Жасоратга йўғрилган йиллар

/
Оддий одамлар орасида
Жорий йилнинг 27 ноябрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.
Қарорда Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг она Ватанимиз мустақиллиги, эл-юртимиз равнақи йўлидаги улкан тарихий хизматларини инобатга олиб ҳамда у кишининг хотирасини абадийлаштириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш мақсадида қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Биринчи Президентимиз ҳар дақиқада халқнинг фикрини илғашга, дардига дармон бўлишга интилди. 1998 йилнинг июнь ойида жойлардаги аҳвол билан танишиш мақсадида Андижон вилоятига сафар қилганида маҳаллий раҳбарлар учун ғайритабиий бир ҳол рўй берди. Эндигина самолётдан тушган Президент пахта пайкаллари ёнидан ўтган йўлда кетаётиб тўхташ ишорасини қилди. Вилоят раҳбарларининг боши қотган: ахир, бу ерда тўхташ кўзда тутилмаганди-ку.
Юртбошимиз сертупроқ эгатларни босиб ғўзага ишлов бераётган деҳқонлар томон ошиқди. Бу ерда ҳеч ким Президентни кутмаган эди. Юртбоши одамлар билан самимий суҳбат қурганида ҳар қачонгидан яйраб кетди.
Дийдорлашув сўнггида деҳқонлар Президентга лутф қилишди:
– Даламизга келибсиз, энди битта анжанча ош қилайлик.
– Раҳмат, озроқ шошиб турувдик, ош тайёр бўлганда бошқа гап эди... – деб жавоб қилди Юртбоши.
– Келишингизни олдиндан билмадик-да, бўлмаса ошни дамлаб қўярдик.
Самимийлик уфуриб турган бу мутойибага Президент шундай нуқта қўйди:
– Сизларни харажатга туширмайлик деб, олдиндан хабар қилмовдик.
Дала бўйлаб кулги янгради. Бу сўзларни фақат халқнинг оддий ҳаётидан хабардор, халқнинг ичидан чиққан одамгина айтиши мумкин.
Сафарнинг кейинги манзилларида ҳам Президент оддий одамларнинг турмуши қандай кечаётганлиги, қозонига нима тушаётганлиги билан астойдил қизиқди. Ҳақиқий ҳаётни билиш, халқнинг қалбида қат-қат ётган орзуларнинг рўёбга чиқиши, эл-юрт оғирини енгил қилишга қаратилган фармон ва қарорлар бевосита улус ҳаётини англашдан келиб чиқмаганми?
Президентимиз вилоятларда ўтказилган сессияларда масала моҳиятини таҳлил қилишда оддий одамлар нуқтаи назаридан мулоҳаза юритарди: “Юртимизда сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий соҳаларда амалга оширилаётган оламшумул ўзгаришлар, ҳеч шубҳасиз, катта аҳамиятга эга, – дейди давлатимиз раҳбари вилоятлардан бирида бўлиб ўтган сессиядаги нутқида. – Лекин оддий одам бу ўзгаришларни кундалик турмушида, ўз дастурхонида, яқинлари, дўсту биродарларининг ҳаёти мисолида кўрмаса, барча қилган ишларимиз беҳуда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Шу маънода, биз нимаики қилмасак, қандай вазифада ўтирмасак, барчамиз ана шу аччиқ ҳақиқатнинг мағзини, таъбир жоиз бўлса, тўққиз пулдай чақиб, тушуниб, англаб олишимиз керак”.
Келинг, шу ўринда Президентнинг оддий одамлар даврасида кечган воқеалардан айримларига эътибор берайлик. Тошкентнинг Халқлар дўстлиги майдонида Наврўз байрами давом этарди. Ҳамманинг кўзи саҳнада. Ўнг чеккада эса қўлига ҳасса таянган отахон томоша қилиш учун қулайроқ жой тополмай лол-ҳайрон турарди. Кўксидаги шода-шода жанговар нишонлари уруш қатнашчиси эканлигини билдириб турибди. Лекин ҳеч ким бу озор чекиб турган оқсоқолга эътибор бермасди.
Шу пайт Президентимиз Ислом Каримов ўрнидан туриб, тўғри у кишининг қўлини олди-да, минбарнинг ўртасидаги мўътабар отахонлар ўтирган каравотга таклиф қилди. Бу меҳрибонликдан атрофдагиларнинг баҳри-дили янада очилиб кетди. Юртбошининг эътибори туфайли оқсоқол томошани кўрпачада ўтириб кузатди.
– Мендай оддий қарияга шунчалар меҳрибонлик кўрсатган Президентимиз омон бўлсин, – деб дуо қилди собиқ жангчи.
1993 йил 9 декабрнинг тонг саҳарида Ўзбекистон Республикаси Президенти Тошкентнинг “Дўмбиробод” маҳалласида яшовчи оддий ҳайдовчи Фарҳод Маматов хонадонига ташриф буюриб, қутлуғ кунда тўй эгаларини самимий табриклади.
Ўттиз икки йилдан буён ҳайдовчилик касбидан барака топиб келаётган Фарҳод Маматов учинчи ўғли Шавкатни уйлантириш режасини тузиб келарди. 8 декабрь куни мустақил Ўзбекистон Конституцияси шодиёнаси нишонланган бўлса, эртаси куни Маматовлар хонадонида тўй-тантана бошланди.
— Тўйга ташриф буюрган меҳмонлар бизни қўшалоқ байрам билан қутлашди, — дейди Фарҳод Маматов. — Ҳур диёримизнинг Конституцияси қабул қилинган шундай қутлуғ айёмда Шавкатжоннинг никоҳ тўйи муносабати билан табрикларни қабул қилиб олдик. Хонадонимизнинг азиз меҳмонлари сафида Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов ҳам бўлганлари бутун маҳалла-кўйни, қариндош-уруғларимизни хурсанд қилиб юборди. Мендек оддий ҳайдовчининг уйига шундай мўътабар инсон, юртимиз отаси ташриф буюрганидан қувончим бутун оламни тутди. Президентнинг бу одамийлигидан улуғ инсонлар ҳамиша камтар, меҳнаткашга қайишадиган бўлишига яна бир бор ишонч ҳосил қилдим.
Ислом Каримов 1989 йилда Ўзбекистон Республикасининг янги сайланган раҳбари сифатида Қорақалпоғистонга, Мўйноққа боради. Орол фожиаси оқибатида рўй берган оғир экологик ҳолатга қарамасдан, туғилган ерига меҳри туфайли шу заминда сабот билан яшаётган Мўйноқ халқининг ҳаёти билан атрофлича танишади. Вазиятни чуқур ўрганиб, одамлар билан суҳбатлашиб, қийинчиликларни енгиш йўлларини маҳаллий халқ билан муҳокама қилади. Бу гапларга гувоҳ бўлган овул оқсоқоли Президент Мўйноқдан кетгач, овулдошларига: “Ҳойнаҳой, бу одам қорақалпоқ бўлуви керак”, – деган экан. Нега бундай деяпсиз, деб сўрашса, “Қорақалпоқ бўлмаган одам бизнинг ҳаётимиз ҳақида бунчалик жон куйдирмайди”, дебди. Шу таърифнинг ўзи Ислом Каримов портретига муносиб чизги бўла олади.
Ислом Каримовнинг вилоятларга сафари моҳиятини, назаримда, “оддий одамлар орасида” деган уч сўз аниқ ифодалайди.
Президентнинг ҳам давлат раҳбари, ҳам инсон сифатида мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида амалга оширилаётган ислоҳотлар ташаббускори, ташкилотчиси, тақдирдоши эканлигини назарда тутсак, сафардан кўзда тутилган мақсад – қишлоқда ислоҳотлар жараёни, оддий одамлар турмуши билан янада яқинроқ танишиш эканлиги ойдинлашади.
“Яшаб турган жойидаги осойишталик учун ҳар бир раҳбар, ҳар бир фуқаро, бутун жамоатчилик масъулдир”, дейди Президент. Ичимиздан чиққан ақли қосирлар, қалби мажруҳлар бўлмаса, бизни четдан келиб ҳеч ким енголмайди. Пировардида, бу фикрни оддий одамларга, деҳқонларга яқин тилда тушунтиради: ғалла бажарилмаса кечириш мумкин, пахта бажарилмаса кечириш мумкин, лекин тинчликни сақлашдаги лоқайдликни кечириб бўлмайди!
Дарҳақиқат, тинчлик бўлса, деҳқон даласига “қўш” чиқаради, бамайлихотир уруғ қадайди, рўзғорига қут-барака киради. Олтиндек товланиб ётган ғаллазорлар, ям-яшил пахта пайкалларида одатий юмушлар билан банд одамларни кўрган киши бу ҳақиқатга яна бир бор амин бўлиши, шубҳасиз.
Қамаши тумани “Чим” ширкат хўжалиги механизатори Жўрахон Маллаев қорувли, ишлаб чарчамайдиган йигит.
– Йигирма беш йилдан бери механизатор бўлиб ишлайман, – дейди у. – Икки йилдан бери “Кейс” ҳайдайман. Жоннинг ҳузури экан. Кабинаси озода, салқингина. Радиоси сайраб туради. Юзталар канали боров. Ҳар куни ўн соатлаб ишлайман. 30-35 гектар майдонда ғалла ўраман. Чарчаш нима, билмайман. Шамолми-тўзонми, ишлайвераман.
Жўрахон бу гапларни Президент “Кейс”га чиқиб, ўримда иштирок этганидан аввал айтиб берди. Президент комбайндан тушгач, Жўрахон Маллаев, шоирона қилиб айтганда, “тулпор”ини ғаллазорнинг нариги четига ҳайдаб кетди. Офтоб нури “Кейс” кабинасининг ойналарида ярақлайди, кўзни қамаштиради, гўё қуёш далада порлаб тургандай...
Ҳаёт шуни кўрсатаяптики, деҳқонни мажбурлаб далага ҳайдаш, буйруқбозлик, зўравонлик қилиш замони батамом ўтиб кетди. Бугун энди деҳқоннинг ўзи далага чиқаяпти. Ислоҳотлар даврида эришган энг катта ютуғимиз – одамларимизда ўз кучига, келажакка қатъий ишонч пайдо бўлди.
Президентимиз иқтисодий-ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, ислоҳотлар жараёнини жадаллаштириш хусусида сўзлаганида, илгарилари ҳам таъкидлаган уч даъват – барча тоифадаги раҳбарлар, айниқса, ёшлар учун интилиш, изланиш ва ташаббус ҳаётий маслак бўлиши зарурлигини янги ғоялар, таассуротлар билан бойитиб, яна бир бор ўртага ташлаганди.
Биринчи даъват – интилиш. Ҳар бир одам бу ҳаётда яхши яшасам, бошқалардан орқада қолмасам, дейди. Бунинг учун доимий интилиш бўлиши лозим. Одам бир нарсага эришмоқчи бўлса, белни маҳкам боғлаши, курашчан бўлиши керак.
Иккинчи даъват – изланиш. Янги ҳаёт қураяпмиз. Мақсадимиз тараққий этган мамлакатлардан кам бўлмаслик. Демак, авваламбор, биз уларнинг тажрибасини ўрганишимиз, уларни ўзимизнинг бой анъаналаримиз, қадриятларимиз билан узлуксиз уйғунлаштириб боришимиз зарур.
Шонли ўтмишимиз билан фақат фахрланиб қолмай, яратиш, бунёдкорлик йўлидан бориш – бу бизнинг мақсадимиз. Инсонда орият бўлиши керак. Кимгадир боқиманда, кимгадир муте бўлиб яшаш бизнинг табиатимизга тўғри келмайди.
Учинчи даъват – ташаббус. Ўз-ўзига маҳлиёлик, озгина ютуқлар билан кифояланиб қолиш ақлни ўтмаслаштириб, иймонни сустлаштириб қўяди. Одам ҳаётдан қониқмаслиги, тўғрироғи, ҳаётдан эмас, ўзидан норозилик туйғуси билан яшаши лозим: бошқалар яхши яшаяпти, мен-чи?
Ташаббус тадбиркорлик билан баробар. Ташаббус тадбиркорликка айланса ва қачонки ижобий самара берса, бу қўллаб-қувватлашга лойиқ фазилатдир.
Дарҳақиқат, ёшлик – интилиш, изланиш, ўзини намоён этишга кучли иштиёқ фасли. Буни Шўртан газ-кимё комбинати қурилишида меҳнат қилаётган ёшлар мисолида кўриш мумкин.
Илгари бундай иншоотлар тўғрисида фақат орзу қилар эдик, энди эса улар рўёбга чиқмоқда. Сизларнинг очиқ чеҳрангизга қараб, танлаган йўлимиз тўғри эканлигига яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин, деган эди Йўлбошчимиз. Биринчи Президентимизнинг оддий одамлар билан ҳар бир суҳбати ана шундай куюнчаклик билан, халқимиз фаолиятини улуғлаш билан ўтарди.
Ислом Каримов оддий одамлар орасида ҳамиша яйраб-яшнаб кетарди. Уларнинг юз-кўзларида, гап-сўзларида ўзи бошлаган ислоҳотларнинг самарасини кўрса, улар тимсолида эл-улуснинг розилигини сезса, қувончга тўларди. Аслида Юртбошининг кундалик фаолияти, ғайрат-шижоати, саъй-ҳаракати шу одамларнинг бахту иқболи, фаровон ҳаётига қаратилганди. Шу боис оддий одамлар ўз тақдирларини давлат раҳбари ҳаётидан айри ҳолда тасаввур этолмасди.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, азал-азалдан таълим-тарбия инсониятнинг энг яхши хусусиятлари, олижаноб мақсадлари, беқиёс маънавияти, илмий тафаккурини ўзида уйғунлашти...
01 янв 1970
Асрлар оша яшаб келаётган миллий ва умумбашарий қадриятларни менсимаслик, ахлоқ ва ҳуқуқ нормаларига нисбатан беписандлик кишини ўзлигидан бегонала...
01 янв 1970
Рамазони шариф диёримизда ҳар қачонгидан-да файзли ва тароватли ўтди.
01 янв 1970
Мамлакатимизда кенг нишонланаётган Хотира ва қадрлаш куни мазмун-моҳиятида ана шундай эзгу тамойиллар мужассам....