Қонун устувор бўлган юрт равнақ топади

/
Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар инсон манфаатларини таъминлаш, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга йўналтирилди. Бу борадаги дастлабки ва ўта муҳим қадам 1992 йилнинг 8 декабрида қўйилди — Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Ўтган синовли ва мураккаб йиллар Асосий қонунимизнинг ҳаётга татбиқ этилишига, унда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ҳаётимизда аксини топишига хизмат қилди. Бугунги кунга келиб Бош қомусимизда белгиланган қонун устуворлиги принципи жамиятимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, барча ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг муҳим кафолатига айланди.
Айтиш керакки, бу борадаги саъй-ҳаракатлар кўлами Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган қатор амалий ишлар самарасида бутунлай янги босқичга кўтарилди. Қисқа вақт ичида онгимизда асрга татигулик эврилиш юз берди десак, асло муболаға эмас. Бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган кенг қамровли ўзгаришларни мушоҳада қилар эканмиз, юртимизда янги демократик қадриятлар илдиз отаётгани, инсон ҳуқуқлари ва унинг эркини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятига хос замонавий услуб ҳамда йўналишлар қарор топаётганини алоҳида эътироф этмоқ жоиз.
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ҳам айни жиҳатлар яққол ўз ифодасини топди. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз сўзида, энг аввало, барча соҳада амалга оширилаётган чуқур ислоҳотлардан кўзланган мақсад — “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойилни рўёбга чиқариш, том маънодаги демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишдан иборат эканини алоҳида таъкидлади. Бу, албатта, бежиз эмас. Чунончи, бугун халқ манфаатларини таъминлаш, одамларнинг ўй-ташвишларига шерик бўлиш, орзу-интилишларини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланди.
Бу борада жорий йилнинг мамлакатимизда “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”, деб эълон қилиниши, халқ ва давлат органлари ўртасида ўзига хос кўприк вазифасини ўтаётган Президент Виртуал қабулхонаси, барча ҳудудларда Халқ қабулхоналари самарали фаолият юритаётгани ҳам фикримизнинг яққол далилидир.
Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтариш мақсадида қабул қилинган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат органлари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгиланган.
Ушбу саъй-ҳаракатлар, ўз навбатида, Асосий қонунимизнинг 2-моддасида “Давлат халқ иродасини ифода этиб, унинг манфаатларига хизмат қилади. Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, деб белгиланган устувор норманинг амалий ифодасидир.
Президентимизнинг БМТ олий минбаридан туриб билдирган фикрлари, ўртага ташлаган ўта долзарб ва муҳим таклифлари бутун дунё бўйлаб сиёсатчилар, халқаро экспертлар, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этилмоқда. Хусусан, глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган умумлаштирилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат — БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш ҳамда барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашишни назарда тутувчи БМТ Бош Ассамблеясининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш таклифлари алоҳида диққатга сазовор. Бундай муҳим таклифларнинг негизида эса узоқни кўзлаб, пухта ва пишиқ ишлаб чиқилган Конституциямиз турибди. Зотан, Бош қомусимизда ёшларнинг билим олиш ҳуқуқи, илмий, техникавий ижод эркинлиги, давлат ва ота-оналарнинг ёшлар тарбияси олдидаги масъулияти қатъий белгилаб қўйилган.
Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Соҳибқирон Амир Темур бобомизнинг “Қаерда қонун ҳукмронлик қилса, ўша ерда эркинлик бўлади”, — деган ўгити шарқона ҳуқуқий давлат қуришнинг энг муҳим шарти ва асоси бўлиб хизмат қилади. Бошқача айтадиган бўлсак, қонун устувор бўлган, мамлакатнинг Асосий қонуни ҳаётнинг барча жабҳасига чуқур сингдирилган жамият мудом юксакликка бўй чўзади. Зотан, “Адолат” СДП ҳам қонун давлат ва жамиятни бошқаришда асосий восита бўлиши лозим, деб ҳисоблайди. Қонунларнинг юқори сифати ва барқарорлигига эришиш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмини яратиш, қонун ижодкорлиги жараёнида адолат ва ҳақиқат ғоялари партия депутатлик корпуси қонунчилик фаолиятининг асосий мезони бўлиб қолади. Зеро, Бош қомусимиз ва бошқа ҳужжатларда кўрсатилган меъёрлар ҳамиша йўлимизни йўлчи юлдуздек ёритиши, эришилган ва эришилаётган ютуқ-муваффақиятларимиз пойдевори эканини унутмаслигимиз зарур. Шундай экан, уларнинг самарали ижро этилишини таъминлашга кўмаклашиш, мунтазам назорат қилиш лозим бўлади. Бу эса ҳаммамиздан, шу жумладан, барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмаларидан юқори профессионаллик, ўз ишига бўлган юксак масъулиятни талаб этади.
Абдукамол РАХМОНОВ,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Инсониятнинг бугунги тараққиёт босқичини халқаро ҳамкорликлар даври, деб аташ мумкин. ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, жамиятдаги мавқеи ва нуфузини ошириш масаласига давлат сиёсати даражасида...
01 янв 1970
Мамлакатимизда болалар спортини ривожлантириш, ёшларнинг спорт билан мунтазам шуғулланиши, истеъдод ва салоҳиятини кенг намоён этиши учун замонавий...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг йиғилишида “Геодезия ва к...