Келажакнинг мустаҳкам пойдевори

/
Мамлакатимиз Президентининг республикамиз вилоятларига ташрифи ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий, маънавий ҳаётида жуда кўплаб ўзгаришларнинг юзага келиши, янгиликларнинг пайдо бўлиши, бунёдкорлик, ободонлаштириш, саноат ва қишлоқ хўжалигини юксалтириш борасида ислоҳотларнинг тўла амалга ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг шу йил 10-11 февраль кунлари Сурхондарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишуви ва аҳоли билан мулоқотлари келажакда қилинадиган ишлар учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.
Президентимиз вилоятнинг Термиз, Ангор, Жарқўрғон, Қизириқ, Музработ ва Шеробод туманларида амалга оширилаётган ишлар билан танишар экан, бу туманларда ишлаб чиқариш ва ишчи кучлари борасида резервлар борлигини эътиборга олиб, янги агрофирмалар, чорвачилик мажмуалари, акциядорлик жамиятлари, балиқчилик комплекслари, қўшма корхоналар барпо этиш, қурилаётган иншоотларни замонавий йўсинда яратиш, фаолият юритаётганларини тубдан реконструкция қилиш хусусида кўрсатмалар берди. Бундай ишлаб чиқариш корхоналарининг қурилиши, ишга туширилиши Сурхон воҳасида минглаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади ва юрт тараққиёти, аҳоли фаровонлигининг ошишини таъминлайди.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифи натижасида воҳа маркази Термиз шаҳрида бунёд этиладиган иншоотлар, янгидан-янги муассасалар бинолари, дам олиш масканлари, хиёбонлар, музейлар, саройлар, стадионлар сонининг ўзи, бунёдкорликлар кўлами ҳар қандай одамни ҳайратга солади. Эътибор беринг, бу ерда республика Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашига қарашли “Термиз марвариди” санаториясининг реконструкция қилиниши, Термиз шаҳрида перинатал марказни кенгайтириш борасида ишлар олиб борилаётгани инсон омилига берилаётган эътиборнинг юксак намунаси эмасми?! Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган урология маркази ва кўз микрохирургия марказининг Термиз филиалларини барпо этиш, келгусида кардиология ва болалар касалликларига ихтисослашган клиникаларни ташкил қилиш борасидаги кўрсатмалар халқимиз саломатлигини яхшилаш юзасидан бошланган ишларнинг эътирофи эмасми?! Ёки шаҳардаги Навоий номидаги кўчада деҳқон бозори, савдо комплекслари, Сурхондарё соҳилида “Амударё” болалар соғломлаштириш маркази, “Баркамол авлод” ва “Ат-Термизий” кўчалари кесишадиган нуқтада Ёшлар боғи каби масканларнинг бунёд қилиниши Термизнинг янги қиёфасини белгилаб беришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Шаҳарда Адиб Собир Термизий номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази, Бахт боғи, Санъат саройи, амфитеатр бинолари, Хотира хиёбонининг қурилаётганлиги, унга яқин жойда Япон боғи ҳамда Сурхондарёнинг археологик ёдгорликларини ўрганишга катта ҳисса қўшган япониялик археолог, профессор Като Кюдзо номи билан боғлиқ музей, болалар майдончалари, стадионлар барпо этиш режалаштирилганлиги шаҳарнинг келгуси тараққиёт йўли қандай бўлиши кераклигини намоён этади. Термиз шаҳри мисолида белгилаб берилган кенг кўламли бунёдкорлик, яратувчилик, ободонлаштириш ишларининг барчаси халқ фаровонлигини оширишнинг ва тараққиётнинг янги босқичи деб атасак, айни ҳақиқат бўлади.
Сурхондарё қадим аждодларимиздан қолган тарихий мерос объектларига ниҳоятда бой ўлка ҳисобланади. Воҳа бағрида ўтмишнинг бир неча ўнлаб ноёб обидалари — Қоратепа, Фаёзтепа, Айритом, Далварзинтепа, Жарқўтон, Кампиртепа каби кўплаб археологик ёдгорликлар жойлашган. Бу археологик ёдгорликларда кейинги 20-25 йил ичида мамлакатимиз олимлари ва дунёнинг турли нуқталаридан келган қадимшунослар ҳамкорлигида археологик қазишма ишлари олиб борилди ҳамда илмий тадқиқотлар қилинди. Буларнинг натижасида Сурхон заминидаги кўплаб қадимий шаҳарлар ўринлари, 2-2,5 минг йил илгариги халқимизнинг давлатчилик асослари ўрганилди. Шу билан биргаликда воҳада кўплаб тарихий меъморий ёдгорликлар, обидалар ҳам сақланиб қолган. Булар орасида Ҳаким ат-Термизий, Исо ат-Термизий, Султон Саодат мақбаралари, Қирқ қиз мажмуаси, Жарқўрғон минораси кабилар тарихий обидаларнинг қадимий ва ноёблари саналади. Ушбу обидалар мамлакатимизнинг истиқлол йилларида асл тарихий кўринишига монанд тарзда қайтадан қурилиб, таъмирланди. Халқимизнинг нодир мерос, маънавий бойлигига айланди. Шунинг учун воҳага келувчилар ушбу тарихий масканлар зиёратига алоҳида эътибор қаратишади.
Давлатимиз раҳбари ҳам Сурхондарёга ташрифи давомида Ҳаким ат-Термизий мақбарасини зиёрат қилди. Мажмуада олиб борилаётган реконструкция ҳамда ободонлаштириш ишлари билан танишди. Келгусида қилинадиган ишлар хусусида фикр билдирди. Шу билан бирга, Президентимиз воҳадаги яна бир тарихий ёдгорлик — Шеробод туманидаги Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий (Имом Термизий) зиёратгоҳида ҳам бўлиб, бу масканда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди. Мажмуани янада обод масканга айлантириш, зиёратчилар учун қулай шароитлар яратиш, бу ерга келувчилар оқимини кўпайтириш имконини берадиган тадбирларни амалга ошириш зарурлигини алоҳида кўрсатиб ўтди.
Республикамиз раҳбарининг бу зиёратгоҳга алоҳида эътибор қаратиши бежиз эмас. Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришгунча бўлган даврда Имом ат-Термизий номи ҳам, асарлари ҳам унутилган, табаррук қадамжолари вайронага айланиб қолганди. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошларида Биринчи Президентимиз ташаббуси билан Тошкентда Имом ат-Термизий таваллудининг 1200 йиллик тўйи халқаро миқёсда нишонланди. Тўй муносабати билан Шеробод туманидаги Чуқуркўл қишлоғидаги аллома қабри, мақбараси қайта қурилиб, таъмирланди. Мақбара атрофи ободонлаштирилди, унинг яқинида масжид, шийпон қад ростлади. Хиёбон ва боғ барпо этилди. Аллома ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар битилган мармар тахта ўрнатилди. Алломанинг таваллуд тантаналари ана шу табаррук қадамжода ҳам давом этганди. Эндиликда орадан чорак асрдан ошиқ вақт ўтди. Бугунги кунда зиёратгоҳ мажмуида қайта қуриш, таъмирлаш, ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишларини амалга оширишни ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда. Шу боис зиёратгоҳда ҳозирги пайтда ҳам кенг кўламли бунёдкорлик ишлари давом эттирилмоқда. Мажмуа ёнидаги қабристон ободонлаштирилди. Зиёратгоҳга борадиган 4,5 километр йўл асфальтланди, сув, электр энергияси, газ тармоқлари тортилди. Атроф кўкаламзор масканга айлантирилди. Тарихий бойлигимиз улуғланди ва янги қиёфа касб эта бошлади.
Шу ўринда яна бир масала алоҳида эътиборни тортади. Ҳадисшуносликда ўзига хос мактаб яратган Абу Исо муҳаммад ат-Термизийдан бой илмий мерос қолган. Унинг асарлари қўлёзмалари эндиликда дунёнинг турли кутубхоналарида, музейлари ва давлат хазиналарида сақланмоқда. “Ал-жомеъ ас-саҳиҳ”, “Аш-шамоил ан-набавийа” каби асарлари ислом дорулфунунларида ўқитилмоқда. Маълумки, аллома асарларини араб тилида ёзган. Ҳозирги пайтда бу асарларнинг бир қисми ғарб ва шарқнинг ўндан ортиқ тилларига ўгирилди. Кўплаб шарҳлар ёзилди. Дунё илм-фанида Имом ат-Термизий асарларининг илмий-тадқиқий йўналиши пайдо бўлди. “Аш-шамоил ан-набавийа”нинг XVI асрга оид бир нодир қўлёзмаси Тошкентда, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасида сақланмоқда. “Сунани Термизий” асари ўзбек тилига таржима қилинди. Айни пайтда алломанинг бошқа асарларини ҳам турли тилларга таржима қилиш ва уларни илмий тадқиқ этиш борасида ишлар олиб борилмоқда.
Шу билан биргаликда илмий тадқиқотларда буюк аждодимиз ҳадис тўплашдан ташқари ҳуқуқшунослик, табиатшунослик, табобат, илми нужум, тилшунослик, ахлоқ ва бошқа соҳаларда ҳам асарлар яратганлиги ҳақидаги фикрлар ўртага ташланмоқда. Бошқача айтганда, бугун юртимизда ҳам, хорижий мамлакатларда ҳам Имом ат-Термизий мероси билан боғлиқ бой маълумотлар, илмий ишлар, тадқиқотлар тўпланди. Эндиликда улар устида иш олиб борадиган ягона илмий марказ бўлишини ҳаётнинг ўзи заруратга айлантирди. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда халқаро марказнинг амалга оширадиган ишлар кўлами белгилаб берилди.
Халқаро марказда ислом динининг, Қуръони карим ва ҳадис илмининг асл моҳиятини, ҳадисшунослик мактабининг илмий-маънавий асосларини, юртимиздан етишиб чиққан мутафаккир зотлар меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш, юксак инсоний ғоялар, муқаддас қадриятларимизни ўзида ифода этган манбаларни тизимли асосда тадқиқ этиш, улардан диний таълим, маънавий-ахлоқий тарбия ишларида фойдаланиш мақсадида зарур дарсликлар, ўқув қўлланмалари, оммабоп нашрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Шунингдек, халқаро марказда Имом Термизий ва термизий алломаларнинг бой меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этиш мақсадида хорижий илмий марказлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро конференция, симпозиум, кўргазма, илмий маърузалар, семинар-тренинглар, танловлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш, мамлакатимизда ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари, қўлёзма фондларида сақланаётган термизий алломалар, буюк мутафаккирларимизнинг қўлёзма ва тош босма асарлари нусхаларини, улар ҳақидаги китобларни тўплаш ва илмий тадқиқот ишларини олиб бориш, бу маънавий меросимизни ўрганишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан, илм-фан ютуқларидан фойдаланиш каби кўплаб вазифалардан иборат ишлар ҳам амалга оширилади.
Қарорда белгиланганидек, халқаро илмий-тадқиқот марказида нафақат Имом Термизий ҳаёти, ижодий мероси ўрганилади, балки шу ўлкадан етишиб чиққан Солиҳ ибн Муҳаммад ат-Термизий, Солиҳ ибн Абдуллоҳ ат-Термизий, Ал-Жаруд ат-Термизий, Собир ат-Термизий, Самандар ат-Термизий, Ҳаким ат-Термизий каби барча термизий алломалар ҳамда бошқа мутафаккирларнинг бой мерослари ҳам тадқиқ этилади. Бошқача айтганда, юртимизда яна бир илм-фан маркази вужудга келади. Бу илм-фан маркази учун, табиийки, янги бинолар, кутубхона, моддий-техник база ва замонавий инфратузилмалар барпо этилади. Демак, улуғ муҳаддис номи билан боғлиқ бу даргоҳда бунёдкорлик, яратувчилик, ободонлаштириш ишлари яна давом қилади. Президентимиз бошлаган ишларнинг асосида мана шундай улуғ мақсадлар ётибди.
Аллома асарларидан бирида Пайғамбаримиз номидан “Кимки бир олимни зиёрат қилса, мисли мени зиёрат қилгандай бўлади”, деган энг ишончли ҳадисни келтиради. Не бахтки, бугун бизнинг, миллатимизнинг улуғ алломага нисбатан зиёратимиз, ҳурмат-эҳтиромимиз асосида нафақат Пайғамбаримизга, балки халқимиз тарихига, меросига, Ватанимиз ободлиги, гўзал келажагига муҳаббатимиз ифодаси ҳам ётибди. Умуман, Президентимизнинг Сурхон воҳасида амалга оширишни ният қилган улуғвор ишларининг асосида — хоҳ у қадим тарихни тиклаш, аждодларимиз меросини улуғлаш бўладими, хоҳ шаҳарларимизни ҳам замонавий, ҳам миллий кўринишда тубдан қайта қуриш, юртни обод, гўзал, фаровон масканга айлантириш бўладими, хоҳ халқнинг саломатлигини юқори поғоналарга кўтариш бўладими, хоҳ жойларда деҳқончилик, чорвачилик, боғдорчилик мажмуалари яратиш, саноат корхоналарини барпо этиш бўладими, барча-барчасидан кўзланган мақсад битта — озод, ҳур мамлакатимизда буюк келажакнинг мустаҳкам пойдеворини барпо этишдан иборатдир.
Камол МАТЁҚУБОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Партиямизнинг Сиёсий дастури ҳамда Сайловолди дастури лойиҳалари билан танишиб чиқдим. ...
01 янв 1970
Тинчликнинг қадр-қимматини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Зеро, осойишта юртдагина тараққиёт бардавомдир....
01 янв 1970
Аёллар орасида ўзи дунёга келтирган норасидасини пулга сотаётганлар учраётганини эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Афсуски, орамизда баъзида шундай кимсал...
01 янв 1970
Ҳудудларда ўтказилаётган ўрганишлар, очиқ мулоқотлар чоғида аниқланган муаммоларни ҳал этиш партия депутатларидан алоҳида масъулият ва профессионал...