Тараққиёт истиқболи йўлида

/
Юртимиз қадим-қадимдан дунё маданиятининг, илм-фанининг марказларидан бири бўлиб келган. Бу тарихий ҳақиқат VIII-IX асрларда ўлкамиздан Муҳаммад Мусо ал-Хоразмий, Яҳё ибн Абу Мансур, Аббос ал-Жавҳарий, Аҳмад ас-Сағоний, Қаффол Шоший, Абу Наср Форобий, Абу Бакр Наршахий каби алломаларнинг етишиб чиққанлигида, XI асрда Хоразмда Маъмун академиясининг фаолият юритганлиги ва академияда илм-фаннинг бир неча ўнлаб соҳалари бўйича буюк кашфиётлар қилинганлигида, XII-XIII асрларда Хоразмшоҳлар давлатида ташкил этилган илмий марказда юзлаб алломалар фаннинг турли йўналишларида иш олиб борганликларида, XIV-XV асрларда Темурийлар даврида Мирзо Улуғбек номи билан танилган академиянинг дунё миқёсида тан олиниши каби кўплаб мисолларда намоён бўлади. Шу маънода юртимиз кўп асрлар давомида дунё маданиятига бир неча минглаб илм-фаннинг улуғ намояндаларини етказиб берганидан қувонаман.
Энди олис ўтмишдан бугунги ҳаётимизга бир назар ташлайлик. Мустақилликнинг 25 йили ичида юртимиздан етишиб чиққан Аҳмад Фарғоний, Имом Бухорий, Исо ат-Термизий, Ҳаким ат- Термизий, Абу Мансур Мотурудий, Абдухолиқ ўиждувоний, Маҳмуд Замахшарий, Нажмиддин Кубро, Баҳовуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Бурҳониддин Марғиноний ва яна кўплаб алломалар номлари улуғланиб, таваллуд кунлари нишонланиб, асарлари қайтадан нашр этилиб, тадқиқ қилиниб, дунё жамоатчилиги томонидан тан олинди. Халқаро ЮНЕСКО ташкилоти мамлакатимизни дунё маданиятининг, илм-фанининг бешикларидан бири сифатида эътироф қилди.
Илмни нурга қиёслашади. У қуёш нурларига ўхшатилади. Агар қуёш нурлари ҳаётда бутун олам, борлиқ, табиат, замин бағрига нур сочса, илм инсоният онгу шуурини, ақл-идрокини, тафаккурини ёритади. Қуёш бутун дунёга ёруғлик берса, илм инсон тафаккури орқали уни тараққиёт йўлига бошлайди. Бошқачароқ айтганда, қуёш нурлари бутун дунёда барча жонзотларнинг яшаши учун имконият яратиб берса, илм, тафаккур нури ҳаётнинг янада гўзал, янада юксак, улуғвор бўлишига хизмат қилади. Илм онг, тафаккурнинг юксалишига, онг, тафаккурнинг юксалиши жамиятнинг тараққиётига, жамиятнинг тараққиёти эса ҳаёт тамаддунига асос бўлади. Шу сабабли халқимиз ҳаётининг барча даврларида илм-фан ва унинг юксак ғоялари улуғланган, илм аҳллари, алломалар, маданият намояндалари ҳурмат-эҳтиром қилинган, яратувчиликлар, бунёдкорликларга йўл очиб берилган. Эндиликда ана шу жараён, яъни илм-фанга эътибор янада юксак даражага — давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Хўш, бу нималарда кўзга ташланади? Эътибор беринг, мамлакатимиз Президенти ўзининг сайловолди учрашувларида республикамизни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юксалтиришнинг асосий йўналишларидан бири сифатида илм-фан соҳасини ривожлантириш, юртимиздаги интеллектуал кучлардан тўла фойдаланиш, фан-техника янгиликларини ишлаб чиқаришга жорий қилиш каби масалаларни кўрсатиб ўтган эди. Илм-фан ривожисиз ҳаётда тараққиётга эришиб бўлмаслигига алоҳида эътибор қаратганди. Бу масалага ана шундай муносабат кейин ҳам изчил давом эттирилди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятини бошлаган дастлабки кунлардан илм-фан соҳаси ривожини таъминлаш мамлакат тараққиётининг асоси, деб белгилади. Республикамиз раҳбари томонидан айтилган “Ўзбекистон бой қазилма ва табиий ресурсларга, қудратли иқтисодий ва инсоний салоҳиятга эга. Бироқ бизнинг энг катта бойлигимиз — бу халқимизнинг улкан интеллектуал ва маънавий салоҳиятидир. Бу салоҳиятни яратиш ва янада кўпайтиришда ҳурматли зиёлиларимиз — илм-фан ва техника намояндалари, биринчи навбатда, қадрли ва ҳурматли академикларимиз, маданият, адабиёт, санъат ва спорт соҳаларининг вакиллари бутун вужудини бериб, фидокорона меҳнат қилаётганларини яхши биламиз ва юксак қадрлаймиз. Ана шу заҳматкаш инсонларнинг илмий ва ижодий изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун зарур шарт-шароитлар яратишни, биз ўзимизнинг бирламчи вазифамиз сифатида кўришимиз даркор”, деган сўзлари юртимиз истиқболини белгилашда асосий йўналиш бўлди.
Шундан кейин орадан кўп ўтмай Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Фармонда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгиланди. Янги йил арафасида давлатимиз раҳбарининг республикамиз етакчи илм-фан намояндалари билан учрашуви фан ва ишлаб чиқариш ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, таълим тизимини янада ривожлантириш, инновацион иқтисодий тараққиётини юксалтиришга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Ёхуд Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойишида мамлакатимизда таълим тизимини тубдан яхшилашда китобнинг ролини оширишга эътибор қаратилган бўлса, “Ургут”, “ўиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги фармонида илм-фан соҳасини янада ривожлантириш, унинг ютуқлари, ишланмалари, ихтироларини ҳаётга татбиқ қилиш борасида аниқ кўрсатмалар бирилди. Президентимизнинг соғлиқни сақлаш тизими ходимлари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги халқ билан учрашувларида ҳам ёш мутахассисларни тарбиялаш жараёнига эътибор, илғор таълим технологияларини кенг жорий этиш, дунёнинг етакчи таълим марказлари ва ўқув муассасалари, таниқли олимлар, мутахассислар билан ҳамкорликларни кенгайтириш, юртимизда илм-фаннинг илғор ютуқлари асосида фаолият кўрсатадиган инфратузилмаларни яратиш каби масалалар ўртага ташланди.
Умумлаштириб айтадиган бўлсак, давлатимиз раҳбари бошлаб берган бу ишлар, фармонлар, фармойишларда илм-фанни ривожлантириш билан боғлиқ жараён изчиллик билан давом этаётганини кўриш мумкин. Бундай ишлар келгусида ҳам амалга оширилиши аниқ. Бошқача айтганда, ёш авлодга таълим бериш сифатини ошириш, ёшлар орасидан етук илмий кадрлар тарбиялаб етиштириш, илм-фан соҳасидаги янгиликлар, ихтиролар, ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, корхоналарни ишлаб чиқаришнинг энг замонавий, янги технологиялари билан таъминлаш — барча-барчаси эндиликда илм-фан соҳасини ривожлантиришнинг тўла равишда давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигини кўрсатади. Бу биз, олимларнинг қалбимиздаги орзуларнинг рўёбига ҳам айланди.
Албатта, илм-фан тараққиёти ҳам, уни амалиётга татбиқ этиш ҳам осон кечадиган жараён эмас. Айтайлик, академик ёки олим кўп йиллик фундаментал тадқиқотлари натижасида янги ишланма ёки ихтиросини яратди, дейлик. Хўш, у бу ихтиросини ҳаётга татбиқ этиш учун қаерга олиб боради? Табиийки, бирор ишлаб чиқариш муассасаси ёки корхонаси билан ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилади. Корхона эса бу ихтирони, янги ишланмани қабул қилмаслиги мумкин. Сабаби аён, корхона, аввало, ўзига фойда келтирадиган мавжуд ишлаб чиқариш жараёнидан воз кечмайди. Қолаверса, келгусида фойда бериш-бермаслиги номаълум бўлган ихтиролар, янгиликларни бир неча йиллар тажрибадан ўтказиб, ҳаётга йўлланма бериш учун корхоналарда маблағ етишмаслиги табиий. У ҳолда нима қилиш керак? Президентимиз фармонида илм-фан соҳасида яратилган янги ишланмаларни, ихтироларни ишлаб чиқаришга татбиқ этувчи корхоналарга кенг имтиёзлар бериш кўрсатиб ўтилган. Шу билан биргаликда, юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги замонавий тажриба ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Булар ниҳоятда оқилона тадбирлар. Ана шундай қилинганда корхоналар ҳам зарар кўрмайди. Илм оламида пайдо бўлган янги ихтироларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш ҳам тезлашади. Пировардида, булар юртимиз тараққиётини юксалтиради.
Кейинги йилларда юзага келган жиддий масалалардан бири илм-фан соҳасига ёшларни кўпроқ жалб этиш, интеллектуал, салоҳиятли, иқтидорли ёш кадрларни тарбиялаш билан боғлиқ эди. Сир эмас, бу борада катта авлод билан бугунги авлод ўртасида илм-фан соҳасида устоз-шогирдлик борасида баъзи узилишлар ҳам юзага келганди. Ҳаётда эса бошқа соҳаларда бўлгани каби илм-фан жабҳасида ҳам узилишлар рўй бермалиги керак. Илм-фанда катта авлодлар бошлаган тараққиёт йўлини кейинги авлодлар давом эттириши зарур. Ана шунда ҳаёт тараққиётида узилиш бўлмайди. Президентимиз “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида ҳам, мамлакатимизнинг етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувида ҳам ана шу масалага алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, ёш авлодни салоҳиятли кадрлар этиб тарбиялашдаги биринчи босқич — мактаб таълимини тубдан такомиллаштириш, илмий кадрлар, юксак малакали мутахассислар тайёрлаш жараёнининг узлуксизлигини таъминлаш асосий масалалардан бири қилиб қўйилди. Бу академиклар зиммасига ўз мактабларимизни яратиш, иқтидорли шогирдлар етиштириш, фундаментал асарларимиздаги ғоялар, назариялар билан ёшларни таништириш, илмий ихтиролар, янгиликлар ярата оладиган малакали мутахассислар, олимлар тарбиялашдек вазифаларни ҳам юклайди. Демак, биз нафақат бугунги кунимиз учун, келгуси авлод тарбияси учун ҳам масъулмиз.
Бугунги кунда илм-фанни тараққий эттириш билан боғлиқ равишда дунё миқёсида ҳам, мамлакатимиз доирасида ҳам ҳал қилинадиган баъзи бир муаммолар мавжуд. Шулардан бири — биз барқарор ривожланиш мақсадида ҳозирги пайтда табиий, моддий ва маънавий ресурслардан кенг фойдаланаяпмиз. Хўш, бу ресурслардан келгуси авлодларимиз қандай фойдаланадилар, уларга бу борада қандай мерос қолдирамиз? Бунинг учун ёшларга илм-фан ва интеллектуал таълим асосида аҳолининг ўсишига пропорционал равишда ресурсларни кўпайтиришни ҳам ўргатишимиз керак. Тасаввур қилинг, мамлакатимиз аҳолиси 2050 йилга бориб 45-50 миллион кишига етиши мумкин. Ўша пайтда ер, сув, ҳаводан фойдаланиш, озиқ-овқат, энергия ресурсларини етказиб бериш, экологияни мусаффо сақлаш аҳволи қандай кечади? Авлодларимиз бундай масалаларда муаммоларга дуч келмасликлари учун биз бугунги кунда экология хавфсизлигини таъминлаш, табиатни мусаффо сақлашнинг илмий йўналишларини яратишимиз, кўпроқ маблағларни ана шу соҳаларга йўналтиришимиз зарур.
Эндиликда яна бир муаммо инсониятни ўйлантирмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра, сайёрамиз аҳолисининг 30 фоиздан ошиғи энг асосий микроэлемент ва витаминлар етишмаслигидан қийналмоқда ва 160 миллиондан ортиқ бола интеллектуал ривожланишга доир камчиликлардан азият чекмоқда. Яъни уларнинг билимни самарали ишлатиши, тадбиркорлик ва инноваторлик қобилиятлари паст бўлиб қолмоқда. Бу борада республикамизда ҳам муаммолар оз бўлса-да, борлиги сир эмас. Шунинг учун соғлиқни сақлаш тизимида тиб илми мутахассислари болаларнинг хотирасини ўстириш ва уларнинг мантиқан фикрлаш қобилиятини ривожлантириш устида изланишлар олиб борсалар, ёшларнинг илм-фан соҳасидаги ютуқлари янада юксак бўларди.
Баъзан ўтириб ўйлаб қоламан. 100-200 йилдан кейин бизнинг авлодларимиз тақдири қандай кечаркан? Улар дунё тараққиётига, ҳаёт ривожига, илм-фан юксалишига қандай ҳисса қўшарканлар? Юртимизнинг, халқимизнинг, миллатимизнинг номини бу соҳада қандай улуғлар эканлар?! Бу борада бир нарса таскин беради. Олис ўтмишда аждодларимиз илм-фан, маданият, адабиёт соҳаларида улуғ ишларни амалга оширганлар. Буюк мерос яратганлар. Бугун ҳам ана шу буюк меросга монанд ишлар давом этмоқда. Бунинг учун барча имкониятлар яратилмоқда. Демак, келажакда ҳам авлодларимиз илм-фан соҳасида улуғвор ишларни амалга оширадилар. Ҳаёт тамаддунига катта ҳисса қўшадилар, деб ишонаман.
Саидаҳрор ҒУЛОМОВ, академик

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДПдан кўрсатилган номзод — 34-умумтаълим мактаби директори Насибахон Мавлоновага сайловчилар катта ишонч бил...
01 янв 1970
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили мамлакатимиз тараққиётида янги босқични бошлаб берди....
01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади....
01 янв 1970
Сайлов куни сайлов бюллетенини айрим сабабларга кўра хато тўлдирсам ёки бюллетенни бузиб қўйсам, участка сайлов комиссияси аъзоларидан бошқа бюллет...