маҳалла аҳли ва ташкилотлар ҳолимиздан хабар олиб туришибди. Берилган имтиёзлардан фойдаланаяпмиз. Халқимизни, Президентимизни ҳар куни дуо қиламиз. Ёшларимиз уруш кўрмасин. Тинчликнинг қадрига етишсин.
Мухтор Расулов фан соҳасида беқиёс илм боғини яратган, ўзига хос илмий мактабни шакллантирган забардаст олимлардан биридир. Олим мамлакатимиз илм-фани ва ёш авлод тарбиясида қўшган муносиб ҳиссаси учун давлатимиз томонидан Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби унвони билан тақдирланган.
Урушнинг биринчи кунидан бошлаб фарзандларини жанггоҳларга юборган заҳматкаш халқимиз фронт ортида ҳам фидойилик кўрсатди. Бир бурда нонини жанггоҳларга юборди. Урушда юрти, яқинлари, ота-онасидан айрилганларга уйининг тўрини бўшатиб берди.
Ўзбекистон Россия, Украина, Белорус, Молдавия, Болтиқбўйи республикаларидан кўчириб келтирилган бир миллиондан кўпроқ кишиларни, ўз бағрига олдилар. Ўзбек халқи ўз нони, кийим-кечаги, турар жойини улар билан баҳам кўрди. Уруш йилларида ўзбек халқи ўзга юртлардан келган ота-онасиз ёш болаларга алоҳида ғамхўрлик қилди, 200 мингдан кўпроқ етим болаларни ўз бағрига олди.
Ана шу ҳақиқатларни ёдга олсак, бугунги доруламон кунлар, тинч ва осуда ҳаётимизга осонликча эришилмаганини янада чуқурроқ ҳис қиласан, киши.
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat”мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бахт шаҳри билан “Янгиобод”, “Иброҳим Каримов”, “Ўзбекистон” МФЙлари оралиғида бир неча йиллардан буён йўловчи ...
01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....
01 янв 1970
9 февраль — буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуд топган кун
01 янв 1970
Мамлакатимиз тарихан қисқа муддатда катта ютуқларни қўлга киритди.