Аграр сектордаги юксалишлар замини

/
Куни кеча Президентимиз томонидан мамлакатимиз аграр соҳасида янги ислоҳотларга асос бўладиган, мазкур тармоқда улкан бурилиш ясайдиган иккита ҳужжат имзоланди.
Биринчиси, 2017 йил 9 октябрда эълон қилинган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан самарали фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон бўлса, иккинчиси, ушбу фармон ижросини тўлиқ ва сифатли ташкил этиш мақсадида 2017 йилнинг 10 октябрь куни имзоланган “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарордир.
Мазкур фармон ва қарорнинг эълон қилингани мамлакатимизда фаолият олиб бораётган бир юз эллик мингдан ортиқ фермерлар, қарийб тўрт миллионга яқин қишлоқ хўжалиги соҳасида хизмат қилаётган ишчи, сувчи, механизатор ва бошқа барча меҳнаткашларни, халқимизни, қолаверса, бу соҳанинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш йўлида хизмат қилаётган биз, депутатларни ҳам беҳад қувонтирди.
Чунки, айнан аграр соҳада бундай кенг кўламли ислоҳотларга мустаҳкам асос бўладиган Президент фармони ва қарорининг самарали амалга оширилиши юртимиз иқтисодий тараққиётига, мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти салоҳиятини оширишга, қолаверса, халқимиз дастурхони тўкинлигига хизмат қилади.
Президентимиз фармонига асосан қишлоқ хўжалигида хизмат қилаётган турли субъектлар фаолиятининг ташкилий-ҳуқуқий асосларини замон талаблари асосида янгилаш, улар фаолияти юзасидан таъсирчан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, намунали фаолият олиб борган қишлоқ хўжалиги соҳаси вакилларини рағбатлантириш каби масалалар белгиланди.
Мазкур фармонга мувофиқ фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишга оид янгиликларнинг қуйидаги асосий йўналишларини алоҳида таъкидлаб кўрсатиш ўринли.
Биринчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ер майдонларидан самарали фойдаланиш танқидий таҳлил этилиб, соҳадаги муаммолар ёритиб берилган. Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, жорий йилнинг дастлабки ойларидан бошлаб биз – Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда ҳақиқий ҳолатни ўрганганимизда ҳам мазкур соҳасида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, юқорида баён этилган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигига гувоҳ бўлган эдик.
Иккинчидан, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг еттита устувор йўналишлари белгилаб берилган. Улар соҳанинг норматив-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш, парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг молиявий-иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ер эгаларининг билим ва тажрибаларини ошириш, уларни зарур маълумот ва ахборотлар билан таъминлаш тизимини ривожлантириш кабилардир.
Учинчидан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ҳам ҳудудларда, биринчи навбатда, қишлоқ хўжалиги шароитлари оғир бўлган туманларда экин экиш аҳволини ҳар ойда депутатлар томонидан ўрганиш ҳамда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан ўз ваколатлари доирасида амалий чоралар кўриш тавсия этилди.
Тўртинчидан, 2018 йил ҳосилидан бошлаб фермер хўжаликларининг ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар чоракда халқ депутатлари туман Кенгашларида, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларининг экин майдонларидан фойдаланиш самарадорлиги ҳар ойда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида муҳокама қилиб бориш, ер майдонларидан самарасиз фойдаланган, қишлоқ хўжалиги экинларини тўлиқ экмаган, агротехник тадбирларни ўз вақтида амалга оширмаганларга нисбатан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларнинг бекор қилинишигача бўлган қатъий жавобгарлик чораларини кўриш тартиби белгиланди.
Бешинчидан, 2018-2021 йилларда фермер хўжаликларини босқичма-босқич кўп тармоқли фермер хўжаликларига айлантириш ва 2022 йилнинг 1 январидан бошлаб кўп тармоқли фаолиятни йўлга қўймаган фермер хўжаликлари билан ер ижараси шартномаларини қонун ҳужжатларига мувофиқ бекор қилишдек чоралар ҳам белгиланди.
Олтинчидан, деҳқончилик маданиятини оширишда муносиб ҳисса қўшган ва ишлаб чиқаришда юксак натижаларга эришган фермер, деҳқон хўжаликлари раҳбарлари ва томорқа ер эгаларини тақдирлаш мақсадида “Илғор фермер”, “Меҳнаткаш деҳқон” ва “Намунали томорқачи” кўкрак нишонлари таъсис этилди.
Президентимизнинг ушбу фармони мамлакатимиз қишлоқ хўжалигининг етакчи кучи саналган фермерлар, қолаверса, деҳқончилик билан шуғулланувчи ҳар қандай фуқаронинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилувчи ҳужжат бўлди.
Фармонда илгари сурилган ғоялар фермерлар масъулиятини янада оширишга, кўп тармоқли фермер хўжаликларини янада ривожлантиришга, фермерлар томонидан фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулоти тайёрлаш эмас, балки уларни қайта ишлаш борасидаги фаолиятини янада кенгайтиришга замин яратади.
Умуман, янги фармон аҳолида ерга бўлган муносабатни ўзгартиради, мамлакатимизда қишлоқ хўжалигидаги муносабатларни янги босқичга кўтаришга, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга, юртимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим асос бўлади.
Шуҳрат ЯКУБОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Истиқлол йилларида Бош қомусимизнинг 31-моддаси асосида ҳамма учун кафолатланган виждон эркинлиги чинакам ҳаётий ифодасини топди....
01 янв 1970
Аҳоли, айниқса, аёллар билан суҳбатлашганимизда улар иш билан боғлиқ масалаларни ўртага ташлаб, биздан жўяли бир гап эшитишни, аниқ жавоб айтишимиз...
01 янв 1970
Бугунги кунда халқ билан мулоқот қилиш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш барча даражадаги давлат идораларининг бирламчи вазифасиди...
01 янв 1970
Мазкур депутатлик гуруҳи саккиз кишидан иборат.