Байрам нафаси

/
Вақт деганлари югурик. Ҳадемай яна бир йил поёнига етади. Янги йил байрамига тайёргарлик аллақачон бошлаб юборилганини шаҳар кўчаларидаги реклама экранларида намойиш этилаётган турфа маҳсулот (хизмат)лардан, дўкону супермаркетлар ойнавандига чизилган оппоқ қор парчалари, Қорбобо, Қорқиз, арча ва совғалар ўрами тасвирларидан билса ҳам бўлади. Бозор ва савдо марказларида ташкил этилган махсус расталарда арчалар, безаклар, ўйинчоқлар сотилаётгани бежиз эмас — биз кутган байрам яқин. Ҳаммамиз хурсандчилик билан нишонлайдиган байрамлар орасида эса Янги йил айёмининг ўзига хос ўрни бор. Бу байрам каттаю кичикка — барчага бирдай қувонч бағишлайди.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бир йилда Ер қуёш атрофида 940 миллион километр йўлни босиб ўтади (бу секундига 40 километр демакдир), янада аниқроқ айтганда, биз яшаётган сайёра қуёшни 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияда бир марта тўлиқ айланиб чиқади. Ушбу вақт мобайнида тўрт фасл яна такрорланади. Демак, муайян астрономик ритмда, коинот ва табиат қонуниятлари асосида рўй берадиган жараён, яъни йил алмашинуви — биз шоду хуррамлик билан нишонлайдиган сана, бу – Янги йил байрами.
Анъанага кўра, юртдошларимиз байрам дастурхони учун ноз-неъматлар, фарзандларига атаб совғалар сотиб олиш баробарида янги йил календарларини ҳам харид қилишади. Чунки хонадонимизда осиғлиқ турган муҳим саналарни, байрамларни, дўсту биродарларимизнинг таваллуд кунларини ёдга солувчи, иш столимизда ҳам бажариладиган юмушларни режалаштириб олишда кўмакчига айланган календарларни янгисига алмаштириш лозим бўлади.
Шу сабаб бу гал қанақа календарлар сотувга чиқарилгани кўпчиликни қизиқтиради. Тақвим бўйича инсонга содиқ жонивор саналган ит йилига навбат келади. Газета дўкони пештоқига осиб қўйилган календарларни синчковлик билан томоша қила туриб, беихтиёр ит йили омад, бойлик келтирар экан-да деган тўхтамга келади одам. Бунга сабаб, янги йил календарларнинг аксариятида итнинг сурати, доллар, олтин тангалар акс эттирилган. Футбол ишқибозлари учун “Russia 2018” деб ёзилган ва копток, ўтказиладиган жаҳон чемпионати рамзи туширилган календарлар ҳам бор.
Улардан бирини танлаш мушкул эмас, аммо календарни харид қилиб, деворга ёпиштиришдан олдин миллий менталитетимизга, болалар тарбиясига, қолаверса, турмуш тарзимизга нечоғли мослиги ҳақида ўйлаб кўрсак, фойдадан холи бўлмайди. Ахир календарь дегани чирой бағишлаш учун уйимиз ёки ишхонамиз деворига шунчаки ёпиштириб қўйиладиган оддий плакат эмас. Унда ҳаётимизда ҳам ўз аксини топадиган йил ойларга, ойлар эса ҳафталар ва кунларга ажратилиб кўрсатилади, байрамлар кўзга ташланиб туриши учун алоҳида рангда берилади.
Бугунги кунда календарлар китобча, журнал, совға ва реклама альбомлари, йиртма ва варақлама жадвал, плакат ва бошқа шаклларда нашр этилмоқда. Турли ташкилот ва муассасалар, тадбиркорлик субъектлари махсус календарлар чиқариш орқали ўз салоҳиятини намоён этиб, ҳамкорлари ва мижозлари билан алоқаларни мустаҳкамлашга интилаётгани ҳам бежиз эмас. Масалан, варақлама календарларнинг биринчи ва охирги саҳифаси, яъни муқовасидан тортиб, ички саҳифаларигача ойлар билан бирга рекламалар ҳам жойлаштирилмоқда. Бунда бевосита ёки билвосита фойда (даромад) олиш мақсади кўзланиб, маҳсулотлар (иш ва хизматлар) тўғрисида маълумотлар берилади.
Хулоса ўрнида айтганда, янги — 2018 йилда иш столимиз устига қўйиладиган ёки деворга ёпиштирадиган календарлар йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисобини юритиш тизими бўлгани боис мазмунан бой, шаклан чиройли, кишига эстетик завқ берадиган кўринишда бўлиши мақсадга мувофиқдир.
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бозорда рўзғор учун зарур маҳсулотларни танлаб, сифатига қараб, нархини савдолашиб олиш имкони бор....
01 янв 1970
2018 йил — Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили...
01 янв 1970
Маълумки, истиқлол йилларида мамлакатимизда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, саноатни модернизациялаштириш...
01 янв 1970
Тил – мулоқот воситаси. Тилдан чиқувчи сўзларимиз билан биз инсонларга маълумот етказамиз, уларнинг гапи орқали янги билимларни ўзлаштира...