Дўстлик ва адолат куйчиси

/
Алишер Навоийнинг серқирра ижодида халқлар, миллатлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик мавзуси асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Шоир жаҳон халқларига мурожаат этиб, уларни бир-бирига кўмакдош, елкадош, ҳамкор ва дўст бўлишга чақиради:
Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,
Ёр ўлунг бир-бирингизгаким эрур ёрлиғ иш.
Алишер Навоий инсонийлик моҳиятини унинг ижтимоий фаолиятида – жамиятда ҳар бир киши фойдали касб билан шуғулланиши, халққа кўпроқ манфаати тегишида, деб билади. Инсон халқ ғами билан яшаши ва иложи борича одамларнинг оғирини енгил қилиши, турмуши фаровон бўлишига кўмаклашуви лозим, деб ҳисоблайди.

Шоирнинг халқ ғамини ўз ғами, ўз мушкули деб билмайдиган кишини одамлар сафига қўшмаслигини тараннум этувчи қуйидаги байтлари асрлар давомида дунё халқлари орасида оғиздан-оғизга, аждоддан-авлодга ўтиб келмоқда:
Одамий эрсанг, демагил одами
Ониким, йўқ халқ ғамидин ғами.
Алишер Навоий турли халқ ва миллат вакилларини самимият билан севади, уларни ҳурмат қилади. Унинг қайси бир асарини олманг, турли халқ вакиллари образига дуч келасиз, унда уларнинг дўстлик, биродарлик ғоялари жўшқин ифода этилганлигини кўрасиз:
Кўнгулни олса малоҳат била тафовут йўқ,
Хитоий ўлсину ё армани ва ё ҳинду...
Мен тилаб ҳусн, вале шоҳ тилаб аслу насаб
Менга лўли била ҳинду, анга қўнғироту қиёт – каби оташин мисраларда у халқларни бир-бирига яқинлаштирувчи, тенгма-тенг қўювчи белгиларга эътиборни жалб этади ҳамда инсонни ирқи, элати, эьтиқодига қараб, унга турлича муносабатда бўлиш каби ёмон иллатларга қарши курашади.
Бугун дунёда баъзи халқлар, давлатлар ва миллатлар орасида бўлаётган турли можаролар, биродаркушлик урушларининг олдини олиш, халқларни дўстликка чорлаш ғояларини шоир олдиндан башорат қилгандек туюлади. Зеро, инсонни барча жонзотлар ичида Оллоҳ латиф этиб яратган, шунинг учун бир-биримизни улуғлаб яшашга чорлайди:
Барчасини гарчи латиф айладинг, Барчадин инсонни шариф айладинг.
Миллати, элатидан қатъи назар, барча инсон дунёда эркин яшаши керак деган ғоя шоир ижодининг асосини ташкил этади.
Юртимизда бугун 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари иноқ ва аҳил яшамоқдалар. Мамлакатимизнинг кўп миллатли вилоятларидан бири, бу буюк шоир, давлат арбоби, турли элат ва халқларнинг ҳамжиҳатлик билан яшашини беш аср олдин ўз асарларида куйлаган Алишер Навоий номи билан аталувчи вилоятдир. Асрлар давомида бугунги Навоий вилояти ҳудудидаги тарихий жойлардан – Самарқанддан бошлаб Дабусия, Нурота, Кармана, Работи Малик, Конимех, Тавоис, Тошработ орқали ўиждувон ва Бухорога Буюк Ипак йўли ўтиб, турли мамлакатларнинг халқлари бир-бирлари билан савдо карвонлари орқали боғланган бўлса, мустақиллик бу жойларга қайта ҳаёт бағишлади. Вилоятда рус, қозоқ, қорақалпоқ, татар, корейс, туркман миллий-маданий марказлари фаолият кўрсатмоқда. Миллий-маданий марказлар миллий анъаналарни давом эттириш борасида хайрли ишларни амалга оширмоқдалар. Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов ҳар сафар вилоятда бўлганида Қизилқумдаги гигант саноат корхоналари, ер ости бойликларини қазиб олаётган кончилар ҳузурида бўларди, улар билан суҳбат қилиб, уларнинг меҳнатларини юксак қадрларди. Юртбошимиз ҳамиша бу ерда меҳнат қилаётган турли миллат вакилларининг бир оила фарзандларидек тотув, аҳил ва иноқ яшашлари тараққиётимизнинг асосий омилларидан бири эканлигини уқтириб: “Навоий вилоятида тили, дини, миллатидан қатъи назар, ягона мақсад – озод Ўзбекистоннинг келажаги йўлида бутун куч-ғайратини бахш этишга тайёр инсонлар яшайди”, деб эътироф этганди.
Қизилқум бағрида меҳнат қилаётган турли миллат вакиллари орасида Алишер Навоийнинг Фарҳод ва Ширинларини кўрамиз. Улар Фарҳоднинг жасоратини, Баҳромнинг заковатини такрорлаб турибдилар.
Навоий халқлар дўстлиги ғоясининг улуғ куйчисидир. У халқлар дўстлиги ғоясини “Фарҳод ва Ширин” достонида ҳам марказий масалалардан бири қилиб қўяди. Бу ғоя айниқса, достоннинг турли миллат вакилларига тааллуқли уч ижобий образ – Фарҳод, Ширин ва Шопур образларида ёрқин ифодаланади. Уларнинг фаолияти, дунёқараши, орзу-интилиши бир-бири билан чамбарчас боғланган. Маълумки, Ўрта Осиё халқлари билан Кавказ, Хитой халқлари ва бошқа халқлар ўртасида жуда қадим замонлардан бошлаб дўстона муносабатлар, иқтисодий-маданий алоқалар пайдо бўлган. Навоий асарларидаги халқлар дўстлиги мана шу реал замин асосида туғилган ва уни мустаҳкамлаш ҳамда кенгайтиришга қаратилган эди. Шу билан бирга, Фарҳод, Ширин ва Шопур каби образлар, достонда қайси бир ўлка ёки халқнинг фарзанди сифатида тасвирланишидан қатъи назар, улар инсонийликнинг энг яхши сифат ва фазилатларини тажассум этган кишилар бўлиб, барча халқларга манзурдир.
Шоир қаҳрамонларини турли миллат вакиллари ташкил этади. Жумладан, Фарҳод – чин, Ширин – арман, Шопур – форс, Искандар, Арасту, Афлотун, Суқрот – юнон, Лайли, Мажнун, Баҳром – араб, Масъуд, Фаррух – ҳинд, қолган қаҳрамонлар ҳам турли миллат вакилларидир.
Алишер Навоий “Агар сен чинакамдан юқори маълумотли баркамол бўлишни истасанг, илм қайси тилда бунёдга келган бўлмасин ҳамма тилда ҳам ўқиб-ўрганишга ҳаракат қил” мазмунида қуйидаги мисраларни ёзган эди:
Ибрию юнонию сурёни ҳам, Ҳинду агар жоиз бўлса они ҳам.
Қаранг, ҳазрат Навоий ўз даврида ёшларга мурожат қилиб, ибрит(яҳудий), юнон, сурё(араб), ҳинд тилларини ўрганишга даьват этган бўлса, бугун ёшлар олдида ўз она тили – ўзбек тили билан бирга инглиз, рус ва бошқа жаҳон тилларини ҳам чуқур ўрганиш вазифалари қўйилмоқда.
Алишер Навоий номини улуғлаб келаётган вилоятимизда бугун 355 та умумтаълим мактабларида олти тилда, 4 та академик лицей, 47 та ўрта махсус, касб-ҳунар коллежларида уч тилда ва 2 та олий ўқув юртларида таълим тўрт тилда – ўзбек, рус, инглиз, қозоқ тилларида олиб борилмоқда.
Алишер Навоий миллатимиз қуёши. Биз яшаб, умргузаронлик қилиб турган оламда Қуёш битта, у бетакрор ва сўнмас бўлгани каби Алишер Навоий ижоди ҳам завол билмас Қуёш каби дунё аҳлини баҳраманд этиб келмоқда. Эътибор қилинг, ҳайкалтарош Равшан Миртожиев айтганидек, “қуёш эрталабки нурларини кун чиқар юрт Япониянинг пойтахти Токиодаги Алишер Навоий ҳайкалига сочади, ундан кейин эса нурларидан гўзал Ўзбекистонимизни баҳраманд этади, сўнг АҚШнинг Давлат Конгресси биносига қўйилган шоирнинг бюстини ёғдуга кўмади... Бу ҳам Яратганнинг мўъжизасидир”. Ҳа, Алишер Навоий дунё аҳли учун ана шундай жаҳон халқлари дўстлигининг бебаҳо куйчисидир.
Сулаймон ИНОЯТОВ, профессор

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бозорда рўзғор учун зарур маҳсулотларни танлаб, сифатига қараб, нархини савдолашиб олиш имкони бор....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Носир Нурназаров яқин кунларда 90 ёшини қарши олади....
01 янв 1970
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳаси ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди....
01 янв 1970
Отам собиқ ширкат хўжалигида ишлаб, деҳқончилик билан умргузаронлик қилган инсон эди. Пахтачиликда фойдаланилмайдиган ерни ўзлаштириб, 3 гектар боғ...