Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови

/
Мамлакатимиз тараққиётида, шаҳару қишлоқларимиз равнақ топишида йўлларнинг ободлиги, уларнинг замонавий талаблар даражасида барпо этилганлиги алоҳида ўрин тутади. Шу улуғвор мақсадда истиқлол йилларида амалга оширилган буюк бунёдкорлик ишларининг беқиёс аҳамияти яққол намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 февралдаги “Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу соҳадаги кенг кўламли ишларнинг самарасини ошириш, автомобиль йўлларини ривожлантириш, йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга пухта замин яратди. Мазкур фармоннинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида йўл инфратузилмасини янада яхшилаш, маҳаллалардаги ички йўлларни таъмирлаш бўйича белгиланган вазифалар, эзгу ғояларимизга ҳамоҳанглигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Маҳаллалардаги катта-кичик кўчаларнинг ободлиги ва равонлиги аҳоли манфаатлари учун хизмат қилади. Шу сабабли ҳам халқимиз азал-азалдан йўлларга алоҳида эътибор билан қараб келган.
Дарҳақиқат, пиёда юрасизми, автомобилдами ёки бошқа транспортдами, бундан қатъи назар, йўллар текис ва равон бўлса, кайфиятингиз чоғ бўлади, хавотирга тушмайсиз, энг муҳими, сиздаги яратувчиликка бўлган иштиёқ ортиб бораверади.
Мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки йилларидан бошлаб транспорт-коммуникация соҳасини ривожлантиришга устувор вазифалардан бири сифатида алоҳида эътибор қаратилгани бугун юксак самаралар бермоқда. Йўл-транспорт инфратузилмаси замон талаблари даражасида ривожланаётгани иқтисодиётимиз тараққиётида тобора ҳал қилувчи аҳамият касб этаяпти.
Халқаро миқёсдаги янгидан-янги магистрал йўлларнинг қурилиши қўшни давлатлар билан транзит ва савдо алоқаларини мустаҳкамлаётган бўлса, янги бунёд этилаётган ёки таъмирдан чиқарилаётган ички йўллар аҳолимизнинг узоғини яқин қилишда, шаҳар ва қишлоқларимизнинг янада чирой очиб, ободонлаштирилишида муҳим роль ўйнамоқда. Ушбу соҳага ҳар йили давлат томонидан катта маблағлар йўналтирилмоқда. Янги йўллар барпо қилиш, мавжудларини таъмирлаш, обод этиш борасида давлат томонидан кенг қулайликлар, имкониятлар яратиб келинмоқда.
Шу билан бирга, йўллардан мақсадли ва тўғри фойдаланиш, уни асрашга барчамиз дахлдор эканимизни ҳам алоҳида қайд этиш лозим.
Кейинги пайтларда айрим фуқароларимизда ички йўлларга эътиборсизлик билан ёндашиш, унинг ҳолатига шахсий мақсадларда таъсир ўтказиш ҳоллари ҳам учраб тургани ачинарлидир.
Буни Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий ташкилотлари, маҳаллий ҳокимият вакиллик органларида фаолият юритаётган депутатларига фуқаролардан бўлаётган бир қатор мурожаатлар мазмунидан ҳам англаш мумкин. Мазкур мурожаатларда, айниқса, ҳудудлардаги ички йўлларнинг ҳолати билан боғлиқ муаммолар тилга олинган. Масалан, баъзи кўчаларда пиёдалар йўлакларининг айрим хонадонлар, савдо шохобчалари ва бошқа объектлар рўпарасидаги қисмига панжара айлантириб олиниши болаларнинг пиёдалар йўлагидан эмас, машиналар серқатнов бўлган йўлдан юришига сабаб бўлмоқда. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлигига путур етказмоқда.
Ачинарлиси, йўлларнинг ўзбошимчалик билан тўсиб олиниши зарур ҳолларда “Тез тиббий ёрдам” ва ўт ўчириш машиналарининг керакли манзилларга етиб олишига тўсқинлик қилмоқда. Ахир бундай махсус машиналарнинг ўз вақтида етиб бориши инсон ҳаётини сақлаб қолиш билан боғлиқ-ку!
Баъзан асфальт йўлларда оралиғи ўртача 15-30 метр масофада автомобиллар тезлигини пасайтириб ўтиши мақсадида хонадонлар эгалари сунъий тўсиқлар қилишаётгани ҳам эътирозларга сабаб бўлаётир. Бундан ташқари, айрим фуқаролар ва мутасадди ташкилотларнинг турли қувурлар ётқизиш, таъмирлаш, электр тармоқлари билан боғлиқ ишларни амалга оширганидан сўнг ички йўлларнинг нотекис бўлиб қолиши ҳолатлари ҳам учраяпти. Бинобарин, зарурат туғилганда, мутасадди ташкилотларнинг рухсати билан бу каби ишлар амалга оширилиши ва йўлни яна ўз ҳолатига келтириш чоралари кўрилиши лозим. Айниқса, ички йўлда болалар ва кекса ёшдаги йўловчилар ҳаракатланишини назарда тутсак, унинг нотекис бўлиб қолган жойларида уларга ноқулайлик пайдо бўлишини англаш қийин эмас.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жисмоний ва юридик шахслар мавжуд йўлларни асраб-авайлашда қонунларда белгиланган мажбуриятларига тўлақонли амал қилиши, йўлларнинг ҳолатига нисбатан лоқайдлик, бепарволикка йўл қўяётгани, айрим ҳолларда пиёдалар йўлаклари йўл атрофидаги мулк эгалари томонидан ўзлаштириб юборилаётгани каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этиш долзарб масалага айланган. Жойларда таъмирталаб бўлиб қолган ички йўлларни обод этиш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўп, буни ҳудудларда олиб борилаётган ўрганишлар, партия депутатларига фуқароларнинг мурожаатлари мазмунидан ҳам билиш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, “Автомобиль йўллари тўғрисида”ги қонун ижроси юзасидан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш бўйича 2016 йил бошида амалиётга йўналтирилган “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида муайян ишлар қилинди. Лойиҳанинг асосий мақсади халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини янада такомиллаштириш ва Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида илгари сурилган қишлоқ ҳудудларидаги йўл инфратузилмасини, айниқса, маҳаллалар ичидаги кўчаларни яхши ҳолатда сақлаш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш бўйича партия фаолиятини кучайтиришга қаратилган.
Мазкур лойиҳа асосида партиянинг халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлик гуруҳлари ва Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг ҳудудий кенгашлари ташаббуси билан мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида бир қатор ишлар амалга оширилди. Бу жараёнга 2016 йил бошиданоқ ҳамкор ташкилотлар — Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, “Ўзавтойўл” давлат-акциядорлик компанияси, “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳудудий бўлимлари жалб этилганлиги эътиборга молик.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан мазкур лойиҳа асосида соҳага оид қонунчилик ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини самарали ташкил этиш, мавжуд муаммоларни бартараф қилиш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган тизимли ишлар қандай олиб борилаётгани жойларда аҳолининг ҳам эътиборини тортмоқда. Буни 2016 йилнинг IV чораги давомида эришилган натижаларга доир қуйидаги мисоллар ҳам ифодалаб турибди.
АНДИЖОН. Бўз туманининг “Ховос” қишлоғидаги 14-, 22-, 1- ва 4-умумталим мактабларига олиб борувчи йўлларни асфальтлаш, аҳолига, айниқса, мактабга қатнайдиган болаларга қулайлик яратиш зарурлиги ҳақида фуқаролар таклиф билдиришган эди. Халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Илҳомжон Абдулазизов томонидан туман ҳокими номига киритилган депутатлик сўрови натижасида мазкур ички йўлларнинг зарур қисмлари жорий таъмирланди, янги асфальт ётқизилди.
Маълумки, ҳаракат хавфсизлигини таъминлашда йўл белгилари муҳим ўрин тутади. Кўчанинг маълум қисмида бирор йўл белгиси ўрнатилишига эҳтиёж борлигини нафақат мутахассислар, балки йўловчилар ҳам пайқашади десак, янглишмаймиз. Сайловчиларнинг мурожаатлари асосида халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати Зуҳра Комилова “Андижонавтойўл” ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилоти, Избоскан йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонасига Избоскан туман катта магистрал йўлига пиёдалар ўтиш йўли белгиси, тезликни пасайтиришга доир белги ўрнатилиши масаласида депутатлик сўрови киритди.
Мутасадди ташкилотлар томонидан масала ўрганилиб, айни пайтда туман магистрал йўлига зарур йўл белгилари ўрнатилди.
Депутат З.Комилованинг Избоскан туман ободонлаштириш бошқармасига “Даминбойчек” маҳалласидаги айрим ички йўлларни асфальтлаштириш масаласида киритган депутатлик сўрови натижасида мазкур ҳудудда бир километрдан зиёд ички йўллар жорий таъмирланиб, маҳалладаги йўлларни асфальтлаш вазифаси 2017 йилги манзилли дастурга киритилди.
Шунингдек, халқ депутатлари Марҳамат туман Кенгаши депутати С.Марасулова, халқ депутатлари Бўз туман Кенгаши депутати К.Абдураҳмонованинг мазкур туманлар ободонлаштириш бошқармаларига киритган депутатлик сўровлари ўрганилиб, мутасадди ташкилотлар томонидан “Барҳаёт”, “ўолиб” маҳаллаларидаги ички йўлларда жорий таъмирлаш, шағал ётқизиш ишлари олиб борилди.
Халқ депутатлари Асака туман Кенгаши депутати Меҳринисо Каримованинг ташаббуси билан туман йўл хўжалиги пудрат таъмирлаш фойдаланиш корхонаси томонидан ўрганилган “Беруний” ва “Байналминал” маҳаллаларидаги ички йўлларни таъмирлаш масаласи жорий йилги манзилли дастурга киритилди.
ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ. Депутат Дилбар Усмонова сайловчиларнинг мурожаати асосида Оққўрғон туман ҳокимлигига депутатлик сўрови киритиб, тумандаги “Тортувли” маҳалласи ички кўчаларини, ҚВП атрофини асфальтлаш, ички йўлнинг 700 метр қисми таъмирланишига эришди. Депутат Илҳом Исабековнинг Оҳангарон тумани ободонлаштириш бошқармасига “Эртош” маҳалласидаги йўлларни таъмирлаш масаласида депутатлик сўрови юбориши натижасида ички йўлларнинг 1,3 километр қисми таъмирланди. Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати Анвар Нурматов томонидан шаҳар ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови киритилди ва “Аппартак” маҳалласи ҳудудидаги асосий транспорт йўлининг 2 километр қисми таъмирланди.
Партия депутатларининг саъй-ҳаракати билан Ангрен шаҳар “Нишбош” ва “Лашкарак” маҳаллалари оралиғидаги 19 километрлик тоғли йўлда 7 миллиард сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилиши вазифаси 2017 йилги ҳудудий дастурга киритилди.
НАВОИЙ. Халқ депутатлари Нурота туман Кенгаши депутати Қудрат Очилов томонидан туман ободонлаштириш бошқармасига “Деҳибаланд” МФЙ ҳудудидаги 7-умумтаълим мактабига борадиган йўлни асфальтлашда амалий ёрдам кўрсатиш тўғрисида депутатлик сўрови чиқарилиб, айни пайтда ушбу йўлда таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
Тумандаги “Оққула” ҚФЙ, “Хайработ” ҚФЙ ички йўлларида ҳам депутат Баҳодир Ҳакимовнинг ташаббуси билан масъул ташкилотлар томонидан таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
САМАРҚАНД. Тайлоқ туманидаги “Найман” маҳалласидан ўтувчи Дарғом канали устига қурилган кўприк эскириб қолгани ҳайдовчи ва йўловчиларга қийинчилик туғдираётган эди. Тайлоқ ва Ургут туманларини туташтирувчи мазкур кўприкдан мунтазам равишда машиналар ўтиши, йўловчилар фойдаланиши ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўришга ундади. Партия депутатларининг мазкур муаммога эътибор қаратиб, депутатлик сўрови киритиши натижасида бу масала вилоят ҳокимлигининг ички йўлларни қуриш, капитал ва жорий таъмирлаш бўйича манзилли дастурига киритилди.
Шунингдек, “Ургут—Сочак” йўналишидаги 6 километрлик йўлни таъмирлаш ҳам манзилли дастурдан ўрин олди, Жомбой туманидаги 4к-502 “Жомбой—Газира” автомобиль йўлининг 4-15 километр қисмидаги йўл қопламасида тўлқинсимон силжишлар ҳосил бўлиб, қопламанинг тўлиқ бузилишига олиб келганлиги сабабли йўлнинг ушбу қисмининг юк кўтариш қобилиятини ошириш учун қайта қуриш бўйича депутатлар томонидан таклиф киритилди.
Халқ депутатлари Тайлоқ туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Ўртасочак” маҳалласида 2 километрлик, “Ургут—Давлатобод” йўналишида 4 километрлик йўллар масъул корхоналар томонидан дастлабки таъмирдан чиқарилди.
Халқ депутатлари Жомбой туман Кенгаши депутати Нурбек Тожинуровнинг мутасадди ташкилотларга юборган депутатлик сўровлари амалий самара бериб, “Наймантепа” қишлоғида 1,5 километр, “Қўнғирот” қишлоғида 1,5 километр, “Нуш” қишлоғида 2,5 километрлик ички йўлларга тош ётқизилди.
СИРДАРЁ. Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Орифжон Қудратовнинг мутасадди ташкилотларга киритган депутатлик сўрови асосида Гулистон тумани “Ишонч” маҳалласи билан Гулистон шаҳрини боғловчи 2 километр йўл таъмирланди. Шу билан бирга, “Ишонч” маҳалласи “Серқуёш” кўчасининг зарур қисми асфальтланди.
Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати Салоҳиддин Элмуродов ташаббуси билан Бахт шаҳридаги “Хазина” ва “Бешбулоқ” маҳаллалари оралиғидаги 2 километрлик марказий кўча депутатлик сўрови ўрганилиши натижасида асфальт қилинди, йўл четида ноқонуний қурилган 2 та савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари олиб ташланиб, йўл кенгайтирилди ҳамда пиёдалар йўлакчаси барпо этилди.
Боёвут туманидаги “Турғунбой Латипов” маҳалласига олиб борувчи йўлларни таъмирлаш масаласи халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Замира Норматованинг ташаббуси билан жорий йилги тегишли дастурга киритилди.
ТОШКЕНТ ШАҲРИ. Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Омонулла Ибрагимов Чилонзор туман ҳокимлигига юборган депутатлик сўровида келтирилган масала ижобий ечим топди, 270-умумтаълим мактаби ҳудудидан ўтган оқова сув ариғига лоток ўрнатилиб, атрофи текисланди.
Депутат Х.Камилов Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига тумандаги “Шалола” маҳалласига кириб чиқадиган ягона йўл ҳисобланган “Хирот” 2-тор кўчасидаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш тўғрисида мурожаат этган эди, ҳозирда ушбу сунъий тўсиқлар олиб ташланди.
ФАРҒОНА. Бувайда туманидаги 10-умумтаълим мактаби ҳудудига кириш йўлакларини таъмирлаш учун туман ободонлаштириш бошқармаси раҳбарига партия депутатлари томонидан юборилган депутатлик сўрови ижобий ҳал этилди.
Ўзбекистон тумани “Конизар” ҚФЙ “Дарвешобод” қишлоғидаги айрим ички йўлларни асфальтлаштириш масаласи ҳам депутатлар ташаббуси билан жорий йилги дастурга киритилди.
ХОРАЗМ. Депутат Тоҳир Полвонов Хоразм ҳудудий йўллардан фойдаланиш ташкилотига депутатлик сўрови билан чиқиши натижасила “Наврўз” маҳалласидаги “Навбаҳор” кўчасининг 1,5 километр қисми капитал таъмирланди.
Халқ депутатлари Боғот туман Кенгаши депутати Муҳаббат Абдуллаева “Деҳқонобод” қишлоғидаги “Ашхобод” маҳалласи аҳли билдирган таклифга асосан, мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови киритиб, маҳалла билан Маиший хизмат ва ахборот технологиялари касб-ҳунар коллежи оралиғидаги 7 километр йўлни капитал таъмирлаш, пиёдалар йўлакчаси қурилиши ҳамда коллеж ёнида пиёдалар ўтиш жойини белгилаш ишлари манзилли дастурга киритилиб, ўтган йилнинг IV чорагида амалга оширилди.
ЖИЗЗАХ. Халқ депутатлари Зарбдор туман Кенгаши депутати Акрам Абдуваитов томонидан туман ободонлаштириш бошқармасига “Янгиҳаёт” МФЙ ички йўлларини таъмирлаш масаласида депутатлик сўрови юборилиб, маҳалла ички йўлларининг 1,7 километрлик қисмини таъмирлаш 2017 йилги ҳудудий дастурга киритилишига эришилди.
НАМАНГАН. Халқ депутатлари Наманган вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари депутатлари ташаббус кўрсатиб, Наманган шаҳридаги “Чортоқ” кўчасининг 6 километр, Поп туманидаги “Б.Рапиқалиев” кўчасининг 4 километрлик масофаси, Чуст туманидаги “Дўстлик” кўчасининг 2 километр, “Янги йўл” кўчасининг 1 километр, Норин тумани “Тўда” қишлоғидаги “Отбозор” кўчасининг 3 километр йўллари масъул ташкилот ва корхоналар томонидан асфальт қилинишига эришдилар.
Депутатларнинг мутасадди ташкилотларга киритган таклифлари ўрганилиб, Наманган шаҳридаги “Чортоқ”, “Қизил Равот”, “Тараққиёт” кўчаларидаги жами 9 та ноқонуний тўсиқ олиб ташланди.
Шунингдек, республикамизнинг бошқа ҳудудларида ҳам “Жамоатчилик назорати — қонун устуворлигининг гарови” лойиҳасида белгиланган вазифаларга доир ҳудудий режалар амалиётга йўналтирилган, шу мақсадда маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партия фаоллари ташкилотчилигида жойларда бир қатор ишлар қилинмоқда.
Маҳаллий вакиллик органларига партиямиздан сайланган депутатлар фуқаролар ва юридик шахслар томонидан маҳаллалар ичидаги йўллар ҳолатига зарар етказиш, йўлларни бузиш, ўзбошимчалик билан кавлаб, қувурлар ётқизиш каби ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан аҳоли ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказмоқдалар. Шунингдек, бу борада белгиланган мажбуриятларни бажармаслик ҳолатларини аниқлаш бўйича мониторинг ишларини ҳам олиб бормоқдалар.
Албатта, ҳар бир хонадон аъзолари йўлнинг ўз уйи ёнидаги қисми яхши ҳолатда сақланишига эътиборли бўлиши, йўлга нотўғри муносабатда бўлиш ҳоллари учраганида бундай хатти-ҳаракат нотўғрилигини тушунтириши, мутасадди ташкилотларни хабардор этиши, бир сўз билан айтганда, бу масалада ҳам юртдошларимиз фаол фуқаролик позициясини намоён этиши айни муддаодир. Зеро, партия лойиҳасида кўзланган асосий мақсадлардан бири ҳам ҳар бир фуқаронинг онг-шуурида йўлларимизга тўғри муносабатда бўлиш тушунчаларини шакллантириш ва мустаҳкамлаш, ёшларимизни ҳам шу руҳда тарбиялашга ҳисса қўшишдан иборатдир.
Шуни таъкидлаш жоизки, ички йўлларнинг мавжуд ҳолатини асраб-авайлаш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини кенг йўлга қўйиш ҳам фуқароларни ушбу масалада масъулиятли бўлишга ундайди. Шу мақсадда маҳаллаларда мавзуга доир тадбирлар, давра суҳбатлари ўтказиб келинмоқда.
Қувонарлиси, лойиҳа доирасидаги хайрли саъй-ҳаракатлар “Адолат” СДП доим халқ билан ҳамнафас эканлиги, партия фаоллари элимиз фаровонлиги, юртимиз янада обод бўлиши учун фидойилик билан иш олиб бораётганлигини намоён қилмоқда.
Йўл қурган элда азиз, дейдилар. Кексаларимиз йўлда одамларга халақит берадиган тош, чўп ёки шунга ўхшаш нарсаларни четга олиб қўйишни савоб, деб ўргатишида ҳам катта ҳикмат бор. Зеро, кишиларга беминнат хизмат қилаётган йўлларимизга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш онг-шууримизга сингган маънавий қадриятларимиз сирасига киради. Йўл ободлиги юрт ободлигининг ифодаси, йўллардан нафақат биз, балки келгуси авлодларимиз ҳам фойдаланишини назарда тутсак, йўлларни асраб-авайлашнинг аҳамиятини янада теранроқ англаймиз.
“Adolat” мухбири Дилором МАТКАРИМОВА тайёрлади.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида мамлакатимиз хотин-қизларининг, айниқса, қишлоқ аёлларининг фаровон турмуш кечириши учун зарур шарт-ша...
01 янв 1970
Бунёдкорлик иштиёқи, она Ватанимизни янада обод этиш истаги билан тинч-осуда ҳаёт кечираётганимиз ҳар биримизнинг қалбимизга ғурур ва қувонч бағишл...
01 янв 1970
Мамлакатимизда вояга етмаганлар ҳуқуқ-эркинликларини таъминлаш, уларнинг қонуний манфаатларини муҳофаза этиш, энг асосийси, баркамол авлодни тарбия...
01 янв 1970
Юртнинг ободлиги ва халқ фаровонлиги бозорларимиздаги тўкин-сочинликда яққол кўринади....