Тажриба, сабоқлар, ютуқлар партия тизимида оммалашмоқда

/
Газетамизнинг ўтган сонида хабар қилганимиздек, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан жорий йилнинг 23-24 ноябрь кунлари Навоий вилоятида “Маҳаллий Кенгашларда партия позицияси ва электорат манфаатларини ифода этишнинг долзарб масалалари” мавзусида республика ўқув-семинари ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий ташкилотларининг масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, фаоллар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этишди. Тадбирнинг биринчи кунида иштирокчилар Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий шаҳар ва Кармана туман кенгаши, тумандаги “Талқоқ” МФЙдаги “Адолат қабулхонаси” ҳамда “Grant-farm — Karmana” хусусий корхонаси, вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази қошидаги бошланғич партия ташкилотлари фаолияти, шарт-шароитлар ва иш тажрибалари билан танишдилар. Ўқув-семинар қатнашчилари халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг намунали сессиясида қатнашиб, ушбу сессияга масала киритган партия депутатлик гуруҳининг депутатлар билан ишлаш жараёнларини яқиндан ўргандилар. Партия депутатлари ташаббуси билан сессияга “Кармана туманида ўқимайдиган, ишламайдиган, тайин машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан” масала киритилганлиги эътиборга молик.
Навоий шаҳридаги “Ёшлар маркази”да давом этган ўқув-семинарнинг иккинчи иш куни ҳам фойдали фикр алмашувларга бой бўлди. Семинарда маҳаллий вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолияти самарадорлигини янада оширишга доир маърузалар тингланиб, бу борадаги мавжуд ҳолат, ютуқ ва камчиликлар атрофлича таҳлил этилди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан ҳамкорлигини янада кучайтириш, сиёсий партия тизимида бошқарув, иш юритиш, ижро интизоми, депутатлар билан ишлаш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил этиш, партия лойиҳаларини амалга оширишда депутатлик гуруҳларининг роли ва масъулияти каби масалалар иштирокчиларнинг диққат марказида бўлди.
Семинарни Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Абдукамол Рахмонов кириш сўзи билан очди ва олиб борди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида сиёсий партиялар фаолияти алоҳида ўрин тутади. Айниқса, Президентимизнинг жорий йил 12 июлда парламент палаталари, сиёсий партиялар, Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидан сўнг партиялар фаоллиги ва ташаббускорлиги тубдан кучайди. Айниқса, ҳудудларда кўзга ташланаётган турли соҳаларга оид муаммоларга ечим топиш, аҳолини ўйлантираётган долзарб масалаларни ҳал этишда партия ташкилотлари ҳамда улардан сайланган халқ вакилларининг ўрни ва роли муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур ўқув-семинардан кўзланган мақсад ҳам маҳаллий Кенгашларда аҳоли, хусусан, сайловчилар ҳамда электорат манфаатларини таъминлашнинг долзарб вазифаларини муҳокама этиш, бу борада фаол бўлган ҳудудий партия кенгашлари тажрибасини оммалаштиришдан иборатдир.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шуҳрат Яқубов электорат манфаатларини самарали таъминлаш, энг аввало, мамлакатда қабул қилинаётган муҳим ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, қонунлар орқали амалга оширилишини таъкидлар экан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг электорат манфаатларидан келиб чиқиб, қонун ижодкорлиги борасида олиб бораётган фаолиятига тўхталиб ўтди.
— Эътиборлиси, сўнгги йилларда қабул қилинган ва муҳокама этилаётган барча қонун лойиҳаларида фракция аъзолари ўз ташаббус ва таклифлари билан фаол иштирок этишмоқда, — деди Ш.Яқубов. — Шу билан бирга, маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари зиммасида ҳам бу борада катта масъулият борлигини айтиш жоиз. Сабаби, маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳар бир ҳудуддаги шарт-шароитлар, қонун ҳужжатлари қай даражада амал қилаётганлиги билан яқиндан танишиб боришади, улар электорат билан ҳамнафас ишлайдилар. Бинобарин, яна қандай ҳуқуқий меъёрларга эҳтиёж пайдо бўлаётганлиги, қонунчиликдаги бўшлиқлар амалиётда кўзга ташланади. Партия фракцияси аъзоларининг сайлов округларидаги учрашувларда ўртага ташланган масалалар охиригача ҳал этилишида ҳам ҳудудий партия ташкилотлари ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг назорат қилиш функцияси биз учун муҳим саналади.
Маълумки, депутатнинг асосий ваколатларидан бири депутатлик сўрови билан боғлиқ. Ўқув-семинарда мутасадди ташкилотлар раҳбарларига киритилган депутатлик сўровлари устидан самарали назорат ўрнатиш ҳамда аниқ натижаларга эришиш, маҳаллий Кенгаш доимий комиссиялари ҳамда сессияларга долзарб муаммолар юзасидан киритиладиган масалаларни тайёрлаш учун ўтказиладиган ўрганиш ва таҳлиллар, сессия қарорлари ижросини таъминлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳақида батафсил фикрлашиб олинди. Тадбир иштирокчилари амалдаги қонунлар, Президентимизнинг фармон ва қарорлари, ҳукумат қарорлари ва бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан назорат ўрнатишга доир долзарб масалаларни муҳокама этишди.
Шунингдек, депутатлар ўз фаолиятини талаб даражасида ташкил этиши борасида мавжуд муаммолар ҳам назардан четда қолмади, бу хусусда бир қатор амалий таклифлар ўртага ташланиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди. Партия ташкилотлари ва депутатлар ўртасидаги ҳамкорлик, партия лойиҳаларининг амалиётга татбиқ этилишида депутатлар олдида турган вазифалар ҳақида батафсил сўз юритилди. Навоийлик партиядошларимизнинг дастурий мақсад-вазифаларимиз, ҳудуддаги шарт-шароит ва мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари сессияларига масала киритишга доир тажрибаси атрофлича ўрганилди.
Вилоят партия кенгаши раиси, халқ депутатлари Навоий шаҳар Кенгаши депутати Рустам Ҳайитовнинг “Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида белгиланган устувор йўналишлар бўйича масалаларни маҳаллий Кенгаш сессияларига киритишда амалий тажрибалар” мавзусидаги маърузаси ҳам иштирокчиларнинг диққатини жалб этди.
Р.Ҳайитов партиянинг вилоят, туман ва шаҳар ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳлари томонидан партиявий лойиҳалар доирасида ўтказилган тадбирлар, сайёр қабуллар депутатлар учрашувларида кўтарилган масалалар, “Адолат қабулхоналари”га келиб тушган мурожаатлар асосида муаммолар ўрганилиб, таҳлил ва хулосалар дастлаб депутатлик гуруҳлари йиғилишларида атрофлича кўриб чиқилиши, шундан келиб чиқиб, тегишли доимий комиссиялар ҳамда сессияларга масалалар киритилаётганини қайд этди.
— 2017 йил давомида вилоятдаги партия депутатлик гуруҳлари томонидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессияларига 19 та масала киритилиб, уларда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинишига эришилди, — деди Р.Ҳайитов. — Муҳими, мазкур қарорларнинг ижроси назоратга олинди. Партиямизнинг бир қатор лойиҳалари доирасида сессияларда кўриб чиқилган “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолати”, “Маҳаллаларда фуқаролар ва мансабдор шахсларнинг ички йўлларга оид қонунчиликка риоя этиши”, “Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тизими (тез тиббий ёрдам, патронаж хизмати, оилавий поликлиника ва ҚВПлар фаолияти) билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш, уларни бартараф этиш” ҳолатлари каби масалалар электорат, умуман, ҳудуд аҳолисининг қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда амалий аҳамият касб этди.
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти вилоят бўлими масъул ходими Тўлқин Алиқулов ўз маърузасида “Сиёсий партия тизимида бошқарув, иш юритиш, ижро интизоми, депутатлар билан ишлаш: талаб ва таҳлил” мавзусига мутахассис нуқтаи назаридан ёндашиб фикр юритганлиги иштирокчиларнинг диққат-эътиборини тортди.
Тадбирда халқ депутатлари Хатирчи туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Муҳаммад Эшниёзовнинг дастурий мақсад ва ғояларимизни аҳолининг кенг қатлами орасида тарғиб қилишда ушбу депутатлик гуруҳи иш тажрибаси ҳақидаги маърузаси ҳам кўпчиликда қизиқиш уйғотди.
Куннинг иккинчи ярмида семинар қатнашчиларининг Навбаҳор туманидаги “Ўзбекистон” маҳалласида бўлиб ўтган учрашуви ҳам қизғин мулоқотларга бой бўлди. Халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи томонидан тумандаги уюшмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилиши давомида ушбу маҳаллада бу борада муаммолар мавжудлиги аниқланди. Маълум бўлишича, ушбу маҳаллада ўқимайдиган, ишламайдиган, тайин машғулотга эга бўлмаган ёшлар 27 нафарни ташкил этади. Партия депутатлик гуруҳининг ушбу масала бўйича давом этаётган ўрганишлари, умуман, бу борада ҳали бир қанча қилинадиган ишлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Маҳалла фаолларининг фикрича, муаммоларнинг ҳал этилиши, аввало, уларни ўз жойида бевосита аниқлашдан бошланади. Шу маънода “Адолат” партияси фаолларининг саъй-ҳаракатлари маҳалла аҳлига маъқул бўлмоқда.
Республика ўқув-семинарида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф-тавсиялар ишлаб чиқилди.
— Навоий вилоятидаги сафдошларимизнинг иш тажрибаларини ўрганиш асносида ўз фаолиятимиздаги мавжуд камчиликларнинг айрим сабабларини тушуниб, уларни бартараф этиш омиллари ҳақида хулосаларга ҳам эга бўлдик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари Валижон Тўйчиев. — Айниқса, халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши вилоят, шаҳар, туман Кенгашлари сессияларига масала киритишда сусткашликка йўл қўйганимиз малака ва тажриба етишмаганига ҳам боғлиқлигини англаб етдик. Халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг намунали сессиясида қатнашарканмиз, партия депутатларининг долзарб масалаларни сессия муҳокамасига киритишдан олдин жиддий ўрганишлар олиб борганлиги, таҳлил ва хулосалар қилиб, аниқ таклифлар ҳам ишлаб чиққанлиги, муҳокама жараёнидаги профессионал ёндашувларига гувоҳ бўлдик.
Шу ўринда партиямизнинг ҳозирги кунда амалга оширилаётган 20 дан зиёд лойиҳаларининг ҳар бири вилоят партия тизимида қамраб олиниши зарурлигини таъкидлаш лозим. Бу борада ҳам навоийлик сафдошларимизнинг фаоллигидан ибрат олса арзийди. Жумладан, партиямизнинг “Жамоатчилик назорати – қонун устуворлигининг гарови” лойиҳаси доирасида Сирдарё вилоятида амалга оширган ишларимизга танқидий ёндашмоғимиз, айниқса, бу борада маҳаллий Кенгаш депутатларининг фаоллигини кучайтиришимиз лозим.
Биз зндиликда ушбу семинарда ўрганган билим, маҳорат ва иш тажрибаларини ўз фаолиятимизда самарали қўллашни мақсад қилиб қўйдик.
— Аввало, тадбир давомида Навоий вилоятидаги партия депутатларининг халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари муҳокамасига долзарб масалаларни киритишда олдинги сафларда экани бежиз эмаслигига амин бўлдик, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши раисининг ўринбосари Ривож Отарбаев. — Масалан, Кармана туманидаги намунали сессия муҳокамаси учун масала тайёрлаш жараёнидан тортиб, уни кун тартибига киритишгача бўлган ҳужжатлар тўпламини кўздан кечирдик, бу масалани сессияда кўриб чиқиш ва қарор қабул қилишгача бўлган жараённи бевосита кузатдик. Айниқса, ушбу вилоятда партиявий ишлар тизимли йўлга қўйилганлиги, маҳаллий Кенгаш депутатлари ва барча бўғиндаги партия ташкилотларининг яқин алоқада иш олиб бораётганлиги диққатга сазовор. Бундай ҳамжиҳатлик партия ташкилотлари ва депутатлар фаолиятининг самарали ташкил этилишига ижобий таъсир кўрсатаётганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, вилоят партия кенгаши биносини жиҳозлашда ҳуқуқий-сиёсий ва маърифий жиҳатдан алоҳида эътибор қаратилганлиги, Кармана туман кенгаши фаоллари ташаббуси билан келажак эгаларининг баркамол бўлиб вояга етиши мақсадида тумандаги 6-сонли мактабгача таълим муассасасида ташкил этилган махсус “Тафаккур майдончаси” барчамизда яхши таассурот уйғотди.
Мухтасар айтганда, мазкур ўқув-семинар иштирокчилар учун жуда фойдали бўлди. Бу эса республикамизнинг барча ҳудудларида фаолиятимизни бугунги талаблар даражасида такомиллаштириш, партиямиз нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Дилором МАТКАРИМОВА,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бугунги кунда юртимизда олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ҳамда халқимизнинг фидокорона меҳнати туфайли Ўзбекистоннинг жаҳон майдонидаги ўрни ва ма...
01 янв 1970
Фуқароларнинг дарду ташвишларини эшитиб, хулоса чиқариш, уларни қийнаб келаётган муаммоларини бартараф этиш ҳар биримизнинг зиммамизга  масъул...
01 янв 1970
Сайлов — кучли фуқаролик жамияти ва демократик ҳуқуқий давлатнинг ажралмас белгиси, халқ хоҳиш-иродаси эркин ифодаланишининг асосий шакли ҳис...
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси билан кенгайтирилган йиғилиш ўтказилди....