Қандай яшаяпсиз, юртдошлар...

/
Деҳқонобод туманида Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят, туман кенгашлари фаоллари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман тиббиёт бирлашмаси ва ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида аҳоли билан мулоқотлар ташкил этилмоқда.
Тумандаги “Бозортепа” қишлоғида “Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун” мавзусида ўтказилган учрашувда таъкидланганидек, Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида аҳоли билан яқиндан мулоқот қилиш, фуқароларнинг фикр ва таклифлари, уларга қийинчилик туғдираётган муаммоларни ўрганиш ва аниқ чора-тадбирлар кўришга жиддий эътибор қаратилмоқда.
— Президентимиз Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳасининг бир гуруҳ етакчи мутахассислари билан учрашувда соҳада бажарилиши лозим бўлган ишлар, ечимини кутаётган муаммолар ҳақида атрофлича сўз юритди, — деди “Бозортепа” қишлоқ врачлик пункти мудири Дурсоат Чориев. — Ҳозирги кунда қишлоқ врачлик пунктимиз бирламчи тиббий кўрикни ўтказиш учун лаборатория таҳлили воситалари, қатор диагностика аппаратлари билан жиҳозлангани аҳолига қулайлик яратмоқда. Лекин, очиғини айтганда, замонавий тиббий ускуналарни ишлатиш учун малакали мутахассислар етарли эмас. Партия фаоллари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу мулоқот бошланишидан олдин туман тиббиёт бирлашмасидан келган малакали шифокорлар қишлоқдошларимизни тиббий кўрикдан ҳам ўтказдилар.
— Айниқса, тиббий кўрикка келган оналар ва болалар замонавий ускуналар ёрдамида текширувдан ўтказилгани ва тажрибали шифокорлардан керакли маслаҳат ва тавсиялар олишгани айни муддао бўлди, — деди маҳалла фаоли Раъно Эрқулова. — Тиббий кўрик давомида айрим касалликлар аниқланиб, уларни даволаш, касалликлар кучайиб кетишининг олдини олиш чоралари кўрилмоқда. Шу билан бирга, ўз соғлиғимизга эътиборли бўлишимиз лозимлигини ҳам яхши англаб етдик.
Партия фаоллари томонидан ўтказилаётган учрашувлар фақат маърузалар ўқиш орқали эмас, балки иштирокчилар билан жонли мулоқот, савол-жавоблар, баҳс-мунозаралар тарзида олиб борилмоқда. Мазкур учрашувда ҳам фуқаролар ўртага ташлаган масалаларнинг аксарияти шу ернинг ўзида депутатлар кўмагида ҳал этилди. Хусусан, мулоқотда иштирок этган Нуриддин Норматовнинг “Бозортепа” қишлоғи хонадонларини суюлтирилган газ баллонлари билан таъминлашдаги муаммоларга “Тумангаз” филиали мутасаддилари томонидан ижобий ечим топилган бўлса, “Янгиқишлоқ” маҳалласи фаоли Тўйчи Очиловнинг фуқароларни арзон уй-жойлар ва ер участкалари билан таъминлаш борасидаги шикоятлари депутатлар томонидан ўрганиб чиқиладиган бўлди. Шунингдек, тиббиёт ходими Парда Ҳакимова, 19-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Акбар Омонов, “Янгиқишлоқ” маҳалла фаоли Ҳасан Алимовлар ҳам ўз ҳудудларидаги транспорт, коммунал хизматлар, дори-дармон таъминоти, фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан йўл қўйилаётган айрим камчиликлар юзасидан фикр-мулоҳаза ва таклифларини баён этишди.
Хусусан, “Янгиқишлоқ” маҳалласида йўллар таъмирталаб ҳолатда эканлиги, қишлоқ врачлик пунктида иситиш тизимлари талаб даражасида ишламаётгани, “Бозортепа” ҚФЙга қарашли маҳаллаларда тоза ичимлик суви билан таъминлашга оид муаммолар тилга олинди.
Аҳоли билан самимий тарзда ўтган юзма-юз мулоқотлар чоғида фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини тўла-тўкис таъминлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларда партия фаоллари таъсирини янада кучайтириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Комил САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Икром Абдуллаев Урганч туманидаги “Чаккашоликор” қишлоғидаги бир неча хонадонларда бўлиб, уларнинг турмуш шароити, оилалар даромади ҳамда хонадон аъзоларини қийнаб келаётган муаммолар билан яқиндан танишди.
Жумладан, қишлоқдаги “Ўрта ёп” маҳалласида яшовчи кам таъминланган оила соҳиби Бозорбой ака Жабборов ўзининг 22 яшар қизи Фароғат Жабборовага ногиронлик аравачаси зарурлигини билдирди. “Оқ ариқлар” маҳалласида истиқомат қилаётган фуқаролар электр энергияси таъминоти билан боғлиқ муаммони бартараф этишда амалий ёрдам сўрашди.
Фаоллар аҳоли билан учрашувларда мамлакатимизда фуқароларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, илғор ташаббусларни рўёбга чиқариш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш, маҳаллаларни обод этишга катта эътибор қаратилаётгани хусусида сўз юритдилар.
— Бу саъй-ҳаракатларнинг ижобий таъсири ҳар бир хонадонда сезиларли даражада акс этаётгани, айниқса, меҳр-оқибатга, чуқур эътиборга чанқоқ бўлган биздай кексаларни хурсанд этмоқда, — дейди “Оқ ариқлар” маҳалласи фахрийси Карим Матлиев. — Бир неча йилдан буён ҳовлимда чорвачиликни йўлга қўйишни ният қилар эдим. Айни пайтда банк муассасасидан кредит маблағи олиб, режамни амалга ошириш арафасидаман. Шунингдек, газ, электр таъминоти масаласида маҳалладошларимиз қийналар эди. Ҳозирги кунда қишлоғимизга газ қувурлари ётқизилмоқда.
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгаши депутати, Ўзбекистон “Адолат” СДП шаҳар кенгаши раиси Рустам Болтаев партия фаоллари билан биргаликда шаҳардаги “Байналмилалчилар” маҳалласи аҳолисининг турмуш шароитлари билан танишди. Суҳбатлар чоғида фуқаролар айрим муаммоларни ўртага ташлаб, ўз фикрларини билдиришди. Жумладан, маҳалладаги 500 метр йўл асфальтланмагани аҳоли, айниқса, болалар ва кексалар учун ноқулайликлар туғдирмоқда. Фуқаро Гулжамол Болтаева “Машина бозори” уйига яқинлиги боис транспорт воситалари унинг дарвозаси олдида тирбанд бўлиб, автомобилларнинг белгиланмаган жойда тўхтаб туришларидан шикоят қилди. 98-уйда яшовчи Баҳодир Вафоев музлаткич таъмирлаш устахонасини кенгайтириш режаси борлиги, шу мақсадда кредит олиш учун ёрдам сўради. Депутат барча масалалар юзасидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда амалий ишлар қилиниши, бу борада жиддий назорат ўрнатишини таъкидлади.
Партия фаоллари мулоқотлар чоғида банклардан имтиёзли кредит олиш, хонадонларда тикувчилик, пазандачилик, қандолатчилик ишлари, айрим хонадонлардаги имкониятга қараб, паррандачилик, чорвачилик билан шуғулланишни тавсия этишди. Аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга интилиб, муаммолар ҳал этилишида ташаббус кўрсатаётган депутат ва партия фаолларидан маҳаллалар аҳли мамнун бўлмоқда.
Замира АБДУЛЛАЕВА,
Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Одамларга наф келтириш — олий бахт, дейдилар. Бинобарин, ҳар бир киши кундалик ҳаётида ён-атрофдаги инсонлардан қўлидан келадиган ёрдамини ая...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Сергели туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари партиямизнинг Сайловолди дастурида белгил...
01 янв 1970
Маълумки, ҳар бир сиёсий партиянинг фаолияти ҳақида сўз борар экан, энг аввало, фуқаролар унинг депутатлари олиб бораётган ишларга қараб баҳо берад...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қи...