Жасоратга йўғрилган йиллар

/
Халқ ғамидан ўзга ғами йўқ
Биринчи Президентимиз ҳақида мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида турли муаллифларнинг чиқишларини ўқир эканман, камина ҳам шу мавзуда қалам тебратишга журъат қилдим. Албатта, ноёб иқтидори билан мамлакат мустақиллиги йўлида тарихий хизматлар қилган инсон фаолиятига баҳо бериш, муайян хулосалар чиқариш таниқли сиёсатчиларнинг, тарихнависларнинг иши. Ушбу сатрларнинг муаллифи эса журналистлик фаолияти давомида ёндафтарига туширган воқеликлар ҳақида ҳикоя қилади.
Аслида Ислом Каримовнинг бошқаларга ўхшамайдиган иш тутуми эл оғзида афсонага айланиб кетиши Қашқадарё вилоятидаги фаолиятидаёқ аён бўлган. Ёдингиздами, шўро салтанатининг сўнгги талвасаларидан бири Ўзбекистондаги вилоятларни йириклаштириш сиёсати бўлганди. Сирдарё ва Жиззах вилоятлари қўшиб юборилган, Навоий вилояти тугатилиб, Бухоро ва Самарқандга тақсимланганди. Маҳаллий шароит пасту баландидан бехабар “марказ”дагилар Қашқадарёни Бухорога қўшиш ғоясини илгари суришганди. Қўриқ вилоят раҳбари Ислом Каримов “Қарши чўлини Бухородан туриб бошқариб бўлмайди”, дея иқтисодий кўрсаткичлар таҳлили орқали нотўғри қадамнинг олдини олганди. Кейинчалик республикага раҳбар бўлгандан сўнг юқорида тилга олинган хатоларни ҳам тўғрилади.
Қашқадарёликлар ҳозир ҳам ўша даврдаги етакчилари ҳақида ажиб завқ-шавқ билан сўзлашади. Одамлар ҳаётини ич-ичидан кузатиш, эл-улуснинг оғирини енгил қилиш истаги Ислом Каримовнинг вилоятдаги фаолиятида яққол кўзга ташланган, кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлганди.
Ислом Каримов республика раҳбарлигига келганда юртимизда ижтимоий-иқтисодий вазият ниҳоятда қалтис, иқтисодиёт таназзул кўчасига кириб қолган эди. Нима қилиш керак? Эл дардига қандай қилиб малҳам қўйиш мумкин? Водий вилоятларидаги аҳвол шунчаки кузатилганда ҳам одамнинг капалаги учиб кетарди: тўрт-беш оила битта хонадонда тиқилиб яшайди. Уларга алоҳида ҳовли-жой қуриш учун ер ажратса бўлмайдими? Кечирасиз, ҳар бир қарич ерга пахта экилган-ку, пахта — бу сиёсат дегани! Нима, ўша пахта одамдан ҳам азизми? Ҳа, ўша давр сиёсати бўйича одамдан ҳам азиз эди.
Бугунги кунда юртимиздаги, бозорларимиздаги ҳавас қиладиган тўкин-сочинликни кўрганда, бундай файз-бараканинг илдизларига назар ташласак ўринли бўлади. Ўзбекистон мустақилликка эришиш арафасида мамлакат туб ислоҳот йўлини танлади. Ўша йиллардаги ўзгаришларни бир сўзда ифодаламай, юртимизда қандай вазият ҳукмронлигини ёдга олайлик. Собиқ марказ жон талвасасига тушиб, республикаларга ўз ҳукмини ўтказишга уринарди. Тоталитар тузумнинг шафқатсиз тартиблари одамларни ҳолдан тойдирганди. Кремлнинг нияти ижтимоий-иқтисодий формацияни ўзгартирмасдан аҳволни ўнглаш эди. Бу ҳаракатга “қайта қуриш”, деб ном беришди.
Ўзбекистон раҳбарлигига ўз халқига садоқат билан хизмат қилишни олий саодат деб билган инсон — Ислом Каримов келди. Халқнинг тинч-осойишта яшашини фаолияти мазмуни деб билган инсон узоқни кўзловчи сиёсатни эълон қилди. Шу пайтгача давлат манфаати устуворлик қилган бўлса, эндиликда халқ манфаати, инсон фароғати олдинги маррага олиб чиқилди. Дастлабки пайтлардан раҳбарлик сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири йиллар мобайнида таранглашиб турган вазиятни юмшатиш — уй-жой қуриш, инсон каби яшаш учун томорқа муаммосини ҳал этишга қаратилди. Шу эзгу ғоянинг чин баҳосини қадрлаш учун каталакдек ҳовлида тўрт-бешта оила тиқилиб яшашини кўриш, мазкур қисматни табиий ҳол, деб юрган одамларга ҳамдард бўлиш керак эди.
Яширмасдан айтайлик, биз, журналистлар бир ҳовлида яшаётган оилалар ҳақида қалам тебратганимизда уларнинг аҳиллиги, бирдамлигига урғу берардигу, муаммоларини кўрмасликка олардик.
Ҳар ким томорқасига, ҳовли-жойига эга бўлсин, деган сиёсатдан таъсирланган оддий одамлар, кўпни кўрган нуронийлар кўзда ёш билан Президентимизни дуо қилишди. Эски қолиплар исканжасига ўрганиб қолган айрим раҳбарчалар янгиликка шубҳа билан қарашди. Йўғе, ҳосилдор ерларни уй-жойга, томорқага бериб бўладими, дея ажабланишди. Аслида ўша ер ҳақиқий соҳибига — инсонга хизмат қилиши ҳақида ўйлашга қотиб қолган тасаввурлари йўл бермасди.
1991 йилнинг январида, ҳали мустабид тузум ойболтаси ярқираб турган кунларда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов бир фармонга имзо чекди. Келинг, мана шу тарихий ҳужжат ҳақида сал кенгроқ сўз юритайлик.
Ўша дамларда шўро салтанатини сақлаб қолиш, қолаверса, ҳокимият кучини кўрсатиб қўйиш учун турли-туман уринишлар, ўйинлар намоён бўлиб турарди. СССР Вазирлар Маҳкамаси 22 январь оқшомида Давлат банкининг 1961 йил намунасидаги 50 ва 100 рубллик пулларини алмаштириш ҳақида қарор чиқарди. Агар ушбу қарор Москва телевидениесида кеч соат 21 да эълон қилинган бўлса, Ўзбекистон ва унга қўшни республикаларга эртаси куни, яъни 23 январда маълум қилинди. Қарорнинг моҳияти: икки кун ичида пулини алмаштирган алмаштиради, улгурмаган куйиб қолади. Кимдир уйидан узоқда дам олаётган бўлса, хизмат сафарида бўлса-чи? Фарқи йўқ, куйса янаям яхши, давлат фойдасига қолади. Тавба, бу қандай бало бўлди? Ҳамманинг юз-кўзига ташвиш кўланка солди.
Ўша куниёқ Ўзбекистон Президентининг ўз халқи ғамини еб, унинг зарар кўришидан изтироб чекиб имзолаган Фармони эълон қилинди. Ушбу ҳужжат СССР Вазирлар Маҳкамаси қарорининг амал қилиш муддатини узайтириш масалалари юзасидан, деб аталганди. Унда баён қилинишича, минтақа ва республикадаги пул муомаласининг ўзига хос жиҳатларини назарда тутиб, 50 ва 100 рубллик пулларни алмаштириш давлат ташкилотлари учун 24 февраль соат 13.00 гача, фуқаролар учун 1 февралга қадар узайтирилди. Тасаввур қиласизми, бу билан Москва ҳужжати амалда бекор қилинди. Одамларнинг хурсанд бўлгани — фуқароларга кенг имконият — 7,5 кун кўп яратилди. Мазкур Фармон ёнида унинг шарҳи ҳам бор эди. Фақат Ўзбекистон аҳлининг манфаатини кафолатли ҳимоя қилган Фармон шарҳида ёзилишича, юртимизга хос бўлган хусусиятлар, миллий анъаналар, республикадаги турмуш тарзи туфайли аҳолининг кўпчилиги, айниқса, қишлоқ жойларидаги аҳоли тўйлар, маъракалар каби турли тадбирлар ва маросимларни ўтказиш, уй қуриш, томорқа участкаларига сарфлаш учун узоқ вақт мобайнида таом ва кийим-кечакдан тежаб пул жамғарганлар, улар одатда жамғарма кассалари хизматидан фойдаланишга кўникмаганлар. Бундан ташқари, 1990 йилда якка тартибда уй-жой қуриш учун аҳолига 700 миллион рублдан кўпроқ қарз берилган. Шарҳда яна бундай дейилади: пулни шу қадар қисқа муддатларда (Москва белгилаган муддат назарда тутиляпти.— Ш.Ж.) алмаштириш чоғида қийинчиликларга сўзсиз дуч келишлари эътиборга олинди.
Эртаси куни Москва телевидениесининг “ТСН” ахборот кўрсатуви Ўзбекистон ўзи учун алоҳида қонун чиқарди, деган маънода чиқиш қилди. Ҳукумат раҳбарлари эътироз билдиришга ботина олишмади, шекилли, халқимиз ўз Президенти ғамхўрлигида собиқ иттифоқ экспериментидан талафот кўрмай чиқди. Энг муҳими, охирги бир ярим йилдан буён давом этаётган томорқа эгаларини ижтимоий ҳимоялашга доир тадбирлар зое кетиш хавфига барҳам берилди. Аслида томорқа фақат алоҳида оила манфаатинигина эмас, балки бутун мамлакат истиқболини таъминловчи омил эди.
Четдан қараганда, бир хонадонда пайдо бўлган янги оила алоҳида томорқага эга бўлиши жамият учун жуда катта воқеа эмасдек туюлиши мумкин. Лекин бу масаланинг кўзга ташланмайдиган муҳим ҳаётий қирралари жуда кўп. Энг аввало, аҳоли орасидаги таранг вазият барҳам топади, инсоннинг киндик қони тўкилган заминга меҳри ошади. Оилада ўсаётган фарзандлар баркамоллиги таъминланади. Қуйидаги рақамларга эътибор қилинг: совет ҳокимияти йилларида Ўзбекистонда қишлоқ аҳолисига ҳаммаси бўлиб 300 минг гектарга яқин ер томорқа сифатида берилган бўлса, мустақилликнинг дастлабки йилларида қарийб 2,5 миллион оилага жами 400 минг гектар суғориладиган ер қўшимча томорқа сифатида ажратилган. Бу инқилобий ютуқни улкан тарихий қадам, деб баҳолаш ўринлидир.
Инқилоб деган сўз эврилиш, тўнтариш каби маъноларни англатади. Лекин томорқа муаммосининг оқилона ечими одамлар онгида туб ўзгариш ясаганлиги учун инқилобга муқояса қилсак фикримизга қўшиларсиз.
Тоғнинг салобати масофа узоқлашганда яққолроқ намоён бўлганидек, мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида Юртбошимиз бевосита бош бўлган томорқа ислоҳоти бугунги кунда ажойиб самаралари, халқимизнинг бардам кайфияти билан муносиб баҳосини олмоқда. Кўнглимиздан шундай муқояса ўтади: томорқа соҳасидаги эврилишни мамлакатимизда дон мустақиллигига эришганимиз даражасида баҳолаш мумкинмикан?! Балки бу ютуқларимизни бир-биридан ажратмасак тўғри бўлар?! Зотан, ўзбекнинг ўз нонини етиштирган деҳқон Президенти туҳфа этган томорқа шарофати билан юртга меҳри, эртанги кунга ишончи ошиб, шундай чўққиларни забт этгандир.
Зар қадрини заргар билади, дейдилар. Томорқанинг мамлакатимиз ҳаётида, халқимиз тақдирида қандай ўрин тутишини ўз умрини она заминга бағишлаган юртдошларимиз дилдан ҳис этишди. “Сиз юртимизда томорқа ислоҳотини қандай қабул қилгандингиз, умуман, ўша йиллардан қандай хотира қолган?” деган саволларимизга суҳбатдошларимиз турлича жавоб қилишди. Сиз ҳам танишинг-чи.
— Мен қулоқларимга ишонмадим. Ахир у пайтгача давлат фақат халқдан шилиш, нимадир ундириш пайида бўларди-ку. Наҳотки, боболаримиз армонлари ушаладиган бўлса...
— Томорқа — мустабид тузумдан эзилган халқнинг қалбига, юрагидаги жароҳатига малҳам бўлди. Баъзилар бу сиёсат узоққа бормайди, дея башорат қилмоқчи ҳам бўлишди.
— Қишлоқ одамларининг қадди кўтариб қўйилди. Қишлоқ файзу барака, тўкин дастурхон рамзига айланди.
— Агар бу муаммо ўз вақтида ҳал қилинмаганида ҳаётимиз қандай кечишини тасаввур этишнинг ўзи оғир эди.
— Ҳозир касаначилик эл-юртга наф келтираяпти. Бу соҳа ҳам томорқа шарофати билан ривож топди.
Ислом Абдуғаниевич ислоҳотлар жараёнида янгидан бунёд этилган ҳовли-жойларни кузатар экан, ўз халқи шу замин бағрида яйраганидан қувонди. Лекин Юртбоши одамларимиз янада қулай, янада обод хонадонларда яшашини орзу қиларди. Шифти баланд, пишиқ ғиштдан тикланган уйлар қуриш тавсия қилинди. Ушбу ғоя қанча тарғиб қилинмасин, ҳамма жойда бирдай амалга ошавермади. Ислом Каримов намунали лойиҳалар тузиб, уни одамларга давлатнинг ўзи қуриб бериши ҳақида ўйлади. Энди эса Президент Шавкат Мирзиёев томонидан намунали лойиҳа асосида қурилаётган уй-жойлар таннархини янада арзонлаштириш, бундай массивлар сонини ҳар қачонгидан кўпайтириш бўйича амалий ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Бундай ғамхўрлик, ўз навбатида, халқимизнинг она заминга меҳру муҳаббатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Истиқлол йилларида оналик ва болалик муҳофазаси мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналишларидан бирига айланди....
01 янв 1970
Яқинда йўлимиз тушиб, эрталаб соат 6:20 да «Қўйлиқ Марказ-2» шоҳбекатига бордик....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси Носир Нурназаров яқин кунларда 90 ёшини қарши олади....
01 янв 1970
Инсоннинг яқин дўстлари орасида мактабда бирга ўқиган тенгдошлари бўлиши табиий. ...