ТАДБИРКОРЛИККА «АСАКА» БАНК КЎМАГИДА

/
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш, тадбиркорлик ҳаракатининг умумиқтисод равнақига қўшадиган ҳиссасини кўпайтириш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 5 октябрда “Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилиниши айни соҳада изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг яна бир неча поғона юқорига кўтарилишига сабаб бўлди. Бунинг натижасида ишбилармонлик йўлини танлаган ватандошларимизнинг, айниқса, тадбиркор ёшларнинг сафи янада кенгайишига кенг шароит яратилмоқда.
Айтиш жоизки, мазкур жараёнда банк-молия муассасалари тизими ҳам фаол иштирок этмоқда. Жойларда банкларни ўзларининг яқин кўмакчиси ва суянчиғи деб билаётган тадбиркорлар имтиёзли кредитлар эвазига кўзлаган мақсадларига эришмоқда. Буни “Асака” акциядорлик тижорат банки Навоий вилоят филиалининг тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, мижозлар билан ишлаш борасидаги илғор тажрибаси мисолида ҳам кўриш мумкин.
Банк филиали билан вилоятдаги қўшма корхоналар ва маҳаллий тадбиркорлар ўртасида ишончли ҳамкорлик муҳити яратилган. Иқтисодиётнинг турли соҳалари учун ажратиладиган кредитлар миқдори ортгани боис, бугунга келиб муассаса ўзининг минглаб доимий мижозларига эга бўлди.
Хусусан, кейинги йилларда банк филиали томонидан мижозлар учун замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида аҳамият қаратилаяпти. Ишбилармонлар учун алоҳида тадбиркорлар хонаси, пластик карталар билан ишлаш бўлимида мижозлар учун махсус кутиш зали, аҳолининг коммунал тўловларини амалга ошириши учун махсус ходимлар бириктирилганлиги шулар жумласидандир. Бу каби эътибор туфайли аҳолининг банкка бўлган ишончи ортиб бормоқда.
2017 йилнинг 1 январь ҳолатига банк филиали кредит портфели ҳажми 50,4 миллиард сўмни ташкил этди. Унинг асосий қисми узоқ муддатли кредитлардан иборат. 2016 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 52,1 миллиард сўмдан зиёд миқдорда кредитлар ажратилди. Бу эса 2015 йилга нисбатан 1,3 бараварга кўп, демакдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 26 январдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва ички бозорни тўлдириш юзасидан қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ва 2009 йил 28 январдаги “Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари ижроси юзасидан 16,9 миллиард сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди. Натижада маҳаллий истеъмол товарларини ишлаб чиқариш соҳасида ижобий ўзгаришларга эришилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2004 йил 25 майдаги “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи аёлларга ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш ва кенгайтириш мақсадида 4,2 миллиард сўмдан зиёд миқдорда кредит маблағлари ажратилди. Банк сармоялари туфайли аёл тадбиркорлар томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш, аҳолига савдо ва сервис хизматларини кўрсатиш ҳамда бошқа тармоқлар ривожлантирилди, оилавий бизнес, ҳунармандчилик ва касаначилик билан шуғулланувчи тадбиркор опа-сингилларимиз сафи кенгайди. Бунинг натижасида кўплаб хотин-қизлар доимий иш жойлари билан таъминланди, демак-ки, барқарор иш ҳақига эга бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 21 декабрдаги топшириғига асосан республикамизда узумчиликни ривожлантириш, мавжуд узумзорларнинг унумдорлигини ошириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланган эди. Айтиш жоизки, “Асака” банк томонидан мазкур соҳани ривожлантириш борасида дадил қадамлар ташланди.
Жумладан, банк филиали томонидан ҳам узумчиликка ихтисослашган агрофирмалар ҳамда фермер хўжаликлари учун имтиёзли шартларда кредитлар таклиф этилмоқда. Айни пайтда мазкур йўналиш бўйича Хатирчи, Нурота, Конимех ва Кармана туманларидаги фермер хўжаликларига хизмат кўрсатилаётган бўлса, келажакда хизмат географияси янада кенгайтирилиши режалаштирилган.
Ўтган йили узумчиликни ривожлантириш мақсадида кичик бизнес субъектларига 1,6 миллиард сўм миқдорида имтиёзли шартларда узоқ муддатли кредитлар ажратилди. Мижозлар узоқ муддатга берилган кредит маблағларидан узумзорлар барпо этиш, соҳага доир техника ва технологиялар сотиб олиш мақсадларида фойдаланишди.
— Мамлакатимизда қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқариш фаолиятига алоҳида эътибор берилиб, зарур шарт-шароитлар яратилаётганлиги биз, тадбиркорларга катта имкониятлар яратмоқда, — дейди Навоий шаҳрида фаолият юритаётган “Izumrud Kvant-Invest” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Улуғбек Шодмонов. — Бизнинг корхонамиз ҳам бу имкониятлардан унумли фойдаланмоқда. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни ташкил этиш мақсадида бизнес-режа туздик ва режамизни амалга ошириш учун “Асака” банкнинг Навоий вилоят филиалига мурожаат этдик. Қисқа муддатларда ажратилган банк кредитлари ҳисобига хориждан сув ва энергия тежовчи замонавий ускуналар олиб келдик ва иссиқхона ташкил этдик. Бу эса бизга истеъмолчилар талабига мос келадиган сифатли ва экологик тоза қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга кенг имкониятлар яратди. Мазкур лойиҳани амалга ошириш натижасида корхонамизда 20 га яқин янги иш ўрни яратилди.
Бугунги кунда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, уларни иш билан таъминлаш муҳим аҳамият касб этмокда. Давлатимиз раҳбари томонидан тадбиркорликни ривожлантириш учун яратилган имтиёзлардан самарали фойдаланиш учун барча имкониятлар мавжуд. “Асака” банкнинг Навоий вилоят филиали мутахассислари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш мақсадида ташкил этилган турли анжуманлар ва тадбирларда фаол иштирок этмоқдалар, ёш тадбиркорларга имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилмоқда. Жумладан, “Фарҳод” маданият саройида ўтказилган анжуманда “Менинг бизнес-ғоям”, “Ёш тадбиркор — юртга мададкор” танловлари иштирокчилари — касб-ҳунар коллежи битирувчиларга бизнес-ғояларини ҳаётга татбиқ этишига молиявий кўмаклашиш мақсадида имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди. Ўтган йилда коллеж битирувчиларига чорвачилик, асаларичилик, паррандачиликни ривожлантириш ва иссиқхоналар ташкил этиш учун имтиёзли шартларда кредитлар ажратилди. Банк кредитлари туфайли уларнинг ўз ишларини ташкил этиш бўйича азалий орзу-умидлари рўёбга чиқди. Ҳозирда улар оилалари фаровонлигини ошириб, янги иш ўринларини ташкил этиш ва тенгдошларини иш билан таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
— Биз, ёшларга яратилган имкониятлардан фойдаланиб, тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида молиявий кўмак сўраб “Асака” банкка мурожаат этдим, — дейди Навбаҳор иқтисодиёт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи битирувчиси, “Навоий Ҳумо” масъулияти чекланган жамияти раҳбари, ёш тадбиркор Дадахон Раҳмонов. — Банк томонидан қисқа муддатда имтиёзли шартларда ажратилган кредит ҳисобига қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил қилдик. Шаҳримиздаги катта ва кичик қурилишларда биз ишлаб чиқарган қурилиш маҳсулотларидан кенг фойдаланилмоқда. Шунингдек, 10 га яқин янги иш ўрни яратиб, тенгдошларимни иш билан таъминлашга муваффақ бўлдим. Шуни мамнуният билан айта оламанки, “Асака” банк кредитлари биз каби тадбиркорлик йўлини тутган ёшларга катта имкониятлар эшигини очмоқда. “Асака” банкнинг молиявий кўмагида мулкдор бўлиб, жамиятда ўз ўрнимизни топаяпмиз. Шунинг учун ҳам банк хизматларидан миннатдормиз.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Бизнинг яна бир муҳим вазифамиз – кичик бизнес ва тадбиркорлик соҳасини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юртимизда тинчлик ва барқарорлик, ижтимоий тотувликни мустаҳкамлашдан, бу соҳа улушини янада ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиб беришдан иборат. Нега деганда, тадбиркор нафақат ўзини ва оиласини, балки халқни ҳам, давлатни ҳам боқади”, деб айтган сўзларини ўзларига дастуриламал деб билган “Асака” банк жамоаси тадбиркорларга янада кенг имкониятлар яратишга интилмоқда. «Асака» банкнинг Навоий вилоят филиали малакали ходимлари Навоий, Зарафшон шаҳарларидаги ва Хатирчи туманидаги ҳар бир хонадонга ташриф буюриб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун тушунтириш ва тавсиялар бермоқда ҳамда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагини билдирган фуқароларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш ва кредит маблағларини олиш учун зарур ҳужжатларни тайёрлашда кўмак бермоқдалар. Хусусан, банк филиали малакали мутахассислари Навоий, Зарафшон шаҳарлари ва Хатирчи туманида жойлашган 8 та қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинидаги 8 480 та хонадонга ташриф буюриб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш учун тушунтириш ва тавсиялар бердилар, 17 157 та хонадонга тадбиркорликка даъват этувчи мурожаатлар юборилди. Бу тадбирлар натижасида 475 нафар фуқаро тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирди, 214 нафар фуқарога 1,6 миллиард сўмдан зиёд миқдорда кредитлар ажратилди.
Мухтасар қилиб айтганда, “Асака” банкнинг Навоий вилоят филиали аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга тақдим этилаётган банк маҳсулотлари ва хизматлари турларини кенгайтириш, сифатини яхшилаш ва банк амалиётлари тезкорлигини янада ошириш бўйича фаол ишлар олиб боришни мақсад қилган. Банк филиали истиқболли лойиҳалар, ғоялар устида тинимсиз изланиб, мижозлар эҳтиёжи учун мақбул ва қулай бўлган хизмат турларини кенгайтириб бормоқда. Бу эса аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, вилоят иқтисодиётини ривожлантириш ҳамда турли иқтисодий ва ижтимоий масалаларни ҳал этишда ўз самарасини бермоқда.
Банк Ахборот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
«Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда аҳоли ва тадбиркорларга банк хизматларини кўрс...
01 янв 1970
Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмаднинг “Чўл бургути” асарини кўпчилик яхши билади....
01 янв 1970
Тайлоқ туманида аграр соҳани ривожлантиришда, боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликда интенсив технологияларни қўллаб юқори ҳосил ва даромад олиш...
01 янв 1970
Тоза табиатни асраш, атроф-муҳитга эътиборли бўлиш, ободонлаштириш ишларини кенгайтириш, маиший чиқиндиларни қайта ишлаб, самарали фойдаланиш бугун...