Олимлар меҳнати муносиб рағбатлантирилди

/
Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ва АҚШнинг «Clarivate Analytics» компанияси ҳамкорлигида жаҳон илм-фани ривожига муносиб ҳисса қўшаётган фаол ва изланувчан олимларни тақдирлашга бағишлаб ўтказилган тадбирда вазирлик ва идоралар, олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, илмий ходимлар, профессор-ўқитувчилар, ёш олимлар иштирок этди.
Эътироф этилганидек, мамлакатимизда илм-фанни ривожлантириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, илғор технологияларни кенг татбиқ этиш, олимларнинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон олимларининг ўзига хос байрамига айланган мазкур тадбирда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров сўзга чиқди.
— Илм-фан соҳасини ривожлантириш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишлардан бири ҳисобланади, — деди Н.Умаров. — Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлик фаолиятининг илк кунларида республикамиз илмий жамоатчилиги, академиклар, профессор олимлар билан учрашгани бежиз эмас. Ўша учрашувда республикамиз илм-фани ҳамда таълим тизимининг бугунги ҳолати ва эртанги истиқболи билан боғлиқ бир қатор масалалар кўтарилган эди. Ўтган давр мобайнида давлат раҳбарининг илм-фан соҳасини босқичма-босқич ислоҳ қилишга қаратилган бир қатор қарор ва фармонлари қабул қилинди.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда интеллектуал меҳнат бирламчи аҳамият касб этиб, жаҳон бозорида илмий рақобатнинг кескинлиги тобора ортиб бораяпти. Ана шундай шароитда мамлакатимизни замонавий инновацияларни кенг қўллаш асосида ривожлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сайловолди дастурида инновацион технология ва ишланмаларни тараққий эттириш масалалари мамлакатимизда илм-фан ва илмий тадқиқотлар ривожланишига, уларнинг қўллаб-қувватланишига узвий боғлиқ, деб ҳисоблаб, инновацион фаолиятнинг меъёрий-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш, шу жумладан, илм-фан соҳасига оид қонунларни қабул қилиш каби устувор ғоялар илгари сурилган. Партия томонидан “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилиш бўйича берилган таклиф Ўзбекистоннинг ривожланиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидан ўрин олгани ҳам унинг нақадар долзарб эканлигидан далолат беради.
Эндиликда Фан ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорликда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кенг жамоатчилик, хусусан, партия электорати саналган олимлар, соҳа мутахассислари томонидан чуқур муҳокама қилинмоқда.
Умуман, мамлакатимиз ўз олдига саноати юқори даражада ривожланган, иқтисодиёти фан-техника ютуқлари ва инновацияга асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришни мақсад қилиб қўйган экан, барча соҳаларга, шу жумладан, фан-таълим соҳасига ҳам замонавий, инновацион технологиялар жорий қилиниши замон талаби ҳисобланади.
Юртимизда илк бор ўтказилаёган мазкур тадбир ҳам замонавий талабларга жавоб берадиган илмий-тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга, ёш илмий кадрларни бу жараёнга кенг жалб этиш ва юқори натижаларга эришган олимларни рағбатлантиришга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг фармойишига асосан, АҚШнинг «Clarivate Analytics» компаниясининг “Web of Science” халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасига жорий йилнинг 1 июлидан мамлакатимиз ҳам обуна бўлди. «Clarivate Analytcs» компанияси турли давлатларда йилнинг энг яхши фан етакчиларини аниқлаш мақсадида танлов эълон қилиб, энг яхши натижаларга эришган, “Web of Science” халқаро базасига мақолалари киритилган олимларни рағбатлантириб келади.
Номзодлар мамлакатимиздаги олий таълим ва илмий муассасаларда фаолият юритаётган олимлар ҳисобланади. Уларнинг илмий ишлари “Web of Science” халқаро илмий-таҳлилий электрон маълумотлар базасига кирган илмий нашрларда сўнгги 10 йил ичида чоп этилган илмий мақолаларнинг сони ва улар ҳақида билдирилган фикрлар асосида баҳоланди.
Тақдирлаш маросимида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринни қўлга киритган олимлар моддий рағбатлантирилди. «Энг яхши аёл тадқиқотчи», «Энг яхши ёш олим», «Энг яхши илмий журнал», «Энг яхши олий таълим муассасаси», «Энг яхши илмий-тадқиқот муассасаси» номинациялари бўйича ғолиблар фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
— Дунёда ҳар бир давлатнинг нуфузини белгилайдиган энг муҳим мезонлардан бири, бу унинг илмий салоҳияти, илм-фан нечоғлик тараққий этганлиги билан ҳам белгиланади, — дейди “Science leader ” тақдирлаш маросимининг 2-ўрин соҳиби Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Физика-техника институти докторанти Ҳусниддин Олимов. — Давлатларнинг илмий салоҳияти эса дунёнинг энг нуфузли илмий журналларида чоп этилган илмий тадқиқот натижалари билан ўлчанади.
Мамлакатимизда биринчи маротаба ташкил этилган ушбу тақдирлаш маросими келгусида ёш олимларимизни янада кўпроқ илмий изланишлар олиб бориш ҳамда уларнинг натижаларини дунёнинг тан олинган илмий журналларида чоп эттиришга ундайди.
Фанлар академиясининг Астрономия институти етакчи илмий ходими Аҳмаджон Абдужабборов астрономия соҳасида самарали фаолият юритаётган ёш, изланувчан олимлардан бири. У астрофизика соҳасида нафақат мамлакатимиздаги, балки Германия, Чехия, АҚШ, Хитой сингари давлатларнинг нуфузли илмий муассасалари тадқиқотчи олимлари билан ҳам ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бормоқда. Ёш олимнинг 40 дан ортиқ илмий мақолалар жаҳоннинг етакчи илмий журналларида чоп этилган. Олимнинг изланишлари юқори баҳоланиб, тадбирда “Энг яхши ёш олим” номинациясида ғолиб, деб топилди. Шунингдек, ёш олимга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан “Ёш оилаларга мўлжалланган” имтиёзли ипотека уйи совға қилинди.
– Бугунги тадбир ҳам юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир намунасидир, – дейди А.Абдужабборов. – Бизга яратилган чексиз имкониятлар нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда илмий салоҳиятимизни намоён этишимизга замин яратмоқда. Билдирилган ишончни оқлаб, келажакда астрофизика соҳаси бўйича аждодларимизга муносиб издош бўлишга ҳаракат қиламиз.
“Гелиотехника” журнали “Энг яхши илмий журнал” номинацияси ғолиби, деб топилди.
— Журналимиз 1965 йилда Фанлар академияси томонидан таъсис қилинган бўлиб, ҳозирда Ўзбекистон ва АҚШда нашр қилинади, — дейди “Гелиотехника” журнали масъул котиби, техника фанлари номзоди Нилуфар Авезова. — Нашримиз бугунги кунда дунёнинг кўзга кўринган журналлари қаторида ўз ўрнига эга бўлиб, унда 100 дан ортиқ давлатлар олимларининг қуёш энергиясидан фойдаланиш бўйича энг долзарб ва маълум натижага эришган илмий тадқиқотлари ҳақида мақолалар чоп этилади. Журналимизда нашр этиладиган мақолаларнинг 40 фоизини ўзбекистонлик олимларнинг мақолалари, қолган қисмини эса АҚШ, Хитой, Ҳиндистон, араб мамлакатлари, Жанубий Америка давлатлари олимларнинг илмий ишлари ташкил этади. Бугунги ютуғимиз илмий жамоамизни янги-янги изланишлар сари илҳомлантиради.
— Бугун биз, олимлар учун жудаям унутилмас ва ҳаяжонли кун бўлди, — дейди “Энг яхши аёл тадқиқотчи” номинацияси ғолиби Республика Терапия ва тиббий реабилитация маркази директор ўринбосари, тиббиёт фанлари доктори Умида Камилова. — Ҳозирги кунга қадар 800 дан ортиқ илмий ишларим мавжуд бўлиб, улардан иккитаси бўйича республикамизда патент олишга муваффақ бўлганман ва 37 та тадқиқотимни дунё илмида катта аҳамиятга эга бўлган мақолалар ташкил этиб, “Web of Science” тизимида чоп этилган. Албатта, илмий мақолаларимнинг асосий йўналиши тиббиёт соҳасига бағишланган бўлиб, миокард инфарктни ўтказган беморларда кейинчалик вужудга келиши мумкин бўлган сурункали юрак етишмовчилигини эрта аниқлаш ҳамда даволаш чораларини оптималлаштиришга қаратилган. Бу касалликнинг олдини олиш нафақат юртимиз, балки бутун дунё учун долзарб аҳамиятга эга. Жорий йилда Россия Федерациясининг Профилактик тиббиёт илмий маркази билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бордик. Бу борада олиб борган ишларимизнинг натижалари бўйича 2016 йилда Италияда, 2017 йилда Барселонада бўлиб ўтган Европа кардиологлари конгрессларида ҳам маъруза қилиниб, чоп этилди. Айни шу илмий изланишларим натижасида Европа кардиологлари жамиятига ҳақиқий аъзо сифатида қабул қилиндим. Бугунги кунда илмий ишларимизнинг амалий натижаси сифатида сурункали юрак етишмовчилиги профилактикасига қаратилган ишлар мамлакатимизнинг барча вилоятларидаги кўп тармоқли тиббиёт марказларида ҳамда туман поликлиникаларида ҳам амалиётга жорий қилинмоқда.
Тадбирда барча ғолибларга ташкилотчилар ҳамда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Юртимиз олимларининг ўзига хос байрамига айланган тадбирда санъаткорлар томонидан ижро этилган мусиқали чиқишлар ва бошқа кўнгилочар дастурлар иштирокчиларга байрамона кайфият бахш этди.
Мурод ОДИЛОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наврўз эшик қоқмоқда. Фасли навбаҳор яқин, унинг тароватли эпкинлари эса бошлади....
01 янв 1970
Аёллар орасида ўзи дунёга келтирган норасидасини пулга сотаётганлар учраётганини эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Афсуски, орамизда баъзида шундай кимсал...
01 янв 1970
Бугунги кунда Бухоро вилоятида қўшилган қиймат солиқ тўловчилари 2 054 тани ташкил этади....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ташкилотлари томонидан жойларда учрашув ва тадбирлар ўтказилди....