Партия фаоллари меҳнат фахрийлари хонадонида

/
Аждодлар хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга алоҳида ҳурмат-эътибор кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятга айланган. Айниқса, Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, оловли жанггоҳлардан омон қайтган, оғир кунларни сабр-бардош билан енгган фахрийларимизга юксак эҳтиром, меҳр-оқибат кўрсатиш давлатимизнинг ҳамиша эътибор марказида бўлиб келмоқда.
Айни кунларда давлат ва жамоат ташкилотлари қаторида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва маҳаллий ташкилотлари томонидан ҳам жойларда кексалар ҳолидан хабар олиниб, улар иштирокида учрашувлар, маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда Тошкент шаҳар кенгаши ташаббуси билан партиянинг “Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт” лойиҳаси доирасида ўтказилди. Партия фаоллари, депутатлар ҳамда “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари Чилонзор тумани “2-Чарх Камолон” маҳалласида истиқомат қилаётган, бугунги тинч ва нурафшон кунларимизнинг юзага келишига ҳиссасини қўшган, Иккинчи жаҳон урушининг фронт орти фахрийлари хонадонларига ташриф буюриб, улар ҳолидан хабар олишди, дилдан суҳбат қуришди.
Суҳбатлар чоғида фахрийлар дунё халқлари бошига мусибат солган машъум уруш, ўша оғир кунларни матонат билан енгиб ўтган ота-боболаримизнинг букилмас иродаси, чексиз матонати ҳақида сўзлаб бердилар. Ёшларга бугунги тинч-осойишта кунларга осонликча эришилмагани, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш лозимлиги, юртимизда яратилган шароит ва имкониятлардан тўла фойдаланган ҳолда чуқур билим олиш, яхши касб эгаси бўлиш, шу орқали Ватанимиз тараққиёти учун ҳисса қўшиш ёш авлоднинг муқаддас бурчи эканлиги таъкидланди.
“2-Чарх Камолон” маҳалласининг “Завқий” кўчаси, 27-хонадонда истиқомат қилувчи фронт орти меҳнат фаҳрийси Ҳалима ая Носирова бугун 93 ёшда, фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида кексалик гаштини сурмоқда. Онахон қўли дуода, бугунги доруломон кунларга шукроналик келтириб, умргузаронлик қилмоқда. Ҳалима ая бугун давлатимиз томонидан ёши улуғ инсонларга кўрсатилаётган эътибордан мамнун.
— Мен уруш бошланганда балоғат ёшидаги қиз эдим. Халқимиз ўша йиллари жуда оғир қийинчиликларни бошдан кечирди. Уруш олови миллионлаб масофа узоқликда бўлишига қарамасдан фронт ортидаги, айниқса, биз каби аёллар ва кексаларнинг ҳаётини издан чиқарди. Таъминот учун бор оғирлик фронт ортида бизларнинг бўйнимизда эди. Шундай оғир даврда ҳам ўзбек аёллари ўз фарзандлари қатори уруш олови аланга олган ҳудудлардан юртимизга кўчириб келтирилган минглаб болаларга оналик қилиб. уларни ўз фарзандларидек бағрига олишди. Бугунгидек тинч-осойишта, бахтли кунлар ўша даврда ҳар бир онанинг орзуси эди, — дейди Ҳалима ая.
Ушбу маҳаллада яшовчи Владимир Семушкиннинг ҳам айни йигитлик чоғлари ўша машъум уруш йилларига тўғри келган эди. Ўшанда у эндигина 13 ёшни қаршилаган бўлишига қарамасдан ҳарбий самолёт заводига ишга кириб, ўз тенгқурлари қатори урушдаги ғалаба ва бугунги тинч ва осуда кунларимиз учун ўз ҳиссасини қўшди.
— Шу кунларга етказганига шукр, Президентимизнинг биз, фахрийларга кўрсатаётган ғамхўрлик ва эътибордан хурсанд бўлаяпмиз. Илоҳим, инсоният бошига уруш ҳеч қачон қайтмасин, биз кўрган у кунларни бошқа ҳеч ким кўрмасин. Юртимиздаги тинчликка, халқимиз фаровонлигига, ёшларимиз қўлга киритаётган ютуқларга кўз тегмасин, — дейди В.Семушкин.
Дарҳақиқат, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фахрийларининг бугунги нурафшон кунларимиз йўлида кўрсатган матонати, мардлик ва жасоратининг аҳамияти беқиёс. Шу кунларда барча ҳудудларда партия фаоллари томонидан ўтказилаётган бундай юзма-юз учрашув ва йўқловлардан уруш ва меҳнат фахрийларининг кўнгли тоғдек кўтарилмоқда.
9 май — Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан кекса авлод вакилларига кўрсатилаётган бу каби эътибор ва ғамхўрлик, ёшларнинг ҳурмат ва эҳтироми мамлакатимизда инсон манфаати, унинг шаъни ва қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун эканини яна бир бор намоён этмоқда.
Фаррух АБДУҲАМИДОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қашқадарё вилояти кенгаши ташаббуси билан Қарши давлат университетида “Қайта тикланувчи энергия манбалари...
01 янв 1970
Партия депутатлик гуруҳи аъзоси Баҳром Тоштемиров ҳам фаоллиги ва амалий ишлари билан сайловчилар меҳрини қозонмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши ҳамда Миробод туман кенгаши ҳамкорлигида “Ўзбекистон темир й...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси  ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номз...