Инновация ривожи — тараққиёт гарови

/
Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан Хоразм вилоятида “Тинчлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида бирлашайлик” шиори остида кўргазмали сайёр семинар бўлиб ўтди. Семинар доирасида ёш олимларнинг инновацион кўргазмаси, партия фаоллари ва илм-фан вакилларининг очиқ мулоқоти айнан Маъмун академиясида ташкил этилиши ҳам бежиз эмас.
Хоразм Маъмун академияси халқимизнинг буюк илмий, маънавий ва маданий мероси сифатида барчамизда фахр-ифтихор туйғусини уйғотади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятига ташрифи давомида Маъмун академиясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, илмий лабораторияларни замонавий асбоб-ускуналар билан таъминлаш, мазкур илм даргоҳи учун юқори малакали илмий кадрларни тайёрлаш, юртимиздаги академик ва профессор, етакчи олимларни бу ерга жалб этиш учун шарт-шароит яратиш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас.
Хоразм Маъмун академияси ўзининг бой ва буюк тарихини янги зарварақлар билан бойитиш йўлида фаолият олиб бормоқда. Академияда Хоразмнинг қадимий давлатчилик тарихи, бетакрор цивилизацияси ва маданиятини ўрганиш, воҳада қадимдан ривожланиб келган бой илмий салоҳиятнинг жаҳон фани ва маданияти тараққиётидаги ўрнини тадқиқ қилиш, ушбу ўлка меъморий ёдгорликларини биологик, физик ва бошқа турли салбий таъсирлардан муҳофаза қилишнинг илмий асосларини ишлаб чиқиш йўналишларида иш олиб борилади. Воҳанинг экологик ҳолати бўйича мунтазам илмий кузатишлар олиб бориш, уни яхшилашга қаратилган илмий тавсия ва ишланмалар яратиш, мавжуд ер-сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тупроқ унумдорлигини оширишнинг самарали тизимини ишлаб чиқиш ҳамда воҳанинг тупроқ-иқлим шароитига мос бўлган қишлоқ хўжалиги ўсимликларини иқлимлаштириш орқали шўрланиш ва чўлланишнинг олдини олиш масалаларини тадқиқ этиш бўйича амалий изланишлар академиянинг асосий фаолият йўналишларидан саналади.
— Академия таркибида 10 гектар тажриба-синов базаси, термитларга қарши кураш лабораторияси, физик-кимёвий, генетик таҳлил, дон ва дон маҳсулотлари таҳлили, тупроқ ва термитлар ҳамда микробиология лабораториялари, “Хоразм тарихи ва маданияти доимий экспозицияси”, ахборот-ресурс маркази, ноширлик бўлими ва кичик босмахона фаолият кўрсатмоқда, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти, Хоразм Маъмун академияси раиси Икром Абдуллаев. — Айни пайтда 78 нафар илмий ходим ва ишчи-хизматчи, шундан 44 нафар илмий ходимлар, жумладан, 2 академик, 2 фан доктори, 15 фан номзоди фаолият кўрсатади. Академия тажриба-синов базасидаги ўсимликлар генофонди биноси, музей ва нодир қўлёзмалар фонди ноёб объектлар рўйхатига киритилган.
Таъкидлаш жоиз Хоразм Маъмун академияси кутубхонаси фондида 17 минг 800 китоб мавжуд. Кутубхонадан кенг тармоқда фойдаланиш мақсадида 2006 йилда замонавий ахборот ресурс маркази ташкил этилган. Ундан вилоятнинг барча зиёлилари фойдаланишлари учун имкониятлар яратилган. Ахборот ресурс марказида Нодир китоблар фонди ташкил этилган бўлиб, унда 200 га яқин қўлёзма, тошбосма ва камёб босма китоблар сақланади. Халқимиз қўлидаги нодир қўлёзма ва тошбосма асарларни сотиб олиш бўйича махсус комиссия доимий фаолият юритмоқда. Нодир китоблар фондидаги китобларни сақлаш, таъмирлаш, қайта тиклаш, нусха олиш ишлари амалга оширилмоқда. Фонднинг электрон каталоги тузилган.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида олимлар томонидан олиб борилаётган илмий ишланмалар ва инновацион ғояларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш, талабаларнинг инновацион фаолиятга бўлган қизиқишлари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, улар томонидан кичик инновацион корхоналар тузишни рағбатлантириш, олий ўқув юртларининг илм-фан, саноат ва иқтисод билан алоқасини янада мустаҳкамлашга доир устувор вазифаларни амалга ошириш белгиланган.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси мамлакатимиз келажаги — инновацион ривожланиш ва инновацион иқтисодиётда, деб ҳисоблайди. Янги технологияларга асосланган иқтисодиёт давлат қудратини оширади, халқимиз фаровонлиги ва жамиятимизнинг барқарор ривожланишига хизмат қилади. Партия инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, илмий фаолиятни ривожлантириш соҳасида меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш тарафдори саналади.
Тадбирда сўзга чиққанлар инновацион ғоялар, лойиҳалар ва технологиялар мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини қайд этиб, бугунги кунда давлатимиз томонидан академик фаннинг мамлакат иқтисодиётини инновацион ривожлантиришдаги ролини кучайтириш, Маъмун академиясининг илмий-инновацион фаолиятини такомиллаштириш ва мавқеини янада ошириш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шундан келиб чиқиб, кўргазма доирасида олимлар, соҳа мутахассислари, илм-фан вакиллари иштирокида “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг муҳокамаси ўтказилди. Партия депутатлари ва экспертлари ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари томонидан ишлаб чиқилиб, айни пайтда жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ушбу қонун лойиҳасининг мазмун-моҳияти, унда илгари сурилаётган нормалар хусусида батафсил сўз юритилди. Муҳокамалар жараёнида иштирокчилар қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан ўз фикр ва таклифларини билдирдилар.
“Талабаларнинг кичик инновацион корхонаси” лойиҳаси асосида ўтказилган мазкур амалий кўргазмада академия олимлари ва иқтидорли талабаларининг илмий ишланмалари, инновацион технологиялари ва лойиҳалари намойиш этилди. Кўргазмада тақдим этилган дизайн, архитектура, муқобил энергия, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик йўналишларидаги инновацион ишланмалар йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир сўнггида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов Хоразм Маъмун академиясининг фахрий аъзолигига қабул қилинди. Инновация кўргазмасида фаол иштирок этган ёш олимлар партиянинг эсдалик совғалари ва ташаккурномалари билан тақдирланди. Академия ва партия ўртасида доимий ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олинди.
Абдукамол РАҲМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Кўҳна диёримиз дунё цивилизациясининг бешикларидан бири сифатида жаҳонда донг таратган. Юртимизда бунёд этилган илм-фан ва маърифат масканларида не-не буюк мутафаккир ва алломалар оламшумул кашфиётлар қилишган. Хоразм Маъмун академияси ана шундай илм даргоҳларидан биридир. Партиямизнинг “Инновация ривожи — тараққиёт гарови” лойиҳаси доирасида ўтказилган кўргазма ва қонун лойиҳаси муҳокамасини айнан Хоразм Маъмун академиясида ташкил этишимизда ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Бошлаган ҳамкорлигимиз янги ташаббусларнинг қанот қоқишига, ривожланишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Партиямиз дастурий мақсад-вазифаларида ҳам мамлакатимиз илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшиш вазифаси белгиланган. Жумладан, партия инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ, деб ҳисоблайди. Мана шу мақсад-вазифани ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ташкил этилган ушбу инновацион кўргазма кўплаб иқтидор эгалари ва янги инновацион ғояларни кашф қилди.
Малоҳат МУСАЕВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, ижтимоий ва иқтисодий ривожланиш ҳамда мамлакатни демократик янгилашда фаннинг ролини кучайтиришга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Кўргазма ва қонун лойиҳаси муҳокамасида ҳам айни шу фикрлар эътироф этилди. Кўргазмада намойиш этилган, мамлакатимиз тараққиётига хизмат қилувчи инновацион технология ва ишланмаларнинг ҳаётга самарали татбиқ этилиши бу борадаги ислоҳотларни янада жадаллашишига муносиб ҳисса қўшади. Кўргазмали семинарда ўрганган билим ва кўникмаларимизни амалиётда қўллашни, ўз ҳудудимизда ҳам мана шундай инновацион кўргазмаларни ташкил этишни мақсад қилдик.
Абдуваҳоб СОБИРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий вилоят кенгаши раиси ўринбосари:

— Навоий вилояти йирик саноат корхоналарига эга, тадбиркорлик ривожланган ҳудуд саналади. Инновацион ишланмалар ва ихтиролар учун вилоятимизда ҳам тажриба, ҳам амалиёт етарли. Вилоятимиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, илмий тадқиқотчилар ва ёш изланувчиларни ҳамкорликка таклиф қилиб, шу каби кўргазмаларни ташкил этиш келгуси фаолиятимизнинг асоси бўлиб қолади. Шунингдек, уларнинг кашфиёт ва ихтироларини, инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш ва амалиётга татбиқ этишнинг янги усулларини жорий қилиш ҳам олдимизда турган муҳим вазифалардан биридир.
Шоҳида ДАМАНОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати етакчи мутахассиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил 24 декабрь куни Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик ишлари қизғин паллага кирмоқда....
01 янв 1970
Уруш ва меҳнат фахрийларининг хонадонига маҳаллий Кенгаш депутатлари ва “Ёш адолатчилар”нинг ташрифи уларни хурсанд қилди....
01 янв 1970
Маҳаллада яшовчи аксарият фуқаролар билан мулоқот чоғида аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш қониқарсиз ташкил этилганл...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан очиқ мулоқотнинг самарали усул ва механизмлари жорий этилиб, бу борадаги долзарб вазифал...