Солиқларни тўладингизми?

/
Давлатнинг фуқаролари олдида мажбуриятлари бўлганидек, фуқароларнинг ҳам давлат олдида қатор бурчлари бор. Ана шундай мажбуриятларимиздан бири солиқларни тўлашдир. Ҳар йили октябрь ойигача жисмоний шахслар ва деҳқон хўжаликлари ўз эгалигидаги ер ва мол-мулклари учун солиқларни тўлаши лозим эди. Жорий йилдан бошлаб эса ушбу турдаги солиқларни тўлашнинг охирги муддати 15 октябргача этиб белгиланди.
Солиқ солинадиган мулкка эга бўлган жисмоний шахслар мулк солиғи тўловчилари ҳисобланади. Эгалигида кўчмас мулк, уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли, гараж ва бошқа иморатлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилган ер участкалари солиқ солиш объекти саналади.
Жисмоний шахсларнинг мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби ДСХО тарафидан кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи идоранинг маълумотлари асосида амалга оширилади. Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи идора солиқ солиш объекти жойлашган жойдаги давлат солиқ хизмати органларига ҳар йили объектнинг инвентаризация ҳажми ва унинг мулк эгасини аниқлаб, маълумотларни шу объект жойлашган ҳудуддаги давлат солиқ инспекциясига топширишлари шарт. Шуларни ҳисобга олган ҳолда мол-мулкка солинадиган солиқ суммаси инвентаризация ҳажмидан ва белгиланган ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади.
Жумладан, жисмоний шахсларга турар жойлар, квартиралар (бундан умумий майдони 200 кв.м.дан ошиқ бўлган мустасно), дала ҳовли қурилмалари, гаражлар ва бошқа иморатлар, хоналар ва иншоотлар ҳажмидан келиб чиқиб 1,7 фоиз ставкада, шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан ошиқ ва 500 кв.метргача бўлса, 2,1 фоиз ставкада, 500 кв.метрдан ошиқ бўлса 2,9 фоиз ставкада, бошқа аҳоли пунктларида жойлашган умумий майдони 200 кв. метрдан ошиқ бўлган квартираларга 2,1 фоиз стакада мол-мулк солиғи ҳисобланиши белгиланган.
Шунингдек, қонун ҳужжатларида айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун мол-мулк солиғи бўйича имтиёзларни қўллаш назарда тутилган. Бундай жисмоний шахслар тегишли мол-мулкнинг солиқ солинмайдиган майдони умумий майдоннинг 60 кв.метр ҳажмида белгиланади. I ва II гуруҳ ногиронлари, 10 ва ундан ортиқ фарзандли аёллар ва нафақахўрларга ҳам ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатларда белгиланган солиқ солинмайдиган майдон ҳажмида имтиёзлар бор.
Мамлакатимиз ривожи ва тарраққиёти йўлида ҳалол меҳнат қилган, тинчлик ва хавфсизлигимизни таъминлашдаги фаол иштироки учун “Ўзбекистон Қаҳрамони”, “Собиқ иттифоқ қаҳрамони”, “Меҳнат қаҳрамони” унвонлари ва уч даражадаги Шуҳрат ордени билан тақдирланганлар, уруш ногиронлари ва иштирокчилари, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга тенглаштирилган шахсларга умуман мол-мулк ва ер солиқлари ҳисобланмайди.
Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасида 95,9 минг нафар солиқ тўловчига мол-мулк солиғидан 2,7 миллиард сўм, 22,5 минг жисмоний шахсларга ер солиғидан 1,9 миллиард сўм миқдорида солиқ имтиёзлари қўлланилди. 2016 йилда бу кўрсатгич 4,3 миллиард сўмни ташкил қилган эди.
Республика миқёсида жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғига 2017 йил учун ҳисобланган тўловларнинг 65,1 фоизи ундирилди. Мазкур турдаги солиқ тўловларини белгиланган санагача тўлиқ қоплаш юзасидан барча имкониятлар ишга солинмоқда. Бинобарин, фуқароларимиз ҳам ўз мажбуриятларини тўла англаган ҳолда солиқ тўловларини тўлаяпти.
Аммо солиқ тўловларига бефарқлик билан қараётган кимсалар ҳам орамизда йўқ эмас. Масалан, Қорақалпоғистон Республикасида мол-мулк ва ер солиқларидан қарздорлик 1 сентябрь ҳолатига 4553,3 миллион сўмни ташкил этиб, шундан 2017,7 миллион сўм мол-мулк солиғи, қолган 2535,8 миллион сўм ер солиғига тўғри келади.
Туман ва шаҳар кесимида эса мазкур солиқлардан асосий қарздорлик Нукус шаҳри ва Амударё тумани аҳолиси ҳисобига тўғри келади. Жумладан, Нукус шаҳрида 1027,4 миллион сўм, Амударё туманида эса 978,5 миллион сўм қарздорлик йиғилиб қолган.
Мавжуд қарздорликни бартараф этиш бўйича Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда аниқ тадбирлар амалга ошириляпти. Тўланмай қолаётган қарздорликни фуқароларнинг мол-мулкидан ундириш бўйича солиқ инспекциялари томонидан жами 622,9 миллион сўмлик ижро варақалари юборилди. Мажбурий ижро бюроси ва солиқ хизмати органлари ходимлари томонидан шу кунга қадар жами 297,4 миллион сўм миқдоридаги қарздорлик фуқароларнинг мол-мулкларидан қопланди.
Ҳар қандай бефарқлик яхши оқибатларга олиб келмаслиги барчамиз учун маълум. Давлатимиз ривожи, фарзандларимиз келажаги, бугунги обод ва фаровон турмушимиз учун солиқ тўловларини вақтида амалга ошириш керак.
Нигора РЎЗИБОЕВА,
Қорақалпоғистон Республикаси Давлат солиқ бошқармаси жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бош инспектори

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида куз-қиш мавсумини беталофат ўтказиш, фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг мурожаатларини ўрганиш ва мав...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 22 декабрда Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим аҳамиятга...
01 янв 1970
Сўнгги маълумотларга кўра, бугунги кунда сайёрамизда қарийб 1 миллиард нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахслар ҳаёт кечирмоқдалар. ...
01 янв 1970
Бугунги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, ИИВ ва ДХХ томонидан амалга оширилмоқда....