Ободлик кўнгилдан бошланади

/
Маълумки, азалдан ота-боболаримиз ободонлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келган. Албатта, бу эзгу ишларни амалга оширишда халқимизга хос бўлган ҳашарнинг ўрни катта. Шу боис партия ташаббуси билан амалиётга жорий этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида оммавий ҳашар уюштирилди. Чилонзор туманидаги “Байналмилал” кўчасининг “Камолон” кўпригидан “Оқтепа” кўпригигача бўлган ҳудудида ўтказилган ҳашарда ҳамшаҳарларимиз эрта тонгдан ўзи истиқомат қилаётган маҳалла, турар жойлар атрофини ободонлаштириш, озода ва покизалигини сақлашда фаол иштирок этдилар.
Шу билан бирга, кўнгиллилар ҳашарида ушбу ҳудуддан оқиб ўтувчи “Анҳор” каналининг ён-атрофида жойлашган идора ва муассасалар ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлари, партия фаоллари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамда маҳаллий ҳокимликлар вакиллари иштирок этишди. Айниқса, ушбу ҳудудда жойлашган Олий ҳарбий божхона институтида таҳсил олаётган ўнлаб талаба-ёшлар партиянинг мазкур ташаббусига “лаббай”, дея жавоб қайтарган ҳолда шижоат кўрсатишди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида кўзда тутилган мақсад-вазифалардан келиб чиқиб, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси фуқароларда шаҳар-қишлоқларимизни тоза сақлашга бўлган дахлдорлик ҳиссини ошириш, хусусан, уларни кўнгилли равишда, ҳашар йўли билан атроф-муҳитнинг тозалигини таъминлашга сафарбар этиш, юрт ободлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларнинг тарбиясида тозалик орқали тиббий маданиятни шакллантиришга хизмат қилади.
Лойиҳадан кўзланган асосий мақсад — маҳаллалар, ариқ, йўл атрофлари, турар жойларнинг озодалигига эришиш, айниқса, ёш авлод онгида атроф-муҳитнинг тозалигини сақлаш кўникмасини шакллантириш, мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудуди озодалиги йўлида кўнгилли иштирокчиларни кенг жалб этиш, белгиланмаган жойларга чиқиндилар ташланишининг олдини олишга қаратилган тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш ва бу борада жамоатчилик фикрини шакллантиришдан иборат.
Лойиҳани амалга ошириш учун жойларда махсус ишчи гуруҳларини тузиш, аҳолининг санитария-гигиена ва тиббий маданиятини оширишда кенг жамоатчилик иштирокида маҳаллаларда сайёр учрашувлар ва давра суҳбатлари ташкил этиш, шаҳар ва қишлоқларни покиза сақлашга қаратилган тарғибот акцияларини уюштириш, жойларда оммавий ҳашарларни ташкил этиш режалаштирилган.
Мазкур лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш орқали фуқароларнинг атроф-муҳит тозалигига масъулиятини кучайтириш, уларда табиатни асраб-авайлаш, уни покиза ҳолда сақлаш маданиятини шакллантириш, ёш авлод тарбиясида ўз юртини севиш ва уни покиза сақлаш, атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш кўникмаларини мустаҳкамлаш ҳамда тиббий маданиятни янада юксалтириш кўзда тутилган.
— Бугун жаннатмонанд юртимиз кундан-кунга чирой очиб, шаҳару қишлоқларимиз обод бўлиб, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ортиб бормоқда. Бу, албатта, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик ҳамда инсон манфаатларини рўёбга чиқариш йўлида олиб борилаётган оқилона сиёсат самарасидир, — дейди Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Рахмонов. — Ана шундай даврда айрим фуқаролар ва муассаса-ташкилотлар юртимизда яратилган шароитлар ҳамда моддий неъматларнинг қадрига етиш ўрнига белгиланмаган жойларга, жумладан, кўчалар, сув бўйлари, хиёбонлару сайилгоҳларга ҳар хил чиқиндиларни ташлаб кетаётгани кўнглимизни хира қилади. Бу нафақат ўзимиз яшаётган маконнинг озодалигига, табиатимиз софлигига, балки аввало ўзимиз, фарзандларимиз, яқинларимиз саломатлигига ҳам жиддий зарар етказади.
Ваҳоланки, халқимиз асрлар давомида тозалик-озодаликка қаттиқ риоя қилиб келган. Ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила бу борада бошқаларга ибрат бўлишга интилишган. Тонг саҳарда супурилган йўлаклар, ёғ тушса ялагудек кўчалар ҳамманинг баҳри-дилини очган, яхши кайфият улашган. Зеро, улуғ бобомиз, тиббиёт илмининг билимдони Ибн Сино “Агар чанг ва тутун бўлмаганида инсон минг йил умр кўрарди”, деганида энг аввало атроф-муҳит озодалигини назарда тутган.
Аммо бугун бутун дунёда бўлгани каби мамлакатимизда ҳам чиқиндилар масаласи тобора долзарб аҳамият касб этаётир. Шундай шароитда юртимизни обод, тоза ҳудудга айлантириш, чиқиндилар масаласида белгиланган тартиблар тўла амал қилишига эришиш учун курашиш, бу борада мавжуд ҳуқуқий меъёрларга қатъий риоя этиш ҳар бир фуқаронинг бурчидир.
— “Адолат” партияси юртимиз озодалигини сақлаш йўлида бирлашиш ташаббуси билан чиққани бизни қувонтирди, — дейди “3-Чарх Камолон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Бахтиёр Мирғиёсов. — Очиғи, ҳашарда иштирок этаётган фуқаролар, айниқса, талаба-ёшларнинг шижоати барчага ибрат бўлмоғи лозим.
Яна бир муҳим жиҳат, партиянинг мазкур лойиҳаси доирасида республикамиз ҳудудлари бўйлаб “Энг покиза оила”, “Энг покиза кўча” ва “Энг покиза маҳалла” номинациялари бўйича танловлар ўтказилиши режалаштирилаётгани ҳам маҳаллалар ўртасида озодагарчилик борасида ўзига хос рақобат юзага келишига, пировардида эса ҳар бир ҳудуднинг янада обод бўлишига хизмат қилади.
Қолаверса, бу ўз навбатида, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг тиббий маданиятини юксалтириш, аҳоли яшаш пунктлари ва унга яқин ҳудудларда тўпланиб қолган турли чиқиндиларни олиб ташлашда мутасадди ташкилотлар фаолияти устидан самарали жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш, бу борада тегишли қонунларга риоя қилиниши юзасидан жамоатчилик назоратини ташкил этишда ҳам муҳим ўрин тутади.
— Бугун жамиятимизнинг энг илғор қатлами сифатида аввало биз, ёшлар атроф-муҳит тозалигини сақлашда ҳам намуна кўрсатишимиз керак, — дейди “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Илҳом Жўраев. — Шу маънода, партиямизнинг “Тозалик йўлида бирлашайлик” номли янги лойиҳасини амалга ошириш йўлида республикамиз ёшларини бирлаштирмоғимиз, мана шу каби кўнгиллилар ҳашарларини ташкил этишда ташаббускор бўлишимиз лозим.
Лойиҳа доирасидаги ушбу илк ҳашар давомида Тошкент шаҳрининг қон томири саналган “Анҳор” канали бўйида икки километрдан ортиқ масофада йиғилиб қолган турли чиқиндилар, шох-шабба ва хазонлардан тозалашга эришдик. Очиғи, бепарво ва лоқайд одамлар турли чиқиндиларни сув бўйига ташлаб кетганини кўриб, афсусландик. Бундай инсофсиз кишилар анҳорнинг ичига ҳам шиша ёки шунга ўхшаш чиқиндиларни улоқтириб кетаверишдан тап тортмайди. Ваҳоланки, бебаҳо неъмат бўлган сувни ифлослантиришга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Партиямизнинг янги лойиҳаси доирасида ўтказиладиган бу каби оммавий ҳашарлар орқали биз ўзимиз яшайдиган ёхуд фаолият юритадиган ҳудуднинг, айниқса, сув ҳавзалари ва йўл бўйларининг тоза-озодалигини таъминлашда фаол иштирок этиш баробарида ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини сақлашга ҳамда жонажон юртимизнинг ободлиги, кўркамлиги ва покизалигига ҳисса қўшамиз.
Мухтасар айтганда, “Тозалик йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ташкил этилган дастлабки кўнгиллилар ҳашари уюшқоқлик ва юқори савияда бўлиб ўтди. Партия ташаббуси билан ўтказилаётган бундай кўнгиллилар ҳашарлари республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб давом эттирилади.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Фуқаролардан 9 та ёзма ва 30 га яқин оғзаки мурожаатлар келиб тушгани ҳамда ўз ижобий ечимини топгани эътиборга молик. ...
01 янв 1970
Маълумки, маҳаллий Кенгаш депутатининг фаолияти серқирра бўлиб, қатор йўналишларни ўз ичига олади....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ҳаваскор жамоалар ўртасида “Адолат” кубоги учун мини-футбол мусобақаларини...