Жасоратга йўғрилган йиллар

/
Хориждан холис назар
Ислом Каримовни айрим сиёсатшунослар авторитар усул тарафдори қаторидаги раҳбарлар тоифасига киритишарди. Халқимиз менталитетини яхши билмайдиган, бизнинг асрий тарихимиз билан ҳисоблашмайдиган кузатувчилар шундай хулосага келишган. Авторитарнинг тескариси демократми?
Энди “авторитар” деган таъриф ҳақида. Ўзбек халқида солиҳ фарзанд тарбиялаш учун оилада отанинг қаттиққўллиги, онанинг меҳри керак, дейишади. Ана шу уйғунлашувда ҳамма ҳавас қиладиган авлод камолга етади. Биздаги отанинг “қаттиққўллиги”ни Европадаги жаноблар қандай талқин қилишади, бу уларнинг виждонига ҳавола.
Ҳар қандай фикр аслида қандай манфаатни кўзлаганидан келиб чиқади. Мамлакатимиз ичкарисида берилган баҳони баъзилар бир томонлама деб ҳисоблаши мумкин. Бундай ҳолларда четдан туриб айтилган фикрни холис деб ҳисоблайдиган бўлсак, келинг, шу тамойилга амал қилиб, Ислом Каримов шахси хусусида хорижда қандай фикрлар билдирилганлигига назар ташлайлик.
1995 йил 16 февраль. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг Жанубий Кореяга бу галги ташрифи беҳад қувончли воқеадан бошланди – шу кун эрталаб Сеулда Ислом Каримовга Корея Республикасининг олий нишони – «Мугунхва» катта ордени топширилди. Президентимиз Ўзбекистон ва Корея халқлари ўртасидаги ўзаро дўстлик, ҳар томонлама ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қўшган улуғ ҳиссаси учун ана шундай олий нишонга муносиб деб топилди.
«Мугунхва» Корея давлати рамзларидан бири. У йил – ўн икки ой ям-яшил тусда гуллаб туради. Корейс халқи уни абадийлик, тинчлик ва дўстлик тимсоли деб билади. Шу маънода, Корея Республикаси билан дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларимиз бугунги кунда ҳам равнақ топиб бормоқда.
1997 йил, 2 июнь. Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида ҳукуматлараро ҳужжатларни имзолаш маросимида Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбоев Ислом Каримовга Қозоғистоннинг энг олий мукофоти – “Алтын Қыран” (Олтин Бургут) орденини тантанали равишда топширди. Президентимиз ушбу ҳурматга икки мамлакат халқлари ўртасидаги дўстлик, қардошлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашга қўшган улкан шахсий ҳиссаси, Марказий Осиё минтақасидаги барқарорлик ва тинчликни мустаҳкамлаш борасидаги буюк хизматлари учун сазовор бўлди.
1998 йил, 6 ноябрь. ЮНЕСКО Ижроия Кенгаши 155-cессиясининг Тошкентда бўлиб ўтган якуний йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ташкилотнинг Абу Али ибн Сино номидаги олтин медали топширилди. ЮНЕСКО Бош директори Федерико Майор медални тақар экан, давлатимиз раҳбари халқаро доирада инсон идеалларини улуғлаш, маданий қадриятларни асраб-авайлаш, илмий меросни ўрганиш борасидаги хизматлари учун бу мукофотга сазовор бўлганини таъкидлади. “Президент Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон ўзининг шонли ўтмишини ҳам очмоқда, – деди у. – Порлоқ келажакка юз тутган мамлакатда демократия тамойиллари мустаҳкамланмоқда, миллий қадриятларга эса қайта жон бағишланмоқда”.
Биринчи Президентимиз ушбу медални қабул қилар экан, бу олий мукофотни, энг аввало, кўп миллатли Ўзбекистон халқининг умумбашарий цивилизация тараққиётига қўшган ҳиссаси ва хизматининг тан олиниши, тарихий, маданий, маънавий меросни асраб-авайлаш, мамлакатимизда жамиятни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан юксалтириш, халқимизни маърифат йўлига бошлаш борасидаги саъй-ҳаракатларимиз, гуманизм ғояларига ҳурматимиз, эътиқодимизнинг муносиб баҳоси сифатида қабул қилди.
2002 йил, 13 март, Нью-Йорк. Генри Киссенжердек улкан давлат арбобининг Ислом Каримовга “Жаҳон миқёсидаги улуғ давлат арбоби” нишонини топширгани – ўзбек халқининг ғурурини кўтарадиган, қадри-қийматини улуғлайдиган ҳодиса, деб баҳоланди.
2002 йил, 24 сентябрь, Вильнюс. Литва Республикаси Президенти Валдас Адамкус Ўзбекистон раҳбарига Литва давлатининг энг олий мукофоти – Буюк Витаутас орденини топширди. Бу мукофот Литва халқи ва айни пайтда бутун башарият фаровонлигини ошириш йўлида хизмат кўрсатган арбобларга берилади. Ислом Каримовнинг Ўзбекистон – Литва муносабатларини ривожлантириш борасидаги жонкуярлиги ва халқаро террорчиликка қарши курашдаги қатъияти учун берилган мукофот эди бу.
2003 йил, 26 ноябрь. Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Болгария давлатининг юксак мукофоти билан тақдирланди.
2006 йил, 8 сентябрь. ЮНЕСКО Бош директори Коичиро Мацуура Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга ЮНЕСКОнинг олтин медалини топширди. Президентимизга бу мукофот халқлар ўртасида дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданият ва динлараро мулоқотни ривожлантириш, таълим тизимига бағрикенглик ғояларини жорий қилиш йўлидаги улкан хизматлари учун тақдим этилди.
2007 йил, 18 октябрь. Ислом Каримовнинг Туркманистонга ташрифи муносабати билан “Руҳият” саройидаги тантанали маросимда Гурбангули Бердимуҳамедов Туркманистон – Ўзбекистон муносабатларини ривожлантириш, икки мамлакат халқларининг дўстлик ва ҳамкорлигини мустаҳкамлаш йўлидаги буюк хизматлари учун Ислом Каримов “Ҳурматли эл ёшуллиси” унвони билан тақдирлаганини эълон қилди ва мамлакатимиз раҳбарига тантанали равишда топширди.
2008 йил, 5 октябрь. Латвия Республикаси Президенти Валдис Затерс Латвия билан Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш йўлидаги улкан хизматлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовга Латвия Республикасининг олий давлат мукофоти – “Уч юлдуз” орденини топширди.
“Биринчи Президентимиз ўтган асрнинг 90-йилларида кескин муаммолар, миллатлараро можаролар гирдобига тушиб қолган юртимизни ўзининг юксак раҳбарлик салоҳияти, жасорат ва матонати билан мудҳиш фожеалардан омон сақлаб қолди, Ватанимизни катта тараққиёт йўлига олиб чиқди. Бу йўлда ўзининг куч-ғайрати, ақл-заковати, билим ва тажрибасини аямади”.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ислом Каримовнинг Россия Федерациясига ташрифи доирасида Москва давлат университети илмий Кенгашидаги учрашувда Ўзбекистонда баркамол авлод тарбиясига кўрсатилаётган эътибор муносиб баҳосини олди.
Аввало, шуни айтиш керакки, Ломоносов номидаги Москва давлат университети илмий Кенгаши таркибида жаҳонга донғи кетган шундай олимлар борки, улар унча-мунча воқеаларга ҳайратланишмайди. Мазкур мулоқотда эса, ҳеч истисносиз, ҳамма иштирокчилар Ўзбекистон Президентининг сўзларини вужудлари қулоққа айланиб тинглашди.
Илмий Кенгашда Ўзбекистон таълим тизимидаги ўзгаришлар юксак баҳоланди. Жаҳон цивилизацияси эришган чўққиларга интилаётган тизим айни пайтда асрий миллий қадриятларга таянилаётгани таъкидланди. Шу ўринда Биринчи Президентимизнинг бу ҳақдаги ифодали таърифларини ёдга олиш айни муддаодир. Юртбошимиз Шарқда азалдан мавжуд анъана ҳақида сўз юритиб, инсон бу дунёга келганда дарахт ўстириши, уй қуриши ва ўзидан солиҳ фарзандлар қолдириши ҳам фарз, ҳам қарз эканлигини айтиб, учинчи шартни эндиликда биринчи ўринга чиқараяпмиз деганларида залдагиларнинг юзларида ҳавас қилувчи самимият барқ уриб турарди.
Жуда катта ва бой анъанага эга, бугун ҳам жаҳон фани ҳамда маданиятининг кучли маркази ҳисобланган бу даргоҳда тарихий воқеа содир бўлди. Университет ректори академик Виктор Садовничий «Бу минбарда дунёнинг не-не одамлари чиқиш қилишган, лекин бугунгидек пурҳикмат фикрларни биринчи бор эшитаяпмиз», деганда қалбимизда ифтихор туйғулари жўш урганди.
Университет ректори В.Садовничий Президентимиз Ислом Каримовга сўз берар экан, Ўзбекистон ҳақида, бу юртда амалга оширилаётган ишлар ҳақида зўр завқ-шавқ билан гапирганди. Негаки, жаҳонгашта академик бизда қилинаётган улуғвор ишлар ҳақида бошқалардан эшитиб эмас, балки 2001 йилнинг бошларида Ислом Каримовга Москва давлат университети фахрий профессори унвонини топшириш учун келганда ўз кўзи билан кўрганди. Олимлар ҳар қандай ишга баҳо берганда таққослаш усулини четлаб ўтмайдилар. В.Садовничий Ўзбекистонда яратилаётган таълим тизимини мислсиз деб атаганди. Илмий Кенгашда эса Ўзбекистон ялпи миллий даромаднинг 10 фоизини таълим тизимига йўналтираётганини таъкидлаб, таққослаш учун бу кўрсаткич Россияда 3 фоиз атрофида эканлигини айтиб ўтганди.
Президентимиз ўша учрашувда «Фарзандларимиз биздан кўра кучли, билимли, доно ва албатта бахтли бўлишлари шарт!» деган сўзларни айтганларида бутун зални олқишлар тутиб кетган. Унча-мунчани тан олиши қийин бўлган олимлар юзидаги қатъийлик, зимдан қараш лаҳзада тарқаб кетди.
— Менинг назаримда, Сиз таълимнинг асл мазмунини юракдан англаган камдан-кам давлат арбобларидан бири бўлсангиз керак, — деди тарих факультети декани, машҳур тарихчи Сергей Карпов. — Бу борада ҳар қандай ислоҳот ниҳоятда эҳтиёткорлик билан, авайлаб жорий этилиши лозим. Шундай қилинмаса 300-400 йилни йўқотиш ҳеч гап эмас. Сизларда қилинаётган ишлар Россия учун яхши намунадир.
Биз юқорида тилга олган лаҳзалар Ислом Каримовни халқаро миқёсда эътироф этилган ҳолатларнинг бир қисми, холос. Булардан ташқари Биринчи Президентимизга мамлакатда спортни ривожлантириш учун хизматлари халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилган ҳолатлар, фан ва техника тараққиёти учун кўрсатган ғамхўрликлар туфайли тақдим этилган олтин медаллар, кўплаб эътирофларни бирма-бир санасак, адоғига етиш мушкул.
Ислом Каримов Ер юзининг турли минтақаларида бўлган пайтлари, назаримда, энг муҳташам, энг маҳобатли иморат ва масканларни кўнглига муҳрлаб қайтарди. “Бизда ҳам шундай иншоотлар қурилиши керак, бизда ундан ҳам гўзал бўлиши керак” деган ўй-хаёллар Президент онгу шуурини забт этарди. Буни биз Ислом Абдуғаниевич юртимизда барпо этилаётган қурилиш майдонларида бўлганларида, лойиҳаларни янада мукаммаллаштираётганларида англаганмиз.
Ҳали Биринчи Президентимиздан бизга қолган мерос ҳақида кўп эслаб юрамиз.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Юртимизда аҳолига эндокринологик хизмат кўрсатишнинг самарали тизимини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. ...
01 янв 1970
Бугунги кунда энергия тежамкорлигини ошириш, экологик тоза, ноанъанавий ва қайта тикланувчан энергия манбаларидан фойдаланиш кўламини янада кенгайт...
01 янв 1970
Шу йилнинг 2-3 июнь кунлари мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Андижонга ташрифи пайтида вилоят амалга оширилаётган ишларни юксак баҳолади....
01 янв 1970
Мустақил юртимизда ҳар бир фуқаро ўзи хоҳлаган соҳада меҳнат қилиши, ўзи хоҳлаган соҳа бўйича шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратилган, имкониятла...