Аёл йўлдан адашмасин

/
Халқимиз аёлни гулга қиёслайди, садоқат-вафо тимсоли сифатида ардоқлайди. Аёл ҳам ўзининг меҳру муҳаббати, фидойилиги билан умри давомида бу қиёсларга муносиб яшашга интилади. Афсуски, онда-сонда бўлса-да, биз гулдан нозик, садоқат-вафо тимсоли сифатида таърифлайдиган аёлларимиз орасида ҳам жиноятга қўл ураётганлари учраб туради. Бир оиланинг бекаси, икки норасида гўдакнинг онаси ҳисобланган Зуҳра Умарова ҳам (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) ана шундай аёллардан бири бўлиб чиқди. Ҳаётнинг мураккаб синовлари уни тўғри йўлдан адаштирди.
Тошкент шаҳар, Олмазор туманида яшовчи Зуҳра Умарова муқаддас динимизда таъкидланган тўғри йўл четда қолиб, экстремизмни тарғиб этаётган оқимлар таъсирига тушиб қолди. Бугун эса у суд залида қилмишидан хижолат, пушаймон бўлиб ўтирибди.
Зуҳра қандай йўл билан бўлсада мўмай даромад қилишни хуш кўрарди. Йўқса, аёл боши билан кўчада танимаган-билмаган одамларнинг этагини тутиб, айтган гапини тўғри, деб қабул қилармиди? Энг ёмони, у диний ақидапарастларнинг “беминнат насиҳат”ларига чув тушиб, ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумотларни мутолаа қилиш, видео ва аудиоёзувларни томоша қилиш ва тинглашга қизиқиб қолди. Ҳатто опаси Фотима Алимовага ҳам диний таълим олиш ва тақиқланган маълумотларни тарқатиш бўйича қатъий кўрсатмалар бера бошлади.
З.Умарова кўпинча одамлар гавжум жойларда юриб, таниш-нотаниш аёлларга диний маслаҳатлар беришни одат қилиб олган эди. Шу боис аксарият вақтини одам кўп йиғиладиган пойтахтимиздаги «Малика» бозорида ўтказарди.
Зуҳра Юнусобод туманида жойлашган “Малика” савдо марказига кириш эшиги олдида, дастлабки тергов жараёнида шахсини аниқлаш имкони бўлмаган номаълум шахсдан қирғизистонлик “Абдуллоҳ домла”нинг “Жаннатга ошиқлар” номли маърузасини, номаълум шахснинг “Қайла ҳижоб” номли қўшиқ ва унга ишланган видеоклипини уяли алоқа воситасига юклаб олади. Кейинчалик у мамлакатимизда тақиқланган бундай диний материалларни мустақил равишда тинглаш билан бирга бошқаларга ҳам эшитишни тавсия этиб келган. Ким билади дейсиз, опа-сингил эгизаклар ушбу ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган маълумотларни атрофдагиларга тарқатиш орқали кимларни тўғри йўлдан чалғитган экан? Олмазор тумани ИИБ ЖҚ ва УЖҚКБ ходимлари томонидан ўтказилган “Комплекс” тезкор-профилактик тадбир жараёнида, З.Умарова ва Ф.Алимовадан уларга тегишли уяли алоқа телефонлари баённома асосида расмийлаштириб олиниб, ушбу уяли алоқа воситаларининг хотирасидаги маълумотларнинг мазмун-моҳиятини аниқлаш мақсадида судга оид адабиётшунослик экспертизаси тайинланди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосасига кўра, Ф.Алимова ва З.Умаровадан олинган уяли алоқа воситаларининг хотирасидаги файлларнинг 1.1, 1.2, 2.1 ва 2.2 бандларида кўрсатиб ўтилган маълумотлар ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ҳамда 1.3 ва 2.3 бандларида кўрсатилган маълумотлар мутаассиблик руҳидаги материаллар бўлиб, уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланганлиги аниқланди.
Тўғри, бир қарашда уларнинг хатти-ҳаракатлари жамиятга бирор жиддий хавф туғдирмайдигандек кўринади. Бироқ ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар вакиллари опа-сингилларни ўз вақтида тўхтатиб қолмаганида уларнинг кўр-кўрона қизиқиши янада чуқурлашиб кетиб, нохуш оқибатларга олиб келиши мумкин эди.
Судда Зуҳра Умарованинг жиноий ҳаракатлари кўриб чиқилиб, унинг муқаддам судланмаганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, пушаймонлиги, қарамоғида икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги ва оилавий шароити инобатга олиниб, тегишли жазо тайинланди.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, одам билиб ёки билмай хато қилиши мумкин. Уларни кечириш, тўғри йўлга солиш эса инсоний бурчимиздир. Зуҳрага ҳам қилмишига яраша оғирроқ жазо тайинлаш мумкин эди... Умид қиламиз, айбланувчилар давлатимиз томонидан кўрсатилган ғамхўрликдан тўғри хулоса чиқариб оладилар.
Мухтарама ТУРГУНОВА,
Тошкент шаҳар Жиноят ишлари бўйича суди судьяси,
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ижроси доирасида бир қатор амалий ишлар қилинмоқда. ...
01 янв 1970
Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан жойларда маънавий-маърифий тадбирлар бўлиб ўтмоқда. ...
01 янв 1970
Суд-ҳуқуқ соҳасида адолат тарозиси олдида ҳақнинг ҳақ, ноҳақнинг ноҳақ эканлиги ҳақида давлат номидан холис якуний сўзни айтувчи машаққатли касблар...
01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...