Депутатлик сўровлари ижобий ҳал этилмоқда

/
Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади. Айтиш жоизки, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жойларда қонун ҳужжатлари, фармон ва қарорлар ижроси устидан самарали депутатлик назоратини амалга оширишдаги масъулияти ортиб бормоқда.
Аҳоли ўртасида мулоқотлар ўтказиб келаётган партия депутатлари давлат ҳокимияти органлари очиқлигини таъминлашда фаоллик кўрсатмоқда. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги аниқ вазифалар ҳал этилишида маҳаллий Кенгаш депутатларининг таъсирини ошириш долзарб аҳамиятга эга саналади. Мавжуд муаммоларни бартараф этиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ўз вақтида ва қонуний тартибда ечим топиш орқали депутатлар сайловчилар ишончини оқлашга, жойларда қонун устуворлигини таъминлашга эришадилар.
Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам фуқароларнинг манфаатларини рўёбга чиқариш, аҳолининг таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратишмоқда. Биз, депутатлар ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг муҳим масалалари устида бош қотириб, зарур таклифларни илгари суришда умумий мақсадларимиздаги ҳаётий ва халқчил хусусиятларни ҳам намоён қила олишимиз лозим. Аҳоли билан ҳамнафас ишлаш жараёнларида ечимини кутаётган масалаларни аниқлаб олиш имконияти юзага келади. Бу борада депутатлик сўрови ва партия гуруҳи сўрови каби депутатлик назорати воситаларидан фаол фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
2017 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятдаги маҳаллий Кенгашларда иш олиб бораётган партия депутатлари томонидан тегишли ҳудудда жойлашган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари мансабдор шахсларига уларнинг ваколатига кирувчи масалалар бўйича асосланган тушунтириш бериш ёки ўз позициясини баён қилиш талаби билан жами 159 та депутатлик сўровлари киритилди. Улардан 51 таси қонун ва ҳукумат қарорларининг жойлардаги ижроси депутатлик назорати бўйича, 108 таси фуқаролар мурожаатлари асосида киритилган депутатлик сўровларидир. Ушбу юборилган депутатлик сўровларининг 139 таси ижобий ҳал этилиб, қолган 20 та сўров юзасидан амалий ишлар қилинмоқда.
Шу ўринда айрим мисолларни келтириб ўтсак. Партия депутатлари Зарбдор туманидаги “Нурафшон” маҳалласи аҳли билан мулоқоти чоғида фуқаро Нилуфар Содиқова уй-жой кадастр ҳужжатини расмийлаштиришда маблағ зарурлиги, бундай харажат оилавий шароитига тўғри келмаётганлиги ҳақида баён қилди. Вилоят ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармасига депутатлик сўрови чиқарилгач, Н.Содиқова хонадонининг кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилди.
Яна бир мисол. ўаллаорол тумани “Жийдали” қишлоғида истиқомат қилувчи фуқаро С.Босимов ва Зарбдор туманида яшовчи фуқаро З.Шойимова соғлиғини тиклашда амалий ёрдам беришни сўрашган эди. Иккала фуқаронинг ҳам оиласи кам таъминланганлигини эътиборга олган ҳолда тегишли туман тиббиёт бирлашмаларига депутатлик сўрови киритилди. Натижада уларга зарурий дори-дармонлар берилиб, ўз ҳудудидаги шифохоналарда даволаниш имкони яратилди.
Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи ташаббуси билан “Мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари синфларидаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик бўйича” вилоятдаги 52 та мактабгача таълим муассасаси ва 110 та умумтаълим мактабларида ўрганишлар олиб борилди. Ўрганиш натижалари халқ депутатлари вилоят Кенгашининг доимий комиссиясида муҳокама этилди. Шунингдек, депутатлик гуруҳи томонидан вилоятдаги “Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари” юзасидан ўтказилган ўрганишлар ҳам бу борада ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар борлигини кўрсатди. “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари бўйича” доимий комиссияси йиғилишида атрофлича муҳокама этилган ушбу долзарб масала халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясига тақдим қилинди.
Хулоса ўрнида айтиб ўтиш керакки, сиёсий партия илгари сураётган ғояларга кенг жамоатчиликда хайрихоҳликни кучайтириш амалий ишларнинг аниқ натижаларига ҳам боғлиқдир.
Ориф ШУКУРОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Жиззах вилоят кенгаши раиси вазифасини бажарувчи,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
2017 йил — Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
01 янв 1970
Шу билан бирга, Ўзбекистонда қисқа тарихий муддат ичида миллий давлатчиликни шакллантиришнинг ҳуқуқий асослари яратилди....
01 янв 1970
Бугунги кунда биз, Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари фан-таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларида фаол иштирок этиб келмоқдамиз....
01 янв 1970
Бугун Ўзбекистоннинг халқаро майдонда олиб бораётган прогрессив ташқи сиёсатини “тинчлик” ва “ҳамкорлик” сўзларида мужассам...