Китобни... эшитамиз

/
Китоб – ақл чироғи. У инсонни бахтга элтувчи маёқдир. Китобга ошно бўлган қалб маънавият сарчашмасидан баҳраманд бўлади. Одоб-ахлоқ, қадр-қиммат, меҳр-оқибат, эзгуликнинг юксак намуналарини дилига муҳрлайди. Китоб таратган зиё кишини юксакликка кўтаради ва ҳазрати инсон номига мушарраф этади.
Бугун ёшлар китоб ўқимаяпти, деганга ўхшаш гап-сўзлар бот-бот қулоғимизга чалинади. Аммо кундан-кун шиддат билан ривожланаётган техника асрида бугунги ўқувчи илмий-бадиий асарларни онлайн тарзида компьютер ва алоқа воситалари орқали ўқиш имконидан фойдаланмоқда. Энди эса юртимизда китобхонлар учун яна бир қулайлик сифатида аудиокитоблар яратилди. “Алпомиш” достони, “Темур тузуклари”, “Қобуснома”, “Бобурнома”, “Ўткан кунлар”, “Навоий”, “Юлдузли тунлар”, “Фауст” каби асарлар компакт-дисклардан жой олди.
14 ноябрь куни Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси медиамарказида “Ўзбекистон” радиоканали жамоаси томонидан тайёрланган аудиокитоблар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, ОАВ ходимлари ва ноширлик фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар мутахассислари иштирок этишди.
— Бу имконият Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссиялар тузиш тўғрисида”ги фармойиши ва 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги қарорининг ижроси сифатида яратилди. Бу борадаги ишлар яна давом эттирилади, — деди тақдимотда сўзга чиққан Ўзбекистон МТРК раисининг биринчи ўринбосари Хайрулло Нуриддинов.
“Ўзбекистон” радиоканалида 230 соат ҳажмида 24 номдаги асарларни аудиокитоб тарзида яратишда таниқли артист ва сўз усталарининг ҳам ҳиссалари катта бўлди. Овоз режиссёрлари томонидан ҳар бир асарнинг мазмун-моҳиятига, мўлжалланган ўқувчилар оммасига қараб уларга мос тарзда актёрлар танланди.
Тақдимот иштирокчилари бу янгилик китоб мутолаасига эътибор янада кучайишига хизмат қилишини алоҳида таъкидлашди.
Муҳаммад АЛИ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси:

— Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси жуда савобли ва хайрли иш бошлабди. Бугун кўпчилик кундалик юмушлар, ҳаётий ташвишлар билан китоб мутолаасини унутиб қўяётгандек эди, чамамда. Энди эса китобхонлар уйдами, йўлдами, энг муҳими, бажараётган ишини тўхтатмаган ҳолда китоб тинглаш имкониятига эга бўлишди. Айниқса, соҳир овоз эгаларининг ширали овозларда ўқиши асарнинг таъсир доирасини янада кенгайтирган. Аудиокитоблар ҳар томонлама қулай. Ёшлигимизда оиламиздаги катталар бизга китоб ўқиб беришар, биз эса тинглар эдик. Улғайгач эса аксинча, биз китоб ўқиб берар, улар гоҳида севиниб, гоҳида йиғлаб тинглашар эди. Бу аудиокитоблар ҳар қандай шароитда, шу билан бирга, ёшу қарига гўзал лаҳзаларни инъом этади. Ишонаманки, аудиокитоблар тез вақт ичида ўзининг миллионлаб мухлисларига эга бўлади.
Аҳрор АҲМЕДОВ,
“Шарқ” НМАК бош муҳаррири:

— Халқимиз азал-азалдан бадиий асарларни — хоҳ назм бўлсин, хоҳ наср бўлсин, севиб ўқийди. Ўтган асрнинг 40-йилларида радиода асарлар ўқилган, уларни одамлар тўпланиб тинглашган. Бугун барча соҳаларга жаҳондаги энг юқори технологиялар кириб келди. Шу билан бирга, китоблар оламига ҳам. Давр эҳтиёжи аслида бу. Замон одамлардан шиддаткорликни, изланувчанликни талаб этаяпти. Аудиодисклар минг-минглаб китобхонларнинг вақтини тежаш билан бирга маънавиятини бойитади. Маънан бой инсонлар эса яхшилик, эзгулик ва юрт равнақига камарбаста бўлиб хизмат қиладилар.
Шуҳрат РИЗАЕВ,
“Жаҳон адабиёти” журналининг бош муҳаррири, адабиётшунос:

— Қайсидир бир давлатда аёллар тамаки ўрашдек қўл меҳнатига жалб қилинган бўлиб, улар бу ишни жамоа бўлиб амалга оширишар экан. Тамакининг ҳиди бадбўй бўлса ҳам ҳар тонг улар ўз ишига шошар ва ишларини самарали ҳамда сифатли бажаришаркан. Бунинг сабаби эса уларга машҳур ёзувчиларнинг энг сара асарлари давомли тарзда радио орқали ўқиб эшиттирилар экан. Бу эса уларнинг ўзаро суҳбат билан чалғиб, бир-бирига халақит бермасликларининг ва чарчоқ ҳиссини туймасликларининг имконини яратар экан. Аёллар қанча тамаки ўрашганини асарнинг қанча саҳифасини эшитганликлари билан ҳисоблар эканлар. Шунинг учун биз бу аудиокитоблар кишиларга ҳам моддий, ҳам маънавий, ҳам жисмоний куч, имконият ва бойликдир, деб бемалол айта оламиз. Ҳар томонлама қулай бу асарлар тез орада кексаю ёшнинг китоб жавонидан жой олади ва уларга ишда, сафарда ҳамиша ҳамроҳ бўлади, деган умиддаман.
Сирожиддин САЙЙИД,
Ўзбекистон халқ шоири:

— Ёшлигимизда китоб бизнинг ҳаётимизга ошно эди. Тунни тонгга улаб китоб ўқир эдик. Болалигимиз, ёшлигимиз ўтди, улғайдик. Ўзимиз билан бирга маънавиятимиз ҳам улғайди. Яхши билан ёмонни ажратадиган бўлдик. Барча нарсада фақат яхшиликни кўрадиган ва излайдиган бўлдик.
Демоқчиманки, бу аудиокитоблар компьютер технологияларига муккасидан кетган бугунги ёшларимизни китобнинг сеҳрли оламига етаклашда муҳим омил бўлади. Энди улар ўз ёши ва қизиқишларига қараб турли мавзудаги китобларни тинглай оладилар. Бу эса уларнинг маънан етук ва комил инсонлар бўлиб камол топишларида муҳим аҳамиятга эга.
Муҳаммадали АБДУҚУНДУЗОВ,
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, Халқаро Бобур мукофоти совриндори:

— Мен аввало ушбу тарихий аҳамиятга молик бўлган ишни амалга оширган Ўзбекистон МТРК раҳбариятига ва ижодкорларига раҳмат айтаман. Улуғ қадриятларимизни, миллий анъаналаримизни, ўтмишимизни, бой тарихимизни халқимиз қалбига жо қилиш мақсадида қилинган бу ишга мен ҳам ўзимнинг камтарона меҳнатим билан ҳисса қўшганимдан хурсандман.
Мен севимли ёзувчиларимиз Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” романини ва Мирзакалон Исмоилийнинг “Одамийлик қиссаси” асарларини ўқидим.
Яна шуни фахр билан айта оламанки, “Ўзбекистон” радиоси ижодкорлари мамлакатимиз Президентининг фармойиш ва қарорларини ҳаётга татбиқ этдилар ва Ўзбекистонда биринчи марта аудиокитоблар тайёрлашдек тарих зарварақларидан жой олувчи янгиликни яратишга мушарраф бўлдилар. Ижодкорларга бу хайрли ишнинг бардавомлигини таъминлашларида муваффақиятлар тилайман.
Тадбирда адабиётшунос ва публицист Хуршид Дўстмуҳаммад, бадиий сўз устаси Тоҳирмалик Юнусов ва бошқалар ҳам сўзга чиқиб, инсон маънавиятини юксалтирувчи китобларнинг замонавий шаклда етказиб берилиши йўлга қўйилаётгани китобхон халқимизга муносиб совға бўлишини қайд этишди.
Саодат МАТЁҚУБ қизи

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир инсон оиласи, жамиятга нафи тегишини, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишни истайди....
01 янв 1970
Ҳаёт қувончи, дунёнинг шодлиги болалар билан, уларнинг кулгиси оламни мунаввар этади.  ...
01 янв 1970
Маълумки, ўзининг буюк иқтидори билан ҳамма замонларнинг тенгсиз устози бўлган Мир Алишер Навоий ҳазратлари оила қурмай, ҳаётини фақат қариндош...
01 янв 1970
Газетамизнинг ўтган сонида аҳолидан таҳририятимизга келиб тушаётган ёзма, оғзаки ва электрон мурожаатларнинг айримларини таҳрирсиз эълон қилган эди...