Пировард мақсад аҳоли фаровонлиги ва юрт равнақидир

/
Бугун дунё иқтисодиётида юз бераётган беқарорлик ҳамда бозор конъюнктурасидаги кескин ўзгаришлар мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодий ўсишнинг юқори суръатларини сақлаб қолишга қаратилган мақсадли дастурларни амалга ошириш, ҳудудларни ривожлантиришда тармоқлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш, бунда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олишни тақозо этмоқда.
Бу борада жорий йилда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан устувор вазифалар белгилаб берилган эди. Айни пайтда ушбу вазифалар ижроси давлатимиз раҳбари томонидан жойларда ўтказилаётган халқ билан мулоқотлар ҳамда давлат ҳокимияти ва хўжалик бошқаруви органлари мутасаддилари, кенг жамоатчилик вакиллари билан учрашувларда яна бир бор чуқур таҳлил этилиб, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини янада ошириш бўйича зарур таклифлар, аниқ вазифалар илгари сурилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 27-28 январь кунлари Хоразм вилоятига қилган ташрифи ҳам халқ билан мулоқот қилиш ҳамда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган эзгу ғоя ҳаётимизга изчиллик билан татбиқ этилаётганининг амалий исботи бўлди. Қолаверса, бундай мулоқотлар биз, депутатларга, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларига шахсий намуна бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг қадимий осори-атиқаларга, дунёда ўхшаши йўқ меъморий обидаларга бой Хоразм вилоятида туризмни янада ривожлантириш борасидаги таклифлари нафақат мазкур ҳудуд иқтисодиётини ривожлантириш ва янги иш ўринлари яратиш, балки бой тарихий-маданий меросимизни дунёга намоён қилишга, Ўзбекистоннинг дунёдаги нуфузини янада оширишга ҳам хизмат қилиши шубҳасиз.
Айниқса, Президентимиз Хоразмнинг туризм борасидаги имкониятларини тўлиқ ишга солиш мақсадида Урганчдан Хивагача темир йўл ва Хива шаҳрида замонавий вокзал барпо этиш, бу йўлда электропоездлар, келгусида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Afrosiyob” тезюрар поезди қатновини йўлга қўйиш таклифини илгари сурганлиги нафақат хоразмликлар, балки барча ҳамюртларимизни қувонтирди. Чунки, ҳақиқатан ҳам республикамизнинг энг чекка шимолий ҳудудида жойлашган Хивага боришни, у ердаги қадамжоларни зиёрат қилишни хоҳловчилар олис водийдан тортиб, воҳа вилоятларида ҳам жуда кўп топилади. Демак, ушбу тарихий шаҳарга тезюрар поезднинг йўлга қўйилиши, қолаверса, темир йўл ва авиачипта нархларининг икки баробарга арзонлаштирилиши мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга, аҳолининг маданий дам олиши, ёшларнинг тарихимизни чуқурроқ англашига янада қулай шароит яратади.
Шунингдек, минтақамиздаги биринчи дорулфунун ҳисобланган дунёга машҳур Хоразм Маъмун академиясига ташрифи давомида Президентимиз ушбу муассасада илмий йўналишларни кенгайтириш, илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, уларни амалиётга кенг жорий қилиш, олимларнинг турмуш шароитларини янада яхшилаш зарурлиги борасида билдирган таклифлари биз учун янада аҳамиятли бўлди. Чунки, ҳақиқатда бугунги кунда илмий фаолият билан амалиётнинг уйғунлигини таъминлаш масаласи долзарб саналади.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бир неча хонадонларга ташриф буюриб, аҳолининг турмуш шароити, даромадлари билан қизиққани, уларни қийнаётган муаммолар ва орзу-истаклари билан танишганини кўриб, ҳар бир юртдошимизнинг кўнгли кўтарилиб, мамлакат раҳбари тимсолида давлат идораларига, эртанги кунга ишончини оширди десак, асло муболаға бўлмайди.
Ҳар бир хонадонда томорқадан унумли фойдаланиш, иссиқхоналар ташкил этиш, паррандачиликни йўлга қўйиш орқали оилаларнинг даромад манбаини яратиш ва шу орқали кам таъминланганлар сонини кескин қисқартиришга эришиш борасида Президентимиз куюнчаклик билан илгари сураётган таклифларни қўллаб-қувватлаган ҳолда биз, парламент депутатлари ҳам маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳамда партиямиз фаоллари билан биргаликда жойларда ўтказадиган учрашувларимиз давомида уни аҳолига чуқур тушунтиришимиз, одамларнинг дунёқарашини, ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартиришимиз зарур.
Давлатимиз раҳбарининг вилоят соғлиқни сақлаш муассасаларига ташрифи ва унинг доирасида билдирган таклифлари ҳам аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг инъикоси бўлди, дейиш мумкин. Хусусан, Республика ихтисослаштирилган кардиология марказининг Хоразм филиали негизида Россия Федерациясининг А.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги илмий-амалий маркази филиалини ташкил этиш режалаштирилаётгани минтақа аҳолисини жудаям қувонтирди. Мазкур шифохона Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро вилоятлари аҳолиси учун минтақавий марказ сифатида хизмат кўрсатиб, чақалоқларда учрайдиган юрак нуқсонларини эрта аниқлаш ва даволаш, йилига 3 мингдан зиёд беморга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатишга имконият яратади.
Ушбу марказ беморларни даволаш билан бирга, соғлиқни сақлаш тизимининг бирламчи бўғинини ривожлантириш, қишлоқ врачлик пунктларига ихтисослашган мутахассислар тайёрлаш, профилактика ишларини кучайтириш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
Бундан ташқари, Тошкент тиббиёт академиясининг Урганч филиали негизида И.Павлов номидаги Биринчи Санкт-Петербург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорликда клиника ташкил этилаётгани ҳам муҳим воқеликдир. Университет олим ва шифокорлари бу ерда дарс бериши, диагностика ишларини олиб бориб, даволаши, талабалар эса клиникада замонавий даволаш усулларини янада чуқур ўрганиши назарда тутилмоқда.
Албатта, Президентимиз таъкидлаганидек, Хоразмда мазкур икки муассасанинг ташкил этилиши Оролбўйи аҳолиси учун улкан ижтимоий аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, алоҳида лойиҳа асосида хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда ҳудудда фармацевтика корхонаси фаолиятини йўлга қўйиш белгиланаётгани ҳам аҳолини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Вилоятда соғлиқни сақлаш соҳасида амалга ошириладиган бу каби кенг кўламли чора-тадбирлар Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида илгари сурилган аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, хориждан малакали мутахассисларни жалб қилиш, маҳаллий фармацевтика саноатини ривожлантириш орқали аҳолини сифатли дори-дармон билан таъминлаш борасида илгари сурилган ғояларга ҳамоҳанглиги билан биз учун аҳамиятлидир.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятига ташрифи давомида қай бир соҳа, қай бир ижтимоий қатлам вакиллари билан учрашмасин юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган пировард мақсад аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, одамларни рози қилиш, жамиятда ижтимоий адолатни қарор топтириш ҳамда мамлакатимизни янада тараққий эттиришга қаратилганлигини таъкидлади. Бундай мақсад ижобати ҳар биримиздан шахсий дахлдорлик, ташаббус ва фаолликни тақозо этади.
Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наманган давлат университетида Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят кенгаши томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Касбим ўқитувчи. 33 йил Пастдарғом туманидаги 32-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқувчиларига сабоқ бердим....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 3 август куни мамлакатимиз ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашув ўтказди....
01 янв 1970
Меҳнат шартномасида иш вақтимиз соат 9:00 дан 18:00 гача деб белгиланган бўлса ҳам, айрим ҳолларда ташкилотимизда кечгача қолиб кетамиз.ли вафот эт...