Амалий натижадорлик, инсон манфаати – устувор мақсадларимиз

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг ўз конституцион ваколатларидан фойдаланган ҳолда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномаси замонавий давлатчилигимиз тарихида улкан ўзгариш ясаган воқеа бўлди.
Ушбу Мурожаатномани мазмун-моҳиятига кўра, энг аввало, халқ манфаати йўлида хизмат қилишга, халқ билан мулоқотни давом эттиришга, одамларни ҳаётдан рози қилишга, келажакка ишончини мустаҳкамлашга қаратилган, бу борада ҳали ечимини кутаётган масалалар ҳамда тараққиётимизнинг янги босқичида олдимизда турган долзарб вазифаларни, аниқ йўлимизни белгилаб берган дастуриламал маёқ сифатида эътироф этиш мумкин.
Иккинчидан, мазкур Мурожаатномани давлатимиз раҳбарининг якунланаётган йил бўйича халқимиз олдидаги ўзига хос ҳисоботи сифатида ҳам баҳолашимиз мумкин. Президентимиз халқ вакилларига очиқ ва самимий руҳда юзланар экан, ўтган бир йил давомида босиб ўтилган йўл, эришилган марралар, йўл қўйилган хатолар ҳақида сохта рақамларни эмас, ҳақиқий кўрсаткичлар, аниқ рақамларни баён қилди. Халқимизни қийнаётган, тараққиётимизга ғов бўлаётган кўпдан-кўп муаммолар очиқ-ойдин таҳлил қилинди.
Учинчидан, аввалги йиллардагидан фарқли равишда кириб келаётган янги йилга ном бериш анъанаси айни шу Мурожаатномада ўз аксини топди. Яъни давлатимиз раҳбарининг таклифи билан 2018 йил юртимизда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб эълон қилинди.
Наримон УМАРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари

Албатта, ушбу тарихий Мурожаатномада белгилаб берилган Ўзбекистон Республикасини 2018 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ижросини таъминлашда парламентимиз ва сиёсий партиялар зиммасига ҳам бир қатор вазифалар юкланади.
Жумладан, биз аввало парламентимиз ва депутатлар фаолиятига берилган танқидий баҳодан тегишли хулоса чиқарган ҳолда халқ билан, сайловчиларимиз билан мулоқотимизни изчил давом эттиришимиз, жойларда аниқланаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ижро ҳокимияти олдига масалани қатъий қўйиб, унинг ижро этилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати самарадорлигини оширмоғимиз лозим.
Шу билан бирга, қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолиятимизни тубдан кучайтиришимиз талаб этилади. Ҳақиқатан ҳам бугун қабул қилаётган қонунларимизнинг барчаси амалда ишлаяпти, уларнинг натижасини халқимиз ўз ҳаётида сезаяпти, деб айта олмаймиз. Шу боис қонунларни ишлаб чиқишда энг қуйидан, яъни оддий аҳолидан фикр, таклифлар олишимиз, бу борада замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишимиз, маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпусимизни ҳам ушбу жараёнга фаол жалб этишимиз зарур. Бу борада партиямиз тизимида жорий қилинган “Фракция-марказ-вилоят-туман” механизмининг ишлаш самарадорлигини янада ошириш амалий аҳамият касб этади. Бунда ҳар бир қонуннинг асл муаллифи айнан халқнинг ўзи бўлишига эришмоғимиз даркор.
Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, жойлардаги янгиланишлар устидан парламент ва жамоатчилик назоратини амалга оширишда айнан “Адолат” СДП фракцияси ва унинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари алоҳида жонбозлик кўрсатадилар.
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, келгуси йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб ном берилиши мамлакатимиз сиёсий майдонида бир неча йиллардан буён инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келаётган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳлари зиммасига алоҳида масъулият юклайди.
Дарҳақиқат, бугун дунё бозорида рақобат кучайган бир шароитда, шубҳасиз, келажак фақат инновацион ривожланиш йўлини танлаган, янги фикр, янги ғояларга таянган давлатникидир. Шу сабабли ҳам бугунги кунда юртимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтилмоқда, шу мақсад йўлида алоҳида Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил этилди. Бу эса “Адолат” партияси танлаган йўл тўғри эканлигини яна бир бор амалда намоён этмоқда.
Келгусида йил номидан келиб чиқиб қабул қилинадиган Давлат дастурига таклифлар бериш ва унинг ижросида фаол иштирок этишга қаратилган аниқ мақсадли чора-тадбирларни белгилаб олиш ҳам биринчи галдаги вазифаларимиз саналади.
Бунда, аввало, соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, хусусан, ҳозирда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда ишлаб чиқилаётган “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини тезроқ такомилига етказиб, Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритишимиз зарур.
Шу билан бирга, Президентимизнинг Мурожаатномасидан келиб чиқиб, партиямиз Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоялар асосида “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунлар ҳамда Сайлов кодексини ишлаб чиқишда фракциямиз аъзоларидан фаоллик ва ташаббускорлик талаб этилади.
Бир сўз билан айтганда, юксак суръат билан, баъзан ақлни шошириб қўядиган тезликда ривожланиб бораётган бугунги жамиятимизда биз, депутатлар белимизни маҳкам боғлаб ишлашимиз, жонажон Ватанимизга бор ақл-заковатимиз, билим ва тажрибамиз, фарзандлик меҳримиз ва садоқатимизни сафарбар этишимиз шарт.

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни доирасида Тошкент вилояти ҳудудида кўплаб профилактик тадбирлар ўтказилди....
01 янв 1970
Халқ депутатлари Конимех туман Кенгашининг шу йил 25 апрелда бўлиб ўтган навбатдаги сессиясида мазкур маҳаллий Кенгашдаги Ўзбекистон “Адолат&...
01 янв 1970
Бугун замоннинг ўзи сиёсий партияларнинг иш услубини тубдан ўзгартириш, уларнинг аҳоли, электорат билан мулоқотини тизимли йўлга қўйишни талаб этмо...
01 янв 1970
Сўнгги бир ярим, икки йил мобайнида Марказий Осиё минтақасида давлатлар ва халқлар ўртасидаги муносабатларда фараҳбахш муҳит юзага келди. ...