Сайёр қабулхона прокуратура ташаббуси билан ташкил этилди

/
Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан сайёр қабулхона ташкил қилинганлиги аҳоли билан яқин мулоқот қилиш имконини бермоқда. Дастлабки қабул шаҳарнинг энг чекка маҳаллаларидан бири бўлган “Тошлоқтепа”дан бошланди.
Яъни шаҳар прокурори бошчилигида ИИБ, ДСИ, давлат нотариал идораси, молия бўлими, пенсия жамғармаси, тиббиёт бирлашмаси, “Ермулккадастр” хизмати, тижорат банклари, “Сув-оқова”, электр таъминоти корхоналари, “Водийгазтаъминот” унитар корхонаси шаҳар филиали, почта алоқа тармоғи, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси вакиллари ва бошқа мутасаддилардан иборат гуруҳ “Маrg`ilon shahar rahbarlarining SAYYOR QABULXONASI” деган ёзувли “Исузу” автобусида маҳаллага ташриф буюрди.
— Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайёр қабулхонанинг аҳоли учун афзал жиҳатлари жуда кўп, — дейди шаҳар прокурори, адлия маслаҳатчиси Акмалхон Мавлонов. — Масалан, бирон-бир фуқаро бемор ёки ногиронлиги боис қайсидир идорага ёхуд “Халқ қабулхонаси”га боролмаслиги мумкин. Аммо у яқинларининг кўмаги билан ёки бошқа имкон топиб, маҳалласида ўтказиладиган сайёр қабулга чиқишга ҳаракат қилади. Натижада ўзини қийнаётган муаммога ечим, қизиқтирган саволига жавоб топади. Президентимиз томонидан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш профилактика куни” деб эълон қилингани муносабати билан бундан кейин сайёр қабулхона шаҳримиздаги ҳар бир маҳаллада иш олиб боради.
Фикрларимизнинг исботи тариқасида айрим мисолларга эътибор қаратсак. Хусусан, “Тошлоқтепа” маҳалласида яшовчи Мусажон ота Ниёзов сув тармоғи таъмирланаётганлиги сабабли 35 та хонадон ичимлик сувидан узиб қўйилганини маълум қилиб, амалий ёрдам сўради. Шу боис шаҳар “Сувоқова” корхонасига ҳар куни 10 тонна сиғимдаги махсус автомашинада сув етказиб бериши юзасидан топшириқ берилди. Мақсудахон Жабборованинг 2014 йилда туғилган, оғир касаллик туфайли болаликдан ногирон бўлган ўғли Муҳаммадтолиб Муқимовнинг даволаниши зарурлиги ҳақидаги мурожаати қаноатлантирилиб, М.Муқимов вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига даволаниш учун юборилди. Халқ банки шаҳар филиали томонидан кам таъминланган Абдурасул Камолов, Баҳодир Икромов, Абдусамад Қорачаев хонадонларига жами 250 дона парранда етказиб берилди. Шаҳар почта алоқа тармоғи томонидан маҳалладаги 85 пенсионер ва 11 ногиронга 48,5 миллион сўм миқдорида нақд пенсия пуллари берилди.
Худди шундай сайёр қабул Янги Марғилон шаҳарчасида ҳам ўтказилди.
Шаҳар прокуратураси томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари ҳал этилаётганлиги боис “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойилни амалда қарор топтиришга эришилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг дастлабки ойида шаҳар прокуратурасига 170 та, Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони” орқали эса 77 та мурожаат келиб тушган. Шундан 156 таси бевосита прокуратуранинг ўзида ҳал қилинган, 38 таси тааллуқлилиги бўйича бошқа идораларга юборилган. Жумладан, фуқаро Светлана Воронина Бош прокуратуранинг “Ишонч телефони”га қилган мурожаатида 2015 йил август ойида Тошкент шаҳар, Мирзо Улуғбек тумани, Феруза мавзесида яшовчи таниши Б.М.га Марғилон шаҳар Янги Марғилон шаҳарчасида 25.400.000 сўм пул берганлигини, лекин қарздор пулни айни пайтгача қайтариб бермаётганлигини билдириб, пулини ундиришда амалий ёрдам сўраган. Шунинг учун Б.М. ва унинг шериги Л.Р.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларини олиб бориш учун шаҳар ИИБга юборилди.
Шунингдек, шаҳар прокуратурасига мурожаат қилган тадбиркорларнинг ҳуқуқлари тўлақонли ҳимоя қилинмоқда. Масалан, “Алишер Зиё Файз” МЧЖ раҳбари Алишер Содиқовнинг мурожаатига асосан унга ТИФ Миллий банкининг Марғилон филиалидан 650 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилиши, “Мўътабар заминдаги тантана”, “Тошмуҳаммад Файз” хусусий корхоналари ҳамда “Марғилон нон” ва “Марғилон давлат таъминот савдо” масъулияти чекланган жамиятларига эса шаҳардаги 1-мактабгача таълим муассасасига етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун кечиктирилаётган 2.022.375 сўм маблағ шаҳар ғазначилик бўлинмаси орқали тўлаб берилиши таъминланди. Якка тартибдаги тадбиркорлар Акбаржон Абдуғаффоров, Асилжон Нурмуҳаммедов, “Юпитер гранд сервис” хусусий корхонасига “Асака” банк ва “Қишлоққурилишбанк”нинг Марғилон филиалларидан тўлов терминаллари олиб берилди.
Президентимизнинг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ шаҳар молия бўлими биносида “Халқ қабулхонаси” ташкил этилди. Ушбу қабулхонада ҳар ҳафтанинг чоршанба ва жума кунлари шаҳар прокурорининг қабули ўтказиб келинмоқда.
Хуршид СУЛТОНОВ,
журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Шофиркон туман кенгаши ташаббуси билан “Оила мустаҳкамлигини таъминлаш: аёл, оила ва жамият” мавзус...
01 янв 1970
Ҳозирги кунда Навоий шаҳрида фаолият кўрсатаётган жами 73 та хусусий клиниканинг 71 таси амбулатор, иккитаси стационар тиббий муассасалардан иборат...
01 янв 1970
Тинч ва осойишта ҳаёт, барқарорлик ўз-ўзидан бўлмайди.
01 янв 1970
Мутахассисларнинг таъкидлашича, патронаж — аҳолининг тиббий-санитария хизмати борасида алоҳида эътиборга лойиқ бўлган контингентига уйда тибб...