Қонуннинг кафолатли ҳимояси

/
Мамлакатимизнинг Асосий қонуни давлатимиз сиёсатининг бош мақсади инсонпарварлик эканлигининг ёрқин ифодасидир. Шу боис унга “бахтимизнинг ҳуқуқий кафолати”, деган таъриф ҳам берилади.
Конституциямизнинг 116-моддасида “Тергов ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг иш тартиби қонун билан белгиланади”, дея қайд этилган. Бу сўзлар ҳам мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият эканини таъминлашга қаратилган.

Мазкур конституциявий қоида асосида истиқлол даврида республикамиз адвокатура тизимида кенг кўламли ўзгариш ва янгиланишлар юз берди. Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўлақонли ҳимоялаш, адвокатуранинг ташкилий мустақиллигини таъминлаш, уни юқори малакали кадрлар билан тўлдириш, адвокатларнинг мустақиллиги кафолатларини кучайтириш, адвокатлик касбининг обрўси ва нуфузини ошириш борасида дадил қадамлар ташланди. 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган “Адвокатура институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ соҳага оид бир нечта қонун ҳужжатлари такомиллаштирилди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1971-моддасига биноан адвокат сўровига жавоб тақдим этмасликда ифодаланган адвокатнинг профессионал фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек, адвокатнинг ишда иштирок этишига тўсқинлик қилиш ёки ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) манфаатларига зид бўлган вазиятни мажбуран эгаллашига эришиш мақсадида адвокатга қандай шаклда бўлмасин таъсир ўтказганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Қолаверса, адвокатларнинг ҳуқуқларини кенгайтириш баробарида қонун ҳужжатларига уларни ўз устида ишлашлари, билим ва тажрибаларини бойитиб боришларига ундайдиган нормалар ҳам киритилди.
2017 йилнинг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилиниши ҳамда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида судларда адвокатнинг иштироки туфайли фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари янада самарали ҳимоя қилинаётир.
Шу ўринда юқоридаги фикрларимнинг исботи тариқасида ўзим ҳимоячи сифатида иштирок этган бир жиноят иши хусусида сўз юритсам. Яъни 2011 йил 30 декабрда АТ Халқ банкининг Қўқон шаҳар филиали томонидан “QO’QON LIDER TRANS” шўъба корхонасига “Ласетти” русумли автомашиналарни сотиб олиш учун йиллик 17 фоиз устама тўлаш шарти билан 3 йил муддатга 937.330.100 сўм миқдорида кредит маблағи ажратилади. Бироқ мижоз кредитни ўз вақтида қайтармагани оқибатида 2014 йил 31 декабрь ҳолатига 629.519.200 сўм миқдорида муддати ўтган қарздорлик юзага келади. Бу эса банк масъулларига нисбатан интизомий жавобгарликни юзага келтириши мумкин эди. Шу боис банк филиали бошқарувчиси Азимжон Боқиев (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган), бош ҳисобчи Фарҳод Рустамов, жамғарма операциялари ва минибанклар шўъбаси мудири Малика Тўхтабоева ва “Шоҳруҳобод” минибанки бухгалтер назоратчиси Илғор Исмоилов юқоридаги қарздорликни бартараф этиш юзасидан ўзаро жиноий тил бириктиришган. Аниқроғи, аслида банкка мурожаат қилмаган 7 нафар фуқаро номига омонат ҳисоб рақами очиб, мазкур омонат ҳисоб рақамларига 629.519.200 сўмни банк маблағлари ҳисобидан кассада камомад мавжуд қилган ҳолда ўтказишган. Сўнгра ана шу маблағни омонат эгалари номидан “QO’QON LIDER TRANS” шўъба корхонасига молиявий ёрдам тариқасида йўналтирилган. Кейин эса шўъба корхона ҳисоб рақамидан пулни банкка ўтказиб, кредитни қоплашган. Оқибатда А.Боқиев Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари, 205-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисмининг “а” банди, Ф.Рустамов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари, 209-моддаси 2-қисмининг “а”-банди, М.Тўхтабоева ва И.Исмоилов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари, 209-моддасининг 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишган. Ўша пайтда банкнинг кредит операциялари бўлими бошлиғи – менинг ҳимоямдаги Ботиржон Элмуродов филиал мансабдорларининг жиноятидан воқиф бўлиб қолган. Аммо дастлабки тергов органи томонидан унга нисбатан ҳам Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а,г” бандлари, 209-моддасининг 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, айб эълон қилинган. Ваҳоланки, Б.Элмуродовнинг ҳаракати Жиноят кодексининг 241-моддаси (Жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш) сифатида баҳоланиши мумкин, холос. Суд мажлисида ҳам Азимжон Боқиев, Малика Тўхтабоева ва бошқа судланувчилар Ботиржоннинг жиноятга аралашмаганлигини тасдиқлашди. Бинобарин, суд ҳимоямдаги Б.Элмуродовнинг қилмишини Жиноят кодексининг 241-моддасига қайта квалификация қилиб, жазо тайинлади ҳамда амнистия актига биноан жазодан озод қилди.
Албатта, бундай мисолларни яна келтириш мумкин. Зеро, Конституциямизнинг 26-моддасида таъкидланганидек, жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмайди. Судда айбланаётган шахсга ўзини ҳимоя қилиш учун барча шароитлар таъминлаб берилади. Бу ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишнинг энг асосий ва ягона талаби саналади.
Қамбарали АБДУЛҲАЕВ,
Қўқон шаҳридаги “Адолат шамчироғи” адвокатлик фирмаси раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Республика суд-тиббий экспертиза бош бюроси мутасаддилари диққатига!
01 янв 1970
Олий суд ОАВ томонидан эълон қилинаётган турли хил фикрлар илгари сурилган материалларга ҳамиша ҳурмат билан муносабатда бўлиб келган....
01 янв 1970
Давлатнинг фуқаролари олдида мажбуриятлари бўлганидек, фуқароларнинг ҳам давлат олдида қатор бурчлари бор. ...
01 янв 1970
Асосий қонунимизда юртимизда яшаётган ҳар бир инсон, ижтимоий гуруҳ ва қатламнинг манфаати, ҳуқуқ ва эркинликлари эътибордан четда қолмаган....