Таҳлил, хулоса ва режалар: халқ билан мулоқотда асосий мезон ошкоралик

/
2017 йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилинганлиги сиёсий партияларни ҳам халқ билан янада яқинроқ бўлишга, фаолияти ҳақида аҳоли олдида ҳисобот беришга ундамоқда.
Шу нуқтаи назардан, партия фаолиятида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, ўтган даврдаги фаолият сарҳисоби ҳамда истиқболдаги режалар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали халқимизни, электоратни кенг хабардор этиш айни муддаодир.

Ушбу мақсаддан келиб чиқиб, пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида “Мамлакат тараққиётининг янги босқичида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ўрни” мавзуида матбуот анжумани ўтказилди. Унда партия Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги депутатлари, Марказий аппарати масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоят партия кенгашлари фаоллари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов тадбирни очар экан, мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, халқ фаровонлигини изчил юксалтириб боришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг янги босқичида сиёсий партияларнинг зиммасига ҳам масъулиятли вазифалар юкланаётганига иштирокчилар эътиборини қаратди.
А.Раҳмонов партия Сайловолди дастурини амалга ошириш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар Дастури асосида ўтган йилда партия ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.
Қайд этилганидек, аҳолининг сиёсий партияга ишончи қанчалик ошиб бораётгани унинг ғоя ва мафкураси нечоғлик ҳаётийлиги, халқчиллиги ҳамда унинг ортидан сайловчиларнинг эргашиши, партия аъзолари сафининг ўсиб бориш суръатлари билан ўлчанади. Шу маънода 2016 йил давомида партия аъзолари сони республика бўйича 41 708 нафарга ўсиб, умумий 157 222 нафарга етди. Маълумот учун келтириб ўтсак, 2015 йилда партия аъзолари 8 777 нафарга ўсган эди. Демак, ўтган йилда аъзолар сони 2015 йил натижаларидан тўрт ярим баробардан ортиқроқ ўсганини ижобий кўрсаткич сифатида баҳолаш мумкин.
Партия аъзолари сафининг кенгайишига мутаносиб равишда жойлардаги бошланғич партия ташкилотлари сони ҳам республика бўйича 655 тага ўсиб, умумий 4033 тага етди. Бу борада аввалги натижаларга таққосланганда, ўтган йилда саккиз баробардан ортиқ ўсишга эришилгани аён бўлади. Умуман, партиянинг 2010 йилдан буён БПТлар сони ўсиши статистикаси таҳлил қилинганда ҳар йили ўртача 100 тага ошаётган бир пайтда жорий йилнинг ўзида 655 тага ўсгани яхши натижадир.
Ҳисобот даврида партия сафидаги аёллар сони 78 670 нафардан, 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 68 145 нафардан ошганлигини кузатиш мумкин.
Партия дастурий ҳужжатларида белгиланган қатор халқчил ғоялар ҳаётда ўзининг амалий ифодасини топиб бораётгани 2016 йил якунлари мисолида яққол намоён бўлди.
Жумладан, партия Сайловолди дастурида мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тараққий этишида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ҳимоя қилинишида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, қолаверса, ҳар ишда адолат мезонига амал қилиш, жамиятда қонун устуворлигига эришиш, коррупция ва бюрократизмга қарши курашиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятида очиқлик ва ҳисобдорликка эришиш мақсадида “Электрон ҳукумат тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган эди. Ушбу саъй-ҳаракатлар қанчалик ҳаётий ва зарурлигини вақтнинг ўзи кўрсатди ва мазкур қонунлар лойиҳалари 2016 йилда парламент томонидан кўриб чиқилиб, қабул қилинди.
Бундан ташқари, дастурий ғоялар тарғиботи, электорат манфаатлари ҳамда долзарб аҳамиятга эга мавзулардаги тадбирлар кўпайганлигини кузатиш мумкин. Ушбу жараёнда партия сафидаги аёллар ва ёшларнинг фаоллиги ўсганлиги, айниқса, муҳимдир.
Шунингдек, ҳисобот даврида “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасига асосан “Фарзандлари соғлом юрт – қудратли бўлур”, “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик”, “Соғлом оила – соғлом жамият – порлоқ келажак” лойиҳалари доирасида республикамизнинг барча вилоят ва шаҳарларида тарғибот-ташвиқот тадбирлари, давра суҳбатлари ва учрашувлар, акциялар ташкил этилди. Бундай учрашувларда “Адолат” СДП аъзоларининг асосий қатлами ҳисобланган тиббиёт ҳамда таълим соҳасида фаолият юритаётган партия фаолларининг кенг иштироки кузатилди.
Ўтган йили Ўзбекистон Республикасининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда “Адолат” СДПнинг фаол иштирокини таъминлаш, партиянинг ёшлар сиёсатига доир ғояларини рўёбга чиқариш, умумтаълим мактабларидаги ички тартиб-қоидаларни янада мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг кийиниш маданиятини юксалтириш, таълим муассасаларида пул йиғимларига чек қўйиш ҳамда мактаб ҳаётида жамоатчилик ўрни ва роли самарадорлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган “Таълим муассасаларида ижтимоий тенглик” лойиҳаси доирасида бир қатор ишлар амалга оширилди ва натижаси Халқ таълими вазирлиги билан ўтказилган республика видеоконференциясида муҳокама этилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
“Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида 2016 йилда маҳаллалардаги ички йўлларнинг ҳолати юзасидан жамоатчилик назорати ўрнатиш масаласига барча ҳудудий партия ташкилотлари томонидан алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада жойларда “Йўлларни асрайлик” мавзусида 600 га яқин тарғибот тадбирлари ташкил этилган бўлса, жойлардаги носоз ички йўлларни таъмирлаш юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан маҳаллий ҳокимлик ва тегишли идораларнинг мансабдор шахсларига 200 га яқин депутатлик сўровлари чиқарилди ва уларнинг ижроси назоратга олинди. Ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан маҳаллий Кенгашларнинг доимий комиссиялари ва сессиялари кун тартибига таклифлар киритилди. Бунинг натижасида республика миқёсидаги 150 га яқин маҳаллаларнинг ички йўлларида таъмирлаш ишлари олиб борилди, ноқонуний ўрнатилган тўсиқлар бартараф этилиб, пиёдалар йўлакчалари тартибга келтирилди. Яна 30 дан ортиқ туман, шаҳарлардаги маҳаллий йўлларни таъмирлаш ишлари 2017 йилга мўлжалланган ҳудудий дастурларга киритилиб, ижроси назоратга олинди.
2016 йилда партия Сиёсий Кенгаши томонидан Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва тижорат банклари билан ҳамкорликда Тошкент шаҳри, Жиззах, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш, аёллар тадбиркорлигини молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда чекка ҳудудларда истиқомат қилувчи тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ёшлар ва хотин-қизлар учун банк хизматларидан фойдаланишни таъминлаш мақсадида ҳудудий семинарлар ўтказилди. Ушбу тадбирлар доирасида 30 нафар коллеж битирувчиси ва 20 нафарга яқин хотин-қизларга жами 250 миллион сўмлик имтиёзли банк кредитлари берувчи сертификатлар топширилди.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий партия ташкилотлари томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган йирик тадбирлар юқори савияда ташкил этилди. Ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларда она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат туйғусини шакллантириш мақсадида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним!” шиори остида пойтахтимиздаги Ёшлар ижодиёти саройида республика фотокўргазмаси ўтказилган бўлса, олий ва ўрта-махсус таълим муассасалари ўқувчи-талабалари ўртасида республика “Иншолар танлови” ташкил этилди. Иншолар танловига тақдим этилган ёшларнинг ватанпарварлик руҳидаги энг сара ижодий ишлари “Истиқлол шукуҳи” номли тўпламда чоп этилди.
Аҳолининг кенг қатлами, айниқса, ёшлар ўртасида спортни оммалаштириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида маҳаллалардаги ҳаваскор жамоалар иштирокида минифутбол бўйича “Адолат” кубоги” учун республика мусобақаси ҳам юқори савияда ташкил этилди. Энг муҳими, мазкур тадбирлар, айниқса, келажагимиз эгалари бўлган ёшларда катта қизиқиш уйғотди.
Матбуот анжуманида, шунингдек, 2016 йилда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ўз номзоди билан иштирок этганлиги ва бу орқали яна бир бор электорат манфаатларини ифода этиш ҳамда мамлакат сиёсий майдонидаги ўз мавқеини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлганлиги айтиб ўтилди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Умиджон Сулаймонов журналистларга парламент ва маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик корпусининг 2016 йилдаги фаолияти юзасидан ахборот берди.
Таъкидланганидек, ўтган йил давомида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 40 дан ортиқ йиғилиши ўтказилиб, уларда 68 та қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Қонун ижодкорлиги фаолиятида фракция аъзолари 26 та қонун лойиҳалари бўйича масъул бўлган ҳолда бошқа депутатлар билан биргаликда 7 та қонун лойиҳаси бўйича ташаббус билан чиқишди.
Ўтган йилда партия фракцияси назорат-таҳлил фаолиятида асосий эътиборни парламент назорати орқали ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича қабул қилинган қонунлар ижросининг давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ҳокимият органлари томонидан сўзсиз ва тўлиқ бажарилиши таъминланишига қаратди.
Жумладан, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Икрамовнинг “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ахбороти эшитилди. Парламент эшитувида Давлат дастурини амалга ошириш натижасида эришилган ютуқлар, ижобий кўрсаткичлар, йўл қўйилган камчиликлар муҳокама қилинди ҳамда Қонунчилик палатасининг тегишли қарори орқали мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича таклифлар, тавсиялар берилди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси қонунларни муҳокама қилиш жараёнида парламентдаги Демократик кучлар блокига нисбатан мухолифат сифатида берилган ҳуқуқ ва ваколатлардан тўлиқ фойдаланиб келмоқда. Хусусан, 2016 йилда “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонуннинг 28-моддасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси юзасидан фракциянинг ўз қараши ва ёндашуви мавжуд бўлганлиги боис ушбу қонуннинг муқобил таҳрири тайёрланиб, Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун киритилди. Гарчи мазкур қонун лойиҳаси ялпи мажлис иштирокчилари томонидан тўла қўллаб-қувватланмаган бўлсада, унда илгари сурилган таклифни асосий қонун лойиҳасига киритиш тавсия қилинди. Аҳамиятлиси, бу қонун лойиҳаси мухолиф фракция томонидан ишлаб чиқилиб, муҳокамага киритилган биринчи ҳуқуқий ҳужжат сифатида миллий парламентимиз тарихига муҳрланди.
Ҳисобот йилида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун лойиҳалари муҳокамаси юзасидан фракциялараро мунозараларда ҳам партия депутатлари муносиб иштирок этди. Хусусан, “Адолат” СДП фракцияси бир қатор қонун лойиҳалари бўйича ўз позициясидан келиб чиққан ҳолда алоҳида таклифлар киритди. “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”, “Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида” ва “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг янги таҳрирлари ҳамда “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонуннинг 20-моддасига қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари юзасидан фракциянинг алоҳида муносабатлари билдирилди.
Бундан ташқари, партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик корпуси ҳам электорат ва сайловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали фаолият олиб борди. Жумладан, 2016 йил мобайнида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят ва Тошкент шаҳар Кенгашлари сессияларида кўриб чиқиш учун Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари томонидан 16 та масала киритилиб, доимий комиссиялар мажлисларида 39 та таклиф кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг барчаси бўйича тегишли қарорлар қабул қилинган. Сессияларда 24 маротаба мансабдор шахсларнинг ҳисоботлари эшитилди ва жойлардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклиф-тавсиялар киритилди. Сайловчилар мурожаатлари ҳамда жойларда аҳоли билан ўтказилган учрашувларда кўтарилган мурожаатлардан келиб чиқиб, партия депутатлари томонидан турли масалалар юзасидан жами 800 дан ортиқ депутатлик сўровлари юборилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди.
Шунингдек, матбуот анжуманида партия ташкилотлари ва депутатлик гуруҳлари томонидан ўтган йил мобайнида етарлича фойдаланилмаган имкониятлар ҳамда йўл қўйилган айрим камчиликлар ҳам санаб ўтилди.
— Ўтган йилдаги фаолиятимизга танқидий кўз билан қараб, холис баҳо берадиган бўлсак, олдимизга қўйган барча режа ва мақсадларимизни тўлиқ охирига етказа олдик, дея олмаймиз, — деди партия Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари А.Раҳмонов. — Айниқса, биз барча партиявий лойиҳаларимизни ҳаётга тўлақонли татбиқ этишда муайян камчиликларга йўл қўяётганимизни ҳам очиқ тан олишимиз зарур. Бунга сабаб сифатида ҳудудий партия ташкилотларимизнинг барчаси ҳам бирдек фаоллик кўрсата олмаётганини ёки маҳаллий вакиллик органларидаги депутатлик гуруҳларимиз ўз ваколатларидан тўлақонли фойдалана олмаётганини кўрсатишимиз мумкин. Шундан келиб чиқиб, ўтган йил партиявий фаолиятимизда йўл қўйилган камчиликлар ҳамда охирига етказилмай қолган ишлардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда, уларни бартараф этиш бўйича 2017 йилги иш режаларимизда аниқ чора-тадбирларни белгилаганмиз.
Хусусан, жорий йилги режаларимизда асосий эътибор Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги “Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак” номли маърузасидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси олдида турган долзарб вазифаларга қаратилган. Яъни жорий йилда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг барча даражадаги тузилмалари томонидан фуқаролар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, аҳолининг орасига янада чуқурроқ кириб бориш ҳамда жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиб, мавжуд муаммоларга ечим топишга эътибор қаратилмоқда. Айни шу мақсадда яқинда партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари ҳузурида “Адолат” қабулхоналари жорий этилди. Қолаверса, партия веб-сайтида “Адолат” виртуал қабулхонаси ҳам иш бошлади.
Сайловолди дастуримизда илгари сурилган мақсад-вазифаларни амалиётга босқичма-босқич татбиқ қилиш, сайловчиларга берган ваъдаларимиз устидан чиқишга қаратилган чора-тадбирлар ижроси ҳам барча даражадаги партия тузилмаларининг диққат марказида бўлади.
Жумладан, жорий йилда “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий ҳамкорлик тўғрисида”ги ва “Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда олинган таклифлар асосида мазкур қонун лойиҳаларини такомилига етказиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишни партия фракцияси ўзининг қонун ижодкорлиги йўналишидаги асосий мақсади этиб белгилаган.
Шу билан бирга, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Соғлиқни сақлаш вазири А.Икрамовнинг “Аҳолини арзон ва сифатли дори воситалари билан таъминлаш ҳолати ва истиқболлари тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазири Р.Қосимовнинг “Мамлакатни тараққий эттириш ва модернизация қилиш шароитида юқори малакали кадрлар тайёрлаш истиқболлари тўғрисида”ги ахборотларини эшитиш режалаштирилмоқда.
Қолаверса, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракат стратегияси лойиҳасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлашда фаол иштирок этиш ҳам партиянинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлик корпуси олдида турган энг муҳим мақсадлардан саналади.
Умуман, 2017 йилда партиянинг ижтимоий лойиҳаларини ҳаётга кенг жорий қилиш, амалий саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш, қабул қилинажак “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросига партиянинг барча тузилмалари, депутатлик гуруҳлари ва фаолларининг куч, имкониятларини сафарбар қилиш белгиланган.
Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари вакилларини қизиқтирган саволлар юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Ё.Холиёров, А.Бурхонов, партия “Аёллар қаноти” Кенгаши раиси З.Ботирова, партия Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати бўлим мудирлари ва бошқаларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
муаммоларни ҳал этиш тартиби сессия қарори билан мустаҳкамланди
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси  ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлигига кўрсатилган номз...
01 янв 1970
Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимининг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қи...
01 янв 1970
Юртимизда сўнгги йилларда миллий ҳуқуқ тизимида кўлами ва моҳияти нуқтаи назаридан ислоҳотларнинг янги даври бошланди. ...