Бепарволик қачонгача?

/
Мамлакатимизда ҳар томонлама соғлом авлодни тарбиялашда соғлиқни сақлаш тизимининг ўрни ва масъулиятини ошириш, таълим-тарбия ва спортнинг ўрнини янада кучайтириш, соғлом бола тарбиясида маҳалла ва ижтимоий тузилмаларнинг таъсирини оширишга алоҳида этибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларида синфлардаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, эмлашлар даврийлиги ҳамда тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатларини чуқур ўрганиш ва юзага келган муаммоларни аниқлаб, уларни бартараф этиш борасида белгиланган вазифаларига маҳаллий Кенгашлардаги партия депутатлари кенг жалб этилган. Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги партия депутатлик гуруҳи аъзолари, партия фаоллари ва мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи томонидан жорий йилнинг апрель-май ойларида Бухоро шаҳридаги бир қатор мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ўрганишлар олиб борилди. Партиямизнинг “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида ўтказилган ушбу ўрганиш натижалари умумлаштирилиб, маҳаллий Кенгашнинг “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари доимий комиссияси” йиғилишида муҳокама этилган эди.
Аммо депутатлик назорати тартибида сентябрь ойида мазкур таълим муассасаларида ўтказилган қайта ўрганишларда олдин аниқланган муаммоларнинг бир қанчаси ҳали ҳам ечимини топмай тургани маълум бўлди.
Шундан келиб чиқиб, депутатлик гуруҳимизнинг навбатдаги йиғилишида шаҳар тиббиёт бирлашмаси раҳбари Ҳ.Сафаров ҳамда халқ таълими бўлими раҳбари З.Тўйеванинг ушбу соҳадаги олиб борилаётган ишлар ҳақидаги эшитуви ташкил этилди.
Унда ҳудуддаги таълим муассасаларида юқорида таъкидланган йўналишларда шарт-шароитлар яратиш юзасидан муайян ишлар қилинаётган бўлса-да, шаҳарнинг чекка ҳудудларидаги мактаб ва боғчаларда бир қатор муаммолар ўз ечимни кутаётганлиги хусусида сўз юритилди. Шунингдек, бу муаммолар ичида бошқа масъул ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар ҳам борлиги таъкидланди. Жумладан, умумий амалиёт шифокорларига шаҳар тиббиёт бирлашмаси тизимида сезиларли равишда эҳтиёж кузатилмоқда.
Партия депутатлари ўрганишлар натижаларига мутасадди раҳбарлар эътиборини жалб этишди.
Йиғилишда сўзга чиққан шаҳар тиббиёт бирлашмаси “Мактаб ва мактабгача тарбия муассасаларида тиббий хизмат” бўлими бошлиғи Елена Гулямова умумтаълим мактаблари ҳамда мактабгача тарбия масканларида партия депутатлик гуруҳи томонидан аниқланган муаммо ва камчиликлар чиндан ҳам мавжудлигини қайд этиб ўтди.
Айниқса, мактаб ва МТМларда педиатр шифокор кадрлар етишмаслиги туфайли вакант жойлар кўплиги, ҳозирги вақтда ишлаётган шифокорларнинг етмиш фоизини эса пенсионер мутахассислар ташкил этиши жиддий ўйлаб кўриладиган ҳолдир. Бугунги кунга келиб 13 та умумтаълим мактабида шифокорлар фаолият кўрсатмаяпти. Ёш педиатр шифокорларни ишга таклиф этишга ҳам тиббиёт бирлашмаси томонидан эътибор қаратилмаган. Мактаб ва боғчаларда тиббиёт хоналари етишмайди ёки борлари ҳам белгиланган талаблар даражасида эмас. Жумладан, 19, 36, 6, 34, 25-умумтаълим мактаблари ва 78, 75, 26-сонли мактабгача таълим муассасаларининг тиббиёт хоналари умуман талабга жавоб бермайди. Уларда зарур тиббиёт жиҳозлари етишмайди ёки бор жиҳозлар ҳам эскириб бўлган.
— Ўрганишларда аниқланган камчиликлардан асло кўз юмиб бўлмайди, — деди депутат Ориф Эгамов. — Хусусан, 26, 75, 78-мактабгача таълим муассасаларидаги тиббиёт хоналарида зарур шарт-шароитлар яратилмаган, тиббий анжомлар йўқ. Мутасадди муассасаларнинг раҳбар ходимлари бу борадаги масъулиятини кучайтириши шарт.
Мактаб ва МТМларда фаолият юритаётган тиббиёт ходимларидан 25 нафари 2017 йилнинг ўтган даврида малакасини оширгани бўлса, бугунги кунга келиб 24 нафар тиббиёт ходимининг малакасини ошириш зарур бўлиб турибди. Бу масаланинг молиявий жиҳатлари ҳам бор. “Мактабгача таълим муассасалари фаолияти тўғрисида”ги низомда тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бепул деб белгиланган, шунга қарамай, ҳамширалар пул тўлаб малакасини оширишмоқда. Шу билан бирга, баъзи мактаб ва МТМларда болалар сони камлиги сабабли тиббиёт ходими 0,5 ставкада ишлайди, демак, ҳамшира тушдан кейин мактаб ёки боғчада бўлмайди. Ўз-ўзидан “Тушдан кейин болаларнинг саломатлигига ким жавобгар?” деган савол туғилади.
Шаҳардаги 38, 19, 2-умумтаълим мактаблари синфларида болалар сонининг белгиланган меъёрга нисбатан кўплиги ўқув йили бошиданоқ маълум эди, аммо негадир шаҳар ДСЭНМ бўлими бунга бармоқ орасидан қараб келмоқда.
Мажбурий дори-дармонлар билан таъминлашда ҳам бир қатор муаммолар кўзга ташланмоқда. Белгиланган нормада кўрсатилганидек, тиббиёт хоналарида бўлиши лозим ҳисобланган дори-дармонлар шаҳар молия бошқармасининг талабига асосан давлат тасарруфидаги “Дори-дармон” МЧЖга тегишли марказий дорихонадан олинади. Бироқ юртимизда етарлича мавжуд бўлган оддий дорилар ҳам доим бу дорихонада етишмайди. Шу туфайли мактаб ва МТМ шифокорлари бундай дори-дармонларни сотиб ололмаяпти ёки зарурат туғилганда, дорихона ходимлари уларнинг ўрнига болалар соғлиғи ва ёшига тўғри келмайдиган дориларни тавсия қилишмоқда.
Мажлисда мазкур муаммолар хусусида атрофлича фикр юритилди. Депутатлик гуруҳининг йиғилишида қабул қилинган қарорга мувофиқ, ўрганишлар натижасида аниқланган муаммо ва камчиликлар бўйича умумлаштирилган таҳлилий хулосалар асосида таклиф тайёрланиб, ушбу масала халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг сессиясига тақдим қилиниши белгиланди. Шу билан бирга, партия депутатлари томонидан бир қатор масъул ташкилотларга тегишли масалаларга доир депутатлик сўровлари киритилди.
Дилбар ҲАМДАМОВА,
халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон "Адолат" СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП ҳам ёшларга оид давлат сиёсатини рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиб келмоқда. ...
01 янв 1970
Янгийўл иқтисодиёт ва сервис коллежида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши Марказий аппарати ташаббуси билан давра суҳбати ўтказилди...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши тизимида ўқув-семинарлар ташкил этиб келинмоқда....
01 янв 1970
Ёш авлод соғлиғини асраб-авайлаш болалар ўртасида келиб чиқиши эҳтимоли бўлган турли касалликларнинг олдини олишга ҳам боғлиқ. ...