Сессияга масала киритилди

/
Ижтимоий ҳимоя, адолат тамойилларини жамиятда қарор топтириш Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар сирасига киради.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, айрим мансабдор шахсларнинг эътиборсизлиги туфайли баъзи ҳолатларда архив ишлари тўғри йўлга қўйилмаётганлиги, хусусий сектор вакилларининг бу соҳани етарли даражада тушунмаслиги оқибатида ҳужжатларни сақлаш талаблари бузилиши кузатилмоқда. Айниқса, фаолияти тугатилган юридик шахсларнинг ходимлар иш фаолиятига оид ҳужжатлари архивга топширилмасдан йўқолиб кетиш ҳолатлари учраётганлиги афсусланарлидир. Бу ҳол фуқароларнинг пенсияга чиқиш жараёнида ташкилотма-ташкилот юриб, ойлаб ҳужжат йиғишига, жойларда пенсия олиш ҳуқуқининг бузилишига сабаб бўлмоқда.

Партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида халқ депутатлари Қанликўл туман Кенгашидаги партия депутатлари ва фаоллардан иборат ишчи гуруҳи аъзолари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ходимлар меҳнат фаолиятига оид ҳужжатларни давлат архивларига топшириш, жойларда ушбу соҳага оид қонунчиликка амал қилиш ҳолатлари юзасидан жорий йилнинг май-июнь ойларида туман давлат архиви ва идоравий архивларда жамоатчилик назорати тартибида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижалари, ечимини кутаётган мавжуд муаммолар депутатлик гуруҳи йиғилишида атрофлича муҳокама қилингач, масаланинг долзарблигини назарда тутиб, ушбу масала халқ депутатлари туман Кенгаши сессиясига тақдим этилганди.
Халқ депутатлари туман Кенгашининг жорий йил 22 сентябрда бўлиб ўтган сессиясида мазкур масала мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида депутатлар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
— Туманда 2012-2017 йилларда 208 та корхона ўз фаолиятини тугатган бўлса, шулардан 16 тасининг ҳужжатлари архив идораларига топширилган, холос. Қолган 192 тасида ишлаган ишчи-хизматчиларнинг меҳнат фаолиятини тасдиқлайдиган ҳужжатлар архив идорасида йўқлиги, айниқса, пенсияга чиқиш пайтида фуқаролар учун оворагарчиликларни келтириб чиқариши тайин, — деди партия депутатлик гуруҳи аъзоси Бердибой Хожамуратов. — Ўрганишлар давомида тумандаги давлат архиви ва бир қатор идоравий архивларнинг бу борадаги фаолиятида ижобий жиҳатлар билан бирга айрим камчиликлар борлиги аниқланди.
Жумладан, туман тиббиёт бирлашмасида идоравий тиббий архив хонаси мавжуд бўлиб, касалликлар тарихи, статистик карталар ва бошқа тегишли ҳужжатлар архив хонасида сақланмоқда. Архив бўйича штат асосида масъул ходим 0,5 ставкада фаолият юритмоқда.
Идоравий архив хонасида 8 та оддий шкафдан фойдаланилмоқда, ҳужжатларни сақлаш учун темир стеллаж мавжуд эмас. Шунингдек, сақланаётган ҳужжатлар рўйхати тўлик юритилмаганлиги диққатимизни тортди.
2010-2015 йилларда тиббий архив маълумотларни сўраб келган фуқаролар ҳисоби юритилмаганлиги боис уларни қаноатлантириш даражаси бўйича маълумотлар мавжуд эмас. Муассаса томонидан бу масалага сўнгги икки йил давомида жиддий эътибор қаратилганлиги эса ижобий ҳолдир.
Туман бандликка кўмаклашиш марказининг идоравий архивида жамоатчилик асосида масъул ходим иш олиб бормоқда. Оддий шкаф ва бир дона темир сейфдан фойдаланилаётган мазкур архивни ҳам ҳужжатларни сақлаш учун темир стеллаж билан таъминлаш зарур. Туман давлат солиқ инспекцияси идоравий архивида ҳам жамаотчилик асосида масъул ходим бириктирилган, аммо ҳужжатларни сақлаш учун темир шкаф мавжуд эмас.
Туман давлат санитария-эпидемиология назорат марказида идоравий архив мавжуд эмаслиги аниқланди. Ушбу марказ ва тумандаги давлат ҳудудий архив муассасаси ўртасида 1991-2014 йилларда ҳамкорлик ўрнатиб келинган. Бироқ шундан кейинги даврда бу масала эътибордан четда қолган.
“Суўенли” ирригация тизимлари бошқармасининг идоравий архивига алоҳида хона ажратилган, стеллажлар билан таъминланган, лекин бу масканда ҳам ҳужжатларни сақлаш ҳолати белгиланган талабларга етарлича жавоб беради, деб бўлмайди.
2013 йилда ушбу бошқарманинг шахсий таркиб бўйича ходимларга иш ҳақи ҳисоблаш китоблари “Қуйи Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига олиб кетилганлиги ва шу вақтдан бошлаб бундай ҳисоблаш китоблари “Суўенли” ирригация тизимлари бошқармасида юритилмаганлиги сабабли уларни ўрганиш имконияти бўлмади.
“Қорақалпоқ ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ Қанликўл тумани электр таъминловчи корхонасида ҳужжатлар идоравий архив хонасида сақланмоқда, архив бўйича жамоатчилик асосида ходим тайинланган. Ушбу корхона билан ҳудудий архив муассасаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатилмаганлиги маълум бўлди.
“Қанликўл тумангаз” филиалида ҳам идоравий архив мавжуд эмаслиги, архив бўйича бирор ходим ҳам тайинланмаганлиги аниқланди.
Ушбу филиалда сақланаётган ҳужжат турлари 1991-2017 йилларга оид иш ҳақи ва буйруқ китобларидан иборат, сақланаётган ҳужжатлар рўйхати юритилмаган, филиал ва ҳудудий архив муассасаси ўртасида ҳамкорлик ўрнатилмаганлиги ҳам афсусланарлидир.

Туман давлат архив муассасаси мослаштирилган бинода фаолият юритмоқда. Айни пайтда бу бино таъмирталаб бўлиб қолган. Архив муассасасида 7 та хона мавжуд бўлиб, уларда ҳужжатларни сақлаш, фуқароларни қабул қилиш учун муайян шароитлар яратилган.
Шу билан бирга, архив биноси ҳажм жиҳатидан Қанликўлдаги корхона ва идораларнинг ҳужжатларини тўла равишда қабул қилиш имкониятини берадиган даражада майдонга эга эмаслиги аниқланди.
Бу масканда кино-фото, фоно ҳужжатларини сақлаш учун алоҳида хона ажратилмаганини ҳам айтиб ўтиш жоиз. Бу турдаги хужжатлар умуман мавжуд ҳам эмас.
Архив муассасаси компьютер ва бошқа шу каби техник воситалар билан таъминланган. Архивда жами ҳужжатларнинг 51 фоиздан зиёди электронлаштирилган ва бу борадаги ишлар давом этмоқда. Мазкур муассасада ишлаётган ўндан зиёд ходимларнинг 4 нафари олий маълумотли мутахассислардир.
2014 йилдан 2017 йил 15 июнигача бўлган даврда туман давлат архив муассасасига фуқаролар томонидан иш ҳақи, иш стажи тўғрисида маълумот сўраб 2224 та мурожаат келиб тушган ва барчаси тўлиқ қаноатлантирилган.
Сессияда депутатлар ўз фикр-мулоҳазалари, аниқ таклифларини билдиришди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг сессияда тегишли қарор қабул қилинди. Мазкур қарорга мувофиқ, жумладан, туман ҳокимининг ўринбосарларига ҳудуддаги ташкилот ва корхоналар, муассасалар раҳбарлари билан биргаликда “Архив иши тўғрисида”ги қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш, архив идораларидаги ҳужжатларнинг талаб даражасида сақланиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, архив идораларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, лозим даражада жиҳозлар, ускуналар билан таъминлаш мақсадида аниқ чоралар кўриш вазифаси топширилди.
Туман давлат архив муассасаси раҳбарига тумандаги идора, ташкилот ва корхоналарда қонун талаблари даражасида архив ишларини ташкил этиш, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари К.Абдикаримовга бир ой муддатда тумандаги давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан фуқароларнинг меҳнат фаолиятига боғлиқ ҳужжатларни давлат архивига топшириш масаласида қонун талабларига риоя этилиши юзасидан халқ депутатлари туман Кенгашига маълумот бериш вазифалари юклатилди.
Айшолпан ЎРАЗИМБЕТОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
ДОНОРЛИК АКЦИЯСИ: 548 нафар кўнгилли 138,3 литр қон топширди Аввал хабар берганимиздек, жорий йил юртимизда карантин чоралари қатъий бе...
01 янв 1970
Фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш, уларнинг қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш депутатлар заммасидаги муҳим вазифалардан бири санал...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам аҳоли орасида бўлиб, жойларда аниқланган ижтимоий муаммоларга мутасадди ташки...
01 янв 1970
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган. ...