Мақбул бўлмаган далиллардан фойдаланишга йўл қўйилмайди

/
Асосий қонунимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида улуғланган. Жорий йилнинг 30 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган «Суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон ушбу конституциявий тамойилнинг ижросини тўла таъминлашда амалий аҳамият касб этмоқда.
Ушбу фармонга мувофиқ, бундан кейин сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс ушланиб, тегишли ваколатли органга етказилган вақтдан бошлаб унинг етмиш икки соат ичида мазкур эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажрим устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи тикланмоқда. Маълумки, амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 241-моддаси 2-қисмида эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиш тўғрисидаги суднинг ажрими устидан мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан етмиш икки соат ичида апелляция тартибида шикоят берилиши мумкинлиги назарда тутилган эди. Ваҳоланки, сиртдан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс ушлангунга қадар шикоят бериш муддати ўтиб кетиши натижасида унинг ажрим устидан шикоят бериш ҳуқуқи чекланиб қолаётганди.
Фармонда белгиланган талабларга кўра, эндиликда ушланган шахснинг шикоятига биноан қонун нормалари бузилганлиги аниқланган тақдирда, судлар бундай ҳолатни тузатиб, шахсга муқобил эҳтиёт чорасини, яъни уй қамоғи ёки шахсий кафиллик каби эҳтиёт чораларини қўллаши мумкин бўлади.
Шунингдек, мазкур фармон жиноят процесси доирасига жалб қилинган фуқароларнинг эркинлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноят процессида қонун устуворлиги, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, инсонпарварлик, адолатлилик, айбсизлик презумпцияси каби принципларнинг оғишмай амал қилинишини таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Таъкидлаш жоизки, суд-тергов фаолиятида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш масаласи нафақат мамлакатимизда, балки бошқа давлатларда ҳам долзарб масала бўлиб, жиноят процесси ҳуқуқининг фундаментал асосларидан бири ҳисобланади.
Мазкур фармонда далиллар мақбуллиги, судларда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши принципларига риоя қилиниши, ҳимоячига далиллар тақдим этиш ҳуқуқини бериш, далиллар йиғиш ва уларни мустаҳкамлашда замонавий видеотехника воситаларидан фойдаланиш, озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган шахсларнинг ҳуқуқларига риоя қилиниши ва бошқа бир қатор масалаларни ечишда муҳим асослар қайд этилган. Шу билан бирга, келгусида тегишли қонунларга зарур ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳам назарда тутилган.
Фармонда процессуал қонунчиликни жиддий бузган ҳолда ва ноқонуний усуллар билан олинган далилларнинг мақбул бўлмаган далиллар деб топилиши ва улардан жиноят ишини ҳал қилишда далил сифатида фойдаланишга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шу норманинг ўзиёқ жиноят ишларини қонуний, асосли ва адолатли ҳал қилиш учун зарур шарт-шароит яратади. Бинобарин, эндиликда жиноят процесси иштирокчилари ва уларнинг яқин қариндошларига қонунга хилоф равишда тазйиқ ўтказиш оқибатида олинган далиллар ўз-ўзидан мақбул бўлмаган далиллар қаторига киради.
Шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳимоячи билан таъминланмаслиги, ҳимоячи ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқларининг ҳар қандай тарзда чегараланиши процессуал қонунчиликни жиддий бузиш деб ҳисобланади. Ҳимояга бўлган ҳуқуқни бузиш жараёнида олинган далиллар эса мақбул бўлмаган далиллар деб топилиб, улар ҳукм чиқаришга асос бўла олмайди.
Фармонда номаълум манбадан ёхуд жиноят иши бўйича иш юритиш жараёнида, хусусан, суд мажлисида аниқлаш имкони бўлмаган манбалардан олинган далиллар мақбул бўлмаган далиллар жумласига киритилган. Бу шуни англатадики, ишда иштирок этувчи шахслар ўзларига маълум бўлган маълумотларни қаердан олганликларини кўрсатиб бера олмасалар ва суд бу маълумотларнинг дастлабки манбасини аниқлаш ва текшириш имконига эга бўлмаса, бундай далиллар ҳам айблов ҳукми чиқаришга асос бўлиб хизмат қилмайди.
Президентимизнинг ушбу фармони ўз мазмун-моҳияти билан юртимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқаришнинг ҳуқуқий меъёрлари ва амалий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади.
Музаффар САМАНДАРОВ,
жиноят ишлари бўйича Шовот туман суди раиси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодасидир. ...
01 янв 1970
“Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлаш, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва ишбилармонлик...
01 янв 1970
Турмуш ўртоғим ва икки нафар вояга етмаган фарзандим билан 2011 йилдан буён ўзимиз қуриб олган уй-жойда истиқомат қилиб келамиз. ...
01 янв 1970
Соат миллари тонгги тўртни қувлаб етган паллада ширин уйқуда ётган Шоира (мақоладаги барча исм-фамилиялар ўзгартирилган — таҳририят) шовқинда...