Камолот пойдевори

/
Мамлакатимизда барча соҳалар қатори мактабгача таълим тизимини ислоҳ қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда юртимиз фарзандларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашда яққол намоён бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори келгуси беш йилликда мактабгача таълимнинг сифат ва самарадорлигини тубдан оширишга хизмат қилади. Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 19 июлда чиқарилган қарорига асосан “Нодавлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида”ги, “Жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида”ги ҳамда “Мактабгача таълим муассасаси тарбияланувчиларининг соғлом ва хавфсиз овқатланишини ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низомлар тасдиқланди. Хусусан, “Давлат мактабгача таълим муассасаси тўғрисида”ги низомга мувофиқ эндиликда болалар 3 ёшдан бошлаб мактабгача таълимга қамраб олиниши белгилаб қўйилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, болаларни 3 ёшдан мактабгача таълим муассасасига қабул қилишнинг афзалликлари жуда кўп. Масалан, фарзанд уч ёшгача тўлиқ ота-она қарамоғида ва тарбиясида бўлади. Негаки, болани 1-2 ёшдан мактабгача таълим муассасасига бериб, оналар бошқа юмуш ва ташвишларни фарзанд тарбиясидан устун қўйиши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўпчилик англаб етмоқда. Бу борада белгиланган меъёр болажонларнинг ота-она меҳридан кўпроқ баҳраманд бўлишига имкон беради. Бу эса фарзандларимиз камолотида ҳаётий аҳамиятга эгадир.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 9 сентябрдаги “Мактабгача таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалиётга йўналтирилган вазифалар соҳа ходимларининг масъулиятини янада кучайтириб, янгича ёндашувлар билан фаолият юритишга ундайди. Ушбу ҳужжатда, хусусан, мактабгача ёшдаги болаларни уйғун ривожлантириш, боғчаларни ўқув-тарбиявий адабиётлар, озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш масалаларига жиддий эътибор қаратилганлиги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини замон талаблари асосида такомиллаштиришда алоҳида аҳамият касб этади. Зеро, жондан азиз фарзандларимиз соғлом ва баркамол бўлиб ўсиб-улғайишида уларга болалигида кўрсатилган ғамхўрликлар муҳим мезон саналади.
Мазкур қарор мактабгача таълимни бошқаришда амалдаги муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш, мактабгача таълим соҳасига инвестицияларни жалб қилиш, шу жумладан, ижтимоий-ҳаммабоп мактабгача таълим муассасаларини ташкил этиш, уларни моддий-техник жиҳатдан қайта жиҳозлаш ва илғор педагогик технологияларни қўллаш, болаларни мактабгача таълим муассасалари билан тўлиқ қамраб олиш имконини беради. Бундай аниқ вазифалар замирида болажон халқимизнинг юксак фазилатлари ҳам ўз аксини топган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 30 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори тизимни тўлақонли ва самарали бошқариш, мактабгача таълим соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичда муваффақиятли амалга оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Биз, соҳа ходимлари фаолиятимизга танқидий ёндашиб, янгича фикр юритиб, замон талабига мос равишда фидойилик билан ишлашимиз, яратилаётган имкониятларни амалиётга татбиқ этишда фаоллик кўрсатишимиз керак.
Дилоромхон МАДРАҲИМОВА,
Ёзёвон туманидаги 11-мактабгача таълим муассасаси мудираси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бирор воқеа ҳаётингизни тубдан ўзгартиришига, айниқса, ижобий томонга ўзгартиришига ишонсангиз, уни интизорлик билан кутасиз....
01 янв 1970
Тарих — босиб ўтилган йўл. Уни орқага қайтариб ҳам, қайтадан яратиб ҳам бўлмайди....
01 янв 1970
Тан олишимиз керак, кейинги уч йилда давлатимиз раҳбарининг юксак минбарлардан ҳар бир чиқиши, ҳар бир маърузаси ўзининг мазмуни, кўламдорлиги, тан...
01 янв 1970
Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш барча давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда молиявий муассасаларнинг устувор вазифаси бўлмоғи лозим....