Ислоҳотлар натижаси — саломатлик гарови

/
Бу йил ҳаётимизнинг Бош қомуси, ҳуқуқ ва эркинликларимиз кафолати саналган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 25 йил тўлади. Тарих учун қисқа муддат саналган мазкур чорак аср Асосий қонунимизда мустаҳкамлаб қўйилган нормалар асосида ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида улкан ўзгаришлар, юксалишлар рўй берган давр сифатида мамлакатимиз солномасига зарҳал ҳарфлар билан муҳрланмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Конституциямизда инсон саломатлиги каби бебаҳо неъматга махсус тўхталиниб, ҳар бир инсоннинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи қайд этилган.
Албатта, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, энг аввало, соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ҳуқуқий ислоҳотларнинг амалий натижалари билан узвий боғлиқдир. Ўтган йилларда Бош қомусимизда мустаҳкамланган нормалар асосида соғлиқни сақлаш соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий асослари яратилди.
Ушбу даврда фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни мазмун-моҳияти ва аҳамиятига кўра уч босқичга бўлиш мумкин.
Жумладан, фуқаролар соғлиғини сақлаш тизимида ислоҳотларни амалга оширишнинг биринчи босқичи(1991-2000 йиллар)да қабул қилинган қонун ҳужжатлари, энг аввало, фуқаролар соғлиғини сақлаш соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда долзарб аҳамиятга эга бўлган норматив-ҳуқуқий базани шакллантиришга қаратилган бўлса, иккинчи босқич(2001-2016 йиллар)да қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига сифат жиҳатидан янгича маъно-мазмун бағишлаганини алоҳида қайд этиш жоиз. Ҳеч шубҳасиз, бу босқичларнинг ҳар бири мамлакатимизда аҳолининг соғлиғини сақлаш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар тизимида ўзига хос ўрин эгаллади.
Мамлакатимизда 2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши барча соҳаларда бўлгани каби соғлиқни сақлаш тизимида ҳам ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги – учинчи босқични бошлаб берди десак, муболаға бўлмайди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг алоҳида бандида белгиланган соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштиришга доир устувор вазифалар босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳар бир маърузаси ва нутқида, учрашувларда халқимизни рози қилиш учун, энг аввало, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондириш ниҳоятда зарурлигини таъкидламоқда. Давлатимиз раҳбари мамлакатимиз ҳудудларига сафари чоғида қишлоқ врачлик пунктлари ва клиникаларда бўлиб, шифокор ва беморлар билан мулоқот қилмоқда. Бугун соғлиқни сақлаш тизимининг ҳар бир бўғини ва йўналиши ўз фаолиятини қайта кўриб чиққан ҳолда, инсон манфаатларини таъминлаш мақсадида қўйилган талабларни амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Ушбу қисқа вақт ичида соҳани янада ривожлантириш, тиббий хизматлар кўлами ва сифатини оширишга қаратилган 30 га яқин фармон ва қарорлар қабул қилинганлиги алоҳида эътиборга моликдир.
Чунончи, бирламчи тиббий-санитария ёрдамини такомиллаштиришга оид қарор ижроси доирасида 793 қишлоқ врачлик пункти негизида қишлоқ оилавий поликлиникаси, 441 тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил этилди. Фаолияти тугатилган 658 қишлоқ врачлик пункти бинолари хизмат уйи сифатида фойдаланиш учун шифокорларга берилди. Бундан ташқари, қишлоқ оилавий поликлиникаларида 5 турдаги ва Тошкент шаҳар оилавий поликлиникаларида 10 турдаги тор соҳа мутахассислари фаолияти йўлга қўйилди. Бирламчи тизимда кадрлар таъминотини яхшилаш мақсадида жорий йилда тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг бакалавриат босқичини битирган 3 минг 197 ёш мутахассиснинг 79 фоизи бирламчи тизимга ишга юборилди.
Давлатимиз раҳбари қарори билан тиббиёт соҳасида бакалавриат таълим йўналишларида ўқиш муддати 7 йилдан 6 йил ва “тиббий профилактика” йўналишида 6 йилдан 5 йил этиб белгилангани мамлакатимиз тиббий таълим тизимини жаҳон стандартларига мослаштириш, жойларда кадрлар таъминоти яхшиланиши ва Давлат бюджети маблағлари мақсадли сарфланишига хизмат қилмоқда.
Фуқаролар саломатлигини муҳофаза қилишнинг муҳим бўғини саналган дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан аҳолини таъминлашга доир тизимли чора-тадбирларни олиб қарайлик. 2016 йил 31 октябрда бу йўналишда тарихий ҳужжат — Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлашни янада яхшилашга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилди. Ушбу қарор билан ижтимоий аҳамиятга эга бўлган 343 номдаги дори воситалари, жумладан, 98 номдаги маҳаллий ва 201 номдаги чет эл дори воситалари, 44 номдаги тиббий буюмлар, жумладан, 18 номдаги маҳаллий ва 26 номдаги чет эл тиббий буюмлари рўйхати тасдиқланди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ бу маҳсулотларнинг нархи анча арзонлашди. Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги департамент, тегишли вазирлик ва ҳокимликлар вакиллари иштирокида дори-дармон воситаларининг белгиланган нархларда сотилиши назорат қилиб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбари томонидан яқинда қабул қилинган “Фармацевтика тармоғини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам фармацевтика тармоғини янада ривожлантириш, аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларини арзон, сифатли дори воситалари, тиббиёт буюмлари ва тиббиёт техникалари билан таъминлаш тизимини янги босқичга кўтаришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Мухтасар айтганда, соғлиқни сақлаш соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси ўлароқ одамларнинг мамлакатимиз тиббиёт тизимига бўлган муносабати ўзгармоқда, уларнинг тиббий саводхонлик даражаси ҳам тобора ошмоқда.
Буларнинг барчаси Конституциямизнинг туб моҳиятида муҳрланган инсон ҳуқуқ ва манфаатларини рўёбга чиқариш ҳамда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш борасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Собир ТУРСУНОВ,
педагогика фанлари доктори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
9 апрель — Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун
01 янв 1970
Тадеуш Доленга-Мостович қиссаси асосида суратга олинган “Табиб” фильмини қайта-қайта бўлса-да, барчамиз севиб томоша қиламиз....
01 янв 1970
Мустақиллигимизнинг 26 йиллиги байрами арафасида пойтахтимиздаги Оқсарой қароргоҳи олдида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Кари...
01 янв 1970
Ҳаётий тажрибалардан маълумки, жиноят содир этувчиларнинг аксарияти ҳеч қаерда ишламайдиган ва ўқимайдиган, яъни бирор-бир фойдали машғулот билан б...