Ҳақгўйлик ва эзгулик тимсоли

/
Инсоннинг бу ёруғ оламдаги ҳаёти унинг учун бир синов. Умр синови. Бу синов ҳар кимда ҳар хил кечади. Баъзилар бу синовларга дош бериб, ўз мақсадига эришади, баъзи бировлар эса дош беролмай ҳаёт йўлларида қоқилади... Бу дунёнинг қийинчиликлари, турли хил ноҳақликларига дош берган, халқимиз учун сидқидилдан хизмат қилган, ўзидан катта адабий мерос қолдирган адиб, шоир, драматург Шуҳрат ҳаётнинг оғир синовларидан дадил ўта олган инсонлардан бири эди.
Шуҳрат — Ғулом Алимовнинг болалик даври ХХ асрнинг ўнинчи йиллари охири, йигирманчи йилларнинг бошида, нафақат Ўзбекистон, бутун Шарқ ва ўарб урушлар гирдобига тортилган, инқилобий курашлар, қарама-қаршиликлар кучайган пайтда кечди. ўулом дастлаб бир йил қўшни Отинбиби қўлида таълим олади. Кейин янги мактабга қатнайди. Физика ва математика фанларидан унинг зеҳни ниҳоятда ўткир эди. Мактабни тугатиб транспорт техникумига ўқишга киради. Бу ерда аъло баҳоларга ўқийди. Устозлар унинг келажагига катта умид билан қарайдилар. Лекин техникумга ишга келган истеъдодли адабиётшунос Юнус Латифнинг сабоқлари ўуломжон қалбида бутунлай янги дунё яратади. У бадииятнинг сеҳрли оламига мафтун бўлиб қолади. Техникумни битириб Ўрта Осиё транспорт инженерлари институтига ўқишга киради. Бироқ адабиётга ҳавас туфайли бир йил ўтгач, институтда ўқишни ташлайди.
Унинг илк шеъри 1934 йилда техникум деворий газетасида босилиб чиққан. Кейин шеърлари Республика болалар газетасида чоп этилади. 1936 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида ишлайди. Ўша йиллари Тошкент педагогика институтининг филология факультетига ўқишга киради. Мақсуд Шайхзода, Ҳамид Сулаймон, Айн Шарафиддинов, Ҳомил Ёқубов каби устозлардан таълим олади. Шуҳрат ўша пайтда Усмон Носир билан ниҳоятда яқин бўлган. Унинг саъй-ҳаракати билан институтда Усмон Носирнинг шеърият кечаси ўтказилади. Лекин 1937 йилда ўзбек зиёлиларининг етук намояндалари, жумладан, Усмон Носир қатағон туфайли қамоққа олингач, Шуҳрат ҳам бу ташвишлардан четда қолмайди. Уни Усмон Носирнинг “думи” деб айблашади. Бу ҳақда адиб кейинчалик шундай деб ёзганди: “Усмон билан кўп вақт бирга бўлганим, шеърларини ёд олганим, унинг бир неча бор уйимга боргани, китобларида менга “Ўзбек адабиётининг умиди” деб ёзиб бергани учун бир неча бор сўроқ бердим”. Бу сўроқлар беиз кетмайди. Уни Ёзувчилар уюшмасидан четлаштирадилар.
Бу четлаштириш асосида ёш шоирни адабий жараёндан узоқлаштириш, асарларини нашр этмаслик, ўзини таъқиб остида тутиш мақсади ётарди. У бу воқеаларни шундай эслайди: “Урушдан олдинги йилларда ёзган шеърларим тўплам ҳолида чиқмади. “Дилкаш”, “Кўнгил чашмалари” номли тўпламларимга тартиб бердим. Аммо улар босмахонада йўқолиб кетди. “Орзу ва қасос” поэмам “Баҳористон” альманахида босилган ҳолда қолиб кетди. 30-йиллар охирида “Меҳрол” номли эртак поэма ёздим. Унда Ҳамид Олимжоннинг таъсири яққол сезилиб туради”. Албатта, шоир асарларининг китоб ҳолида нашр этилмаслик сабабларини очиқ айтмайди. Аммо қатағон даҳшатларидан хабардор одам учун бу ҳолатнинг сабаблари аён бўлган.
1940 йилнинг кузида ўқишни битирган Шуҳрат ҳам армияга чақирилади. 1941 йилдан бошлаб 1944 йилнинг охирига қадар у жанггоҳларда иштирок этди. Уруш даҳшатларини ўз кўзи билан кўрди. Қон кечди, ўлим билан неча бор юзма-юз келди. Оғир яралангани сабабли аввал ҳарбий госпиталда, кейин Тошкентга қайтиб келиб даволанади.
Адиб “Шинелли йиллар” асарини 1947 йилда ёза бошлайди ва биринчи қисмини тугатиб, нашриётга топширади. Бу унинг насрдаги илк йирик асари эди. Аммо 50-йилларга келиб шўролар қатағони шахсга сиғиниш номи билан яна кучаяди. Кўплаб зиёлилар қаторида адибнинг устозлари Ҳамид Сулаймон, Мақсуд Шайхзодалар ҳам қамалади. Кейин Саид Аҳмад, Мирзакалон Исмоилий, Шукрулло сингари ижодкорлар қўлга олиниб, 25 йиллик қамоқ жазоси белгиланиб, совуқ ўлкаларга юборилади. Уларнинг орасида Шуҳрат ҳам бор эди. Шуҳратга расман отасининг савдогарлигини яширган, хотини эскича кийинган, боласини бешикка белатган, ўғлини хатна тўй қилмоқчи бўлган, деган айбномалар қўйилган бўлса ҳам, аслида у Абдулла Қодирий, Усмон Носир каби ижодкорларнинг давомчиси сифатида қамалган эди. Унинг тўрт йилдан ошиқ вақт мобайнида шўролар давлатини ҳимоя қилиб, жанггоҳларда қон кечиб келгани ҳам инобатга олинмади. Айбсиз ҳолда халқ душманига айланди.
Шуҳрат салкам беш йил Сибирь ва Қозоғистоннинг одам оёғи етмайдиган жойларида тиконли симлар ортида даҳшатли азобларни бошидан кечирди. Лагерлар киссавурлар, ўғрилар, талончилар, қотиллар билан тўлиб кетганди. Назоратчилар ҳаддан ташқари раҳм-шафқатсиз эди. Жиноятчилар ҳам, назоратчилар ҳам Шуҳрат сингари сиёсий маҳбусларни ёмон кўрар ва уларга таҳдид қилардилар. У ўша кунларни хотирлаб шундай ёзади: “Бу азобларга чидаганман, лекин бир воқеа ҳеч эсимдан чиқмайди. Лагеримиз яқинида ҳарбий асирлар қамоқхонаси бўларди. Бир куни йўлда кетаётиб, уруш пайтида ўзим асир олганим ва сўроқ қилганим немис офицерини кўриб қолдим. Юриш-туриши, кийимидан унинг аҳволи меникидан минг марта яхши эди. Тасаввур қиласизми, шўролар давлатининг ашаддий душмани бўлган кимса шу давлатни ҳимоя қилиб, жонини берган одамга нисбатан камоқда ҳам эъзозлироқ эди. Мен уруш кўрганман, ўлим билан неча бор юзма-юз келганман, лекин инсонни таҳқирловчи бу ҳолат улардан ҳам даҳшатлироқ эди”.
Қамоқда қоғоз, қалам топилмайдиган, назоратчиларнинг кузатув ва тинтувлари остида бирор нарса ёзиш, ёзганларингни асраб қолиш осон эмасди. Адиб ана шундай шароитда ҳам асар ёзди. “Шинелли йиллар”нинг айрим боблари шу ерда яратилди. Навбатдаги яна бир йирик асари “Олтин зангламас” воқеалари, қаҳрамонлари, сюжетини хаёлида пишитди.
50-йилларнинг ўрталарида адиб қатағон азобларидан қутулиб келади. Лекин уни яна бошқа ташвишлар кутиб турганди. Қамалишдан олдин нашриётга топширган “Шинелли йиллар”нинг қўлёзмаси топилмайди. Ёзувчи таслим бўлмайди: у асарни яна қайтадан ёзиб чиқади. Шундай қилиб 1947 йилда ёзиб бошланган асар 1957 йилда ниҳоясига етади. Лекин асар китоб ҳолида аввал рус тилида, кейин ўзбек тилида нашр этилади. 60-йилларда “Олтин зангламас” романини яратади. Адиб бу асарини “Юрагимнинг очиқ яраси ва шукронаси” деб атайди. “Олтин зангламас”даги ҳаётни яхши биламан. Улар мен билан бирга бўлган, мен учратган кишиларнинг ҳаёти. Мен бу ҳаётнинг атрофида эмас, нақ ичида бўлганман”.
Роман шўро давлатининг қатағонлари ҳақида, уни амалга оширган кимсалар ва репрессия қурбонлари ҳақидаги ҳақиқат баралла айтилган асар эди. Шунинг учун ўша даврда асарга яхши баҳо берилганига қарамай, унинг нашр этилиши қийин кечди. Адибнинг учинчи романи “Жаннат қидирганлар”да ватангадолар тақдири қаламга олинган. Ижодкор бу асарларида ўша даврларда адабиёт учун очилмаган қўриқ бўлган мавзуларга қўл урди.
Шоир 60-70-йилларда фаол ижод қилди. Бу даврда у кўплаб шеърлар, балладалар, достонлар ёзди. “Бизнинг кўча”, “Балладалар”, “Сенинг севгинг”, “Буюк муҳаббат”, “Мангулик”, “Қиз табассуми”, “Лирика”, “Шайдо кўнгил”, “Кавказ дафтари” каби шеърий китоблари нашр этилди. “Қўша қаринглар”, “Беш кунлик куёв”, “Она қизим”, “Дўстимнинг ўғли” сингари драмалар ёзди. Улар театрларда саҳна юзини кўрди. Чет эллик шоирларнинг шеърларини таржима қилди. Аммо баъзи кимсалар аввал 60-йилларда, кейин 80-йилларда “Жаннат қидирганлар” романи, “Дунай соҳилларида”, “Кавказ дафтари” шеърий туркумларидан сиёсий айб топишга, уни миллатчиликда айблашга интилдилар. “Устознинг охирги куни” деб номланган мақоласи эса адибнинг навбатдаги жасорати бўлди. Бу ҳақда адабиётшунос олим Матёқуб Қўшжонов шундай деб эслайди: “Шуҳрат ҳақиқат учун ўтдан ҳам, сувдан ҳам қайтмайдиган ижодкорлардан эди. Навбатдаги воқеа Абдулла Қаҳҳор қисмати билан боғлиқ бўлди. Абдулла Қаҳҳор беморликдан нажот истаб, Москвага борди. Ҳаётдан кўз юмиб, у ёқдан келтирилди. Ўзбек зиёлилари учун мотам кунлари эди ўшанда. Шуҳрат Қаҳҳор қисматига тегишли кўп ташвишларни ўз зиммасига олди. Адиб вафотидан кейин “Устознинг охирги куни” деган мақола эълон қилди. Бу мақола ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлди. Гап шунда эдики, Абдулла Қаҳҳор оғир касал ҳолда баъзи мансабдорларнинг найранглари туфайли кўп азият чеккан экан. Шуҳрат ўша вазиятларни тап тортмасдан, батафсил ошкор қилди. Бу ошкоралик ҳаммага ҳам ёқавермади. Жасорат сифатида бу мақола “Олтин зангламас”нинг бамисоли давоми эди .
Шуҳратни яқиндан билганлар уни камтар, самимий, атрофидагиларга нисбатан меҳрибон, ғамхўр, шу билан бирга, тўғрисўз, адолатпарвар инсон эди, деб эслашади.
30-йилларда халқимизнинг етук намояндалари ва устозларининг, 50-йилларда ўзи ва тенгдошларининг қатағонга учраши, лекин йиллар ўтиб ҳақ жойида қарор топиши, ёлғоннинг умри қисқалиги ҳам уни ҳақиқатгўйга айлантирганди. Аммо ҳақиқатни айтиш ва ҳимоя қилиш ҳеч қайси даврда осон кечмаган. Ижодкор ҳаётда ана шундай осон бўлмаган йўлни танлаб яшади. “Ҳақиқат ва ҳалолликнинг бир кунмас бир кун ғолиб чиқиши ва қаҳрамонликнинг машаққатлари тўғрисида кўпроқ китобларда ўқиймиз, кино ва театр саҳналарида кўрамиз, — деб эслайди шоир Шукрулло. — Ёзувчи Шуҳрат эса ҳалоллик, ўзининг ҳақлигига ишонч, инсоний ғурур каби ажойиб фазилатли кишиларнинг орамиздаги тирик намояндаси эди”.
Адиб Шуҳратнинг “Умр поғоналари”, “Кечки нурлар”, “Ёшлигимнинг давоми”, “Қалбим жилоси”, “Ҳали тун узоқ” шеърий китобларини, “Бир кеча фожеаси” қиссаси, “Машраб” романининг биринчи қисмини ажал билан юзма-юз туриб яратилган асарлар, дейиш мумкин. Негаки, ижодкор 80-йилларнинг бошида оғир хасталикка учради. Йиллар давомида унинг бошига тушган ташвишлар, мусибатлар ўз ишини қилди. Яхши гапиролмайдиган, ёзолмайдиган ва тетик юролмайдиган бўлиб қолди. Ўшанда унга турмуш ўртоғи Турсуной опа, фарзандлари ва неваралари қанот бўлишди. У ўн икки йилга яқин хасталик билан курашди. Шуҳрат бу фоний дунёда 76 йил умр кўрди. Ундан бой маънавий мерос қолди. У 16-17 ёшларидан шеърлар ёза бошлаганди. Оддий ҳисоб-китобларга кўра у 60 йил бадиий ижод билан шуғулланган бўлиб чиқади. Афсуски, бундай эмас. У 60 йилдан деярли тенг ярмини ҳаёт тақозоси билан уруш, қамоқ, таъқиб ва хасталикда ўтказди. 30 йиллик ижодий меҳнат эса адабиётимиз хазинасидан ўрин олди.
“У кишининг ёзганлари минг машаққатлар билан ҳаёт юзини кўрди, қанча курашлар эвазига босилиб чиқди, — деб ёзади ёзувчининг ўғли Бобур Алимов. — Кўп йиллар эътироф этилмади. Лекин шунда ҳам адиб нолиш нималигини билмади, ёзаверди. Отамизнинг лойи бардош ва камтарликдан олинган экан, маънавий гўзаллик қаршисида даврнинг оғриқларини, жабру жафоларини тан олмади. Эл севган ижодкорнинг нашр этилган асарлари ҳам, ёзув столида, шахсий архивида қолиб кетган қўлёзмалари ҳам миллий маънавиятимизнинг мулкига айланди”.
Тошкентнинг “Минор” қабристони халқимизнинг улуғ инсонлари сингари ўуломжон Алимов — Шуҳрат учун ҳам сўнгги манзил бўлди. У бу дунёда одамзот умри мангу эмаслигини, лекин юрт учун, халқ учун садоқат билан хизмат қилган инсон номи улуғланишини яхши биларди. Қилинган ишлар, яратилган асарлар авлодлар қалбларига муҳрланишини яхши англарди.
“Ўзбекистон халқ ёзувчиси” деган шарафли унвонга эришган, “Буюк хизматлари учун” ордени билан тақдирланган атоқли адиб, шоир, драматург Шуҳратнинг ибратли ҳаёти, фаолияти, ижодий меросини адабиётимизда ҳалоллик, сабр-матонат ва бадииятга муҳаббат тимсоли, элу юртга фидойилик йўлида ҳақиқат ва эзгулик намунаси дейиш мумкин. Зеро, Ватан учун, халқ учун хизмат қилган ижодкорнинг номи ҳам, асарлари ҳам унутилмайди. Унинг шу кунларда таваллудининг 100 йиллиги юртимизда кенг нишонланаётгани, кўплаб тадбирлар, хотира анжуманлари ўтказилаётгани ҳам ана шу ҳурмат-эҳтиромнинг бир ифодасидир. Ҳақиқатан ҳам, Шуҳрат ёзувчи Ўткир Ҳошимов ибораси билан айтганда “Титроқ қўллари билан ҳақиқат олдида титрамайдиган асарлар ёзиб кетди. Ҳаётда ҳам, ижодда ҳам ўчмайдиган номини қолдирди. Бу ном узоқ йиллар, кўп асрлар яшашига ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ!”
Камол МАТЁҚУБОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
18 октябрь – Темурийлар тарихи давлат музейи очилган кун
01 янв 1970
Институтдан кейин катта одамнинг ўғли битта қўнғироқ билан аспирантурага жойлашади. Номзодлик диссертациясини аранг ёқлаган “ёш олим” к...
01 янв 1970
Келгусида Президентимиз, давлатимиз билдирган юксак ишонч ва эътиборга лойиқ бўлишни шарафли бурчим деб биламан....
01 янв 1970
Истиқлол йилларида халқимизнинг асрлар давомида шаклланган шаҳарсозлик маданиятини юксалтириш йўлидаги бунёдкорлик ишлари учун кенг имкониятлар яра...