Тубанликка юз тутганлар

/
Аёллар орасида ўзи дунёга келтирган норасидасини пулга сотаётганлар учраётганини эшитиб, ёқа ушлайсан киши. Афсуски, орамизда баъзида шундай кимсалар ҳам учраб туради.
Соҳиба Қосимова (мақоладаги исм-фамилиялар ўзгартирилган) асли Наманган вилоятининг Мингбулоқ туманидан. У ишлаб, пул топиш мақсадида Тошкент вилоятига келиб, Тўйтепа шаҳридаги цехлардан бирида ишлай бошлади. Кунларнинг бирида Иброҳим исмли йигит билан танишиб, қонуний никоҳдан ўтмасдан унинг уйида бирга яшай бошлашди. Енгил ҳаёт кечириб, оқибатини ўйламаганлиги туфайли никоҳсиз фарзанд туғилди.
Соҳиба фарзандини олиб Наманганга жўнади. Ёмон хабар тез тарқайди. Бир пасда бутун маҳаллада Соҳибанинг ноқонуний фарзанд орттириб олгани ёйилди. Эл оғзига элак тутиб бўлмайди деганларидек, хабар қизнинг онаси қулоғига етиб келди. Онаси қизини уйига киритмади. Соҳиба иложсиз ортга, Тўйтепа шаҳрига қайтди. Яна Иброҳим билан яшай бошлади.
Кунларнинг бирида Иброҳим уни ва боласини боқишга қийналаётганлигини айтиб қолди.
— Кел, болани сотамиз, бу унга ҳам, бизга ҳам фойдали бўлади.
— Кимга?
— Шаҳримизда бола боқиб оламан деган оилалар жуда кўп.
— Неча пул берар экан?
— Бир танишим 300 доллар эвазига болани олмоқчи.
— Майли, агар боқишга қийналаётган бўлсангиз розиман, — деди аёл.
Бу ниятдан хабар топган Соҳибанинг таниши Гулмира болага ўзи харидор топишга уриниб кўришини айтди.
— Сизлар болани сотишларингизни ҳеч кимга айтманглар, мен ўзим катта пул тўлайдиганини топаман, — деди Гулмира.
— Кимга бермоқчисиз болани?
— Ўзимнинг танишимга, яъни опамга. Опам ва поччам анчадан буён бола боқиб олмоқчи бўлиб юришибди. Ўзларининг болалари йўқ.
— Биз сўраган пулни беришса, розимиз, — деди Соҳиба.
Устига-устак чақалоқнинг туғилганлиги ҳақидаги ҳужжатлар ҳам йўқ эди.
Қисқаси, шу йил йигирманчи февраль куни улар Тўйтепа шаҳрида учрашишди, Соҳиба 300 АҚШ доллари эвазига фарзандини Гулмирага сотди. Гулмира эса чақалоқни опасига олиб бориб берди. Бироқ уларнинг қора қилмишидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора вакиллари хабар топишди.
Ўз фарзандидан воз кечган, устига-устак уни пулламоқчи бўлган бу аёлнинг қилмишини оқлаб бўлмайди. Бола сотишдек разил ишда воситачилик қилган Гулмирани ҳам асло кечириб бўлмайди. Гўдак савдосига аралашган бошқа фуқароларнинг айби ҳам уларникидан кам эмас.
Судда Соҳиба Қосимова ҳамда Гулмира Рўзиева айбларига иқрор бўлиб, енгиллик беришни сўради. Суд тубанликка юз тутган бу кимсаларга қилмишларига яраша жазо белгилади.
Оналик шаънига доғ туширган Соҳиба Қосимова бугун минг пушаймон бўлса-да, уни яқинлари, таниш-билишлари кечирмаса керак. Негаки, у ўз зурриётидан воз кечди.
Холида САЙДАЗОВА, Тошкент транспорт прокурори катта ёрдамчиси, адлия кичик маслаҳатчиси,
Жобир ХЎЖАҚУЛОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мустақил мамлакатимиз эркин, демократик жамият қуриш йўлига ўтганидан бери орадан йигирма олти йил ўтди....
01 янв 1970
Энг муҳими, барча жарроҳлик амалиётлари ва даволаш ишлари шу ернинг ўзида бажарилади. ...
01 янв 1970
Ҳаётда ўйламай босилган қадам фақат ташвиш келтириши, оқибати ҳамиша аянчли якун топиши бор гап. Аммо буни ҳамма ҳам тушунавермас экан....
01 янв 1970
Ватани, ўз маҳалласи, оиласи шаънини ҳимоя қилиш эр йигитларнинг энг олий бурчидир. ...