Ҳаракатлар стратегияси – тараққиёт кафолати

/
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш ҳамда уларни босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида қабул қилинган.
Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ислоҳотлар ҳамда ташқи сиёсат юритишнинг муҳим принциплари назарда тутилган.
Фармонда Ҳаракатлар стратегиясини босқичма-босқич амалга ошириш мақсадида уни юртимизда йилларга бериладиган номлардан келиб чиқиб, ҳар бир йил бўйича Давлат дастурлари қабул қилинишини назарда тутган ҳолда амалга ошириш тартиби белгиланган.
Фармонга мувофиқ, 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганидан келиб чиқиб, 2 та муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат: 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.
Давлат дастури V бўлим, 320 банддан иборат бўлиб, унинг I бўлими давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишларига бағишланган.
Унда давлат бошқарувини такомиллаштириш, шу жумладан, давлат ҳокимияти тизимида Олий Мажлис ва сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш, қонун ижодкорлиги фаолиятининг сифатини тубдан яхшилаш, жамоатчилик назоратини такомиллаштириш, шунингдек, маҳалланинг жамият ҳаётидаги ролини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.
II бўлим қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари деб номланиб, ушбу бўлимда судьялар ва суд аппарати ходимларининг мавқеини, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминот даражасини ошириш, судларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, судьяларга ғайриқонуний тарзда таъсир ўтказишга йўл қўймаслик бўйича таъсирчан чоралар кўриш, судларни янада ихтисослаштириш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш каби суд-ҳуқуқ соҳасидаги муҳим ислоҳотларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
III бўлимда иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш билан боғлиқ чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, унда макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, шунингдек, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш каби миллий иқтисодиётни янада ривожлантиришга йўналтирилган қоидалар назарда тутилмоқда.
“Ижтимоий соҳани ривожлантириш” деб номланган IV бўлим аҳоли бандлигини таъминлаш, арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, аҳолининг ҳаёт шароитлари яхшиланишини таъминловчи йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, таълим сифатини яхшилаш чора-тадбирларини амалга оширишни назарда тутади.
“Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” деб номланган
V бўлим доирасида республиканинг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, киберхавфсизлик соҳасида ахборот, норматив-ҳуқуқий асослар тизимини такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан хабардор қилиш тизимини ташкил этиш ва ривожлантириш, Орол фожиасининг оқибатларини юмшатиш, шунингдек, Миллатлараро муносабатлар соҳасидаги сиёсатнинг устувор йўналишлари концепциясини ҳамда Диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, фармон асосида келгуси беш йилда мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик ва устувор йўналишларини белгилаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти бошчилигида Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия тузилмоқда.
Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилиш Ҳаракатлар стратегияси бешта йўналишининг ҳар бири бўйича тузилган комиссиялар зиммасига юклатилган.
Ушбу комиссиялар зиммасига нафақат юқорида қайд этилган вазифаларни амалга ошириш, балки 2018–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш бўйича тегишли йиллик давлат дастурлари лойиҳаларини тайёрлаш ҳам юклатилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, Ҳаракатлар стратегияси халқ билан очиқ мулоқот, республикамиз аҳолиси ва тадбиркорларини безовта қилаётган долзарб масалаларни ҳар томонлама ўрганиш, амалдаги қонунчиликни, ҳуқуқни қўллаш ва ривожланган хорижий амалиётни таҳлил қилиш натижаларига асосланган. Бу ўз навбатида, мамлакатимиз тараққиётининг кейинги босқичи бўйича барчанинг фикрини билиш, дардини эшитиш ва ҳақиқий ҳаётга мос бўлган халқчил стратегияни амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Шохрух ДОНИЁРОВ,
Адлия вазирлиги масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар тиббиёт соҳасини замон талаблари даражасида ривожлантириш, аҳоли саломатлигини ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Конимех туман Кенгашининг шу йил 25 апрелда бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида мазкур маҳаллий Кенгашдаги Ўзбекистон “Адолат&...
01 янв 1970
Жамоатчилик назоратини амалга оширишда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли беқиёс. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. ...