Конституция – ижтимоий ҳаётнинг асоси

/
Барчамизга маълумки, яқинда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига 25 йил тўлади.
Бош қомусимиз умумэътироф этилган демократик тамойилларга аcоcланганлиги ва ўзининг ихчамлиги билан ажралиб туради. Асосий қонунимизда фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, мажбуриятлари, қонуний манфаатлари ҳимояси ҳақли равишда бош ўринни эгаллайди. Ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш даражаси, фаровон ҳаёт кечириши ва фаол меҳнат қилиши учун шароит яратиш Конституциямизнинг мазмунини ташкил этади.

Энг асосийси, унда ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш, дам олиш, қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ижтимоий таъминот олиш, малакали тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш ва бошқа бир қатор ҳуқуқлари кафолатланган.
Бундан ташқари, Конституцияда ижтимоий соҳанинг энг муҳим қисми ҳисобланган оила институтига алоҳида эътибор берилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ХIV бобида оила жамиятнинг асосий бўғини эканлиги, жамият ва давлат муҳофазасида бўлиши белгиланган. Шунингдек, ушбу бобда никоҳ муносабатлари, ота-оналар ва фарзандларнинг мажбуриятларига алоҳида эътибор қаратилган.
Мазкур нормалар хорижлик экспертлар томонидан ҳам алоҳида эътироф этилиб, ўзбекона қадриятларнинг қонунчиликдаги ифодаси сифатида юксак баҳоланмоқда. Зеро, она ва бола саломатлиги, кексаларга ғамхўрлик кўрсатиш, оилалар барқарорлигини таъминлаш мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ белгиланган тараққиётнинг “ўзбек модели”да мавжуд тамойилнинг бири – кучли ижтимоий сиёсат юритишнинг амалий ифодаси ҳисобланади.
Маълумки, юртимизда бундай оқилона сиёсатнинг амалга оширилиши натижасида аҳолининг фаровонлиги юксалди, турмуш шароитлари, саломатлик кўрсаткичлари яхшиланди.
Халқаро “Эл Виста” тадқиқотлар маркази таҳлили натижаларига кўра, Ўзбекистон дунёда узоқ умр кўрувчилар сони бўйича Япония, Хитой, АҚШ, Буюк Британия ва Италиядан сўнг 6-ўринни эгаллади.
Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони асосида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тасдиқланиб, ҳаётга татбиқ этилди.
Мазкур Ҳаракатлар стратегиясининг IV боби ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган.
Ушбу бобда аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини юксалтириш, арзон уй-жойлар барпо этиш бўйича мақсадли дастурларни амалга ошириш, таълим ва фан соҳасини ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш каби муҳим йўналишлар Конституциямизда белгиланган вазифаларни ҳаётга татбиқ этилаётганидан далолат беради.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлатимизда ижтимоий соҳага оид Ўзбекистон Республикаси Президентининг 24 та фармони, 109 та қарори, 13 та фармойиши қабул қилинди. 2016 йил сентябрдаги Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ўз моҳиятига кўра, мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсатининг асосий йўналишларини тартибга солувчи ҳуқуқий механизмларни янада такомиллаштиришни назарда тутади.
Мазкур қонуннинг яна бир ўзига хос жиҳати, унда ёшлар ва ёш оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида Ёшлар ижтимоий хизмати фаолият кўрсатиши белгилаб қўйилди. Бу ижтимоий хизматнинг асосий вазифаси ёшларга психологик-педагогик, юридик ёрдам кўрсатиш ва маслаҳатлар бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборат бўлди.
Бундан ташқари, 2016 йил 26 декабрда “Кексалар, ногиронлар ва аҳолининг бошқа ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари учун ижтимоий хизматлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинди. Ушбу қонун аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларига кўрсатиладиган ижтимоий хизматлар ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, ижтимоий хизматлар кўрсатишнинг умумий талаблари ва асосий йўналишларини аниқлаб олиш, шунингдек давлат ва нодавлат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектларининг ушбу соҳадаги роли ва жавобгарлигини оширишга қаратилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 февралда “Олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Унга мувофиқ, 2017 йил 1 июлидан бошлаб олий ўқув юртидан кейинги таълимнинг икки поғонали, яъни диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ҳамда диссертация ҳимоя қилиш ва тегишли фан тармоғи бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими жорий қилинди.
Қолаверса, Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам маркази Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, деб қайта номланди ва марказнинг асосий вазифалари белгиланди.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 апрелдаги “Соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, энди соғлиқни сақлаш соҳасида хусусий секторга тиббий хизматларнинг деярли барча турларни кўрсатишга рухсат берилди.
Мазкур қарор хусусий тиббиёт муассасаларига кенг кўламли имтиёз ва преференциялар берилгани билан ҳам алоҳида эътиборга лойиқ бўлди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 21 апрелдаги “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан олий таълим тизимини келгусида комплекс ривожлантиришнинг энг муҳим вазифалари белгилаб берилди.
Мазкур қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ечимини тўлиқ таъминлаш мақсадида Олий таълим тизимини 2017-2021 йилларга мўлжалланган комплекс ривожлантириш дастури тасдиқланди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли конституциявий ижтимоий ислоҳотларнинг асосий мазмуни ва мақсади инсон манфаатларини таъминлашга, халқ фаровонлигини янада ошириш ҳамда ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишга қаратилмоқда.
Нилуфар НОДИРХОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Турмуш ташвишлари, ҳаёт зарбалари баъзан инсонни руҳий тушкунликка тушириши мумкин. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Адвокатлар палатасида “Адолат” СДП Сайловолди дастури лойиҳасининг суд-ҳуқуқ соҳасига доир вазифалар муҳокамасига бағишланга...
01 янв 1970
Башарият учун энг муқаддас тушунчалардан бири, шубҳасиз, Мустақилликдир.
01 янв 1970
Коррупция — мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят. Унинг асосида хуфёна равишда қўлга киритиладиган иқтис...