Осмоним ўзбегу юлдузим тожик...

/
Азал-азалдан бир-бирига яқин қўшни, қондош-қариндош ўзбек ва тожик халқининг бир-бирига меҳри ҳамиша осмон қадар баланд, улар гўёки кўз билан қош, эт билан тирноқдир. Юртбошимизнинг одилона ва оқилона ташқи сиёсати туфайли урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари бири-бирига ҳамоҳанг бўлган ҳар бир ўзбегу тожикнинг қалби ҳаяжонга, қувончга тўлди.
Маълумки, бизнинг жаннатмонанд ўлкамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади. Ана шулардан 1,5 миллион нафардан кўпроғини ташкил этган тожик миллатига мансуб фуқаролар Ўзбекистонни она Ватан, қадрдон маскан деб биладилар ва мана шу юртда ягона оила бўлиб, аҳил ва иноқлик билан умргузаронлик қилмоқдалар. Улар халқимиз билан биргаликда Мустақиллик, Наврўз умумхалқ байрами, шу билан бирга бошқа миллий байрамларимизда фаол қатнашадилар. Дўстлик кечалари, таниқли шоирлар, ёзувчилар, турли касб эгалари билан учрашувларда иштирок этадилар. Ўз она тилларида, миллий либосларида, тожикча куй-қўшиқларни ижро қиладилар. Жаннатмонанд Ўзбекистонимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатларнинг бирдамлигини ва баҳамжиҳатлигини, турли тилларда сўзласалар ҳам дилдошлигини юртимизда кечаётган янгиланишларда, бунёдкорликларда, тараққиётда кўраяпмиз. Уларнинг қалбида, юз-кўзида осуда отган тонглар шукронаси, эртанги кунга ишонч, бугунги ҳаётдан мамнунлик, фахру ифтихор туйғуси барқ урмоқда.
Юртбошимизнинг яқинда қардош Тожикистон мамлакатига қилган ташрифи қадимдан бир-бирига дўст икки халқнинг чорак асрлик орзуси рўёби бўлди, қўшничилик алоқаларини мустаҳкамлашда янги тарихий даврни бошлаб берди. Бу кунни ҳар икки мамлакат аҳли кўп йиллар орзиқиб кутган эди. Бу ташрифдан олдин икки давлат ўртасидаги бир қатор чегара пунктлари очилишининг ўзи катта тўйнинг дебочаси бўлди десак, муболаға бўлмайди. Янграган карнай-сурнай овозлари икки халқнинг дилидаги қувонч садоси эди гўё. Узоқ йиллар кўришишга, учрашишга имкон тополмаган опа-сингил, қуда-анда, қавму қариндошлар кўзларида қувонч ёшлари билан дийдорлашдилар.
Президентимизнинг Тожикистонга ташрифи вақтида тожик халқига ўзбек халқининг муҳаббати сифатида рамзий эшиклар, яъни очиқ дарвоза совға қилинди. Унинг бир тоқида Ўзбекистон, бир тоқида Тожикистон байроғи ҳилпираб турибди. Юртбошимизнинг тожик халқига қарата эшикларимиз очиқ, қалбимиз очиқ, бағримиз очиқ, мен сизнинг олдингизга очиқ чеҳра ва очиқ қалб билан келдим, деган сўзларини эшитган ҳар бир тожигу ўзбекнинг кўзларига ёш тўлди. Давлатимиз раҳбарининг икки халқнинг буюк алломалари Алишер Навоий ва Абдураҳмон Жомийнинг бир-бирига ёзган кўнгил битиклари 3 тилда чоп этилган китобни совға қилар экан, мен Тожикистонга келгуси галги сафаримда бу мактублардан бирини сизларга ўша тилда айтиб бераман, деган самимий сўзлари бир-бирини соғинган икки халқнинг қалб ифодаси бўлди.
Минг йиллик тарихга эга икки халқнинг дўсту қардошлиги, қиз олиб қиз бериши, қўйинг-ки, барча қадриятлари, маданияти, санъати, меҳмоннавозлигигача бир-бирига ўхшашдир. Бир сўз билан айтганда, биз бозорларимизу мозорларимиз, тўйу тантанамиз бир бўлган икки тилда сўзлашувчи бир халқмиз. Ахир биз бир дарёдан сув ичамиз, икки тилда куйланувчи “Шашмақом”ни бирга севиб тинглаймиз.
Бугунги кунда Ўзбекистонда миллионлаб тожиклар, Тожикистонда эса кўплаб ўзбеклар умргузаронлик қилишади. Диёримизда 245 та тожик мактаби, Самарқанд, Термиз ва Фарғона давлат университетларида тожик тили ва адабиёти гуруҳлари мавжуд. Улар учун зарур адабиётлар мунтазам тарзда нашрдан чиқарилмоқда. Республикамиз миқёсида “Овози тожик” газетаси, шу билан бирга, вилоят ва туманларда ҳам тожик тилида газеталар чоп этилмоқда. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида бир қатор эшиттириш ва кўрсатувларнинг тожик тилида олиб борилаётганлиги ҳам юртимизда яшётган тожик халқига эҳтиром белгисидир.
Бундан буён ўзбек тилини Тожикистонда, тожик тилини Ўзбекистонда ўргатишни такомиллаштириш, ўқув ва бадиий адабиётларни чоп этиш, мумтоз ва замонавий адабиётлар вакиллари асарларини таржима қилишга алоҳида эътибор берилиши, олий ўқув юртлари ва Фанлар академиялари ўртасида илмий ҳамкорликни кенг йўлга қўйиш ҳақидаги фикрлар икки халқ дўстлигини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади. Президентимиз таъкидлаганидек, Ўзбекистон тақдири — Тожикистон тақдири, тожикистонликлар бахти ўзбекистонликлар бахтидир.
Республика тожик миллий-маданий маркази ва унинг вилоятлардаги бўлимлари бугунги кунда тожик халқининг тили, урф-одати, анъаналари, маданияти ва санъатини тарғиб қилиш, ривожлантириш борасида кўпгина маданий-маърифий тадбирларни амалга оширмоқда. Шу йилнинг бошида республика тожик миллий-маданий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси билан ҳамкорликда “Шеърият – дўстлик элчиси”, “Шеър — пайвандгари миллатҳо” деб номланган шеърият кечаси ўтказилди. Уларда юртимизда яшаб, икки тилда ижод қилаётган шоир ва ёзувчилар иштирок этишди. Шоир, таржимон ва олим Жаъфар Муҳаммаднинг қуйидаги сатрлари ушбу тадбирларнинг мақсадини очиб берди:
Бир кўзим ўзбегу бир кўзим тожик,
Бир юзим ўзбегу бир юзим тожик.
Осмоним ўзбегу юлдузим тожик,
Юрагим ўзбегу мен ўзим тожик.
Иккига бўлинган битта бутунман,
Бир она қўлида икки тугунман.
Бир Ватан, бир уйга, бир хонадонга
Пойдевор ўзимман, ўзим устунман.
Қонимда ўзбегу жонимда тожик,
Жонимда ўзбегу қонимда тожик.
Шодлигимдан шоду қайғумдан ғамгин
Қошимда ўзбегу ёнимда тожик...

Тожик ва ўзбек халқи бир-бирига ҳамоҳанг миллий анъаналари ва урф-одатларини ниҳоятда қадрлайди. Биз Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўраяпмиз. Унда турли кўргазмалар ташкил этиш ниятидамиз. Намангандан дўппидўзлар, пичоқчилар, Бухородан зардўз-ҳунармандлар ва Сурхон воҳасидан ҳунармандларимиз ўзларининг қўл ишлари билан иштирок этадилар. Шу билан бирга, жорий йилнинг апрель ойида ёзувчи ва шоир, ўзбек ва тожик адабиётига катта ҳисса қўшган буюк адиб — Садриддин Айнийнинг 140 йиллиги кенг нишонланиши ва бухоролик ижодкор Асад Гулзоданинг 85 йиллигига бағишланган барча тадбирларимизда қондош икки халқнинг чинакам дўстлиги тараннум этилади. Бундан ташқари, Тожикистонга ижодий сафар уюштириш мақсадидамиз.
Бир сўз билан айтганда, ўзбек ва тожик халқлари ўртасидаги азалий дўстликнинг янги тарихий даврига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.
Шарофат ЭРМАТОВА,
Республика тожик байналмилал миллий-маданий маркази раиси,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Квартира сотиб олаётганимда уй эгасига закалат бердим. Бу ҳақда нотариал тасдиқлатиш учун нотариусга борганимда, у бундай келишувни тасдиқлашдан бо...
01 янв 1970
Мамлакатимизда изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар замирида “одамлар ўзларининг ҳаётидан рози бўлиши керак”, деган ҳаётбахш ғ...
01 янв 1970
Маълумки, жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар ўтк...
01 янв 1970
Ҳуқуқий демократик давлатнинг асосий манбаи қонундир.