Раҳбарнинг шахсий жавобгарлиги ижро интизомининг муҳим шарти

/
Депутатлик фаолиятим давомида шу нарсага қайта-қайта ишонч ҳосил қилаяпманки, ислоҳотлар жараёнида иштирок этаётган ҳар бир фуқаро жамиятдаги ўсиш-ўзгаришларга, турмуш даражасини яхшилаш билан боғлиқ саъй-ҳаракатларга масъуллик билан қарамоқда. Давлат ҳокимияти ва бошқарув идораларига йўлланаётган ҳар бир мурожаат, ариза ёки шикоят мазмунидан иборат бўлиб қолмай камчилик, муаммони қай тарзда ҳал этиш таклифи билдирилаётганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Бу фуқароларнинг ўз истиқомат жойларида ободлик, фаровонлик учун манфаатдорлик ва дахлдорлик билан яшаб меҳнат қилаётганлигини кўрсатиб турибди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан олдимизга қўйилган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида депутатлик гуруҳимиз томонидан тузилган ишчи гуруҳи аҳоли хонадонларидаги яшаш шарт-шароитларини ўрганиб, аксарият муаммоларни жойида ҳал этишга муваффақ бўлаётганлиги умумий мақсадга эришиш йўлида фуқаролар билан ўрнатилган яқин ҳамкорлик натижаси деб биламан. Аҳоли хонадонларига кирганимизда туман коммунал, йўлсозлик, ҳуқуқ-тартибот, банк идоралари вакиллари ишчи гуруҳига ҳамроҳлик қилиб, мавжуд масалалардан биргаликда хабардор бўлишмоқда ҳамда ўз фаолиятлари учун тегишли хулосалар чиқариб олишмоқда.
Хусусан, “Ўрта Сачак” маҳалласида яшовчи фуқаро Замира ўаффорова билан мулоқот чоғида унинг оиласида ижтимоий муаммоларни ҳал этишга нисбатан шахсий масъуллик, талабчанлик борлигини сездик. Оилавий тадбиркорлик кутилган натижани бераётганига гувоҳ бўлдик. Шу боис Замира ўаффорова маҳалладаги ободончиликка кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлади.
Масалан, маҳалла ўртасидан ўтган узунлиги бир километрлик йўлни асфальтлаштиришни йўлсозлик идораси пайсалга солиб келаётганини маълум қилди. Масалани шу жойнинг ўзида йўлсозлик идораси вакили иштирокида муҳокама қилиб, жавоб топишга ҳаракат қилдик. Вакил мазкур маҳалла йўли 2017 йилнинг қурилиш-реконструкциялаш дастурига киритилганини ва тез орада муаммони ҳал этишга киришилажагини баён қилди.
Маҳаллада яшовчи аксарият фуқаролар билан мулоқот чоғида аҳоли хонадонларига суюлтирилган газ баллонларини етказиб бериш қониқарсиз ташкил этилганлигини аниқладик. Бу масала ҳам туман газлаштириш идораси вакили иштирокида жойида ҳал этилди. Мурожаатдан сўнг икки кун ичида 100 та хонадонга газ баллонлари етказиб берилди. Муҳими, муаммога дахлдор идора раҳбарлари таъминот ва хизмат кўрсатишни изчил, тизимли йўлга қўйиш мажбуриятидан огоҳ этилди.
Маҳаллада яшовчи фуқаро Наргиза Ҳақбердиева хонадонида ишчи гуруҳи оиланинг моддий таъминоти учун ёрдам кўрсатиш зарурлигини аниқлади. Шу асосда “Маҳалла” жамғармаси туман бўлимига мурожаат қилинди ва Н.Ҳақбердиеванинг икки нафар фарзанди учун 14 ёшгача бериладиган болалар нафақаси тайинланди.
Ёки “Ўрта Сочак” маҳалласида фаолият кўрсатаётган мактабгача таълим муассасаси биноси тор ва таъмирталаб бўлиб қолгани боис аҳоли талабига жавоб бермаётганлиги ишчи гуруҳининг эътиборига тушгач, масала ижро ҳокимияти доирасида ўрганиб чиқилди. Маҳаллада янги боғча қуриш таклифи туман ҳокимлиги томонидан маъқулланди.
Демак, депутатлик назорати ўз самараларини бермоқда. Бошқарув ва хизмат кўрсатиш идораларини аҳоли эҳтиёжлари, талаб-муддаоларини ҳисобга олган ҳолда масъулият билан ишлашга, раҳбар фаолиятида шахсий жавобгарликни сезишга ундамоқда.
Туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш ва фойдаланиш корхонаси раҳбари Хуршид Суяровнинг депутатлик гуруҳи аъзолари олдидаги эшитуви ҳудуднинг йўлсозлик тармоғидаги аҳволни танқидий ўрганиб, тегишли чоралар белгиланиши учун яна бир асос бўлди.
Айни пайтда 125 километр узунликдаги йўллар мазкур йўлсозлик идорасининг тасарруфида бўлиб, шундан 40 фоизи, яъни 50 километрдан кўпроқ қисми таъмирталаб бўлиб қолган. Хусусан, Давлатобод—Ургут оралиғидаги 6 километрлик, “Бахштепа” қишлоғидаги — 5, “Пайшанбасиёб” ва “Зарафшон” қишлоқлари оралиғидаги — 5, Чорвоқтепа—Жумабозор йўналишидаги 12 километрлик йўллар капитал таъмирга муҳтожлиги боис жамоат транспорти қатновида ноқулайликларни юзага келтирмоқда. Натижада шу манзилларда жойлашган умумтаълим мактаблари, коллежлар ўқувчиларининг дарсга ўз вақтида етиб боришида ҳам қийинчилик пайдо бўлмоқда.
Депутатлик гуруҳи эшитув жараёнида корхонанинг мавжуд аҳволни ўнглаш борасидаги имкониятлари билан қизиқдилар. Жумладан, йўлсозлик корхонаси бир йил давомида 3 та янги махсус техника сотиб олганлиги ҳамда муаммоларни ҳал этишга имкон берадиган яна бошқа шарт-шароитларга эга эканлиги атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳими, шулар асосида юқорида қайд этилган ва транспорт қатновида ноқулайликлар юзага келган йўлларни таъмирлаш вазифаси 2017 йилги манзилли дастурга киритилишига эришилди. Ушбу вазифанинг босқичма-босқич ижро этилиши депутатларнинг назоратига олинди.
Шунингдек, банк пластик карточкалари ва терминаллардан фойдаланишда мижоз ҳуқуқларига амал қилиниши бўйича туман давлат солиқ инспекцияси раҳбари С.Раимовнинг эшитуви ҳам қизғин муҳокамалар руҳида бўлиб ўтди. Шунга мувофиқ зарур чора-тадбирлар белгиланганлиги ҳам депутатлик назоратининг таъсирчанлигидан далолатдир.
Нилуфар АКРОМОВА,
халқ депутатлари Тайлоқ туман Кенгашидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кенг жамоатчилик ҳамда халқаро ҳамжамиятда катта қизиқиш уйғотган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаат...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳоли орасида бўлиб, жойларда аниқланган ижтимоий муаммоларга мутасадди ташки...
01 янв 1970
Аввал хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 18 июль куни Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатас...
01 янв 1970
Таъкидлаш жоиз, Республика ихтисослаштирилган дерматология ва венерология илмий-текшириш марказида 60 га яқин партиядошларимиз фаолият юритмоқда.&n...