Парламент назорати: таҳлил ва хулосалар

/
Аввал хабар қилганимиздек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларидан иборат ишчи гуруҳлари жорий йилнинг апрель ойида бир қатор туманларда бўлиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказишди, аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганишди. Мазкур ўрганишлар натижалари халқ депутатлари туман Кенгашларининг сессияларида атрофлича муҳокама этилди ҳамда қабул қилинган қарорлар ижроси юзасидан назорат ўрнатилди.
Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзолари ҳам ушбу ўрганишлар ва бўлиб ўтган сессияларда фаол иштирок этишди.

ҚАШҚАДАРЁ.
Халқ депутатлари Касби туман Кенгаши сессиясида, аввало, инсон манфаатлари барча нарсадан устун эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. Ҳар қандай муаммо ва камчиликлар аҳолининг фаровон ҳаёт кечиришига халақит бермаслиги, бунинг учун мавжуд масалаларга ўз вақтида ечим топиш лозимлиги таъкидланди.
— Ўрганиш натижаларини таҳлил қиладиган бўлсак, туманда ҳали ўз ечимини кутаётган бир қатор муаммолар бор, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Абдуғани Умиров. — Хусусан, туманда тадбиркорлик имкониятларидан оқилона фойдаланилмаётир. Ўрганишларда аниқланишича. тиббиёт масканлари зарур асбоб-ускуналар билан етарлича таъминланмаган. Мутахассис кадрлар етишмаяпти. Одамларни бандлик, уй-жой, коммунал соҳа ходимлари фаолияти қаноатлантирмаяпти, ичимлик суви, электр энергияси, газ таъминотидаги узилишлар, ободонлаштириш борасидаги муаммолар эътироз уйғотмоқда. Шулардан келиб чиқиб, мавжуд камчиликларни тез ва қисқа фурсатларда бартараф этиш юзасидан масъул идоралар аниқ таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқишлари лозим.
Таъкидлаш жоизки, парламент аъзоларининг ўрганишлари давомида аҳоли томонидан 389 та масала кўтарилди. Учрашувларда 45 та кам таъминланган оилага газ баллонлари, ҳомийлар томонидан моддий ёрдам етказилди. 8 нафар фуқаро иш билан таъминланди. Шунингдек, имконияти чекланган шахсларнинг 4 нафари даволаниш учун шифохонага жойлаштирилди. Ногиронлиги бўлган 8 нафар фуқароларнинг ҳар бирига ногиронлик аравачаси берилди. Туманда меҳнат ярмаркасини ташкил этиш орқали 200 нафар уюшмаган ёшлар турли соҳаларга ишга таклиф этилди. Депутат ва сенаторларнинг бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли туманда ободонлаштириш ишлари олиб борилди, хусусан, марказий чиқиндихона майдони ҳам тартибга келтирилди.
Сессияда аҳолига тиббий-санитария хизмати кўрсатиш сифатини яхшилаш борасида амалга оширилган ишлар аҳволи юзасидан мутасадди раҳбарларнинг ҳисоботлари ҳам тингланди.
Шуни қайд этиш лозимки, айни кунларда туман тиббиёт бирлашмасига қарашли даволаш профилактика муассасаларида 69 нафар шифокор етишмайди. Шундан тез тиббий ёрдам шифокори 25 нафар, болалар анистезиолог-реаниматологи 1 нафар, нефролог, онколог, гемотолог, терапевт, ревматолог, болалар эндокринологи, статист, психиатр, рентгенолог, методист, иммунолог, аллерголог, гастроэнтеролог, профпатолог, пулмонолог мутахассисларига 1 нафардан, 3 нафар фтизиатор, 11 нафар умумий амалиёт шифокорларига эҳтиёж мавжуд.
Аҳолига намунали хизмат кўрсатиш учун соғлиқни сақлаш соҳаси ходимлари ва фуқаролар ҳам бирмунча муаммоларга дуч келишаяпти. Масалан, тиббиёт бирлашмасига қарашли 4 қаватли марказий шифохона, 2 қаватли болалар шифохонаси ва кўп тармоқли марказий поликлиника, силга қарши курашиш, тез тиббий ёрдам, марказий автоклав бўлимлари ва 9 та қишлоқ оилавий поликлиникаси ҳамда қишлоқ врачлик пунктлари капитал таъмирга муҳтож.
2017 йилда 2016 йилга нисбатан туманда эндокрин, яъни ички секреция безлари, овқатланиш ва модда алмашувининг бузилиши касалликлари ҳам 108 нафарга кўпайганини қандай изоҳлаш мумкин? Республикамизда имконияти чекланган ногиронлар учун қулайликлар яратилаётган бир шароитда Касби туманида ҳалигача 39 нафар ногиронлар аравачага, 5 нафари эшитиш мосламасига эҳтиёжманд бўлиб қолмоқда.
Сессияда туман аҳолисига сифатли тиббий-санитария ёрдами кўрсатилишини йўлга қўйиш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш борасидаги ишлар етарли даражада эмаслиги қайд этилиб, соғлиқни сақлаш соҳаси масъулларига бу борадаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш ҳамда биринчи чорак якунлари бўйича унинг ижроси юзасидан бирлашма раҳбарининг ҳисоботини эшитиш зарурлиги таъкидланди.
Президентимизнинг 2017 йил 9 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 10 октябрдаги “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан анжуманда туман ҳокими ўринбосари Суҳроб Муҳаммадиевнинг ахбороти тингланди ва муҳокама этилди. Мазкур масала юзасидан ҳам мавжуд муаммолар, йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш бўйича фикрлашиб олинди.
Олий Мажлис Спикери ўринбосари Наримон Умаров бошчилигида тузилган ишчи гуруҳи томонидан туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш борасида туман “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.
— Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган тамойил ҳаётда амалий ифодасини топмоқда, — деди Н.Умаров. — Маҳаллаларда уйма-уй юриб, аҳоли билан ўтказилган самимий мулоқотлар нафақат муаммоларни ўрганиш, балки тумандаги давлат бошқаруви идоралари, мутасадди ташкилот ва муассасалар фаолиятига адолатли, холисона баҳо бериш имкониятини ҳам яратди. Ким қандай ишлаяпти, қайси масала кўндаланг бўлиб турибди, мутасадди корхона, ташкилот, маҳалла раиси бундан хабардорми, агар хабари бўлса, нима иш қилди, деган саволларга жавоб топилди. Туман аҳолисининг кундалик турмушида учраётган бир қатор муаммоларни ҳал этиш учун шу ернинг ўзида имкониятлар кўп. Бу ўринда фақат тумандаги мутасаддилар, сектор раҳбарлари, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, маҳаллий Кенгаш депутатлари фаоллик кўрсатишлари талаб этилади.
Мажлисда халқ депутатлари туман Кенгаши, унинг доимий комиссиялари фаолиятига ҳам танқидий баҳо берилди. Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.
СУРХОНДАРЁ.
Халқ депутатлари Музработ тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида мамлакатимиз парламенти аъзоларидан иборат ишчи гуруҳининг ҳудуддаги ўрганишлари натижалари атрофлича муҳокама этилди. Мажлисда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров иштирок этди.
Таъкидланганидек, ишчи гуруҳ аъзолари 417 та хонадонда бўлиб, аҳолининг турмуш тарзи, яшаш шароити билан танишдилар, маҳаллалар аҳли билан самимий суҳбатлашдилар. Жойларда ечимини кутаётган бир қатор муаммоларни аниқладилар.
Албатта, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида ижобий натижаларни қайд этиш мумкин. Аммо аниқланган муаммолар таҳлили ҳудуддаги секторлар фаолияти етарли даражада ташкил этилмаётганини кўрсатмоқда.
Жумладан, “Наврўз” маҳалласининг “Жалолиддин Мангуберди” кўчасидаги 300 та хонадон электр энергияси тармоғига қўлбола ёғоч устунлар орқали уланганлиги боис бу ерда 2 дона трансформатор ва 6 километр масофага симёғочлар ўрнатиш лозим. “Файзиобод” маҳалласида бир оила аъзолари — Қ.Муродов ва Х.Боймуродова инсультдан кейин фалаж бўлиб қолишган, аммо тўртинчи сектор масъуллари уларга зарур ёрдам кўрсатмаганлиги афсусланарли ҳол, албатта.
Фуқаролар билан мулоқот давомида 15 та йўналишда 176 та масала кўтарилди. Мазкур масалаларнинг аксарияти, яъни 54 таси жойида ҳал этилиб, айримлари юзасидан ҳуқуқий тушунчалар берилди. Фуқаролар томонидан кўтарилган масалалар юзасидан туманнинг 2018 йилги “йўл харитаси” учун бир қатор вазифалар белгилаш таклифи ишлаб чиқилди.
Мазкур масалаларнинг 21 таси уй-жой ва коммунал соҳага, 42 таси бандлик масалаларига, 19 таси таълим, 15 таси пенсия ва нафақа таъминотига, 16 таси соғлиқни сақлаш, 14 таси банк кредити, 8 таси тадбиркорлик фаолиятига, 23 таси транспорт ва йўл қурилиши, шунингдек, қолганлари маданият ва спорт, экология ва атроф муҳит йўналиши, маҳаллалар фаолияти билан боғлиқ муаммолардир. Шу билан бирга, аҳолини ичимлик суви ва суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлаш муддатларига риоя этмаслик, иш билан таъминланмаган фуқаролар рўйхатларини шакллантиришдаги сусткашликлар, тиббий патронаж ишлари таҳлил қилинмаганидан асло кўз юмиб бўлмайди.
Тумандаги “Сув-оқава” корхонасининг “Файзиобод” маҳалласи ҳудудидаги шохобчасидан бир кунда 100 дан зиёд сув ташийдиган автомашиналар 1 тонна сувни 1500 сўмдан олиб, учта маҳалла аҳолисига 20-30 минг сўмдан етказиб бераётганини қандай изоҳлаш мумкин? Мазкур шохобчада сув сотишда фойдаланиладиган ҳисоблагич ўрнатилмаганлиги, назорат касса машинаси мавжуд эмаслиги ҳамда туман инкассация бўлими билан шартнома тузилмаганлиги аниқланди. Ваҳоланки, мазкур шохобча томонидан бир кунда банк муассасасига 250-300 минг сўм нақд пул назорат касса машинаси ҳисобига ўтказмасдан топширилмоқда. Бу ҳол шохобчада сув сотишдан бир кунлик тушаётган пул ва банкка топширилаётган сумма бир-бирига нечоғли мос эканлиги ҳақида шубҳа уйғотади.
Туман аҳолисининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлиги 26 фоизни ташкил этади, 35 фоизи 40 та артезиан қудуқлардан ўз уловлари билан сув ташиб фойдаланишади. Олтита маҳаллага ёки 15 фоиз истеъмолчига тракторлар ёрдамида сув ташиб берилмоқда. Туман сув таъминоти корхонаси ўз балансидаги трактор транспорт воситаларида ташилаётган сув учун пул тушумлари олмайди, тракторчилар ташилган сув учун маблағларни ўз билганларича тасарруф этишмоқда. Ўз навбатида, тракторчиларга ойлик иш ҳақи ҳам тўланмаслиги тушунарсиз ҳол.
Ҳудудда 14 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд, 26 та маҳаллада эса бирорта боғча йўқлиги маълум бўлди. Туманда мактабгача таълим муассасасига қатнаши лозим бўлган 13539 нафар боладан 1326 нафари, яъни 9,8 фоизи мактабгача таълим муассасаларида тарбияланмоқда. Болажонларни боғчаларга тўлиқ қамраб олиш учун 100 дан зиёд янги боғчалар барпо этишга эҳтиёж бор.
Ишчи гуруҳ аъзолари умумтаълим мактабларидаги шарт-шароитларни ҳам ўрганишди. Тумандаги 12, 21-умумтаълим мактаблари биносининг томидан чакки ўтиши, 15, 32, 40, 45-умумтаълим мактабларининг спорт заллари капитал таъмирга муҳтожлиги. 24,34,43,52-умумтаълим мактабларида қўшимча ўқув биноси қуришга эҳтиёж борлиги қайд этилди. Бир қатор таълим масканлари мебел жиҳозлари, доска, парта стол-стуллар билан тўлиқ таъминланмаган, мавжуд жиҳозлар эса эскирганини айтиш жоиз. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, умумтаълим мактабларида информатика, кимё, инглиз тили, математика, физика, география, она тили ва адабиёти ва яна бир неча фанлардан жами 149 нафар ўқитувчи етишмайди.
Ўрганишлар давомида кўп қаватли уйларда яшовчи фуқаролар мазкур биноларда канализация тизими йўқлиги, хонадонларга иситиш, совуқ сув тармоқлари киритилмаганлиги, болалар майдончалари, автомашиналар туриши учун алоҳида майдон ажратилмаганидан эътироз билдиришди.
Сессияда яна бир қатор муаммолар хусусида ҳам батафсил сўз юритилиб, аниқ чора-тадбирлар белгиланиб, ижро юзасидан назорат ўрнатилди.
НАМАНГАН.
Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳ Учқўрғон туманида бўлиб, фуқаролар билан очиқ мулоқотлар ўтказди, ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳозирги кундаги аҳволи, мавжуд камчилик ва нуқсонлар ўрганилди. Аҳоли билан учрашувларда одамларни ўйлантираётган бир қатор муаммолар аниқланди, турмуш фаровонлигини янада юксалтириш, олиб борилаётган ислоҳотлар юзасидан фикр-мулоҳазалар тингланди. Мазкур ўрганишлар натижалари умумлаштирилиб, халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясида муҳокама этилди.
Учқўрғон Наманган вилоятининг иқтисодий жиҳатдан катта салоҳиятга эга туманларидан бири ҳисобланади. Аҳолиси 165 минг кишидан ортиқ. Айни пайтда 2018 йил учун ишлаб чиқилган туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, белгиланган прогноз кўрсаткичларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Белгиланган дастурга биноан умумий қиймати 296,0 миллиард сўмлик (шундан 184,5 миллиард сўми банк кредити) 52 та лойиҳани амалга ошириш ва 1822 та янги иш ўринлари яратиш кўзда тутилган. Уларнинг асосий қисми саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасига тўғри келади.
Жорий йилнинг биринчи чорагида бу борада бир қатор ижобий натижалар қўлга киритилди. Шу билан бирга, ҳали фойдаланилмаган имкониятлар, бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ҳам оз эмас. Парламент аъзоларидан иборат ишчи гуруҳ ўтказган ўрганишлар жами 709 хонадон, 7 та маҳаллий давлат органлари ва ташкилотларни, 105 та ижтимоий соҳа объектларини, 41 та маҳалла фуқаролар йиғинларини қамраб олди. Аҳоли билан очиқ мулоқотларда 3460 нафар фуқаро қатнашди.
Сессияда туман даражасида ҳал этиладиган масалаларга оид “йўл харитаси” ишлаб чиқилди. Албатта, бир қатор муаммолар борки, уларни республика идораларининг аралашувисиз бартараф этиб бўлмайди. Парламент аъзолари уларни алоҳида назоратга олдилар.
Масалан, туман аҳолисини ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш учун ё маҳаллий сув иншоотини реконструкция қилиш ёки Норин дарёсига қурилган «Қизилравот» иншоотидан 7,4 километр узунликда сув тармоғи тортиш, яъни ариқ қазиш лозим. Туман марказида чиқинди сувларни тозалаш бўйича ҳам шошилинч чоралар кўриш талаб этилади. Мавжул иншоот 1982 йилда қурилган бўлиб, қуввати бугунги кун талабига жавоб бермай қолган. Янги тураржой даҳалари — “Соҳил-1” ва “Соҳил-2” даҳасида яшовчи фуқароларнинг фарзандлари учун янги умумтаълим мактаби барпо этиш зарур, чунки ўқувчилар ҳозирда беш километр узоқликдаги таълим масканига қатнаб ўқимоқдалар.
Аҳоли билан мулоқотларда қўшни Қирғизистон билан ўзаро муносабатларнинг яхшиланиб бораётганлиги мамнуният билан қайд этилди. Айни пайтда Учқўрғон туманидан Жалолобод вилоятига ўтадиган йўлни очиш таклифи билдирилди. Бу эса чегаранинг икки томонидаги аҳоли манфаатларига мос бўлиб тушарди.
Йиғилишда ишчи гуруҳ тайёрлаган маърузадаги ҳар бир масала атрофлича муҳокама қилинди. Сессияда қабул қилинган қарорга мувофиқ мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар белгиланди.
“Adolat” мухбири
Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига номзодлар орас...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар кенгашларининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Чироқчи туманидаги “Умакай” қишлоғида ўн тўрт ярим мингдан зиёд аҳоли яшайди. Албатта, катта ҳудуддаги ҳар бир қишлоқнинг ўзига яраша қ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси  ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номз...