Ҳар бир мурожаат эътиборда

/
Фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи инсон ҳуқуқлари таъминланишининг муҳим омилларидан бири бўлиб, ушбу масалага миллий қонунчилигимизда алоҳида ўрин берилган. Жумладан, Бош қомусимиз — Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида белгилаб қўйилганидек, ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ваколатли давлат органларига, муассасаларига ёки халқ вакилларига ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадир.
Конституциямиздаги мазкур моддада белгиланган ҳуқуқнинг таъминланиши кафолатлари кўплаб қонун ва қонуности ҳужжатларда ўз аксини топган. Жумладан, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунда фуқаролар, аниқроқ айтганда, жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари ва муассасаларига мурожаати соҳасидаги муносабатлар тартибга солиниши ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.
Таҳририятимизга ҳам республикамизнинг турли ҳудудларидан турфа хил мазмун ва шаклда мурожаатлар келиб туради. Уларнинг бир қисмида ҳамюртларимизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга нисбатан муносабатлари баён этилган бўлса, яна бошқа қисмида жойларда айрим юртдошларимиз дуч келаётган муаммолар юзасидан шикоят қилиб, уларни ҳал этишга амалий ёрдам берилиши сўралган.
2016 йил давомида таҳририятимизга келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилар эканмиз, бир жиҳатга алоҳида эътибор қаратишни жоиз билдик. Яъни икки юзга яқин мурожаатнинг аксарият қисми шикоят ёки ариза мазмунида эмас, балки амалга оширилаётган ислоҳотларга муносабатлар, муайян ҳудудни ёки бирор-бир тармоқ ва соҳани ривожлантириш бўйича таклифлардан иборат. Бу, айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови арафасида яққол намоён бўлди. Жумладан, сайловга тайёргарлик кўриш жараёнида партиямиздан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзоднинг Сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва ғоялар юзасидан айрим юртдошларимиз ўз фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Табиийки, Ватан тақдирига бефарқ бўлмаган, юртимиз бугуни ва эртаси ривожига дахлдорлик ҳисси юқори бўлган юртдошларимизнинг самимий фикр ва изҳорлари нашримиз саҳифаларидан ўрин олди.
Кези келганда таъкидлаш лозим, бу каби мурожаатларнинг катта қисми электрон манзилимизга келиб тушган. Албатта, йил давомида электрон шаклда келиб тушган 132 та мурожаатнинг ҳаммасини шу мазмундаги хатлар, деб айтолмаймиз. Улар орасида ўз муаммоси ва уларни ҳал этишга амалий ёрдам сўраб қилинган мурожаатлар ҳам талайгина. Шу билан бирга, у ёки бу мавзуга оид ҳуқуқий тушунтириш берилиши сўралган мурожаатлар ҳам кам бўлмади. Биз ўз ўрнида саволларни умумлаштириб, соҳа мутахассислари, ҳуқуқшунослар билан ҳамкорликда газета саҳифалари орқали жавобларни чоп этишга ҳаракат қилдик.
Энди шикоят-ариза мазмунидаги хатларга келсак. Йил давомида келиб тушган мурожаатларнинг 45 тасини ариза-шикоят мазмунидаги мурожаатлар ташкил этди. Ушбу мурожаатларда фуқаролар Н.Намиров, Б.Раҳимов, Р.Аҳронқулова, С.Дурдиева, А.Эргашев, Ч.Жўраева, А.Отахонова, Ш.Ҳожимуротова, Б.Қорақулова ва бошқа ҳамюртларимиздан жойларда ички йўлларнинг ҳолати, коммунал соҳада учраётган камчиликлар, низоли уй-жой масалалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органи томонидан нохолис суриштирув ишлари юритилаётгани, пластик карточкалар билан нақд пул орасидаги тафовутлар, пенсия пулларининг вақтида берилмаётганлиги ва шу сингари бошқа муаммолар ҳақида сўз юритилган.
Хусусан, 2016 йил бошида Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, “Қизилтепа” ҚФЙ, Ногаҳон қишлоғида яшовчи фуқаро Ч.Жўраевадан келган мурожаатда ёзилишича, унинг 2 нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, ҳозирда ўзи ва турмуш ўртоғи вақтинча ишсиз. Катта фарзандининг саломатлиги яхши эмаслиги боис маҳалла раиси номига кичик фарзанди учун 2 ёшгача бўлган болага тўланадиган нафақа пули ажратилишини сўраб ариза билан мурожаат қилган. Бироқ маҳалла раиси унинг муаммосини эшитишни ҳам истамаган, қайнотаси билан биргаликда яшаши ва у кишининг ойлик маоши ҳамма оила аъзоларига етишини баҳона қилиб, ижтимоий нафақа пулини ажратмаган. “Лекин ҳозирда қайнотам биз билан бирга яшамайди. Маҳалладан натижа бўлмагач, вилоят ҳокимлигига ариза билан мурожаат қилдим. Ҳокимликдан келган жавоб хатида ёзилишича, бизга 2014 йилнинг сентябридан 2015 йилнинг сентябрь ойигача икки ёшгача болага ажратиладиган нафақа пули тайинланган экан. Бироқ Қизилтепа ҚФЙ раиси Н.Эргашев менга бор-йўғи 4 ой учун пул чиқариб берган, холос”, дея ёзилган. Мурожаатчи масала ижобий ҳал этилишида қонуний жиҳатдан амалий ёрдам беришни сўраган.
Ушбу мурожаат юзасидан тегишли хулоса бериш ва қонуний қарор қабул қилиш ҳамда ариза муаллифи ва таҳририятга маълумот беришни сўраб вилоят прокуратурасига хат йўлладик.
Прокуратурадан келган жавоб хатида ёзилишича:
“Аниқланишича, Ч.Жўраеванинг 2013 йил 10 октябрь кунида туғилган фарзанди Ш.Абдиевнинг 2 ёшга тўлгунга қадар нафақа пули тайинлаш ҳақидаги аризаси Қамаши тумани “Қизилтепа” ҚФЙ ҳузуридаги комиссия аъзолари томонидан кўриб чиқилиб, комиссиянинг 26.09.2014 йилдаги 02-сонли йиғилиш баёни билан 2014 йил октябрь ойидан 12 ой муддатга нафақа пуллари тайинланган. Шунингдек, нафақа пулларидан тўрт ой давомида жами 1.094.820 сўм нафақа пуллари тўлаб берилган.
Мазкур тўлаб берилган нафақа пуллари асослиги туман молия бўлими ва бошқа мутасадди идоралар томонидан ўрганилганда, Ч.Жўраеванинг моддий ва мулкий аҳволи қониқарли (автомашина, ер майдони мавжудлиги) эканлиги аниқланиб, тайинланган нафақа пуллари тўланиши тўхтатилган.
Булардан ташқари, ҚФЙ мансабдор шахслари жами 12 та ҳолатда 12,3 миллион сўм нафақа маблағларини фуқароларга ноқонуний равишда тўлаб юборганлиги юзасидан уларга нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в, г” бандлари, 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланган”.
Ҳамонки, давлат маблағлари ҳисобига ижтимоий нафақа пули ажратилишида англашилмовчиликлар юзага келаётган экан, жойларда, маҳаллаларда соҳа вакиллари, ҳуқуқшунослар, молия бўлими ходимлари ҳамкорлигида бу борада саволлар, аризалар билан мурожаат қилганлар, ёш оилалар, кенг жамоатчилик билан нафақа пуллари тайинланишининг тартиби ва шартларини тушунтиришга бағишланган суҳбатлар, мулоқотлар кўпайтирилса, фуқаролардан келиб тушадиган мурожаатлар, эътирозлар сони камайиши муқаррар.
Самарқанд вилояти, Нарпай туманидаги бир гуруҳ пенсионерлар томонидан қилинган мурожаат ҳам эътиборимиздан четда қолмади. Мурожаатнинг қисқача мазмуни шундаки, отахон-онахонларимиз пенсия пулларини тарқатаётган почта хизмати вакилларининг хатти-ҳаракатларидан, аниқроқ айтганда, пенсия пулларини бир неча кунлаб кутиб қолишаётганлигидан норози. Бу масала юзасидан тегишли хулоса берилишини сўраб “Ўзбекистон почтаси” АЖга сўров хати жўнатдик. Ушбу акциядорлик жамиятининг Самарқанд вилоят филиали мутахассислари томонидан тақдим этилган маълумотларга қараганда, ҳақиқатан ҳам мурожаатда қайд этилган исм-фамилиялар эгаларига пенсия пуллари 10, баъзан 14 кунга кечиктириб берилган.
“Ўзбекистон почтаси” АЖ жавоб-хатида бу камчиликнинг сабаби шундай изоҳланади: “Пенсия тўловлари учун жойлардаги банк бўлимлари томонидан нақд пул маблағлари ўз вақтида берилмаётганлиги сабабли пенсия тўловлари кечикиб тўланмоқда”.
Умид қиламизки, келгусида ҳудудларимиздаги молия муассасалари, банклар, почта хизмати ва бошқа тегишли ташкилотлар пенсионерларимиз, умуман, аҳолининг кенг қатламида бу каби эътирозлар юзага келмаслиги учун бор куч-ғайрати ва салоҳиятини иш ҳақи, пенсия ва бошқа тўловлар ўз вақтида тўланишини таъминлашга сафарбар қилишади.
Қашқадарё вилояти, Шаҳрисабз тумани, Кунчиқар МФЙ, Мактабод қишлоғининг бир гуруҳ ёшлари йўллаган мурожаат хатида бугунги кунда қишлоқда интилувчан, ҳаракатчан ёшлар кўплиги, уларнинг аксарияти спорт билан шуғулланишга қизиқиши, бироқ қишлоқда бунинг учун спорт майдончаси йўқлиги, бу борада ёрдам сўраб туман ҳокимлигига бир неча бор мурожаат қилингани, бироқ натижа бўлмаётгани қайд қилинган.
Мурожаат нусхаси вилоят ҳокимлигига жўнатилди. Вилоят ҳокими ўринбосарининг имзоси билан келган жавоб-хатида мурожаат тегишли тартибда мутахассислар томонидан ўрганилгани, бироқ қишлоқда спорт майдончасини қуриш учун аҳоли пункти ички ҳудудида захирада турган ер участкаси мавжуд эмаслиги маълум бўлгани, айни пайтда келгусида Мактабод қишлоғининг бош режаси кенгайтирилишини ҳисобга олиб ер майдони ажратилиши, бундан ташқари, қишлоқдан 200 метр узоқликда 5-сонли умумтаълим мактабида спорт майдончаси мавжуд бўлиб, ушбу спорт майдончасидан ўқув дарсларидан кейин қишлоқ ёшлари фойдаланиши учун маҳалла фуқаролар йиғини, аҳоли, мактаб маъмурияти билан келишиб олинганлиги маълум қилинган.
Албатта, биргина мақолада ҳар бири инсон тақдири, турмуш тарзи, дунёқарашини акс эттирувчи мурожаатларнинг ҳар бирига алоҳида тўхталишнинг имкони йўқ. Бироқ шуниси аёнки, газетага қилинган ҳар бир мурожаат эътибордан четда қолмайди. Шу боис, азиз ва муҳтарам газетхонлар, бизга мактуб йўллашда давом этинг. Таклиф, ариза ва шикоятлар, саволларни мунтазам равишда газетамиз саҳифаларида бериб боришга ҳаракат қиламиз.
Саодат СОДИҚОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсон учун бу ёруғ оламда берилган ҳаёт Яратганнинг инъоми. Уни қандай яшаш, қандай умргузаронлик қилиш ҳар кимнинг ўзига тан. ...
01 янв 1970
“Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани Марказий деҳқон бозорида жойлашган озиқ-овқат дўконларидан бирига 2012 йилдан буён эгалик қилиб келар эдим....
01 янв 1970
Инсоннинг яқин дўстлари орасида мактабда бирга ўқиган тенгдошлари бўлиши табиий. ...
01 янв 1970
Инсоният ўз ақли, меҳнати, билим ва иқтидори билан янгидан-янги чўққиларни забт этаяпти, мисли кўрилмаган кашфиётларга қўл урмоқда. ...