Ҳуқуқий маслаҳат бурчаги

/
— Бу йил укам мамлакатимиздаги университетлардан бирига тўлов-контракт асосида ўқишга кирди. Контракт пулини ўз иш ҳақимдан тўламоқчи эдим. Айтинг-чи, яқинларини тўлов-контракт асосида ўқитаётган фуқароларга қандай солиқ имтиёзлари бор?
Бобиржон ТУНГАТОВ,
Тошкент вилояти

— Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 179-моддаси 31-бандига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун (ўзининг ўқиши ёки йигирма олти ёшга тўлмаган фарзандларининг ўқиши учун) йўналтириладиган фуқароларнинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадларига жисмоний шахслардан даромад солиғи олинмайди.
Мамлакатимиз олий ўқув юртларида таълим олиш учун йўналтириладиган маблағларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёзни қўллаш тартиби тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2010 йил 27 майда давлат рўйхатидан ўтказилган.
Мазкур низомга асосан жисмоний шахсларга солиқ чегирмаси ўқиш учун йўналтирилган ўз маблағлари, жисмоний шахсга тижорат банклари томонидан берилган таълим кредитларини қоплаш учун йўналтирилган маблағлар ва юридик шахслар томонидан жисмоний шахсларга қайтариш шарти билан берилган маблағлар (ссудалар) ҳисобидан амалга оширилганда тақдим этилади.
Эътибор қаратиш керакки, бунда юридик шахслар томонидан талабаларнинг таълим олиши учун олий ўқув юрти билан тўғридан-тўғри тузилган шартномалар бўйича пулли контракт асосида ўтказиладиган, ушбу юридик шахснинг харажати бўлган маблағлар суммасига солиқ чегирмаси имтиёзи татбиқ этилмайди.
Солиқ чегирмаси давлат солиқ хизмати органлари орқали жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш йўли билан ҳамда солиқ тўловчининг ёзма аризасига биноан тўлов манбаида, яъни иш берувчи томонидан ҳам берилиши мумкин.
Тўлов манбаида солиқ чегирмаси таълим учун тўланган суммаларни жисмоний шахснинг солиқ солинадиган даромадларидан кейинчалик ушлаб қолиш шарти билан берилган иш берувчининг маблағлари ва Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртига ёки тижорат банкига олинган таълим кредитини қоплаш эвазига иш берувчи томонидан ўтказиб бериладиган жисмоний шахснинг солиқ солинадиган иш ҳақи ва бошқа даромадлари ҳисобига амалга оширилганда тақдим этилади. Бунда тўлов манбаида солиқ чегирмаси қўлланилганда жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация тақдим этилиши талаб қилинмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида ўқиш учун тўлов жисмоний шахс томонидан мустақил равишда (нақд пул ҳисобига, жисмоний шахсларнинг банклардаги омонат ва бошқа ҳисоб рақамларидан ёки пластик карталардан фойдаланган ҳолда) амалга оширилганда солиқ чегирмаси Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 191-193-моддаларида назарда тутилган тартибда давлат солиқ хизмати органларига жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларацияни топшириш йўли орқали берилиши мумкин. Бунда солиқ чегирмаси Ўзбекистон Республикаси олий ўқув юртларида таълим олиш учун ҳақиқатда амалга оширилган харажатлар суммасига, солиқ даври учун кўрсатилган жисмоний шахснинг жами йиллик даромади миқдорига берилади.
Саволга Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг жисмоний шахслар солиқ маъмуриятчилиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Аҳрор АҲМЕДОВ жавоб берди

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан ХМТ ўртасида изчил мулоқот олиб борилаётганлиги тегишли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирларни такомиллаштиришга ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда давлат органлари фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. ...
01 янв 1970
Халқаро муносабатлардаги ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашувини янада чуқурлаштириш Ўзбекистон ташқи сиёс...
01 янв 1970
Олий ўқув юртига тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинган, II гуруҳ ногирони бўлган талабалар учун таълим кредити бўйича алоҳида имтиёзлар борм...