Ҳуқуқий онг — барқарорлик омили

/
Жамиятда тинчлик-тотувлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ривожлантириш мақсадида тегишли маданий-маърифий тарғибот ишлари ҳамда профилактика тадбирларини олиб бориш, шу мақсадларда тезкор-қидирув, тергов, қўриқлаш хизматлари фаолиятини талаб даражасида ташкил этиш, бу ишга кенг жамоатчиликни жалб этиш муҳим аҳамият касб этади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 9 февраль куни ички ишлар органлари фаолиятида, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликларни аниқлаш ва бартараф этиш, истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга бағишланган видеоселектор йиғилишида сўзлаган нутқида мамлакатимизда инсон ҳаёти ва манфаатларини таъминлаш учун, аввало, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, осуда ва фаровон ҳаёти ҳимоя қилиниши зарурлиги алоҳида таъкидланди. Ўзи, оиласи, маҳалла ва юрти тинч бўлган одамнинг эртанги кунга, фарзандларининг келажагига ишончи мустаҳкам бўлади, кайси касбда бўлмасин, янада яхшироқ, унумлироқ ишлаш, жамият ҳаётида фаол иштирок этиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад топиш, топганини оиласига, тўй-ҳашамларга ишлатиш, рўзғорини бутлаш ҳақида ўйлайди. Кексалар қўлларини дуога очганларида, “Илоҳим тинчлик-хотиржамлик, тани-сиҳатлик бўлсин”, дея ният қилишади. Ўйлаб кўрсак, тинч-тотув умргузаронлик қилаётган, кўнгли хотиржам, ўзи, болалари соғ-саломат, уйли-жойли кишидан ҳам бахтли одам бўлмаса керак бу дунёда. Бугун дунёнинг кўп минтақаларида уруш олови қайтадан аланга олиб, одамларнинг тинчи бузилган, уй-жойлари куйиб кул бўлаётган, осмонни даҳшатли қирғин қуролларининг чинқириқлари-ю, аччиқ тутун тутиб кетган бир пайтда тинчликнинг қадри юз чандон, минг чандон ортади.
Истиқлолимизнинг дастлабки қадамларидан бошлабоқ мамлакатимизда тинчликни сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, жамият аъзолари, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини ўстириш муҳим устувор вазифа сифатида белгиланди. Чунки ўтган асрнинг саксонинчи йиллари адоғи ва тўқсонинчи йилининг бошларида мамлакатимизда аҳолининг тинч-тотув ҳаётини издан чиқариш, мамлакатда бошбошдоқлик ҳолатини юзага келтиришга қаратилган кескин ва мураккаб вазият мавжуд бўлиб, собиқ тузумнинг парчаланиши ички ва ташқи хавфсизликка салбий таъсир кўрсатган, натижада жамият ҳаётида ҳуқуқий бўшлиқ пайдо бўлган эди. Бунинг устига, турли гуруҳлар ўртасидаги зиддиятлар, ёшлар орасида радикал кайфиятларнинг кучайиб кетиши хавфи жиддий хатарга айланиш остонасига келиб қолганди. Шунга қарамай, кўрилган чора-тадбирлар натижасида 1991 йилнинг ўзидаёқ оғир жиноятларнинг ўсишини тўхтатишга, орадан икки йил ўтиб, жиноятларнинг умумий сонининг камайишига муваффақ бўлинди.
Мамлакатда ижтимоий адолатни тиклаш мақсадида бошқа муҳим соҳалар қатори ички ишлар идоралари ва уларнинг иш фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳам бир неча босқичли ислоҳотлар амалга оширилди. Хусусан, ички ишлар органлари ходимлари билан аҳоли ўртасидаги муносабатларда ўзаро ишонч ва очиқликни таъминлаш мақсадида профилактика инспекторлари, милиция таянч пунктлари, “Маҳалла посбони” каби жамоатчилик институтлари ташкил этилгани бугун юртимизда одамларнинг тинч-осуда ҳаётини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз нутқида кейинги вақтларда мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, жамоатчилик билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилганини қайд этди. Дарҳақиқат, ички ишлар органлари фаолиятини тартибга соладиган қонунчилик базасининг мустаҳкамланиши, сўнгги йилларда “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши, “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонунга бугунги талаблардан келиб чиқиб, тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларнинг киритилиши, 2016 йилда “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилингани айни муддао бўлди.
Шунга қарамай, йиғилишда ички ишлар идоралари фаолияти самарадорлигини янада ошириш, уларнинг кенг жамоатчилик, ҳокимликлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорлигини такомиллаштириш бугун ҳам долзарб вазифа бўлиб қолаётгани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Чунки эришилган ютуқлар билан бирга жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликнинг олдини олишда ҳали кўп ишлар қилиниши, ҳисоботларда ошкоралик, ишда холислик ва адолат тамойилларига тўла амал қилиш лозимлиги кўпчиликка аён ҳақиқат. Халқ ҳар бир раҳбарнинг, айниқса, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг иш юритиш услуби, ахлоқ-одоби, инсоний фазилатлари ҳамда раҳбарлик салоҳиятини кўриб-билиб туради. Бошқалардан талаб қилаётган нарсаларга ўзи амал қилмайдиган кишиларни ҳурмат қилмайди. Йиғилишда рўй-рост айтиб ўтилганидек, бу борадаги муаммоларни ўзибўларчиликка ташлаб қўймасдан, яширмасдан, ўз вақтида ҳал қилиш, бунинг учун эса, эскича фикрлаш, ишни эски “қолип”лар асосида ташкил қилиш, ўз бурчини элга хизмат тамойилига асосланиб эмас, балки шахсий манфаатлардан келиб чиқиб бажариш каби номақбул амалиётлардан тамомила воз кечиш зарур.
“Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, – деб таъкидлади Президентимиз Шавкат Мирзиёев, – токи халқ давлатдан рози бўлсин. Лекин айрим жойларда уларнинг фаолияти одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Айниқса, мол-мулкка жиноий тажовуз каби салбий ҳолатларга тўлиқ чек қўйилмаган. Қасддан тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, йўл-транспорт ҳодисалари камаймаган. Хусусан, ўғирлик ва фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг ҳар бештадан биттаси фош этилмаган. Жиноят-қидирув фаолиятида жиддий нуқсонлар учрамоқда, айрим жойларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ўртасидаги ҳамкорлик талаб даражасида эмас. Қидирувда юрган аксарият шахсларнинг қўлга олинмаётгани уларга жиноий қилмишларини давом эттиришга имкон беради ва бу ғоят ташвишли ҳолдир”.
Йиғилишда соҳа раҳбарларининг эътибори тизимда ҳар бир ишни кўриб чиқишда тергов ва айб эълон қилиш билан чекланиб қолмай, жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари, ҳуқуқбузарлик йўлига кирган, содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаб оиласига қайтган ёшларнинг турмуш шароитини ўрганиш, профилактика мақсадида ҳар бир жиноят тафсилотларини ички ишлар органлари раҳбарлари, профилактика инспекторлари ва маҳалла фаоллари иштирокида чуқур таҳлил қилишга қаратилди.
Руҳшуносларнинг кузатишларича, жиноят содир этган ва маълум муддат жазони ўташ муассасаларида бўлган ёшларда, агар улар озодликка чиққанларидан кейин тез муддатда ишга жойлашмасалар, ўз ўринларини топиб, маҳалла ҳаётига сингиб кетмасалар, аксинча, аввалгидек ўз ҳолича яшай бошласалар, хаёлларида қайта жиноят қилиш майллари пайдо бўлади. Шу боис, маҳалла раислари, маънавият-маърифат марказлари, имом-хатиблар, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар оилалар билан биргаликда бундай ёшлар билан алоҳида иш олиб боришлари, ҳеч ким бундай назоратдан четга қолмаслиги ғоят муҳим.
Шу маънода, давлатимиз раҳбарининг пайшанба кунини жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни, деб эълон қилиш тўғрисидаги таклифи ғоят муҳимдир. Шу куни ҳудудлар прокурорлари ва ИИБ бошлиқларининг маҳаллий телеканалларда чиқишлар қилиб, содир этилган жиноятлар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, ёшлар, аёллар, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари орасида жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича ўтказилаётган тарбиявий тадбирлар ва профилактика ишлари ҳақида аҳолига ахборот беришлари кўзда тутилмоқда. Бу ахборотлар қоғозга қараб, қуруқ рақамларни ўқиб бериш, ишдаги камчиликларни хаспўшлаш, юқори ташкилотларга ҳисобот жўнатишдан иборат эмас, жонли, таъсирчан, ҳар бир тингловчи, оила бошлиғи, лицей ва коллежларнинг раҳбарлари, маънавият ва маърифат тарғиботчилари ўзлари учун тегишли хулосалар чиқариб оладиган муҳим тарбиявий тадбирга айланиши керак.
Шу ўринда айтиш зарурки, жазони ўтаб, оиласига қайтган ўсмирни қайта тарбиялаш, унга моддий ёрдам кўрсатиш, соғлиғини тиклаш, ишга жойлаштириш, янги меҳнат жамоасида ўз ўрнини топишига кўмаклашиш, доимий равишда назоратда ушлаб туришдан кўра, уни аввал бошда жиноят кўчасига кирмаслигига эришиш давлат учун ҳам, жамоатчилик учун ҳам аҳамиятга эга. Қамоқ жазоси, у ердаги муҳит ёшлар онгига турлича таъсир кўрсатади. Шу боис, жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган профилактика ишларида асосий эътиборни оиласи носоғлом ёки ёлғизланиб қолган, моддий кўмакка муҳтож, тарбияси суст ёшларни жиноят йўлидан қайтаришга қаратиш, бу йўналишдаги тарбиявий ишларни ўзаро уйғунлаштириш зарур.
Чунки муаммоли оилаларни, маҳаллаларни яхши ўрганмай, лицей ва коллеж ўқувчилари ахлоқ-одобига, юриш-туришига, улар атрофида кимлар ўралашиб юрганига, кимлар ўзларича “устоз”лик қилиб, тегишли “маслаҳат”лар бераётганига эътиборсизлик қилиб, жиноят ғишти қолипдан кўчганидан кейинги ҳаракатлар ҳамиша ҳам кутилган самарани бермайди.
Шундай экан, ҳар бир ёшни ўз фарзандимиз мақомида кўриб, уларга чинакам ва самимий ёрдам қўлимизни чўзсак, катта ҳаёт йўлини босиб ўтган нуроний отахон-онахонларнинг тажрибаси ва насиҳатларидан унумли фойдалансак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Кейинги йилларда республикамизнинг қайси бир вилоятига борманг, истиқлол туфайли юз берган катта ўзгаришларнинг гувоҳи бўласиз....
01 янв 1970
Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини мустаҳкам ҳимоя қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш демократик ҳуқуқий давлат ва фуқаролик жамияти бар...
01 янв 1970
2017 ЙИЛ 18 МАРТ ШАНБА ДАМ ОЛИШ КУНИНИ 2017 ЙИЛ 20 МАРТ ДУШАНБА КУНИГА КЎЧИРИШ ТЎҒРИСИДА...
01 янв 1970
Президентимизнинг шу йил 18 апрелдаги “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармони фахрийларимизга эҳтиромни...