Ибройим Юсупов: “ИЖОДКОР ҚАЛБАН ЁНИБ ЯШАШИ КЕРАК”

/
Ибройим Юсупов:
Мамлакатимиз Президенти яқинда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи давомида Нукус шаҳрида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига алоҳида аҳамият қаратди. Корхоналар, ўқув юртлари, шаҳар кўчаларида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишар экан, бундай бунёдкорликлар кўламини янада кенгайтириш, барпо этилаётган иншоотларни миллий ва замонавий лойиҳалар асосида яратиш, янги технологияларни ишлаб чиқаришга жалб этиш, шаҳарнинг янада гўзал ва обод қиёфасини шакллантириш борасида фикрларини ўртага ташлади. Хусусан, давлатимиз раҳбари Ибройим Юсупов номидаги иқтидорли болалар мактаби қурилиш участкасига бориб, мактаб қурилиши лойиҳасини такомиллаштириш, унинг биноси олдида майдон барпо этиш, бу ерда Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов ҳайкалини ўрнатиш, мактаб базасида кичик босмахона ташкил этиб, турли адабиётларни таржима қилиб, уларни нашрдан чиқариш ҳақида кўрсатмалар берди. Бу ишлар Президентимизнинг нафақат шаҳар ҳаётини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, балки улуғ шоир хотирасига, у орқали қорақалпоқ адабиёти ва халқига алоҳида эҳтиромини ҳам намоён этди.
Ибройим Юсупов ҳақиқатан ҳам халқимизнинг юксак эҳтиромига сазовор бўлган шоир, жамоат арбоби эди. Унинг бутун фаолияти, ижоди, асарлари Ватанга, халққа, она заминга муҳаббатнинг ифодасига айланганди. Шу ўринда кўз олдимга 2000 йилнинг охирларида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Қорақалпоғистон Республикасининг адабиёт ва санъат кунлари келди. Ўшанда Ибройим Юсупов ҳам қатнашган, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси таклифига кўра, шоир билан “Ёзувчи ва замон” туркумида суҳбат уюштирган эдик. Суҳбат экран орқали берилди. Унда шоирнинг халқимиз ҳаёти, адабиётимиз тақдири, ёшлар келажаги хусусидаги фикрлари ўрин олган эди. Бугун орадан 16 йил ўтгандан кейин ўша суҳбат матнининг бир қисмини илк бор газетхонлар эътиборига ҳавола қилишни лозим топдик.

— Инсон учун, ижодкор учун «ҳаёт сабоқлари» нималардан иборат? Умр йўлларининг бир қисмини босиб ўтган шоир қалбида бу сабоқлар қандай акс-садо беради?
— Ҳаётнинг маълум бекатларидан ўтиб умрингга умр қўшилгани, кексалик боғига қадам қўйганинг сари ёшлигингда, ўрта ёшлик даврингда хаёлингга келмаган кўп нарсалар ҳақида ўйлай бошлайсан экан. Бу ўйлар ёшлик ва ундан кейинги даврлардаги қалбингда, тафаккурингда кечган ўй-фикрлардан жиддий фарқ қилади. Яъни, энди қишлоқ шунчаки маскан эмас, ўз уйингга, атрофингдагилар шунчаки одамлар эмас, қадрдонларингга, табиат, борлиқ шунчаки кўриниш, манзара эмас, бошпанангга, меҳрибонингга, юрт шунчаки гўша эмас, улуғвор Ватанга айланади. Бундай пайтда одамлар ўртасидаги муносабатлардан зиддият эмас, гўзаллик ахтарасан, умуминсоний фазилатларни улуғлайсан, югурик ҳаётнинг фалсафасини англашга ҳаракат қиласан. Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг инсонларга берган буюк неъматлари эканлигини чуқурроқ тушуниб етасан. Бу неъматлардан инсонлар янада тўлароқ, яхшироқ фойдаланишини орзу қиласан. Инсон ўзининг инсонийлик қудратини, меҳр-мурувватини, оламга муҳаббатини кўпроқ намоён қилишини истайсан. Ижод аҳли, хусусан, шоир эса бундай ҳаёт сабоқларидан ўзига хос хулоса чиқаради. У умрининг камолот босқичида майда гап-сўзлар атрофида ўралашмасдан, катта, умумбашарий мавзуларни, халқининг қалбида турган масалаларни, орзу-умидларни қаламга олиши керак, деб ўйлайман. Мен ижодий фаолиятим давомида қанча шеърлар, катта-кичик асарлар ёздим. Насрий, драматик асарлар битдим. Буларда кўп мавзуларни — муҳаббатдан тортиб яхшилик ва ёмонлик, адолат ва қабоҳат, тарих, инсонлар ўртасидаги турфа муносабатларни қаламга олдим. Лекин буларнинг ҳаммаси иккита бош мавзу — Ватан ва халқ мавзусига бориб боғланади. Бу мавзуларда кўп асарлар ёзганман. Бироқ ёзганларимдан ҳамиша ҳам қаноатланавермайман. Хаёлимда бу мавзуларни мукаммал ёрита олмаётган, Ватан ва халқ ҳақида қалбимдаги барча фикрларимни асарларимга жо қилолмаётганга ўхшайман. Шунинг учун бу мавзулар қалбимда доимо армон, орзу бўлиб туради. Айниқса, эндиликда ёшим улғайганда бу мавзуларга қайта-қайта мурожаат қилиб, Ватан ва халқимни янада кўпроқ улуғлагим келаверади. Мана бу шеърим ҳам ана шу армонимни ушалтириш йўлидаги бир уриниш:
Асқар тоғдай инсонликни,
Оқин сувдай шодонликни,
Сахийликни, мардонликни,
Қалб тўрингга жойлаб қўйғон.
Сен туғасан оқилни ҳам,
Сулувни ҳам, ботирни ҳам,
Халқ деб сенинг отингни ҳам,
Ким қўйса ҳам доно қўйғон.
Сен қувонсанг кўнглим тошиб,
Бахт боғини оралайман.
Мазанг қочса дарров шошиб,
Малҳам қўйиб авайлайман.
Кўнглингни топишни ўйлаб,
Бир сўзни бир сўзга бойлаб,
Қора тунда қалам чайнаб
Оқ қоғозни қоралайман.
Армоним шу турсам, ётсам,
Сўз қушин учардан отсам.
Сени мақтаб сўз айтмоқдан,
Бошқа бир бахт сўрамайман.
Сен мен учун номус-орсан,
Қалбимдаги тинмас жонсан.
Неки топсам қучоғингга,
Чумолидек ташмалайман.
Шеър бир денгиз, мен-чи балиқ,
Иш буюрса сендай бир халқ,
Оёғимни қўлга олиб
Бошим билан юмалайман.
— Эндиликда нафақат ҳаётимизда, адабиётимизда ҳам янги давр бошланди. Бу мустақиллик даври адабиёти ҳисобланади. Унинг ўзига хос талаб ва шартлари, мақсад ва ғоялари, қаҳрамонлари ва бадиий тафаккур мезони мавжуд. Сизнингча, бу адабиёт қандай бўлиши керак?
— Адабиётнинг бош мезони — инсон. Унинг мақсади инсон онгида, тафаккурида, қалбида, ҳаётида рўй берган, бераётган ўзгаришларни, ҳиссиётларни ва умуман, жамийки хусусиятларни акс эттиришдан иборат. Инсон эса замон ва макондан ташқарида яшай олмайди. Замон нуқтаи назаридан бугунги инсон юртимиз, халқимиз ўз эркинлигини, ҳақ-ҳуқуқини, давлатчилигини қўлга киритган даврда яшамоқда. Шундай экан, бугунги кунда адабиётимиз ва биз ижодкорларнинг олдида турган асосий мақсадимиз мамлакатимиз эришган мустақиллик, халқимизга берилган ҳурлик, эркинлик, истиқлол туфайли замондошларимиз қалбида, тафаккурида қандай ўзгаришлар, янгиланишлар рўй бераётганлигини акс эттириш ҳисобланади. Мамлакатимиз, халқимиз мустақилликка осонлик билан эришгани йўқ. Қанча-қанча аждодларимиз бу йўлда жон фидо қилдилар. Неча-неча боболаримизнинг, момоларимизнинг юрт озодлиги ҳақидаги орзулари қалбларида армон бўлиб кўмилди. Ҳатто оталаримиз, оналаримиз Яратган томонидан инсонга ато этилган эрк, озодлик, ҳурлик сўзларини тилга ололмай ўтдилар. Шундай экан, бу мустақилликнинг қадр-қимматини ҳар бир инсон, хусусан, ижодкор тўла тушуниб олмоғи, бу озодликнинг қадрини қалбан ҳис қилмоғи, юрак-юракдан англаб олмоғи керак.
Бугун орамизда баъзи “шоир”лар “Мен озод, ҳур замонда яшаяпман, эндиликда мустақилликни улуғласам бас, истиқлол куйчисига айланаман” деб ўйлайдилар. Адабиётни фақат мақтовдан, маддоҳликдан иборат, деб тасаввур қиладилар. Шу сабабли баъзан адабиётимизда — қорақалпоқ адабиётида ҳам, ўзбек адабиётида ҳам истиқлол мавзусида енгил-елпи, одамнинг бу қулоғидан кириб, у қулоғидан чиқиб кетадиган, қалбига, ақл-идрокига етиб бормайдиган асарлар, китоблар пайдо бўлмоқда. Аслида ҳар бир ижодкор Ватан озодлиги, мустақиллиги, халқнинг ўз ҳуқуқларини қўлга киритиши каби улуғвор мавзуларга юксак масъулият, эҳтиром, имон-эътиқод билан, теран ақл-заковат, қалбан буюк муҳаббат билан ёндошмоғи шарт. Ана шунда мамлакатимиз мустақиллигининг, халқимиз истиқлолининг юксак қадр-қиммати адабиётимизда ҳаққоний ифодасини топади.
Мен айни пайтда бир жиддий асар ёзаяпман. Уни ёзишга киришганимга кўп бўлди. Лекин ҳеч тугата олмаётибман. Бу асар муқаддас Ватан мавзусига бағишланган. Дунёда инсон учун Ватан, юрт соғинчидай кучли, ҳар қандай қалбни ларзага соладиган қудратли туйғу бўлмаса керак. Инсон қалбида кечадиган бу соғинч, эҳтиром, назаримда, Мажнуннинг Лайлига бўлган муҳаббатидай, соғинчидай, балки унданда юксакроқ қудрат касб этади.
Мустақиллик даври адабиётини, айни пайтда, фақат юрт озодлигини улуғлаш, истиқлолни мустаҳкамлаш учун курашдан иборат деб баҳолаш унга бир ёқлама қараш, уни тор доирада тушуниш бўларди. Бу адабиётнинг илдизлари теран, унинг томирлари инсоннинг ҳур Ватанга, юртга, халқига, атрофидаги одамларга нисбатан меҳр-муҳаббати, эътирофи, ҳаётга бўлган фаол муносабати, қувонч ва ташвишлари, ижтимоий турмушдаги фаоллиги, озодлик ҳақидаги ўй-фикрлар билан ўзаро уйғунлашиб кетиши, мустаҳкам боғланиши зарур. Ана шу жараёнларда инсон ўзининг сурат ва сийратидаги комиллик даражасини, гўзал фазилатлари, ҳур қарашларини намоён этиши керак. Истиқлол даври адабиётини мен шундай тушунаман ва шундай бўлишига ишонаман.
— Асарларингизда ёшлик, муҳаббат, гўзалликка ошуфталик туйғулари доимо порлаб туради. Бунинг сабаблари нимада?
— Фикримча, ҳар бир инсон умр йўлларида қандай ёшда бўлишидан қатъи назар, хатто ёши улғайиб, кексалик даврига қадам қўйганда ҳам қалбида ёшлик сурури мавжланиб, юрагида муҳаббат гуллаб, ҳаётга нисбатан завқ-шавқи оловланиб туриши керак. Бу жараён ижодкорлар қалбида бошқаларга нисбатан янада улуғворроқ кечади. Агар ижодкор мен энди кексайдим, қалбимда гўзалликка ошуфталик туйғулари, ҳис-ҳаяжонлар, ҳаётга бўлган завқ-шавқ сўнди, деган фикр билан яшаса, у асар ёзолмайди, ижод қилолмайди. Ҳақиқий ижодкор ҳам бўлолмайди. Шунинг учун ижод аҳли шеър ёзадими, драматик асар битадими, насрда сўз қоралайдими — ҳаммасида қалбидаги оташин муҳаббат, ажиб туйғулар, ҳис-ҳаяжонлар, тафаккуридаги фикрларни китобхонлар юрагига етиб борадиган даражада тўкиб солиши зарур. Уларни шундай ифодалаши керакки, китобхонлар муаллифнинг ёш ёки кексалигини эмас, асарларидаги қаҳрамонлар тақдирини ўйласин. Бу жараённи мен ана шундай бўлиши шарт, деб тушунаман. Тўғри, ҳаётда баъзи ижодкорлар мен энди қаридим, кексайдим деб асарларидаги камчиликларни ёши билан хаспўшламоқчи бўлишади. Шундай пайтда уларга қарата “Сен ёшинг улғайиб, қариган бўлсанг қарийвер, танангга кексалик нуқси урган бўлса, майли, лекин қалбинг қаримасин, истеъдодинг, ҳис-туйғуларинг, завқинг сўнмасин!” дегим келади. Агар ижодкор қалбан кексариб, ҳис-туйғуларига ғубор қўнса, юрагини оловли шашт тарк этса, ижод оламини безовта қилмаслик керак. Ижодкорнинг қалби сўнса, ундан ҳаммага тафт берадиган олов эмас, ҳеч кимга ёқмайдиган аччиқ тутун чиқади. Шунинг учун ҳаёт доимо ижодкордан қалбан ёниб яшашни талаб этади.
— Адабиётимизга кириб келаётган бугунги ёш ижодкорларнинг ютуқ ва камчиликлари нималарда, деб ўйлайсиз?
— Тўғрисини айтиш керак, адабиётимизга кириб келаётган ёшлар бизларнинг ёшлик давримизга нисбатан олганда ниҳоятда билимли, ҳаётда рўй бераётган воқеаларга нисбатан муносабатлари шаклланган. Дунё адабиётининг ютуқларидан хабардор. Тарих ва бугунни муқояса қилиб, хулосалар чиқара оладиган даражага эришганлар. Президентимиз айтганидек, ёш авлод биздан кўра ақлли ва биздан кўра бахтли бўлишларига шак-шубҳа йўқ. Ана шулар орасида бадиий ижод оламида кўплаб иқтидорли ёшлар пайдо бўлаётганидан, айниқса, шеъриятда, насрда — ҳикоя ва қиссачиликда яхши асарлар яратилаётганидан хурсандман. Яна бир қувонарли томони ижодкор ёшлар учун юртимизда ҳамма имкониятлар яратилган. Асарлари газета-журналларда чоп этилмоқда, китоб ҳолида нашр қилинмоқда. Ижодий анжуманлар ўтказилмоқда. Таланти, иқтидори бор ёшлар учун барча шароитлар муҳайё. Айни пайтда, улар ҳам асарларида халқнинг кўнглидаги орзу-ўйларини, инсонларни ўйлантираётган муаммоларни, дардларни, замондошларимизнинг тафаккур оламида рўй бераётган ўзгаришларни, юртимиз қудратини бадиий тарзда ёритиб бермоқдалар. Тўғри, адабиётимизга кириб келаётган ёшлар орасида “Ўзбекистон мен сени севаман”, “Қорақалпоғистон дунёда сен ягонасан” қабилида мадҳиябозлик қилаётганлар ҳам йўқ эмас. Лекин булар чинакам адабиётимиз учун ўткинчи ҳолатлар. Мен XXI асрда адабиётимиз дунё адабиёти билан бўйлашишига ишонаман.
— Сизни ҳаётда доимо ўйлантирадиган ва қалбингиз тўрида турадиган масала нима?
— Бу дунёда тинчлик барқарор бўлса, осойишталик, яратувчилик, гўзаллик ҳаётда мангуликка муҳрланса, инсонлар юксак комиллик даражасига эришсалар, адолат қарор топса. Шеърият ана шуларнинг ҳаммасига хизмат қилса...
Булар қалбимдаги орзулар, армонлар. Бу орзулар, армонларни ҳаётда ушалтириш ниҳоятда қийин эканлигини биламан. Аммо хаёлан уни ҳал қилишнинг бир йўли бор, деб ўйлайман. Буни ҳал қилиш асоси одамлар ўртасидаги ҳамкорлик, дўстлик, қардошлик, меҳр-мурувват, самимийлик ва инсонга хос барча яхшиликларни қарор топтириш билан боғлиқ. Афсуски, бу орзу...
Келинг, яхшиси, кўп гапирмай бир шеъримни ўқий:
Кийиклар сув ичар сойдан,
Ўрдак, ғоз кўлдан сув ичар.
Хўш, одамнинг кўнгли қайдан?
Кўнгил кўнгилдан сув ичар.
Кўрдим оққуш ўйинларин,
Уйқалашиб бўйинларин,
Соғингандай ошиқ ёрин.
Кўнгил кўнгилдан сув ичар.
Отлар гулдур-гулдур кишнаб,
Чарх урар уюрин излаб,
Қўйлар маъраб, бўта бўзлаб,
Кўнгил кўнгилдан сув ичар.
Дарёлар денгизга шошиб,
Чопади мавж уриб, тошиб.
Йўллар йўлларга туташиб,
Кўнгил кўнгилдан сув ичар.
Олисдаги Асқар тоғлар,
Бир бирини кўрмак бўлар,
Шу сабабли юксак улар,
Кўнгил кўнгилдан сув ичар...
Суҳбатни нашрга
Камол МАТЁҚУБОВ тайёрлади.
 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Сайлов арафасида “сайлов округи”, “сайлов участкалари” иборалари кўп қўлланилади. Айтинг-чи, уларнинг бир-биридан қандай фа...
01 янв 1970
Жойларда қонун устуворлиги таъминланиши халқнинг ишончли вакиллари бўлган депутатларнинг муносиб фаолият олиб бориши билан ҳам белгиланади....
01 янв 1970
Матбуот соҳасида узоқ йиллар ишлаганим боис таҳририятларга йўлланадиган хат-хабар, таклиф-мулоҳаза ва шулар қаторида сон-саноқсиз шикоят хатларини ...
01 янв 1970
Маълумки, қонун ҳужжатларини инвентаризациядан ўтказиш жараёнида битта норма икки ёки ундан ортиқ ҳужжатда ҳар хил қўлланилиши ҳолатлари аниқланади...