Навоийда республика ўқув-семинари иш бошлади

/
Жорий йилнинг 23 ноябрь куни Навоий вилоятида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ташаббуси билан “Маҳаллий Кенгашларда партия позицияси ва электорат манфаатларини ифода этишнинг долзарб масалалари” мавзусида икки кунлик республика ўқув-семинари ўз ишини бошлади. Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ҳамда ҳудудий ташкилотларининг масъул ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари, фаоллар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.
Ўқув-семинарининг биринчи иш куни Навоий шаҳридаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросимидан бошланди. Шундан сўнг иштирокчилар Ўзбекистон “Адолат” СДП Навоий шаҳар ва Кармана туман кенгашлари, туманнинг “Талқоқ” маҳалласидаги “Адолат қабулхонаси” ҳамда вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази қошидаги бошланғич партия ташкилоти фаолияти, шарт-шароитлар, уларнинг иш тажрибалари билан танишдилар. Ўқув-семинари иштирокчилари учун бежиз бу масканлар танланмаган. Кейинги йиллар мобайнида партиямизнинг Навоий вилоят кенгаши ва унинг шаҳар ва туман кенгашлари фаолиятида сезиларли даражада ижобий ўзгаришлар юз берди. Энг муҳими, бу кенгашларнинг саъй-ҳаракатлари туфайли фуқаролар партиямиз ғоялари, унинг Сайловолди дастури билан яқиндан танишдилар. Натижада “Адолат” СДП аъзолари ва хайрихоҳлари сони янада ортди.
Чунончи, партиямизнинг Кармана туман кенгаши ташаббуси билан тегишли ва манфаатдор идоралар ҳамкорлигида маҳаллаларда тунги рейдлар ташкил этилди.
Фуқароларимизни огоҳликка, ҳушёрликка даъват этувчи бу тадбир маҳаллаларимизда жиноятчиликнинг, қонунбузарлик ҳолатларининг камайишига олиб келди. Туман кенгаши фаолларининг ташаббуси билан 6-сонли “Камолот” МТМда махсус “Тафаккур майдончаси” ташкил этилди. Бу ерда болажонлар ақл гимнастикаси ҳисобланган шахмат ва шашка билан машғул бўладилар. Бу эса уларнинг интеллектуал жиҳатдан ривожланган, комил шахс бўлиб вояга етишига кўмаклашади, албатта.
Туманнинг “Талқоқ” маҳалласида ташкил этилган “Адолат қабулхонаси” аҳолининг ишончини қозонмоқда. Бунга ўқув-семинар қатнашчиларининг ўзлари ҳам иқрор бўлдилар. Қабулхона жорий йилнинг сентябрь ойида ташкил этилганди. Ўтган қисқа вақт ичида унга 78 фуқаро мурожаат этди. Ўрганишлар мурожаатларнинг асосий қисмини бандлик, турар жой таъминоти, ички йўллар аҳволи, тиббиёт соҳасидаги сансалорликлар, болаларни боғчага жойлаштиришдаги муаммолар ташкил этишини кўрсатди. Партиядошларимизнинг саъй-ҳаракатлари билан мурожаатларнинг 52 таси ижобий ҳал этилди, қолганлари бўйича эса ўрганишлар давом этмоқда.
Шунингдек, семинар иштирокчилари халқ депутатлари Кармана туман Кенгашининг намунали сессиясида қатнашиб, ушбу сессияга масала киритган партия депутатлик гуруҳининг депутатлар билан ишлаш жараёнларини яқиндан ўргандилар. Эътиборли томони шундаки, депутатларимиз сессияга “Кармана туманида ўқимайдиган, ишламайдиган, тайин машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳолати юзасидан” масала киритишган. Бу, албатта, давримизнинг долзарб муаммоларидан бири бўлган уюшмаган ёшлар масаласи партиянинг доимий диққат марказида эканлигини кўрсатади.
Партия депутатлик гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишларда аниқланганидек, ҳозирги кунда Кармана туманида 30 ёшгача бўлган ўқимайдиган, ишламайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган уюшмаган ёшлар 583 нафарни, чет элга турли мақсадларда чиқиб кетган ёшлар 979 нафарни ташкил этади.
Маълум бўлишича, уюшмаган ёшларни иш билан таъминлаш, мутахассислиги бўйича малакасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун амалий кўмак бериш, уларнинг мурожаатларини ўз вақтида амалий ҳал этиш, уй-жой билан таъминлаш ва бошқа ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари борасида тегишли мутасадди ташкилотлар томонидан олиб борилаётган амалий ишлар етарли даражада эмас.
Ҳудуддаги бир қатор маиший хизмат кўрсатиш, савдо нуқталарида хизмат қилаётган ёшлар фаолияти ўрганилганда, аксарият ҳолларда уларни ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқлар расмийлаштирилмаслиги, меҳнат дафтарчалари юритилмасдан келинаётганлиги аён бўлди.
Таҳлил ва хулосалардан келиб чиқиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида партия депутатлари аниқ таклифлар билдиришди. Жумладан, мутасадди ташкилотлар билан биргаликда уюшмаган ёшлар базасини доимий янгилаб, шакллантириб бориш, чет элга кетган ёшларнинг ота-оналари билан суҳбатлар уюштириш, маиший хизмат кўрсатиш, савдо нуқталарида ишлаётган ёшларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича амалий чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш, бу борадаги ишлар натижаларидан кенг жамоатчиликни доимий хабардор қилиб бориш таклифлари илгари сурилди. Сессияда мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.
Умуман олганда, халқ депутатлари Кармана туман Кенгашида Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатларининг фаолияти сезиларли даражада кўзга ташланиб туради. Чунончи, яқиндагина партиямиз депутатлик гуруҳи ташаббуси билан туман Кенгаши сессиясида туман халқ таълими бўлими ҳамда соғлиқни сақлаш бўлими мудирларининг ҳисоботлари тингланди. Эшитувда 10-синф ўқувчиларининг ўқув дарсликлари билан таъминланганлиги ҳамда тез тиббий ёрдам ва патронаж хизмати масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Семинар қатнашчиларида, айниқса, Навоий вилоятидаги партия депутатлик гуруҳларининг халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларига масалалар киритишга доир ташаббуслари ва ҳудуддаги партия ташкилотларининг сафдошларимиз сонини кўпайтириш борасидаги тажрибаси катта қизиқиш уйғотди. Қатнашчиларнинг шу хусусдаги саволларига вилоят партия кенгаши раиси Рустам Ҳайитов ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлик гуруҳлари раҳбарлари атрофлича жавоб қайтаришди.
Дарҳақиқат, замон ўзгаришлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ишини кескин жонлантиришни талаб этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишида “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” деб номланган маърузасида ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас. Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг жойлардаги вакиллари даврнинг долзарб чақириқларига “лаббай” дея жавоб бера оладиган сиёсий куч эканлигимизни, мамлакатимиз барқарорлиги, халқимиз фарвонлиги, жамиятда қонун устуворлигига эришиш йўлида жипс бўлиб, астойдил хизмат қила оладиган, мавжуд муаммолар ечимини топа оладиган, уларни бартараф эта оладиган партия эканлигимизни амалда намоён этаётганлиги кишини қувонтиради, албатта.
Ўқув-семинар иштирокчилари вилоят ОИТСга қарши курашиш маркази қошида ташкил этилган бошланғич партия ташкилоти фаолиятининг ибратли жиҳатлари билан ҳам яқиндан танишдилар. Мазкур муассасада бўлиб ўтган давра суҳбатида “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да юртимизда тиббиёт соҳасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида маълумот берди ҳамда иштирокчилар томонидан мавзу юзасидан берилган саволларга жавоб қайтарди.
Бугун ўқув-семинарининг иккинчи иш куни дастуридан ўрин олган масалалар таҳлилий ўрганилмоқда. Бу ҳақда газетамизнинг келгуси сонида батафсил маълумот берамиз.
Алижон ҚОСИМОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Куни кеча пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида Конституциямиз қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишлаб “Адолат билимдони” республи...
01 янв 1970
Ҳудудларда маҳаллий Кенгаш депутатларига фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар партия депутатларига аҳолининг ишончи ортаётганини кўрсатади....
01 янв 1970
“Бешбулоқ” маҳалласи аҳлининг кўпдан бери амалга ошмаётган орзулари эндиликда рўёбга чиқмоқда....
01 янв 1970
Илм-фан вакилларини моддий рағбатлантириш бўйича жорий этилган механизмлар улар фаолиятининг самарадорлиги ошишига хизмат қилмоқда....