«ҲОЖАТБАРОР» БЕМОР

/
Инсон борки доимо фарзандини ўйлайди. Унинг келажаги яхши бўлишини истайди. Жаҳонгирнинг бобоси ва ота-онаси ҳам фарзандларининг ўқимишли, келажакда яхши касб эгаси бўлишини хоҳларди. Шу боис уни мамлакатимиздаги нуфузли олийгоҳлардан бирига жойлаштириш йўлларини излай бошлашди. Буни қарангки, бу борада «елкадош» бўладиган киши ҳам топила қолди. «Қаҳрамон»имиз Салима Мубинова (мақолада исм-фамилиялар ўзгартирилган) ўз оёғи билан уларнинг олдига борди. Қандай қилиб, дейсизми? Тафсилоти келтирилаётган жиноят иши билан танишсангиз, ўзингиз бунга амин бўласиз.
Салима Пешку туманидаги табибга даволаниш учун борган вақтида табиб суҳбат жараёнида невараси Жаҳонгир ўқишга кириш учун ҳужжат тайёрлаётганлигини айтиб қолди.
— Бухорога топшириши шартмас, — деди маслаҳатга қўшилган Салима. — Навоийда абитуриентлар кам бўлади. У ерда жуда яқин танишим ишлайди. Агар хоҳласангиз неварангизнинг ўқишга киришига ёрдам беришим мумкин.
Шифо излаб келган беморнинг бехосдан ўртага ташлаган таклифи табибга маъқул тушди.
— Танишим билан гаплашиб, жавобини тез кунда айтаман, — деди Салима. — Аммо ўқишга киритиш осон эмаслигини яхши биласиз. Гапнинг индаллоси, харажати бор...
Табиб бува невараси ўқишга кирса ҳар қандай харажатни беришга тайёрлигини айтди.
Иш хамирдан қил суғургандай тез ҳал бўлганидан хурсанд Салима ўзига ҳамтовоқ излашга киришиб кетди.
2016 йил 4 июль куни Салима 700 АҚШ долларини унинг уйига келтириб берган Жаҳонгирнинг онасига ўғли ўқишга кирди, деб ҳисоблайверишини яна бир бор таъкидлади.
Ўғлини ўқишга киритиш учун елиб-югураётган бу аёлнинг соддалиги шундоқ юз-кўзларидан, гапидан билиниб турарди. Буни пайқаган Салима бир зумда гапга «тўн кийгизиб қўйди».
— Навоий давлат педогигика институтига киритадиган «паравоз»лар бор. Мен улар билан ишни пишитдим. Ўғлингиз имтиҳонга кириб ўтирмайди, унинг ўрнига кириб, тестни ечиб чиқадиганлар бор.
Афсуски, иш Салима айтгандай бўлмади. Жаҳонгир ўқишга кира олмади.
Улар югуриб Салиманинг олдига келишди.
— Сизлар қўрқманглар, ўғлингиз институтга киради. Ҳаммаси жойида бўлади,— деди Салима ўйламай-нетмай. — Ўғлингизнинг иши бўйича институтнинг катталари шуғулланишяпти. Бироқ яна 1000 «кўкидан» бериш керак.
Ишонувчан одамларни қарангки, улар яна 1000 АҚШ доллар беришга ҳам рози бўлишди. Алдаш ва фирибгарликда устомон бўлиб кетган Салима шу ернинг ўзида 700 АҚШ доллари олганлиги ҳақида тушунтириш хати ёзиб берди.
Афсуски, ёлғоннинг «умри» узоққа чўзилмади. Кўза синди. Яъни Салиманинг ёлғонларидан безиб қолган табиб ва унинг фарзандлари «ҳожатбарор»нинг устидан тегишли ташкилотларга арз қилишди.
Суд ҳукмига биноан Салима Мубинова Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан қонуний ҳукм эълон қилинди.
Рамзиддин НУРИДДИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаментининг
Бухоро шаҳар бўлими инспектори,
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
124 дона “Coca-cola” ва 210 дона “Fanta” контрафакт ичимликлари, 1 дона кислород баллони, турли кимёвий аралашмалар ва бошқ...
01 янв 1970
Фуқаролар давлат хизмати кўрсатилишида ҳозиржавоблик, аниқлик ва ижро назоратини ҳис этишаяптими?...
01 янв 1970
Инсон ўз ҳаёти, тақдирини ўзгартириб, уни мушкул аҳволга солаётган “далил”дан устун чиқиш учун нима қилиши керак? ...
01 янв 1970
Ҳавога кўтарилган учоқ тушга яқин Тошкентга қўнди. Самолёт бортидан тушган йўловчилар бирин-кетин божхона назоратидан ўта бошлашди....