Сайловга тайёргарлик кўрилмоқда

/
Маълумки, жорий йил 15 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси 2017 йил 24 декабрь, якшанба кунини Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов куни деб белгилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси мажлисида маълум қилинди. Мажлисда қабул қилинган «Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига cайлов бўйича сайлов кампанияси бошланишини эълон қилиш тўғрисида»ги қарор бунга асос яратди. Мазкур сайловда фаол иштирок этиш, халқ депутатлари туман Кенгашларига номзодлар кўрсатиш каби муҳим вазифалар юзасидан Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Тошкент шаҳридаги туман партия кенгашларининг пленумлари ўтказилди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Миробод туман кенгашининг навбатдан ташқари пленумида халқ депутатлари Миробод туман Кенгаши сайловига тайёргарлик кўриш масаласи муҳокама этилди.
— “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашлари депутатлигига сиёсий партиялар ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари номзод кўрсатиш ҳуқуқига эга, — деди Миробод туман партия кенгаши раиси, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутати Тошпўлат Матибаев. — Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси жорий йилнинг 23 сентябридан Тошкент шаҳар халқ депутатлари туман Кенгашларига сайлов кампанияси бошланганини эълон қилди. Шу муносабат билан Миробод туман партия кенгаши сайлов штабини ташкил этиш, жойларда сайловга тайёргарлик ишларини тизимли равишда олиб бориш масалаларига эътибор қаратиб келмоқда.
Туманимизда ташкил этилган 30 та сайлов округининг ҳар бирига кенгашимиз томонидан бир нафардан, жами 30 нафар номзод танлаб олинди. Эндиликда Марказий сайлов комиссиясига тегишли ҳужжатларни тайёрлаш, топшириш ва туман партия кенгашининг навбатдан ташқари конференциясини ўтказиш вазифаси олдимизда турибди.
Партия фаоллари кун тартибидаги масала юзасидан фикр билдириб, маҳаллий Кенгашларга сайлов демократик ҳуқуқий давлат ва эркин фуқаролик жамиятининг муҳим белгиси, халқнинг хоҳиш-иродаси эркин ифодаланиши, жамият ва давлат ишларини бошқаришда фуқаролар иштирокининг асосий шакли эканини қайд этишди.
— Мазкур сайлов аҳоли орасига кириб бориш, партиямизнинг халқчил ғояларини тарғиб этиш ҳамда партиядан кўрсатиладиган номзодларнинг сайловолди дастури орқали электорат манфаатларини янада чуқурроқ ифодалаш имконини беради, — деди “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ Соғлиқни сақлаш хизмати бошқармаси қошидаги БПТ раиси Бунёджон Шоюнусов. — Албатта, сайловда муваффақиятли қатнашиш, депутатлик ўринларини кўпроқ эгаллаш учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, қатъий позиция, катта тажрибага эга, ўз сайлов округи ҳудудида ҳурмат-эътиборга сазовор бўлган муносиб номзодларни кўрсатиш ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Пленум иштирокчилари сайловолди кампаниясида ҳар бир бошланғич партия ташкилоти аъзолари тарғибот-ташвиқот ишларини фаол олиб бориши зарурлигини ҳам таъкидлашди.
Туман партия кенгашининг навбатдан ташқари конференциясини чақириш, ушбу анжуманга делегатлар сайлаш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Шунингдек, Тошкент шаҳри туманларидаги партия кенгашларининг навбатдан ташқари пленумларида ҳам сайловга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ долзарб масалалар атрофлича муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 30 октябрь кунигача пойтахтимиздаги барча туманлар партия ташкилотларининг навбатдан ташқари конференциялари бўлиб ўтади. 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат”  социал-демократик партияси Хоразм вилоят кенгашида депутатлар йиғилиши бўлиб ўтди. Унда халқ депутатлари ...
01 янв 1970
Ёш авлод соғлиғини асраб-авайлаш болалар ўртасида келиб чиқиши эҳтимоли бўлган турли касалликларнинг олдини олишга ҳам боғлиқ. ...
01 янв 1970
Шу кунларда ҳаваскор жамоалар ўртасида “Адолат“ кубоги учун ҳудудларда ўтказилаётган мини-футбол мусобақасининг минтақавий босқичи бошл...
01 янв 1970
Наманган вилоятида иш тажрибани ўрганишга ва оммалаштиришга бағишланган республика ўқув-амалий семинари иш бошлади....